Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 24 жумадул аввал | 2025 йил 15 ноябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Ҳаром молдан закот чиқаришга рухсат йўқ | Фиқҳ дарслари (288-дарс)

19:00 / 28.06.2024 2098 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳаром молдан закот чиқаришга рухсат йўқ, чунки ўғри, киссавур, порахўр, товламачи, золим ҳоким ва шунга ўхшаш ҳаром йўлдан пул топадиганлар ҳақиқий мулк эгаси эмаслар. Уларнинг қўлларидаги мол ҳаром, молнинг ҳақиқий эгаси мазлум кишилардир.

Молга ҳақиқий эга бўлмаган ўғри-муттаҳам қандай қилиб закот чиқара олади? Ахир закот ибодат-ку, Аллоҳ таолога қурбат-ку, шону шараф ва олий мартаба-ку! Бировларнинг ҳаққини еб, уларга зулм қилиб мол тўплаган ҳаромхўрлар ушбу олий мақомларга яқин келмасликлари керак.

Уларнинг ҳаққи – бу дунёда қўллари кесилиши ёки жиноятларига яраша бошқа жазоларни олишдир. У дунёда эса бировнинг молини ботил йўл билан егани учун жаҳаннамда қорнига таом ўрнида оловни ейиши керак.

Бировга қарзга берилган молнинг закоти хусусида уламолар турли ижтиҳодлар қилишган. Улар аввало қарзни иккига бўлишган:

а) Қайтариб берилишидан умид бор қарз.

б) Қайтариб берилишидан умид йўқ қарз.

Биринчи ҳолатда қарздор қарзини эътироф қилади, қарзни узишга имкони ҳам бор, умид ҳам бор. «Ундай ҳолда қарз берган одам ўзидаги молдан унинг ҳам закотини чиқариб туради», дейдилар баъзи уламолар.

Иккинчи турда қарздор қарзни эътироф қилмайди. Қарзини узишга имкони йўқ, умид қилиб ҳам бўлмайди. Бу ҳолда қарз берган одам берилган қарздан закот чиқармай туради.

Ҳозирги кунда яна бир тоифа борки, қарз олганлигини эътироф этади, ҳужжат ҳам бор, лекин қайтаришидан умид йўқ. Бундай моллардан ҳам закот чиқармай турилади.

«Мабодо, моли қўлига қайтиб келиб қолса нима бўлади?» деган саволга уламоларимиздан баъзилари: «Ўтган йилларнинг ҳаммасини ҳисоблаб туриб, закотини бирдан чиқаради», дейдилар.

Бошқа бирлари: «Қарзни қайтариб олган йилнинг закотини берса, кифоя қилади», дейишган.

Ҳанафий мазҳабида эса: «Ўтган муддат учун умуман закот чиқарилмайди. Қўлига қайтиб текканидан бошлаб ҳисобланади», дейилади.

Баъзи юртларда ишчи-хизматчилар номига маълум миқдор мол ўтказиб қўйиш, мукофотларини ҳам банк ҳисобларига ўтказиб қўйиш одатлари бор. Уларда бу маблағни хоҳлаган вақтида олиб, тасарруф қилиш ҳаққи бўлса, улардан закот берилади. Агар номига ёзиб қўйилган-у, олиш имкони бўлмаса, қўлига теккунча закот бериш вожиб бўлмайди. Чунки у жамғармаси қўлига тегмагунча тўлиқ молик бўлмай туради.

Душман эгаллаб олган мулкда ҳам закот фарз бўлмайди.

Ҳамма учун очиқ бўлган ерда ўсган зироатда ҳам закот фарз эмас.

Қўлида бировдан қарзга олган мол турган одамга ҳам закот фарз бўлмайди. Бу молнинг закоти асл эгасига фарз бўлади.

Қўлида бўлмаган молдан ҳам закот фарз бўлмайди. Мисол учун, аёл киши ўз маҳрини қўлига олмагунича, унга закот фарз бўлмайди.

Биров қарз олганини инкор қилди. Молнинг эгаси ҳужжат келтира олмади. Бир йилдан кейин ҳужжат топилди. Қарз олган киши одамлар олдида иқрор бўлди ва пулни қайтариб берди. Бунда ҳам ўтган давр учун закот фарз бўлмайди. 

Саҳрога кўмилган молни эгаси топа олмай қолса ҳам закот фарз бўлмайди. Агар уйга кўмилган мол бўлса, закот фарз бўлади.

«Кифоя» китобининг иккинчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7013-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Луғатда .молни махфий равишда ҳийла йўли билан олишга, ўғрилик,, дейилади. Шаръий истилоҳда эса, .ўғрилик, оқил, болиғ, ҳақи йўқ ва ҳақ шубҳаси йўқ киши томонидан давоми...

9316 05:00 / 18.01.2017
. . . Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пешинни беш ракъат ўқидилар. Бас, у зотга .Намозда зиёда давоми...

3632 19:00 / 16.06.2023
Боши 258дарсда Сўнгра намозгоҳга чиқади. . . Абу Умайр ибн Анасдан, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бўлмиш давоми...

2646 19:00 / 07.12.2023
Бани Одамни мукаррам айлаб, хоссатан бизни жаноб Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга уммат қилган Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамду санолар бўлсин. Шариъат давоми...

14239 05:00 / 19.01.2017