Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (36-дарс). «Ҳидоя»нинг илмий ва назарий аҳамияти ҳамда унинг ўзига хос хусусияти

21:10 / 06.06.2019 4965 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Ҳидоя» ҳанафий фиқҳи фуруъидаги машҳур китоб бўлиб, Бурҳонуддин Али ибн Абу Бакр Абдужалол Маржоний розияллоҳу анҳу (ҳижрий 511–593 йиллар) томонидан тасниф қилинган.

Бу китобнинг муаллифи Бурҳонуддин Марғиноний Мовароуннаҳрнинг таниқли фақиҳларидан биридир.

Аллома Фарғона вилоятининг Риштон қишлоғида таваллуд топди. Бухорои шариф мадрасасида таҳсили илм қилди. У Ислом фиқҳи асосларига доир бир неча илмий асарлар муаллифидир.

Улар орасида машҳурроғи «Бидоятул мубтадий» ҳисобланади. Олим кейинчалик бу китобига «Кифоятул мунтаҳий» номли саккиз жилддан иборат шарҳ ёзди. Унинг қаламига мансуб «Ҳидоя» ҳам мухтасар шарҳдир. Бу шарҳ Мовароуннаҳр, Ҳиндистон ва Туркия минтақаларида кенг тарқалган. «Ҳидоя» кўплаб Шарқ мамлакатларида фиқҳ бўйича асосий қўлланма саналади. Мазкур асар форс, инглиз ва рус тилларига таржима қилинган. Ўзбек тилига таржима қилинмоқда.

«Мунтаҳо», «Наҳрул мазҳаб», «Ал-тажнис вал мазид», «Мухторатул нозил», «Китобул фароиз» каби китоблар Ислом дунёсида мўътабар уламолар тарафидан тан олинган машҳур асарлар бўлиб, улар ҳам улуғ аллома Бурҳонуддин Марғиноний раҳматуллоҳи алайҳи қаламига мансубдир.

«Ҳидоя» ҳанафий фиқҳнинг энг муҳим китобларидан бири бўлиб, мислсиз шуҳрат қозонгандир. Бу китобни баъзилар «Бидоятул мубтадий»нинг шарҳи десалар, бошқалар уни «Мухтасари Қудурий»нинг шарҳи дейдилар. Масалани чуқурроқ ўрганиб чиқилганда «Бидоятул мубтадий» имом Марғинонийнинг фуруъул фиқҳдаги мухтасар асари бўлиб, у киши уни имом Муҳаммаднинг «Ал-жомиъ ас-сағийр» ва Қудурийнинг мухтасари асосида тайёрлагани маълум бўлади. Бинобарин, аввалги икки гап ҳам тўғри, деган киши хато қилмайди.

Имом Бурҳонуддин Марғиноний раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг «Бидоятул мубтадий» китобини икки марта шарҳ қилган. Биринчи шарҳни «Кифоятул мунтаҳий» деб номлаган ва ёзиб битиргандан сўнг, чўзилиб кетганини, кўпчиликка малол келишини эътиборга олиб, қисқароқ шарҳ қилган ва унга «Ҳидоя» номини қўйган.

Имом Бурҳонуддин Марғиноний раҳматуллоҳи алайҳи «Ҳидоя»да кўпинча аввал икки имом – Абу Юсуф ва Муҳаммаднинг гапларини ва далилларини келтириб, сўнгра Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳининг гаплари ва далилларини ёзган. Агар «Ҳидоя»да «китобда айтганки» дейилса, Қудурий қасд қилинган бўлади.

Шайх Акмалуддиннинг айтишларича: «Ҳидоя»нинг соҳиби бу китобни ўн уч йил давомида тасниф қилган ва ўша муддатда доимо рўза тутиб юрган. Шу билан бирга, рўзадорлигини бировга билдирмасликка ҳаракат қилган. У кишининг зуҳди ва тақвоси туфайли китоби ҳаммага мақбул бўлган.

Имом Бурҳонуддин Марғиноний раҳматуллоҳи алайҳи «Ҳидоя»да кўпинча ҳар бир фиқҳий ҳукмнинг далили ва таълили – ҳикматини ёки қайси фиқҳий қоидага биноан чиқарилганини айтиб кетган. Албатта, бу китобнинг қийматини оширган. Шу билан бирга, танқидчилар имом Бурҳонуддин Марғиноний раҳматуллоҳи алайҳи «Ҳидоя»да келтирган ҳадис ва асарларнинг манбаси ва ровийси келтирилмаганини нуқсон сифатида зикр қилганлар.

Бу таънага қарши иш олиб борган ҳанафий уламолардан имом Зайлаъий «Ҳидоя»да келтирилган ҳар бир ривоятнинг манбаси ва ровийсини топиб, «Насбурроя тахрийжи аҳодиси Ҳидоя» деган китоб тасниф қилган. Бу китоб ҳам «Ҳидоя» каби шуҳрат топган.

«Ҳидоя» ҳанафий фиқҳидаги энг машҳур китобга айланган десак, муболаға қилмаган бўламиз. Уламолар ушбу китобга алоҳида эътибор берганлар ва бериб келмоқдалар. Ҳозирда баъзи юртларда, жумладан, Ироқда «Ҳидоя»ни ёд олмаган одам фақиҳ ҳисобланмайди.

Катта уламолар «Ҳидоя»ни турли йўллар ила тадқиқ қилганлар. «Ҳидоя»га жуда ҳам кўп шарҳлар ёзилган. Ҳожи Халифа «Кашфуз-зунун»да бу шарҳларнинг ўзига етиб келганларини беш саҳифага яқин ҳажмда санаб ўтган.

Бадруддин Айнийнинг «Ҳидоя»га ёзган «Биноя» номли шарҳини таҳқиқ қилиб, чоп этишни йўлга қўйган замондош олим Амийн Солиҳ Шаъбон китобнинг қирқ иккита шарҳи рўйхатини келтирган.

«Ҳидоя» бугунги кунда ҳам барча толиби илмлар томонидан ихлос билан ўрганилмоқда.

“Фиқҳий йўналишлар ва китоблар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . . . . . . . . . . Фитр куни таом ейиш, мисвок ва ғусл қилиш, хушбўй суртиш ва энг яхши давоми...

1739 19:00 / 23.11.2023
1. .АлФиқҳул Исламийю ва адиллатуҳу,.Бу китобнинг муаллифи суриялик машҳур олим доктор Ваҳба Зуҳайлийдир. У киши Дамашқ университети шариат куллиясида фиқҳ давоми...

4468 20:00 / 14.06.2019
иккинчи мақола2. Йиртқич ҳайвонларники нажасдир.Шер, қоплон, йўлбарс, бўри, тулки, чиябўри, ит, чўчқа, фил, маймун каби ҳайвонлардан ортиб қолган сув ва бошқа давоми...

3776 13:00 / 12.11.2020
XVI аср ndash XX аср бошлариБошланғич таълим мактабхоналарда ўтилган бўлиб, 15 ёшларгача давом қилган. Мактабдорга мактаб вақфи бўлса, йилига 5001000 тиллодан ҳақ берилган. давоми...

6158 05:00 / 19.01.2017