Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 17 рабиъус сони | 2025 йил 09 октябрь, пайшанба
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Рўза тутишда ният масаласи | Фиқҳ дарслари (336-дарс)

19:00 / 10 июль 625 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:

ﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ ﮠ ﮡ

«Ким (қул) топмаса, (қайта) қўшилмасдан аввал икки ой кетма-кет рўза тутсин», деган (Мужодала сураси, ­4-оят).

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда қасамхўрликнинг каффорати ҳақида:

ﯮ ﯯ ﯰ ﯱ ﯲ ﯳﯴ ﯵ ﯶ ﯷ ﯸ ﯹ

«Ким топа олмаса, бас, уч кун рўза тутсин. Ана ўша, агар қасам ичган бўлсангиз, қасамингизнинг каффоратидир», деган (Моида сураси, 89-оят).

«Шаръий кундуз» деганимиздан шаръий бўлмаган кундуз ҳам борлиги келиб чиқади. Шаръий бўлмаган кундуз «луғавий кундуз» деб аталади ва у қуёш чиққандан бошлаб ботгунча давом этади. Шаръий кундуз эса тонг отгандан бошланиб, қуёш ботгунча давом этади.

Демак, рўза тутмоқчи бўлган киши тонг отгандан бошлаб куннинг ярмигача ният қилиб олса, рўзаси тўғри бўлади.

 Бунга ҳанафий уламолар Абу Довуд, Термизий, Насоий ва Ибн Можа раҳматуллоҳи алайҳилар Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишган қуйидаги ҳадиси шарифни далил қилиб келтирадилар:

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، قَالَ: جَاءَ أَعْرَابِيٌّ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: إِنِّي رَأَيْتُ الْهِلَالَ، قَالَ: «أَتَشْهَدُ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ، أَتَشْهَدُ أَنَّ مُحَمَّدًا رَسُولُ اللهِ؟» قَالَ: نَعَمْ، قَالَ: «يَا بِلَالُ، أَذِّنْ فِي النَّاسِ أَنْ يَصُومُوا غَدًا». رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Мен ҳилолни кўрдим», деди.

«Сен «Лаа илааҳа иллаллоҳу», деб шаҳодат келтирасанми? «Муҳаммад Аллоҳнинг Расули», деб шаҳодат келтирасанми?» дедилар.

«Ҳа!» деди.

«Эй Билол! Одамларга эълон қил! Эртадан рўза тутсинлар!» дедилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилишган.

Мисол учун, биров ухлаб қолиб, саҳарликка тура олмади. У уйғонганидан кейин ният қилиб олаверади. Фақат шаръий наҳорнинг ярмидан олдин ният қилиши шарт.

Ният луғатда «қасд қилиш» маъносини англатади. Шаръий истилоҳда эса «Ният – қалбнинг бир нарсани қилишга азм ила, иккиланишсиз эътиқод қилишидир».

Бас, кимнинг қалбида эртага Рамазоннинг кунларидан бири экани ва ўзи рўза тутиши ўтса, ният қилган бўлади.

Ниятнинг жойи қалбдир. Қалбда ният йўқ бўлса, тил билан айтиш кифоя қилмайди. Лекин қалбдаги ниятни тил билан талаффуз қилиш яхшидир.

Барча турдаги рўзалар учун тонг отиш пайтида ёки кечаси ният қилиш афзалдир.

Ният масаласида рўзалар иккига бўлинади:

1. Кечаси ният қилиш ва тайин қилиш шарт рўзалар.

Бундай рўзаларга «зиммада собит бўлган рўзалар» ҳам дейилади. Улар: Рамазоннинг қазоси, бузиб юборилган нафл рўзаларнинг қазоси, каффорат учун тутиладиган рўзалар ва мутлақ назр қилинган рўзалардир.

2. Кечаси ният қилиш ва тайин қилиш шарт бўлмаган рўзалар.

Бундай рўзаларга «муайян замонга боғлиқ рўзалар» ҳам дейилади. Улар Рамазон рўзаси, барча нафл рўзалар бўлиб, шаръий кундузнинг ярмидан олдин қилинган ният ила тўғри бўлаверади.

Рамазон рўзасини нафл нияти ила ёки мутлақ ният ила, ёхуд бошқа вожиб рўза нияти ила адо қилса ҳам бўлади. Фақатгина сафарда ва беморликда бўлмайди.

Бу жумлани соддароқ қилиб тушунтирадиган бўлсак, Рамазонда унинг рўзаси нияти ўрнига нафл ёки умумий равишда рўза тутишни ният қилса ёхуд қазо, каффорат, назр рўзаларни ният қилган бўлса ҳам Рамазон рўзаси ўрнига ўтаверади деган маъно келиб чиқади.

Яъни, бир киши Рамазон кунлари нафл рўза тутишни ният қилса ҳам, фарз рўзани тутган бўлади. Бошқа бири «Рамазон рўзасини тутишни ният қилдим», дейишнинг ўрнига «Рўза тутишни ният қилдим», деса ҳам, фарз рўзани тутган бўлади. Яна бир киши Рамазон кунлари «Ўтган йилги қазони ёки каффорат учун тутишим лозим бўлган рўзани, ёхуд назр қилган рўзани ният қилдим», деса ҳам, Рамазоннинг фарз рўзаси ўрнига ўтаверади. Чунки Рамазон ойи ўша ойнинг фарз рўзасини тутишга тайин қилинган ва бу ойнинг ичига ўша фарз рўзадан бошқа рўза сиғмайди.

«Фақатгина сафарда ва беморликда бўлмайди» деган истисно қилувчи жумладан «Рамазон ойида сафарга чиққани ёки бемор бўлгани учун рўза тутмасликка рухсати бўлган одам ўз ихтиёри билан бошқа вожиб рўзани тутишни ният қилса, ўша ният қилган рўзаси ўтади, Рамазоннинг фарзига ўтмайди», деган маъно чиқади. Бу ижтиҳод Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳига оиддир. Абу Юсуф ва Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳимо: «Бунда ҳам фарзнинг ўрнига ўтади», деганлар.

Шунингдек, нафл ва муайян назр ҳам тўғри бўлади. Фақатгина охирги ҳолатда (нафл ва назрда) бўлмайди.

Яъни худди Рамазон рўзаси каби нафл ва муайян назр рўзани ҳам шаръий кундузнинг ярмидан аввалги ният ила тутса бўлади. Фақатгина нафл ва муайян назр рўзани бошқа вожиб рўза нияти ила тутиб бўлмайди. Чунки рўза тутувчи ўзига вожиб бўлган нарсани ўзи бекор қила олмайди.

Қазо, каффорат ва мутлақ назр рўзалар учун кечаси тайин қилиб, ният қилиш шарт қилинган.

Чунки мазкур турлардаги рўзалар учун ажратилган тайинли вақт йўқ. Шунинг учун уларнинг бошланиш вақтини тайин қилиш вожиб бўлади. Нафл рўза учун кечаси ният қилиш шарт эмас. Бунга қуйидаги ҳадис далилдир:

عَنْ عَائِشَةَ أُمِّ الْمُؤْمِنِينَ، قَالَتْ: دَخَلَ عَلَيَّ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ذَاتَ يَوْمٍ، فَقَالَ: «هَلْ عِنْدَكُمْ شَيْءٌ؟» فَقُلْنَا: لَا، قَالَ: «فَإِنِّي إِذَنْ صَائِمٌ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ.

Мўминларнинг онаси Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни олдимга кириб:

«Ҳузурингизда бирор нарса борми?» дедилар.

«Йўқ», дедим.

«Ундай бўлса, мен рўзадорман», дедилар».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шак куни нафл рўза тутиш одатда тутиладиган рўзасига тўғри келиб қолганлар ва хос кишилар учун афзалдир. Улардан бошқалар кундузнинг ярмидан кейин оғизларини очадилар.

Шаъбон ойининг йигирма тўққизинчи куни қечқурун қуёш ботаётганда Рамазоннинг ҳилоли кўринмаса ва ҳаво булутли бўлса, ўттизинчи кун шак куни бўлади. Чунки ўша кун Шаъбоннинг ўттизинчи куними ёки Рамазоннинг биринчи куни эканида шак бўлади. Агар ҳаво очиқ бўлса ҳам, ой кўринмаса, шак бўлмайди.

Бир киши маълум кунларнинг, мисол учун, душанба ва пайшанба кунларининг рўзасини тутишни одат қилган бўлса ва ўша куни шак кунига тўғри келиб қолса, рўзасини Рамазондан бир кун демасдан тутса бўлади. Шунингдек, Шаъбоннинг охирги уч кунини тутса ҳам жоиз. Аммо охирги бир ёки икки кунни алоҳида тутиб бўлмайди.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «لَا تَقَدَّمُوا رَمَضَانَ بِصَوْمِ يَوْمٍ وَلَا يَوْمَيْنِ إِلَّا رَجُلٌ كَانَ يَصُومُ صَوْمًا، فَلْيَصُمْهُ». رَوَاهُ الْأَئِمَّةُ السِّتَّةِ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Рамазонни бир ёки икки куннинг рўзасини тутиб кутиб олманглар. Илло, бир кишининг тутиб юрадиган рўзаси бўлса, майли», дедилар».

Олти «Саҳиҳ» китобнинг соҳиблари ривоят қилишган.

Муфтий ва қози каби хос кишилар ҳам шак кунининг рўзасини тутишлари жоиз.

Рамазондан олдинги куннинг рўзасини тутишга одатланилса, бир кун зиёда тутиш шарт экан деган гумон пайдо бўлиши хавфи бор. Шунинг учун шак куни шаръий кундузнинг ярми ўтгунча ҳам ўша кун Рамазоннинг биринчи куни эканлиги аён бўлмаса, одатдаги нафл рўзасини тутаётганлар ва муфтий, қози каби илмли кишилардан бошқалар шаръий кундузнинг ярмидан кейин оғизларини очадилар.

Шак куни Рамазондан бошқа вожиб рўзани ният қилиш макруҳдир.

Агар ўша кун Рамазондан бўлиб чиқса, нияти борлиги учун рўзаси тўғри бўлади. Агар ўша кун шаъбондан бўлиб чиқса, Рамазонни ният қилган бўлса ҳам нафл рўза ўрнига ўтади. Агар оғзини очиб юборса, қазосини тутмайди, чунки у гумон билан рўза тутган эди.

«Агар эртага Рамазон бўлса, рўза тутдим, бўлмаса йўқ», деб ният қилса, рўзаси рўза бўлмайди.

Чунки бу ҳолда жазм ила ният қилмаган.

Рамазон рўзаси ва ундан бошқа рўза ниятида тараддудга тушиш макруҳдир. Агар эртасига Рамазонлиги аён бўлса, рўза Рамазон рўзаси ўрнига ўтади. Бўлмаса, нафл бўлади.

Бу «Агар эртага Рамазон бўлса, унинг фарз рўзасини ният қилдим. Агар эртага шаъбон бўлса, нафл рўза ният қилдим», дегани бўлади.

«Кифоя» китобининг иккинчи жузи асосида тайёрланди

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7013-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳадиси шарифда Жаннатнинг калити намоз, намознинг калити таҳоратдирrdquo, дейилган. Таҳорат деганда эса шариат тайин қилган аъзоларни сув билан поклаш тушунилади. давоми...

39707 05:00 / 19.01.2017
Маълумки, сувсиз поклаш ҳам, покланиш ҳам мумкин эмас Шунинг учун ҳам ҳамма ҳадис ва фиқҳ китобларимизда сувларнинг ҳукми ҳақида алоҳида боблар бор. Одатда бу давоми...

9716 05:00 / 18.01.2017
. . . . . . . . Намозда қуйидагилар макруҳдирХушуънинг таркига сабаб бўладиган ҳар бир давоми...

2922 19:00 / 22.12.2022
Қуръоннинг мутавотир суннат билан насх бўлиши мумкин эмаслигига ҳамма уламолар иттифоқ қилганлар.Имом Шофеъий, у кишининг асҳоблари, имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва давоми...

4408 17:23 / 22.12.2017