Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Жаноза намозининг шартлари | Фиқҳ дарслари (263-дарс)

09:00 / 04 январь 2956 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أُبَيِّ بْنِ كَعْبٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: أَنَّ آدَمَ u قَبَضَتْهُ الْمَلَائِكَةُ، وَغَسَّلُوهُ، وَكَفَّنُوهُ، وَحَنَّطُوهُ، وَحَفَرُوا لَهُ، وَأَلْحَدُوا لَهُ، وَصَلَّوْا عَلَيْهِ، ثُمَّ دَخَلُوا قَبْرَهُ فَوَضَعُوهُ فِي قَبْرِهِ، وَوَضَعُوا عَلَيْهِ اللَّبِنَ، ثُمَّ خَرَجُوا مِنْ الْقَبْرِ، ثُمَّ حَثَوْا عَلَيْهِ التُّرَابَ، ثُمَّ قَالُوا: يَا بَنِي آدَمَ، هَذِهِ سُنَّتُكُمْ. رَوَاهُ أَحْمَدُ.

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Фаришталар Одам алайҳиссаломнинг жонини қабз қилганларидан сўнг у кишини ювдилар, кафанладилар, хушбўй нарса суртдилар, қабр қазидилар, лаҳад қилдилар, жаноза намози ўқидилар, сўнгра қабрга қўйдилар-да, устиларидан ғишт териб, қабрдан чиқиб, тупроқ тортдилар ва: «Эй Бану Одам, ушбу суннатингиздир», дедилар».

Аҳмад ривоят қилган.

Жаноза намозининг шартлари ҳам бошқа намозларнинг шартига ўхшайди. Жаноза намозида ҳам, барча намозларда бўлгани каби, таҳорат, сатри аврат, қиблага юзланиш шарт.

Ўлим, маййитни ювиш, дафн қилиш, қабр, унга оид ҳукмлар ҳамма билиши лозим бўлган ўта муҳим масалалардир. Аммо кўпчилик бу масалалардан хабардор эмас.

Бу масалалардан билинганлари ҳам ихтилофлидир. Кўпчилик улар ҳақида ишончли маълумот олишни истайди.

Албатта, бу хулосада барча далил ва ҳужжатларни жамлаган, таҳлил қилиб, тартибга солган фуқаҳоларимизнинг меҳнатлари самараларидан фойдаланамиз.

Энди «Мухтасари Виқоя»да бу борада келган матнларни шарҳлашга ўтайлик.

Муҳтазарни ўнг ёнбоши ила қиблага юзлантириш суннатдир. Чалқанча ётқизиш ихтиёр қилинган. Шаҳодат талқин қилинади.

Муҳтазар(ўлимга юз тутган шахс)га нисбатан қилинадиган мустаҳаб ишлар:

1. Муҳтазарни суннатга биноан, ўнг ёнбоши билан қиблага қаратиб ётқизилади. Чунки вафот этганидан кейин худди шу ҳолда қабрга қўйилади.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом Байтуллоҳ ҳақида: «У сизнинг тиригингизнинг ҳам, ўлигингизнинг ҳам қибласидир», деганлар.

رَوَى الْحَاكِمُ عَنْ أَبِي قَتَادَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَمَّا قَدِمَ الْمَدِينَةَ سَأَلَ عَنِ الْبَرَاءِ بْنِ مَعْرُورٍ، فَقَالُوا: تُوُفِّيَ وَأَوْصَى بِثُلُثِهِ لَكَ، وَأَوْصَى أَنْ يُوَجَّهَ إِلَى الْقِبْلَةِ لَمَّا احْتُضِرَ. فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «أَصَابَ الْفِطْرَةَ، وَقَدْ رَدَدْتُ ثُلُثَهُ عَلَى وَلَدِهِ.

Имом Ҳоким Абу Қатодадан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келиб, Баро ибн Маърур ҳақида сўрадилар. «У вафот қилди. Молининг учдан бирини сизга васият қилди. Муҳтазар бўлганида қиблага юзлантиришга васият қилди», дейишди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Соф табиатни топибди. Унинг учдан бирини боласига қайтардим», дедилар».

Агар бунинг иложи бўлмаса, уни чалқанча ҳолида юзи ва икки оёғини қиблага қаратиб ётқизилади ва оёқлари қиблага бўлиб қолмаслиги учун тиззаларининг остига бирор нарса қўйиб, кўтариб қўйилади. Чунки ушбу ҳолатда унинг жағини танғиш, кўзини юмдириш осон бўлади. Маййит қотганда букилиб қолмайди.

2. Муҳтазарга «Лаа илааҳа иллаллоҳу»ни айтиш талқин қилинади. Ҳанафий мазҳаби уламолари: «Маййитни лаҳадга қўйгандан кейин ҳам ушбу калимаи тавҳид талқин қилинади», деганлар.

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَقِّنُوا مَوْتَاكُمْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Жон таслим қилаётганларингизга «Лаа илааҳа иллаллоҳу»ни талқин қилинглар», дедилар».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Ўлим олдида турган шахснинг ёнида ҳозир бўлган кишилар овозларини чиқариб «Лаа илааҳа иллаллоҳу»ни айтиб туришлари ҳукми мана шу ҳадиси шарифдан олинган.

Муҳтазарга «Шу калимани айт», деб мажбур қилинмайди. Жон аччиғида «Айтмайман», деб юбориши, юз ўгириши ёки бошқа ноқулай ҳолат пайдо бўлиши мумкин. Шунинг эътиборидан, ҳозир бўлганлар ўзларича овозларини чиқариб айтиб туришади. Муҳтазар ҳам айтса, тўхташади.

Охирги сўзи калимаи шаҳодат бўлган инсон бахтли бўлади. Муҳтазар калимаи шаҳодатни айтгандан кейин яна бошқа гап айтса, ҳозир бўлганлар яна калимаи шаҳодатни айта бошлайдилар.

Хуллас, нима бўлганда ҳам, муҳтазар ўз ихтиёри билан охирги сўз сифатида калимаи шаҳодатни айтишига эришишга ҳаракат қилинади.

3. Бу ҳолатдаги ишларни муҳтазарнинг энг яқин ва яхши кўрган кишиси, унга қандай муомала қилишни яхши биладиган одам қилиши керак.

Ўлганда жағи танғиб боғланади ва кўзлари юмдирилади. Унинг тахтаси ва кафанига тоқ саноқда хушбўй нарса тутатилади.

رَوَى أَحْمَدُ وَابْنُ حِبَّانَ وَالْحَاكِمُ عَنْ جَابِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «إِذَا أَجْمَرْتُمْ الْمَيِّتَ فَأَجْمِرُوهُ وِتْرًا». وَفِي رِوَايَةٍ: «فَأَجْمِرُوهُ ثَلَاثًا.

Аҳмад, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким Жобир розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Агар маййитга хушбўй тутатадиган бўлсангиз, тоқ қилинг», деганлар.

Бошқа бир ривоятда:

«Унга хушбўйни уч марта тутатинг», дейилган.

«Кифоя» китобининг биринчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7013-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Намозни бузмайдиган нарсалар 1 .2 3 4 .1. Намоз ўқиётган кишининг намоз асносида бирор ёзувга қараб, уни тушуниши.2. Тишлари орасида қолиб давоми...

7320 09:35 / 18.04.2020
Таяммумнинг суннатлари 1. Бошлашда .Бисмиллаҳ,ни айтиш. 2. Икки қўлни ерга уриш. 3. Чанг кириши учун бармоқларнинг орасини кенг очиш. 4. Сўнг қўлларни бирбирига уриб, давоми...

2971 13:02 / 17.12.2020
иккинчи мақолаТолҳа ибн Мусаррифдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилдилар. Оғизларини ва бурунларини давоми...

4540 15:13 / 25.06.2020
. . Салмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .У кишига .Набийингиз сизларга ҳамма нарсани, ҳатто қандай қазои ҳожат қилишни ҳам ўргатди,, давоми...

3506 14:30 / 15.04.2021