Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «أَتَاكُمْ رَمَضَانُ، شَهْرٌ مُبَارَكٌ، فَرَضَ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ عَلَيْكُمْ صِيَامَهُ، تُفْتَحُ فِيهِ أَبْوَابُ السَّمَاءِ، وَتُغْلَقُ فِيهِ أَبْوَابُ الْجَحِيمِ، وَتُغَلُّ فِيهِ مَرَدَةُ الشَّيَاطِينِ، لِلَّهِ فِيهِ لَيْلَةٌ خَيْرٌ مِنْ أَلْفِ شَهْر،ٍ مَنْ حُرِمَ خَيْرَهَا فَقَدْ حُرِمَ». رَوَاهُ النَّسَائِيُّ وَالْبَيْهَقِيُّ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ азза ва жалла сизга унинг рўзасини тутишни фарз қилди. Унда осмонларнинг эшиклари очилур. Унда жаҳаннамнинг эшиклари ёпилур. Унда ўзбошимча шайтонлар кишанланур. Унда Аллоҳнинг бир кечаси бўлиб, у минг кечадан яхшидир. Ким у кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, батаҳқиқ, маҳрум бўлибди», дедилар».
Насоий ва Байҳақий ривоят қилишган.
Ислом уммати Рамазон рўзаси фарз эканига доимо иттифоқ қилиб келган.
Рўза, аввал ҳам айтилганидек, араб тилида «сиём» деб аталиб, луғатда «бир нарсадан ўзини тийиш»ни билдиради.
Шариат истилоҳида рўза қандай таърифланиши «Мухтасари Виқоя»да қуйидагича баён қилинади:
Рўза тонг отгандан то қуёш ботгунча ният билан емоқ, ичмоқ ва жинсий алоқани тарк қилмоқдир.
Бошқа уламоларимиз бунга: «Унга аҳл бўлган киши тарафидан» деган қайд ҳам қўшилса яхши бўлади», дейдилар. Ана шунда ҳайзли ва нифосли аёлларга рўза фарз бўлмаслиги аниқ бўлади.
Таърифдаги «тонг»дан мурод субҳи содиқдир.
Рўзанинг фарзлиги қуёш ботгунча экани Қуръони Каримнинг
ﮀ ﮁ ﮂ ﮃ ﮄ
«Сўнгра рўзани кечасигача батамом қилинг» деган (Бақара сураси, 187-оят) оятидан олинган.
Рўзага ниятни шарт қилиш одатдан ибодатни фарқлаш учун бўлган. Бошқа нарсаларда ҳам шу бор. Ҳар бир нарса ният ила одатдан ибодатга айланиб қолади.
Юқорида таърифи келган Рамазон ойида рўза тутиш оқиллик, болиғлик ва бошқа шартларни ўзида мужассам қилган ҳар бир мўмин-мусулмон учун фарздир. Рўза тутишнинг фарз қилиниши ҳикматлари эса жуда кўп. Улардан баъзиларини эслаб ўтишга ижозат бергайсиз.
1. Рўза Аллоҳ таолога қилинадиган тоат-ибодатдир. Рўза тутган банда ҳадсиз-ҳисобсиз ажру савобларга эга бўлади. Бу ибодатни адо этган банда жаннатга «Райён» деб аталадиган алоҳида эшикдан кириш ҳуқуқини қўлга киритади.
2. Рўза улкан ахлоқ мактабидир. Унда мўмин киши кўпгина хислатларга эга бўлади. Рўза нафс балосига қарши жиҳоддир. Рўза туфайли инсон ўзидан ман қилинган нарсаларга сабр қилишга ўрганади. У рўза орқали ҳаётида дуч келадиган машаққатларга чидаш малакасини ҳосил қилади.
3. Рўза тутиш орқали мўмин киши ҳар қандай омонатга хиёнат қилмасликка ва махфий ҳамда ошкора ҳолатларда ҳам Аллоҳ таоло уни кузатиб турганини ҳис қилишга ўрганади.
4. Рўза тутган кишининг тақводорлиги ошади.
Аллоҳ таоло рўза ҳақидаги оятнинг охирида:
ﮘ ﮙ ﮚ
«Шоядки, тақво қилсангиз», деди (Бақара сураси, 187-оят).
Аллоҳ таолонинг «шоядки», дегани эса «албатта, шубҳасиз», деганидир.
Қадимдан барча уламолар ва ҳукамолар ҳам ушбу ҳақиқатни доимий равишда такрорлаб келганлар. Ўзини билган ҳар бир рўза тутувчи инсон ҳам бу ҳақиқатни жуда яхши билади.
Шу билан бирга, ушбу ҳикматни тарғиб қилувчилар сирасига кейинги пайтларда кишиларни очлик йўли билан даволовчи табиблар ҳам қўшилдилар. Уларнинг таъкидлашича, ихтиёрий оч қолиш, яъни рўза тутиш ила инсонда Аллоҳ таолодан қўрқиш, У Зотни доимо ҳис этиб туриш, яъни тақво ҳисси пайдо бўлади ва ортади. Ҳозирги оч қолдириш йўли билан даволовчи табибларнинг энг машҳурлари ичида мусулмон шахс йўқ. Лекин улар дунёдан ўтган машҳур кишилар, Мусо ва Ийсо алайҳиссалом кабилар ҳам ихтиёрий оч қолиш йўли билан олий руҳий мақомларга эришганларини, ҳозирда ҳам ким тақводорликка эришиш ниятида бўлса, албатта, рўза тутиши зарурлигини таъкидламоқдалар.
Кишиларни очлик билан даволаш ила ном чиқараётган кишилардан бирига: «Сиз ўз тажрибангизда ушбу нарсадан топган энг улкан фойда нима?» деб савол берилганда, «Аллоҳни ҳис этиш, ибодат қилишга иштиёқ, қисқаси, тақводорлик», деб жавоб берди.
5. Рўзанинг энг машҳур ҳикматларидан бири – у туфайли рўзадорга ато бўладиган соғликдир.
Ҳозирда илмий равишда рўза тутиш айнан соғлик учун ниҳоятда фойдали экани ҳақида ҳамма бир овоздан гапирмоқда. Мутахассислар ихтиёрий оч қолишни кўп ва хўп тарғиб қилмоқдалар.
Рўза ўша ихтиёрий оч қолишнинг энг яхши ва энг самарали намунасидир.
Рўза нафақат касалликларнинг олдини олиш учун, балки беморликларни даволаш учун ҳам ўта зарурлиги қаттиқ таъкидланмоқда. Ҳозирги кунда кенг тарқалган беморликларнинг кўпларини мусулмон бўлмаган юртлардаги табиблар очлик – рўза тутдириш йўли билан даволамоқдалар.
Яқинда рус олимлари рўза тутиш йўли билан даволанган беморлар рўйхатини эълон қилдилар. Натижалар кишини ҳайратда қолдирадиган даражада муваффақиятли эди. Бу йўл билан ҳатто саратон хасталигига мубтало бўлганлар ҳам шифо топганлар.
Рўза турли касалликларга шифо бўлиши билан бирга, киши баданидаги тўпланиб қолган турли кераксиз моддалар, ёғлар, тузлар ва бошқа нарсаларни ҳам кетказади.
Натижада инсоннинг жисми ҳам, руҳи ҳам енгиллашади. Зеҳни ўткирлашиб, хотираси кучли, иродаси мустаҳкам бўлади.
6. Рўзанинг фойдаларидан бири ҳавойи нафсни синдиришдир.
Маълумки, ҳавойи нафснинг айтганини қилавериш инсонни унга қул қилиб қўяди. Бора-бора инсон ҳавойи нафси нима деса, шуни қиладиган бўлиб қолади. Ҳавойи нафс эса инсонни ҳеч қачон яхши нарсага буюрмайди. Рўза тутган киши иштаҳаси келиб турган ҳолда турли таом, ичимликлар, шаҳвоний нарсалар ва ҳавойи нафси тилаб турган бошқа нарсалардан ўзини тийиш билан ҳавойи нафсининг хоҳишини синдиради. Бу билан рўзадорнинг иродаси кучаяди, ҳавойи нафсини жиловлаб олади.
7. Рўзанинг фойдаларидан бири шайтонга қаҳр кўрсатишидир.
Маълумки, лаънати шайтон инсон боласини яхшиликдан қайтариб, ёмонликка бошлаб туради. Инсон боласи ёмонликка юрса, шайтон алайҳилаъна хурсанд бўлади. Инсон боласи яхшиликка юрса, Аллоҳ таолонинг амрини бажо келтирса, шайтони лаъин хафа бўлади, ўзини қаҳрга қолган ҳисоблайди. Рўза эса айнан ўшандоқ ибодатдир. Рўза ибодатини қилган инсон ёмонликлардан қайтиши ва Аллоҳ таолога тақво қилиши билан шайтонга қаҳр кўрсатган бўлади.
8. Рўзанинг фойдаларидан бири рўзадорнинг қалби мусаффо бўлишидир.
Рўза тутган инсон доимо Аллоҳ таолонинг кузатиб турганини ҳис қилиб яшайди. Шунинг учун ўзи ёлғиз қолганда ҳам рўзасини очишга журъат қилмайди. Доимий равишда Аллоҳ таолони, Унинг азаматини, қудратини ҳис этиб туриш эса киши қалбини мусаффо қилади. Қалбига Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг муҳаббатидан бошқа нарса сиғмай қолади. Рўзадор киши кўп ҳолларда ўз-ўзидан ёмонлик қила олмай қолиши ҳам шундан.
Демак, ким қалби мусаффо бўлишини хоҳласа, рўза тутсин.
9. Рўза тутган кишининг рўзаси сабабидан гуноҳлари мағфират қилинади.
Бу маълум ва машҳур ҳақиқатдир. Рўза ҳақидаги ҳадиси шарифларни ўрганиш давомида бу ҳақиқатни яна ҳам очиқ-ойдин кўрамиз, иншааллоҳ.
10. Рўза тутган киши ўз рўзаси туфайли фаришталар сифати ила сифатланади.
Маълумки, емаслик, ичмаслик ва жинсий яқинлик қилмаслик ила доимо тоатда бўлиш фаришталарга хос сифатдир. Рўза тутган инсон ўзининг рўзадорлиги ила айнан ўша сифатларга соҳиб бўлади.
Демак, ким фаришталар сифатига эга бўлишни истаса, рўза тутсин.
11. Рўзанинг фойдаларидан бири рўзадорнинг сабр-бардошлилик сифатига эга бўлишидир.
Бу эса ҳар бир инсон учун жуда ҳам зарур сифатдир. Ўз ихтиёри ила ўттиз кун кўнгли хоҳлаган турли нарсалардан ўзини тийган киши керагича сабр-бардошга эга бўлади.
Демак, ким сабр-бардошли бўлмоқчи бўлса, рўза тутсин.
12. Рўзанинг фойдаларидан бири рўзадорда раҳм-шафқат сифатини шакллантириш ва мустаҳкамлашдир.
Рўза тутган киши ўз ихтиёри ила оч қолиб, чанқаб, кўнгли хоҳлайдиган турли нарсалардан вақтинча маҳрум бўлиб бир ойни ўтказгач, ўз ихтиёридан ташқари оч қолиб, чанқаб, дунё лаззатларидан бебаҳра бўлиб юрган бева-бечора, камбағал фуқароларга нисбатан раҳм-шафқат қиладиган бўлади. Уларга доимо яхшилик қилиб туриш кераклигини тушуниб етади.
Демак, ким ўзида раҳм-шафқат сифатини шакллантириш ва мустаҳкамлашни хоҳласа, рўза тутсин.
13. Рўза рўзадорнинг иродасини мустаҳкамлаб, амру қарорини пишиқ қилади. Рўза тутадиган кишининг зеҳни ўткирлашиб, фикри ёрқинлашади ва аниқ ҳамда тўғри қарорлар қабул қиладиган бўлади.
14. Рўза рўзадорга тартиб-интизом ва йиғинчоқликни ўргатади. Чунки рўза тутадиган киши вақтида саҳарлик қилиб, вақтида ифторлик қилишга ўрганган бўлади.
Ушбу зикр қилинган нарсалар рўзанинг бу дунёдаги баъзи бир фойдалари, холос.
Рўзанинг бу дунёдаги бошқа фойдаларини санаб ўтирсак, гап чўзилишини эътиборга олиб, буни хоҳлаган зотларни бошқа адабиётларга, жумладан, ушбу сатрлар соҳибининг бошқа китобларига мурожаат қилишга таклиф этамиз.
Рўзанинг охиратдаги фойдалари эса жуда ҳам кўп.
«Кифоя» китобининг иккинчи жузи асосида тайёрланди
Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7013-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.