Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 17 рабиъус сони | 2025 йил 09 октябрь, пайшанба
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Закотга оид турли масалалар | Фиқҳ дарслари (330-дарс)

19:00 / 29 май 892 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، قَالَ: فَرَضَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ زَكَاةَ الْفِطْرِ طُهْرَةً لِلصَّائِمِ مِنَ اللَّغْوِ وَالرَّفَثِ، وَطُعْمَةً لِلْمَسَاكِينِ، مَنْ أَدَّاهَا قَبْلَ الصَّلَاةِ فَهِيَ زَكَاةٌ مَقْبُولَةٌ، وَمَنْ أَدَّاهَا بَعْدَ الصَّلَاةِ فَهِيَ صَدَقَةٌ مِنَ الصَّدَقَاتِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَابْنُ مَاجَهْ وَالْحَاكِمُ وَصَحَّحَهُ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр закотини рўзадор учун беҳуда гап-сўз ва ҳаракатлардан покланиши ва мискинлар учун таомланиш бўлиши учун фарз қилдилар. Ким уни намоздан олдин адо қилса, у мақбул закот бўлур. Ким уни намоздан кейин адо қилса, садақалардан бири бўлур».

Абу Довуд, Ибн Можа ва Ҳоким ривоят қилишган ва Ҳоким саҳиҳ деган.

Садақаи фитр мискинларга берилади, улар уни таом қилиб ейдилар, хурсанд бўладилар. Ийд кунлари қувончларига қувонч қўшилади. Шунинг учун ҳам «Ҳар ўлкада ўша ернинг энг кенг тарқалган таомидан садақаи фитр берилсин», дейилган. Шунда энг кўп одам манфаат олган бўлади.

Закотни ҳар бир молнинг ўзидан чиқариш шартми ёки унинг қийматини пулдан чиқарса ҳам бўладими?

Бу саволга ҳанафий мазҳаби уламолари: «Қийматини чиқарса ҳам бўлади, баъзи вақтларда қийматини бериш мискин ва фақирлар учун манфаатлироқ ҳам бўлади», дейдилар.

Улар ўзларининг бу фикрларига жуда ҳам кучли ҳужжат ва далиллар келтирадилар. Ҳамаср уламоларимиз бу борадаги барча маълумотларни тўлиқ ва атрофлича ўрганиб чиқиб, ҳанафий мазҳабининг тутган йўли ҳозирги замон учун жуда ҳам муносиб, деган фикрга келганлар.

Закот қаердан тўпланган бўлса, ўша юртнинг мискин-фуқаролари, ҳақли кишиларига бериш афзал. Агар у юртнинг эҳтиёжи камроқ ёки кўпроқ бўлса, масъул ходимлар ҳамма томонни ўрганиб чиқиб, ўзлари бир қарорга келишади.

Закотни иложи борича ўз вақтида берган яхши. Ҳар бир иш ўз вақтида бўлгани маъқуллиги ҳамма нарсага ҳам оид. Закотни вақтидан олдин бериш ҳам жоиз. Буни уламоларимиз чегараламаганлар. Қанча олдин беришни хоҳласа, шунча олдин берилаверади. Аммо кейинга суриш эса, узрсиз бўлса, мутлақо жоиз эмас. Узрли бўлса, хусусан, кўпчиликнинг фойдаси учун зарур вақтни кўзлаб кечга суриш бўлса, жоиз.

Закотни чиқаргандан кейин у мол эгасининг айби билан зоеъ бўлса, қайта чиқаради. Агар бунда мол эгасининг айби бўлмаса, қайта чиқармайди.

Закот фарз бўлган вақтда уни чиқармаган бўлса, неча йил ўтса ҳам, модомики мол қўлида бўлар экан, закотнинг фарзлиги тушмайди. Чунки бу мискин ва фақирларнинг ҳақи ўлароқ, Аллоҳ таоло томонидан фарз қилингандир. Бу собит ҳақ бўлиб, вақт ўтиши билан соқит бўлмайди.

Закот фарз бўлганидан кейин мол эгаси вафот этиб қолса ҳам, унинг молидан, агар меросхўрларнинг барчаси балоғатга етган бўлиб, розилик билдиришса, закот чиқарилади.

Закотни соқит қилиш учун турли ҳийлалар ишлатиш мутлақо мумкин эмас.

Закотни топшириш учун мол эгаси ишончли ва омонатга хиёнат қилмайдиган одамни вакил қилса бўлади.

«Закотни очиқ-ойдин айтиб чиқарган афзал», дейишади уламоларимиз. Чунки бошқалар ҳам бундан ўрнак оладилар, одамлар мол эгасидан гумон қилмай қўяди. Бу худди фарз намозни жамоат билан очиқ-ойдин ўқиш афзал эканига ўхшашдир.

«Закотни фақир кишига берганда унинг фақирлигини, ҳақдорлигини билиб туриб, бераётган моли закот эканини айтмагани дуруст», дейишади уламоларимиз.

Имом Аҳмад ва Имом Молик: «Бу ишда фақирнинг кўнглини синдириш бор, шунинг учун макруҳдир», деганлар.

Турли ўлкалардаги мусулмонлар «Ҳозирги солиқларни закот деб ҳисобласа бўладими?» деган савол билан уламоларга мурожаат қилишган.

Бу саволга сал олдинроқ ҳам жавоб берилган эди. Жумҳур уламолар солиқлар ҳеч қачон закот ўрнига ўтмаслигини таъкидлашган.

Ибн Ҳажар ал-Ҳайсамий, Аллома Ибн Обидин ал-Ҳанафий, Шайх Алийш, Саййид Рашид Ризо, Шайх Маҳмуд Шалтут, Шайх Муҳаммад Абу Заҳра ва бошқалар шулар жумласидандир. Чунки закотнинг ўзига яраша шартлари бор. Уларни ўрганиб чиқдик. Энди закот билан солиқларни солиштириш жараёнида баъзиларини яна бир бор эслаб кўрайлик:

1. Закотдан олинадиган миқдорни шариат ўндан бир, ўндан бирнинг ярми ёки чораги бўлишини тайин қилиб қўйган. Солиқда эса ҳукумат ўзи белгилаган миқдорни олади.

2. Закотда Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ибодат қилиш нияти бор, солиқда бу ният мутлақо йўқ, бўлиши мумкин ҳам эмас.

3. Закот махсус саккиз синфга бўлиб берилади. Солиқ эса бошқа нарсаларга ҳам сарфланади.

Кўриниб турибдики, ҳеч бир ҳолда солиқни закот деб бўлмайди. Тўғри, бу масала мусулмон кишига оғир келади. У ҳам солиқ, ҳам закот тўлаши керак, лекин мусулмон учун Аллоҳ таолонинг амрини бажариш ҳамма нарсадан устун туради.

«Кифоя» китобининг иккинчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7013-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Иймон заволи бўлмиш ичимлик Аллоҳ таолонинг каломида .Моида, сурасининг 9091 оятларида қатъиян ҳаром қилинган . . .Эй мўъминлар гуруҳи, дарҳақиқат давоми...

18944 05:00 / 19.01.2017
.Насх, сўзи луғатда .ўзгартириш,, .бекор қилиш, маъносини билдиради. Усулул фиқҳ таърифида эса .Бир шаръий ҳукмнинг ундан кейин келган шаръий далил билан бекор давоми...

4672 17:27 / 20.12.2017
Ушбу дарсда ҳамма билиши лозим бўлган ниятга боғлиқ аҳкомлар зикр қилинади. Келинг, уларнинг шарҳини ўрганиб чиқамиз. Такбири таҳримага улаб иқтидо қиладиган давоми...

3788 17:30 / 28.10.2021
1. .АлФиқҳул Исламийю ва адиллатуҳу,.Бу китобнинг муаллифи суриялик машҳур олим доктор Ваҳба Зуҳайлийдир. У киши Дамашқ университети шариат куллиясида фиқҳ давоми...

5435 20:00 / 14.06.2019