Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 19 жумадул аввал | 2024 йил 21 ноябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (137-дарс). Намоз вақтлари

13:30 / 20.05.2021 4065 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бунда қайси намознинг қай вақтда ўқилиши, беш вақт фарз намозларнинг ҳар бирининг аввалги ва охирги вақтлари, қай вақтда намоз ўқиш жоиз эмас, қай вақтда макруҳ бўлади, каби масалалар муолажа қилинади.

Бомдоднинг вақти уфқда кўндаланг бўлган фажрдан бошлаб, то қуёш чиққунчадир. 
Пешиннинг вақти заволдан то ҳар бир нарсанинг сояси ўзига икки баробар бўлгунча. Завол пайтидаги соядан бошқа. Бир ривоятда бир баробар, дейилган. 
Асрнинг вақти ўшандан қуёш ботгунча. 
Шомники ундан то шафақ ғойиб бўлгунча. У қизғишликдир ва бунга фатво берилгандир. 
Хуфтон ва ундан кейин витр – иккиси ҳам мазкур вақтдан то фажргачадир. 

                                                                               Мустаҳаб вақтлар

Бомдодни субҳ оқарганда бошлаш мустаҳабдир. Токи қирқ оятни тартил қилишга ва таҳорати йўқлиги зоҳир бўлиб қолса, яна қайтаришга имкон бўлсин.

Ёзда пешинни кечга суриш мустаҳабдир. Асрни ҳам, модомики қуёш ўзгармаса. Шунингдек, хуфтонни кечанинг учдан биригача ва уйғонишга ишончи борлар учун витрни (кечанинг) охиригача (суриш мустаҳабдир).

Қишда пешин ва шомни эрта ўқиш мустаҳабдир. Булутли кунда аср ва хуфтонни эрта ўқилади. Иккисидан бошқани кеч ўқилади.

                                                                                  Макруҳ вақтлар
Қуёш чиқаётганда, қиёмда турганда ва ботаётганда намоз ўқиш, тиловат саждаси қилиш ва жаноза намози ўқиш жоиз эмас. Фақат ўша куннинг асри бундан мустасно. Мазкурлар имом хутбага чиққанда ҳам макруҳдир.

Субҳдан кейин унинг суннатидан бошқа нафл макруҳдир. Шунингдек, аср адо қилинганидан кейин, то шомни адо қилгунча ҳам шундай.

Ким намознинг охирги вақтида аҳли фарз бўлиб қолса, фақат ўша намозни қазо қилади. Охирги вақтда ҳайз кўрган қазо қилмайди. 

Мана, «Мухтасар»да келган матннинг таржимаси билан танишиб олдик. Келинг, энди унинг шарҳини ва ҳар бир ҳукм қайси шаръий далилдан олинганини ўрганиб чиқайлик.

1. Бомдоднинг вақти уфқда кўндаланг бўлган фажрдан бошлаб, то қуёш чиққунчадир.

Тонг отиб, янги кун бошланиши билан биринчи фарз бўладиган намоз бомдод бўлгани учун, гап айни шу намознинг вақтини баён қилишдан бошланмоқда. 

Бу жумладаги «уфқда кўндаланг бўлган фажр»дан мурод субҳи содиқдир. Бундан олдин узунасига, бўрининг думига ўхшаб кўринадиган субҳи козиб ҳақиқий фажр эмаслигини шундан билиб оламиз. 

Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Саҳарликларингиздан Билолнинг азони ҳам, уфқда бундай бўлиб кўтарилган оқлик ҳам сизни алдаб қўймасин. Токи мана бундай бўлиб ёйилгунча (бўлаверади)», дедилар». 

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Термизийнинг лафзида: 

«Саҳарликларингиздан сизни Билолнинг азони ҳам, баландга кўтарилган фажр ҳам ман қилмасин. Лекин уфққа ёйилган фажр бўлса (бўлади)», дейилган.

Тонг отиш пайти икки босқичдан иборат бўлади. 

Биринчи босқичда ёруғлик пастдан юқорига кўтарилади, буни «субҳи козиб» ёки «фажри козиб» дейилади. Яъни, «ёлғончи тонг» дегани. Ушбу ҳадиси шарифнинг ҳукмига кўра, ўша субҳи козиб вақтида саҳарлик вақти ҳали тугамаган бўлади. 

Иккинчи босқич эса ёруғликнинг уфқ бўйлаб кўндалангига тарқалиши билан бўлади. Буни «субҳи содиқ» ёки «фажри содиқ», яъни «рост тонг» дейилади. Ана шунда оғизни беркитиш вақти кирган бўлади. Ундан кейин саҳарлик қилиш мумкин эмас. Чунки шунда бомдод намозининг вақти кирган бўлади.

Бомдод намозининг охирги вақти қачонлигига далил:

Аллоҳ таоло Тоҳа сурасида:

 «...Қуёш чиқишидан олдин... Роббингни ҳамд ила поклаб ёд эт», деган (130-оят).

 Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан намозларнинг вақти ҳақида сўралди. Бас, у зот: 

«Бомдод намозининг вақти қуёшнинг аввалги шохи чиқмагунча…» дедилар».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

2. Пешиннинг вақти заволдан то ҳар бир нарсанинг сояси ўзига икки баробар бўлгунча. Завол пайтидаги соядан бошқа. Бир ривоятда бир баробар, дейилган.

Пешиннинг аввалги вақтини белгилашда уламолар ушбу оятдан далил олганлар:

 

«Қуёш оғишидан то тун қоронғисигача намозни тўкис адо эт» (Исро сураси, 78-оят). 

Кўпчилик тафсирчи уламоларимиз: «Ушбу ояти каримадаги «Қуёш оғиши» заволга кетишини билдиради ва бу билан пешин намози вақти киради», деганлар. 

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган узун ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан намозларнинг вақти ҳақида сўралди. Бас, у зот: 

«Бомдод намозининг вақти қуёшнинг аввалги шохи чиқмагунча, пешин намозининг вақти қуёш осмон қорнидан заволга кетгандан», дедилар.

Заволни билиш учун текис жойдаги бирор нарсанинг соясига назар солиш керак. Агар соя қисқариб борса, заволдан олдинги вақт бўлади. Агар соя тўхтаб турса, қиём вақти бўлади. Агар соя узая бошласа, завол вақти бўлади.

Пешиннинг охирги вақтини белгилашда уламоларимиз икки хил ижтиҳод қилганлар. 

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи: «Завол пайтидаги сояни ҳисобга олмай, ҳар бир нарсанинг сояси ўзига икки баробар бўлгунча», деганлар. 

Имом Абу Юсуф, Муҳаммад ва Зуфар раҳматуллоҳи алайҳим: «Завол пайтидаги сояни ҳисобга олмай, ҳар бир нарсанинг сояси ўзига бир баробар бўлгунча», деганлар.

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг далили имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган қуйидаги ҳадисдир:

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ҳарорат шиддатли бўлган пайтда намозни совутиб ўқинглар. Албатта, ҳароратнинг шиддати жаҳаннамнинг қайнаб чиққан иссиғидандир», дедилар». 

Бешовлари ривоят қилишган.

Жумҳурнинг далили қуйидаги ҳадис: 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Жаброил алайҳиссалом менга Байтнинг (Байтуллоҳнинг) олдида икки марта имомлик қилди. Бас, улардан биринчисида пешинни соя кавушнинг тасмасича бўлганда ўқиди. Сўнгра асрни ҳар бир нарсанинг сояси ўз мислича бўлганда ўқиди. Сўнгра шомни қуёш ботиб, рўзадор ифтор қиладиган пайтда ўқиди. Сўнгра хуфтонни шафақ ғойиб бўлганда ўқиди. Сўнгра бомдодни фажр ярақлаб, рўзадорга таом ҳаром бўладиган вақтда ўқиди. 

Иккинчи мартада пешинни ҳар бир нарсанинг сояси ўз мислича бўлганда, кечаги аср вақтида ўқиди. Сўнгра асрни ҳар бир нарсанинг сояси ўзига икки баробар бўлганда ўқиди. Сўнгра шомни биринчи ўқиган вақтида ўқиди. Сўнгра хуфтонни кечанинг учдан бири кетганда ўқиди. Сўнгра бомдодни ер ёришиб кўринганда ўқиди. Сўнгра Жаброил менга ўгирилиб қаради-да: 

«Эй Муҳаммад, мана шу сендан олдинги анбиёларнинг вақтидир. Вақт ушбу икки вақтнинг орасидир», деди», дедилар». 

Термизий ва унинг икки соҳиби ривоят қилишган.

«Кифоя» китобининг биринчи жузи асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Устоз Доктор Ҳусайн Ҳомид Ҳассон ndash академия раисиУстоз Доктор Али Солус ndash академиянинг аввалги раисиУстоз Доктор Ваҳба Зуҳайлий ndash академия раисининг давоми...

3325 18:05 / 21.11.2019
Замонавий фиқҳга оид китобларнинг якка муаллифлар томонидан ёзилганлари бир қанча. Уларнинг баъзилари ила танишиб чиқамиз1. .Фиқҳус Сунна,.Бу китобнинг муаллифи давоми...

3821 05:00 / 18.01.2017
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан риовят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ҳомиланинг ҳомиласини сотишни ман қилдилар. Бу жоҳилиятдаги бор савдо эди. давоми...

5026 05:00 / 17.01.2017
Фарзнинг икки ракъатининг ҳар бирида ҳамда витр ва нафлнинг ҳар бир ракъатида бир оят қироат қилиш mdash ушбу жумлада келган маъно қироатнинг энг оз миқдорини давоми...

2925 19:00 / 25.11.2021