Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (50-дарс). Фиқҳу ал-ақаллиёт ал-Исламийя

15:37 / 12.09.2019 4513 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мусулмон озчиликлар икки қисмга бўлинади:

Биринчи қисм: мусулмон бўлмаган жамият халқидан бўла туриб Исломни қабул қилган кишилар жамоаси. Бунга Ғарб давлатларининг туб аҳолисидан мусулмон бўлган кишилар мисол бўлади. Исломни қабул қилган инглизлар ва олмонларга ўхшашлар.

Иккинчи қисм: мусулмон ўлкалардан мусулмонмас юртларга кўчиб борган мусулмонлар. Бундай мусулмон озчиликлар асосан биринчи жаҳон урушидан кейин шакллана бошлади. Улар иш, ўқиш, оила қуриш каби сабабларга кўра Ғарб давлатларига бориб, ўша ерда қолиб кетган кишилар ва улардан тарқалган фарзандлардан иборат бўлади.

Дастлабки босқичларда мусулмон озчиликлар динга унча эътиборли бўлмаганлар. Уларнинг асосий ўй-фикр ҳамда ҳаракатлари ўзлари янги борган жойларида ўрнашиб олиш ва мавқеларини мустаҳкамлашдан иборат бўлган. Вақт ўтиши билан диний эҳтиёжлар ҳам юзага чиқа бошлаган. Янгича шароитнинг янгича муаммолари ва саволлари ҳам пайдо бўла бошлаган. Мусулмон ватанларда омманинг Исломга интилишининг кучайиши мусулмон озчиликларга ҳам ўз таъсирини кўрсатган.

Шу тариқа мусулмон озчиликлар орасида, мусулмон одам мусулмонмас давлатда яшаши жоизми, бошқа диндаги давлатга фуқаро бўлса, зарари йўқми, Ғарб давлатларида яшаш рухсатини олиш учун ўша ер фуқароси бўлган аёл билан сохта никоҳдан ўтиш мумкинми, каби саволлар бирин-кетин пайдо бўла бошлади.

Мазкур саволлар ва яна уларга ўхшаш бошқа саволларга, жавоб олиш ҳамда тағин баъзи бир муаммоларни ҳал қилиш учун, аввалда шахсий уринишлардан иборат бўлса ҳам, кейинчалик Франция, Англия, Олмония каби Ғарб давлатларида ва АҚШда турли илмий анжуманлар ўтказила бошлади. Мазкур уринишларда ҳозирги кунимизнинг кўзга кўринган уламолари фаол иштирок этиши одат тусини олди.

Шундай қилиб, мусулмон озчиликлар фиқҳи бўйича мутахассис фақиҳлар ҳам кўзга кўрина бошлади. Буларга шайх Юсуф Қаразовий, устоз Мустафо Зарқо, шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда, шайх Манноъ Қаттон, шайх Абдуллоҳ ибн Биййа, шайх Муҳаммад Ажалон, шайх Файсал Мавлавий, доктор Исом Башир ва бошқалар мисол бўлади.

Мусулмон озчиликлар фиқҳи бўйича энг кўзга кўринган олим шайх Юсуф Қаразовий десак, муболаға қилмаган бўламиз. У киши бу масала бўйича ўтказилган илмий анжуманларда доимо фаол қатнашиб келмоқда. Шайх Юсуф Қаразовийнинг бу борадаги фаолияти кўп қирралидир. У киши бундан эллик йилча олдин ал-Азҳар дорилфунуни раҳбарияти таклифига биноан «Ал-ҳалол вал-ҳаром фил-Ислом» номли китоб ёзиб, унда ўттизта мавзуни мусулмон озчиликларга муносиб тил ва услубда, уларнинг ҳолатларини эътиборга олиб ёритиб берди.

«Ал-фатовий ал-муосира» номли уч жузли китобида ҳам бу масалага алоҳида эътибор берган.

Шунингдек, «Ал-Жазийра» телеканалидаги «Шариат ва ҳаёт» ва Абу Даби телеканалидаги «Минбар» кўрсатувларида ҳам мусулмон озчиликлар фиқҳига алоҳида ўрин берган.

Шайх Юсуф Қаразовий «Қаразовий» ва «Ислам онлайн» интернет саҳифаларида ҳам мазкур масалага ўзига муносиб жой берган.

У киши «Фатво ва илмий изланишлар бўйича Европа кенгаши» раиси бўлиб иш юритаётгани ҳам бежиз эмас.

Шайх Юсуф Қаразовий Робитатул Оламил Исломий халқаро ташкилотининг бош котибияти илтимосига биноан ёзган «Фий фиқҳил ақаллиётил муслима», яъни «Мусулмон озчиликлар фиқҳи бўйича» номли китобида бу мавзуни батафсил ёритиб берган.

«Фий фиқҳил ақаллиётил муслима» китоби ҳақида.

Бу китобда шайх Юсуф Қаразовий мусулмон озчиликларга хос бўлган муаммолар ва уларни ҳал қилиш йўллари ҳақида баҳс юритган. Унда мусулмон озчиликларга рўбарў бўладиган диний, ижтимоий, иқтисодий, маданий муаммоларни Ислом шариати асосида ҳал қилиш йўллари кўрсатилган.

Шунингдек, бу китобда мусулмон озчиликлар фиқҳининг асослари ва қоидалари ҳам баён этилган.

«Фий фиқҳил ақаллиётил муслима» китобининг бош мавзулари жумладан, қуйидагилардан иборат:

– Мусулмон озчиликлар фиқҳи асослари;

– Мусулмон озчиликлар ва уларнинг фиқҳий муаммолари;

– Мусулмон озчиликлар фиқҳининг мақсадлари, хусусиятлари ва манбалари;

– Мусулмон озчиликлар фиқҳининг таянчлари;

– Мусулмон озчиликлар фиқҳидан татбиқий намуналар;

– Мусулмонни насоролар мақбарасига дафн қилиш;

– Мусулмоннинг ғайримуслимага уйланиши;

– Егулик ва ичимликларда татбиқий намуналар;

– Ғайриислом жамиятда ғайримуслим қўшни билан алоқа.

Ва ҳоказо.

«Фий фиқҳил ақаллиётил муслима» китобининг биринчи нашри «Шуруқ» нашриёти томонидан 2001 йили амалга оширилган.


«Фиқҳий йўналишлар ва китоблар» китобидан


Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Таом тановул қилишдан олдин икки қўл ювилади.Исломда таомдан олдин икки қўлни ювиш диний таълимотлар орасига қўшилган ва у .барака, деб аталган. . Салмон давоми...

3753 05:00 / 06.03.2017
Академиянинг таъсис санаси 1989 йил.Ўрни Нюделҳи, Ҳиндистон.Бош муассис Марҳум қози Мужоҳид Ислом Қосимий.Академия бош котиби Шайх Холид Сайфуллоҳ давоми...

4318 14:05 / 07.11.2019
.Китоб, сўзи .ёзиш, ўзагидан олинган бўлиб, .ёзилган, деган маънони англатади. Бир тўп ёзилган варақларнинг муқова орасига олингани .китоб, деб ишлатиб давоми...

4556 14:00 / 04.06.2020
Маконнинг пок бўлиши шартлигига далил Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади .Бир аъробий туриб, масжидда бавл қилди. Одамлар унга ёпишиб кетишди. Шунда Набий давоми...

3109 18:00 / 30.09.2021