Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 24 жумадис сони | 2024 йил 26 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (113-дарс). Покиза тупроқ ила таяммум қилинг!

13:00 / 03.12.2020 3266 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

وَرَوَى ابْنُ أَبِي شَيْبَةَ وَالطَّحَاوِيُّ وَالنَّسَائِيُّ عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا أَنَّهُ قَالَإِذَا خِفْتَ أَنْ تَفُوتَكَ الْجِنَازَةُ وَأَنْتَ عَلَى غَيْرِ وُضُوءٍ فَتَيَمَّمْ.

 

Ибн Абу Шайба, Таҳовий ва Насоий қилган ривоятда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу шундай деганлар:

«Қачонки жаноза ўтиб кетишидан қўрқсанг ва таҳоратинг бўлмаса, таяммум қил». 

وَرَوَى الْبَيْهَقِيُّأَنَّ ابْنَ عُمَرَ أُتِيَ بِجِنَازَةٍ وَهُوَ عَلَى غَيْرِ وُضُوءٍ فَتَيَمَّمَ وَصَلَّى عَلَيْهَا.

 

Имом Байҳақий қилган ривоятда:

«Ибн Умарга бир жаноза келтирилди. Унинг таҳорати йўқ эди. Шунда таяммум қилиб, жаноза ўқиди», дейилган.

Имом Дора Қутний мазкур икки саҳобийнинг ийд намозида ҳам худди шундай қилганларини ривоят қилган. 

Энди таяммумни қандай қилишни ўрганайлик.

У икки зарбадан иборат бўлиб, бир зарба юзга масҳ тортиш учун, яна бир зарба эса икки қўлга чиғаноқлари билан қўшиб масҳ тортиш учун. 

Таяммум қилмоқчи бўлган одам енгини тирсакларидан юқоригача шимаради. Икки қўлини тупроққа ёки ер жинсидан бўлган нарсага уриб, юзига суртади. Икки қўлини иккинчи марта уриб, аввал чап қўлининг кафти ила ўнг қўлини чиғаноқлари билан қўшиб масҳ қилади. Кейин ўнг қўлининг кафти ила чап қўлига чиғаноқлари билан қўшиб масҳ тортади.

Энди далилларга ўтайлик.

Аллоҳ таоло Моида сурасида: 

 فَتَيَمَّمُواْ صَعِيدًا طَيِّبًا فَامْسَحُواْ بِوُجُوهِكُمْ وَأَيْدِيكُم مِّنْهُ

 

«Покиза тупроқ ила таяммум қилинг. Бас, ундан юзларингизга ва қўлларингизга масҳ тортинг», деган (6-оят).

جَاءَ رَجُلٌ إِلَى عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ فَقَالَإِنِّي أَجْنَبْتُ فَلَمْ أُصِبِ الْمَاءَ، فَقَالَ عَمَّارُ بْنُ يَاسِرٍ لِعُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِأَمَا تَذْكُرُ إِذْ كُنَّا فِي سَفَرٍ أَنَا وَأَنْتَ، فَأَمَّا أَنْتَ فَلَمْ تُصَلِّ وَأَمَّا أَنَا فَتَمَعَّكْتُ وَصَلَّيْتُ، فَذَكَرْتُ ذَلِكَ لِلنَّبِيِّ  صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ   فَقَالَإِنَّمَا كَانَ يَكْفِيكَ هَكَذَا، فَضَرَبَ بِكَفَّيْهِ عَلَى الْأَرْضِ وَنَفَخَ فِيهِمَا ثُمَّ مَسَحَ بِهِمَا وَجْهَهُ وَكَفَّيْهِرَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

 

«Умар ибн Хаттобнинг ҳузурига бир одам келиб: 

«Мен жунуб бўлиб қолиб, сув топа олмадим», деди. Шунда Аммор ибн Ёсир Умар ибн Хаттобга:

«Эслайсанми, сен билан мен сафарда бўлган эдик. Сен намоз ўқимаган эдинг. Мен эса тупроққа юмаладим-да, намоз ўқидим. Кейин буни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиб бердим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, сенга мана бунинг ўзи кифоя қилар эди», деб, икки кафтларини ерга урдилар ва уларга пуфладилар. Сўнгра уларни юзлари ва икки қўлларига суртдилар», деди». 

Бешовлари ривоят қилишган.

Ушбу ҳадисдан жунуб одам ҳам таяммумни таҳорати йўқ одам таяммум қилгани каби қилиши кераклиги келиб чиқади.

...ер жинсидан бўлган ҳар бир пок нарсага гарчи (уларнинг) чанги бўлмаса ҳам урилади.

Уламоларимиз: «Тилла ва кумушга ўхшаш оловда эрийдиган ва юмшайдиган ҳамда куйиб кул бўладиган нарса ер жинсидан эмасдир», деганлар. 

Ҳанафий мазҳаби бўйича, тупроққа, чангга, тошга, оҳакка, оҳактошга, сурмага таяммум қилса бўлади ва ер жинсидан бўлган бирор нарсага бир неча киши бир неча бор таяммум қилиши жоиз. Яъни таяммум қилинган нарса таҳоратдан қолган сув каби мустаъамалга айланмайди.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ: رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: فُضِّلْتُ عَلَى الْأَنْبِيَاءِ بِسِتٍّ: أُعْطِيتُ جَوَامِعَ الْكَلِمِ، وَنُصِرْتُ بِالرُّعْبِ، وَأُحِلَّتْ لِيَ الْغَنَائِمُ، وَجُعِلَتْ لِيَ الْأَرْضُ طَهُورًا وَمَسْجِدًا، وَأُرْسِلْتُ إِلَى الْخَلْقِ كَافَّةً، وَخُتِمَ بِيَ النَّبِيُّونَ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бошқа набийлардан олти нарса ила афзал қилиндим. Менга жамловчи калом берилди. Менга душманимга қўрқинч солиш ила нусрат берилди. Менга ўлжалар ҳалол қилинди. Менга ер покловчи ва масжид қилинди. Мен ҳамма халойиққа юборилдим. Мен билан набийлар тугатилди», дедилар».

Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

Тупроққа имкони бўлатуриб, намозни адо этиш нияти билан чангга таяммум қилса бўлади.

Яъни қўлини кўрпагами, кийимгами ёки шунга ўхшаган бошқа нарсаларгами уриб, улардан кўтарилган чангга таяммум қилса бўлади.

Ўзи ибодат бўлиб, унга таҳорат шарт бўлган амал учун таяммум қилинса, у билан намоз ўқиш дурустдир. Лекин иккисидан бири топилмаса, яъни ўзи ибодат бўлиши ва унга поклик шарт бўлмаслиги, масалан, ўзи ибодат, лекин таҳорат шарт бўлмаган Қуръонни ёддан тиловат қилиш каби ёки ўзи ибодат эмас, лекин таҳорат шарт бўлган Қуръон ушлаш каби бўлган амал учун таяммум қилинса, у билан намоз ўқиса бўлмайди.

Таяммумнинг нияти тўғри бўлиши учун бетаҳоратликдан покланишни, намоз ўқишни ўзига мубоҳ қилишни исташ ва таҳоратсиз адо этиб бўлмайдиган намоз, тиловат саждаси, жаноза намози каби аниқ бир ибодатни ният қилиш лозим. Агар фақат таяммумнинг ўзини ният қилинса, у билан намоз ўқиб бўлмайди. Шунингдек, масжидга кириш ёки Мусҳафни ушлаш ниятида қилинган таяммум ила намоз ўқиб бўлмайди.

Жунуб одам Қуръон қироати учун таҳорат ниятида таяммум қилса, у билан намоз ўқиса бўлади.

Бунинг далили: 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг

«Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир! Ҳар бир кишига ният қилган нарсаси бўлади», деган ҳадислари.

Уни вақт киришидан ва шерикдан сув сўрашдан олдин қилса ҳам дуруст бўлади.

Чунки таяммум ҳақида келган оят ва ҳадисларда вақт шарт қилинмаган.

Шерикдан сув сўраш эса бировнинг мулкини сўрашдир.

Битта таяммум ила истаганича намоз ўқийверади.

Фарзми, қазоми ёки нафлми – барибир.

Таяммумни унинг аслини (таҳорат ва ғуслни) синдирадиган нарса ва кишининг покланишга кифоя қиладиган сувга қодир бўлиши синдиради.

Яъни таҳоратни синдирувчи нарсалар таяммумни ҳам синдиради. Шу билан бирга, таяммум қилган одам покланиш учун сув ишлатиш имконини топиши билан таяммуми синади. Энди у сув билан таҳорат ёки ғусл қилиши вожиб бўлади.

Муртад бўлиши синдирмайди.

Яъни таяммум қилган одам муртад бўлиб, қайта Исломга кирса, таяммуми синмайди.

Сув топишдан умиди бор киши учун намозни охирги вақтида ўқиши мандубдир.

Чунки сув ила қилинган таҳорат афзалдир. Бу худди жамоат билан намоз ўқимоқчи бўлган одамга ўхшайди. Унга ҳам жамоат йиғилишини кутиш мақсадида намозни охирги вақтига кечиктириб ўқиш мандуб бўлади. Лекин ўта кечиктириб кароҳият вақтига тақаб юбормайди.

Агар яқин жойда сув борлигини тахмин қилса, уни бир камон ўқи етадиган масофагача қидириши вожибдир.

Камон ўқи етадиган жой энг қисқа масофадир. У 184,8 метр. Имом Косоний: «Бир милгача (1848 метргача) сув излаши керак», деганлар.

Юкида сув борлиги эсига тушиб қолса, намозни қайта ўқимайди.

Таяммум билан намоз ўқиганидан кейин юклари орасига ўзи ёки биров сув қўйгани эсига тушиб қолса имоми Аъзам ва имом Муҳаммаднинг наздида намозни қайта ўқимайди. Аммо юкига сув қўйилганидан тамоман бехабар бўлса, намозни қайта ўқимаслигига ҳамма иттифоқ қилган.

Юкидаги сув тугаган, деган гумон билан таяммум қилган бўлса, кейин сув борлиги аён бўлса, намозни қайта ўқийди.

«Кифоя» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Интернетда йўлга қўйилган хизматлардан бири электрон почтадир. Бу хизмат орқали кишилар асосан бирбирларига мактублар ва турли маълумотларни юборишади. давоми...

3461 05:00 / 04.03.2017
биринчи мақола.Бобо, дейилганда отанинг отаси ва катта отаси тушунилади. .Момо, дейилганда эса отанинг онаси, онанинг онаси ва уларнинг оналари тушунилади. давоми...

2669 10:30 / 09.12.2019
. . Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кишини намозида тураётганда икки қўлига суянишдан наҳйи давоми...

5094 20:00 / 10.03.2022
. . . . . . . r . . . . . . . . . . . Муҳтазарни ўнг ёнбоши ила қиблага давоми...

1543 19:00 / 28.12.2023