Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (96-дарс). Таҳоратни бузувчилар

13:00 / 30.07.2020 5548 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(биринчи мақола)

Бизда таҳоратни бузувчи нарсаларни «Таҳоратни синдирувчилар» ҳам дейилади. «Мухтасар»нинг соҳиби қуйидаги нарсаларни «Таҳоратни бузувчи» деб атайди:

وَنَاقِضُهُ: مَا خَرَجَ مِنَ السَّبِيلَيْنِ أَوْ غَيْرِهِ إِنْ كَانَ نَجَسًا سَالَ إِلَى مَا يُطَهَّرُ، وَالْقَيْءُ دَمًا رَقِيقًا إِنِ احْمَرَّ بِهِ الْبُزَاقُ، لَا إِنِ اصْفَرَّ بِهِ، وَغَيْرَهُ إِنْ مَلَأَ الْفَمَ لَا بَلْغَمًا أَصْلًا. وَمَا لَيْسَ بِحَدَثٍ، لَيْسَ بِنَجَسٍ. وَنَوْمُ مُتَّكِئٍ إِلَى مَا لَوْ أُزِيلَ لَسَقَطَ، وَالْإِغْمَاءُ، وَالْجُنُونُ، وَقَهْقَهَةُ بَالِغٍ فِي صَلَاةٍ مُطْلَقَةٍ، وَالْمُبَاشَرَةُ الْفَاحِشَةُ، لَا مَسُّ الْمَرْأَةِ وَالذَّكَرِ.

Унинг бузувчиси: икки йўлдан ёки улардан бошқасидан чиққан нарса, агар у нажас бўлса ва покланадиган жойга оқса. Ёки суюқ қонни қайт қилиш, агар у билан тупуги қизарса. Агар у билан тупук сарғайса, ҳисоб эмас. Ундан (суюқ қондан) бошқасини қайт қилиш ҳам, агар оғизни тўлдириб чиқса. Балғам ташлаш асло таҳоратни синдирмайди. Бетаҳорат қилмайдиган нарса нажас эмасдир. Суянган нарсаси олиб ташланса, йиқилиб тушувчининг уйқуси. Ҳушидан кетиш. Жинни бўлиб қолиш. Балоғатга етган кишининг тўла-тўкис намозда қаҳқаҳали кулиши. Уят жойларнинг кийимсиз ҳолда бир-бирига тегиши.

Аёлни ва закарни ушлаш таҳоратни синдирмайди.

Энди таҳоратни бузувчи нарсалар ва баъзи ҳолларда бузмайдиган нарсалар ҳақида келган матнни шарҳ қилишга ўтайлик.

Дастлаб таҳоратни энг кўп бузадиган ва кўп такрорланадиган нарса ҳақида сўз юритилмоқда.

1. Икки йўлдан чиққан нарса.

Бу жумладаги «икки йўл»дан мурод инсоннинг олд ва орқа тараф жинсий аъзоларидир. Мазкур икки йўлдан одатда чиқадиган нарсалар: пешоб, ахлат, ел, мазий, вадий ва манийлардир. Одатдан ташқари чиқиши мумкин бўлган нарсалар: қурт, майда тош, қон ёки шунга ўхшаш нарсалар бўлиши мумкин.

Мазкур нарсалар икки йўлдан чиққанда таҳорат кетишига далиллар:

Аллоҳ таоло Моида сурасида:

«Агар бемор ёки сафарда бўлсангиз, ёхуд сизлардан бирингиз ҳожатдан келса, ёхуд аёлларга яқинлашган бўлсангиз-у, сув топа олмасангиз, покиза тупроқ ила таяммум қилинг», деган (6-оят).

Ушбу оятдаги «сизлардан бирингиз ҳожатдан келса» иборасида пешоб ва ахлат чиқариш кўзда тутилган. Демак, ушбу ҳолатда таҳорат кетади.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ يَقُولُ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «لَا تُقْبَلُ صَلَاةُ مَنْ أَحْدَثَ حَتَّى يَتَوَضَّأَ». قَالَ رَجُلٌ مِنْ حَضْرَمَوْتَ: مَا الْحَدَثُ يَا أَبَا هُرَيْرَةَ؟ قَالَ: فُسَاءٌ أَوْ ضُرَاطٌ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَأَحْمَدُ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким таҳоратсиз бўлиб қолса, то таҳорат қилмагунича, намози қабул бўлмайди», дедилар».

Ҳазрамавтлик бир киши:

«Таҳоратсизлик нима, эй Абу Ҳурайра?» деди.

«Овозсиз ёки овозли ел», деди».

Имом Бухорий ва Аҳмад ривоят қилишган.

Бу ҳадисдан икки хил ел билан ҳам таҳорат кетиши маълум бўлмоқда.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам истиҳозали – фаржидан доимо қон оқиб турадиган аёлни ҳар намоз учун таҳорат қилишга амр қилганлар.

Олд тарафдан чиққан ел таҳоратни кетказмайди, чунки у ҳақиқий ел эмас.

2. Ёки улардан бошқадан чиққан нарса, агар у нажас бўлса ва покланадиган жойга оқса.

Яъни икки йўлдан бошқа жойлардан чиққан нарса нажас бўлса ва баданнинг пок ерига оқса, таҳорат кетади. Аммо ўша чиққан нарса ўзи нажас бўлса ҳам, пок жойга оқмаса ёки чиққан нарса нажас бўлмаса, таҳорат кетмайди.

Икки йўлдан бошқа жойдан чиқадиган нажас нарсалар: қон ҳамда фасод, тошма, жароҳат кабилардан оққан сув ва йирингдан иборат бўлади.

رَوَى الدَّارَقُطْنِيُّ عَنْ تَمِيمِ الدَّارِيِّ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «الْوُضُوءُ مِنْ كُلِّ دَمٍ سَائِلٍ».

Имом Дора Қутний Тамим ад-Дорийдан келтирган ривоятда шундай дейди:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳар бир оққан қон сабабли таҳорат бор», деганлар».

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «مَنْ أَصَابَهُ قَيْءٌ أَوْ رُعَافٌ أَوْ قَلَسٌ أَوْ مَذْيٌ فَلْيَنْصَرِفْ فَلْيَتَوَضَّأْ، ثُمَّ لِيَبْنِ عَلَى صَلَاتِهِ وَهُوَ فِي ذَلِكَ لَا يَتَكَلَّمُ». رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кимга намозида қайт, бурун қонаш, қусқи ёки мазий етса, чиқиб, таҳорат қилиб келсин ва гапирмаган бўлса, келган жойидан давом эттирсин», дедилар».

Ибн Можа ривоят қилган.

Қон, фасод ёки йиринг яранинг бирор еридан чиқиб, бошқа жойга оқса, таҳорат кетади. Агар улар бошқа жойга оқмай, чиққан жойида тўхтаб қолса, таҳорат кетмайди. Қон бурундан оққанда ҳам таҳорат кетади.

Бир нуқта, икки нуқта билан таҳорат кетмайди.

رَوَى الدَّارَقُطْنِيُّ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «لَيْسَ فِي الْقَطْرَةِ وَالْقَطْرَتَيْنِ مِنَ الدَّمِ وُضُوءٌ إِلَّا أَنْ يَكُونَ سَائِلًا».

Имом Дора Қутний Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бир қатра, икки қатра қондан таҳорат қилиш йўқ. Илло, оққан қон бўлса, бор», деганлар.

Тишланганда қолган қон изи ёки мисвокдан кейин қолган қон изи ҳам таҳоратни кетказмайди.

Шунингдек, кўз, қулоқ, кўкрак бези ва киндик ичидаги ярадан ташқарига қон оқмаса таҳорат кетмайди.

Икки йўлдан бошқа жойдан чиққан нарса нажас бўлмаса, таҳорат кетмайди. Мисол учун, кўз ёши, тупук, мишиқ, сўлак, тер каби нарсалар таҳоратни кетказмайди.

3. Ёки суюқ қонни қайт қилиш, агар у билан тупуги қизарса. Агар у билан тупук сарғайса, ҳисоб эмас.

Яъни суюқ қон қусган одамнинг таҳорати кетади. Шунингдек, оғизни тўлдириб қуюқ қон қусилса, таҳорат кетади. Агар у оғизни тўлдирадиган даражада бўлмаса, кетмайди. Аммо қон аралаш бошқа нарса қусса, қандоқ бўлади? Агар тупук қизғиш рангли бўлса, таҳорат кетади, чунки бу ҳолатда қон бошқа нарсадан ғолиб бўлади ёки тенгма-тенг бўлади. Аммо тупукнинг ранги сарғиш бўлса, таҳорат синмайди. Чунки бу ҳолатда қондан бошқа нарса ғолиб бўлади.

4. Ундан (суюқ қондан) бошқасини қайт қилиш ҳам, агар оғизни тўлдириб чиқса.

Оғизни тўлдириб чиққан ҳар бир қусуқ таҳоратни кетказади. Бунда қусуқ таом, сув, қотиб қолган қон, сафро бўлиши мумкин.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «مَنْ أَصَابَهُ قَيْءٌ أَوْ رُعَافٌ أَوْ قَلَسٌ أَوْ مَذْيٌ فَلْيَنْصَرِفْ فَلْيَتَوَضَّأْ، ثُمَّ لِيَبْنِ عَلَى صَلَاتِهِ وَهُوَ فِي ذَلِكَ لَا يَتَكَلَّمُ». رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кимга намозида қайт, бурун қонаш, қусқи ёки мазий етса, чиқиб, таҳорат қилиб келсин ва гапирмаган бўлса, келган жойидан давом эттирсин», дедилар».

Ибн Можа ривоят қилган.

عَنْ أَبِي الدَّرْدَاءِ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قَاءَ فَتَوَضَّأَ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қусдилар ва таҳорат қилдилар».

Термизий ривоят қилган.

Хулоса қилиб айтиладиган бўлса, ошқозондан бир дафъада оғизни тўлдириб келган қусуқ таҳоратни кетказади.

Аввалги жумлаларда қон, қайт, балғам ва йиринг каби нарсалар ҳақида баёнотлар келгани ва уларнинг ичида бетаҳорат қиладигани ва қилмайдигани бўлгани учун, келаси жумлада бетаҳорат қилмайдиган нарсаларнинг ҳукми ҳам баён қилинмоқда.

Балғам ташлаш асло таҳоратни синдирмайди.

Бунда балғам бошдан бўладими ёки қориндан бўладими, фарқи йўқ. Бунда балғамга таом аралашмаган бўлиши шарт.

Бетаҳорат қилмайдиган нарса нажас эмасдир.

Бунга оқмаган қон ва оғизни тўлдирмаган қусуқ мисол бўлади. Улар нажас бўлмагани учун, уларни пахта билан артиб сувга ташласа, сув нажас бўлмайди. Ёки ўша нарсалардан бир дирҳам миқдоридан кўпроқ миқдорда кийимга тегса ҳам намоз ўқиса бўлаверади.

(Давоми бор)

«Кифоя» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
...аёлни мақтаб, алдаб кўчага олиб чиқишди, унинг ҳаё пардасини йиртиб, фаҳш ишларга судрашди. Иккови ҳам аёлларнинг шаънини ерга уришдан бошқа иш қилмади. давоми...

8269 05:00 / 03.03.2017
Ҳадиси шарифда айтиладики .Поклик ndash имондандир,. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Яхшидир яхшиликни севади, Сахийдир саховатни севади, Покдир покликни севади. давоми...

3455 14:30 / 11.03.2021
. . . . . . . r . . . . . . . . . . . Муҳтазарни ўнг ёнбоши ила қиблага давоми...

1527 19:00 / 28.12.2023
Асабалар уч хил бўлади1. Ўзи асаба.Маййитга аёл орқали насаби қўшилмаган шахс.2. Бошқанинг сабабидан асаба.3. Бошқа билан бирга асаба.Ўзи асаба бўлганлар тўрт давоми...

2964 16:01 / 23.04.2019