Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (71-дарс). Фиқҳ илмининг аҳамияти

15:32 / 06.02.2020 3736 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(биринчи мақола)

Бу илмнинг аҳамиятини билиш учун маълум бир муддатга уни бутунлай унутайлик ва фақиҳлардан содир бўлган ҳар бир маълумотдан фойдаланмасликка аҳд қилайлик.

Фиқҳ илмининг аҳамиятини яхшироқ англаб етиш учун фақат биргина мисол келтириш билан кифояланишни келишиб олайлик. Келинг, ўша масала таҳоратда юзни ювиш бўлсин.

Табиийки, аввало Қуръони Каримни қўлга оламиз. Аммо муқаддас Китобимизда «Таҳорат» номли сурани топа олмаймиз. Зотан, Аллоҳнинг Китоби бу каби масалалардан олийдир.

Нима қиламиз? Қуръони Каримни тўлиқ ёддан билмаймиз. Ёд билганларимиз эса маъносини билмайди. Бир иложини қилиб «юз» сўзи бор оятларни топамиз. Уларнинг ичидан «юз ювиш» ҳақида сўз юритилган оятни топамиз.

ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛ ﭜ ﭝ ﭞ  ﭟ ﭠ ﭡ

«Эй иймон келтирганлар! Намозга турсангиз, юзларингизни ва қўлларингизни чиғаноқлари ила, бошларингизга масҳ тортиб, оёқларингизни тўпиқлари ила ювинглар» (Моида сураси, 6-оят).

«Мана, Қуръонда таҳорат қилган одам юзини ювиши ҳақида амр бор экан!» деймиз.

Бу маълумот бизга озроқ кўринади ва ҳадисларга мурожаат қилишга ўтамиз. Фиқҳий боблар асосида жамланган ҳадис китобларида фақиҳларнинг таъсири бор, деб бошқа услубда жамланган ҳадис китобларига қарайдиган бўлсак, ўзимизга керак ҳадисларни топа олмай гаранг бўламиз. Охири, бир амаллаб ўзимизга керакли ҳадисларни топамиз ва юзни ювиш ҳақидаги ибораларга синчковлик билан назар соламиз.

عَنْ حُمْرَانَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ مَوْلَى عُثْمَانَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: إِنَّ عُثْمَانَ دَعَا بِوُضُوءٍ فَتَوَضَّأَ فَغَسَلَ كَفَّيْهِ ثَلَاثَ مَرَّاتٍ، ثُمَّ مَضْمَضَ وَاسْتَنْثَرَ، ثُمَّ غَسَلَ وَجْهَهُ ثَلَاثَ مَرَّاتٍ، ثُمَّ غَسَلَ يَدَهُ الْيُمْنَى إِلَى الْمِرْفَقِ ثَلَاثَ مَرَّاتٍ، ثُمَّ غَسَلَ يَدَهُ الْيُسْرَى مِثْلَ ذَلِكَ، ثُمَّ مَسَحَ رَأْسَهُ، ثُمَّ غَسَلَ رِجْلَهُ الْيُمْنَى إِلَى الْكَعْبَيْنِ ثَلَاثَ مَرَّاتٍ، ثُمَّ غَسَلَ الْيُسْرَى مِثْلَ ذَلِكَ، ثُمَّ قَالَ: رَأَيْتُ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم تَوَضَأَ نَحْوَ وُضُوئِي هَذَا ثُمَّ قَالَ: «مَنْ تَوَضَّأَ نَحْوَ وُضُوئِي هَذَا ثُمَّ قَامَ فَرَكَعَ رَكْعَتَيْنِ لَا يُحَدِّثُ فِيهِمَا نَفْسَهُ غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبهِ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Усмон розияллоҳу анҳунинг озод қилган қули Ҳумрон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Усмон таҳоратга сув опкелтирди ва таҳорат қилди: икки қўлини уч марта ювди, сўнгра оғзини чайқади ва бурнига сув олиб тозалади, кейин юзини уч марта ювди, сўнгра ўнг қўлини чиғаноғи билан уч марта ювди, кейин чап қўлини ҳам шунга ўхшатиб ювди, сўнгра бошига масҳ тортди, кейин ўнг оёғини тўпиқлари билан уч марта ювди, сўнгра чап оёғини ҳам шунга ўхшатиб ювди, кейин:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг менинг ушбу таҳоратимга ўхшатиб таҳорат қилганларини кўрдим, – деди ва: – Ким менинг ушбу таҳоратимга ўхшатиб таҳорат қилса ва туриб бориб, икки ракъат намоз ўқиса-ю, унда бирор нарсани кўнглидан ўтказмаса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», деб қўшиб қўйди».

Бешовлари ривоят қилишган.

Бу ҳадиси шарифдан таҳорат қилишни мукаммал ўрганиш билан бирга, аъзоларни, жумладан, ўзимиз баҳс қилаётган юзни ҳам уч марта ювиш кераклигини ўрганиб олдик. Бу, албатта, араб тилини яхши билган кишиларга муяссар бўладиган иш.

Энди худди шу масаланинг ўзини фиқҳ илми устозлари юқоридаги оят ва ҳадисдан қандай тушунганлари билан танишиб чиқайлик.

Бунинг учун элимизда маълум ва машҳур бўлган фиқҳ китоби – «Мухтасари Виқоя»нинг матни ва шарҳидан фойдаланамиз.

«Бас, таҳоратнинг фарзи – юзни сочдан қулоққача ва жағнинг тагигача, икки қўл ва икки оёқни чиғаноқлари ҳамда тўпиқлари билан ювиш. Бошининг тўртдан бирига ва соқолидан юзини тўсиб турганига масҳ тортишдир».

Демак, юзни ювиш таҳоратнинг фарзларидан бири экан. Бу амалнинг фарз эканини фақиҳлар узоқ ва машаққатли таҳлиллардан кейин аниқлашган. Сиз билан биз бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмаган эдик. Чунки Қуръони Каримда ҳам, ҳадиси шарифда ҳам «таҳоратда юзни ювиш фарз», деган гап йўқ. Зотан, бу нарса уларнинг вазифаси ҳам эмас. Юзни ювиш ҳақидаги гап Қуръони Каримда буйруқ майлидаги феъл ила ифода этилган, Аллоҳнинг буйруғи фарз бўлади, дейдиган бўлсак, бошқа оятларда буйруқ майлида келган феъллар фарзни ифода қилмаганини кўрамиз.

Мисол учун, Жума сурасидаги

«Бас, намоз тугаганидан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг», деган оятни олиб кўрайлик. Ушбу ояти каримадаги илоҳий фармонга биноан, намоз тугаганидан кейин ҳамма тарқалиб кетиши лозим. Аммо амалда бу ҳолни кўрмаймиз. Тарқалган тарқалади, қолганлар ибодат, дуо каби ишлар билан машғул бўлиб ўтирсалар, ҳечқиси йўқ.

Аллоҳ таолонинг охирги китоби Қуръонда буйруқ майлида келган икки феълнинг бири фарзни, иккинчиси мубоҳни англатишини сиз билан биз қаердан била оламиз? Аммо фақиҳлар ўз қоидаларини ишга солиб, бунга оид барча нарсаларни чуқур таҳлил қилиб, ҳаммасини ўз жойига қўйганлар.

Икки оятни ва унда зикр қилинган талабни атрофлича чуқур ўрганиб чиқиб, таҳоратда юзни ювиш фарз эканини, жума намозини ўқиб бўлгандан кейин тарқалиш фарз эмаслигини аниқлаганлар.

Ўрганаётган оят ва ҳадисимиздан таҳоратда юзни ювиш амали борлигини билган эдик. Аммо фақиҳлар ўша нарсани:

«Юзни сочдан қулоққача ва жағнинг тагигача ювмоқ», демоқдалар. Улар «юз» араб тилида нимани ифода қилишини арабларнинг асл луғатларидан ўрганишган ва улардан қуйидаги баёнотни топишган:

«Юзнинг узунасига бўлган чегараси пешонанинг соч ўсган жойидан жағнинг остигачадир. Юзнинг кўндалангига чегараси бир қулоқнинг юмшоқ жойидан иккинчи қулоқнинг юмшоқ жойигачадир».

Бу билан ҳам кифояланиб қолмасдан, фақиҳлар юзга оид майда аъзоларни ҳам аниқлаб, айтиб ўтишган ва таҳоратда уларни ювиш ҳам фарзлигини баён қилишган:

«Икки лабнинг ва буруннинг уст қисмлари ҳам юздан ҳисобланади. Қош, киприк, мўйлаб, юздаги қиллар, пастки лабнинг ўртасига чиқадиган туклар (мўйлар) ва соқолнинг юздаги қисмини ювмоқ ҳам фарздир».

Оят ва ҳадисдаги «юз» сўзини қойилмақом қилиб англатиб бўлган фақиҳ энди «ювиш»ни таҳлил ва тадқиқ қилишга ўтади. Бу сўзнинг ҳам таҳоратга оид маъносини:

«Бу ердаги ювишдан мурод, аъзодан камида икки қатра томадиган даражада сувни ўтказиш ёки қуйишдир», деб баён қилади.

Кейин неча марта ювишнинг ҳукмини айтади:

«Аъзоларни бир марта ювмоқ фарздир, уч марта ювмоқ суннатдир».

Бир марта ювиш Қуръоннинг амрига биноан фарз, уч марта ювиш Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳадисларига биноан суннат.

Шу ерда мисолимизга якун ясаймиз ва инсоф билан тафаккур қилишга киришамиз.

(Давоми бор)

«Кифоя» китобининг 1-жузидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Ҳидоя, Бурҳониддин Али бин Абу Бакр Абдужалол алМаржоний розияллоҳу анҳу 511593 ҳ.с. томонидан тасниф қилинган ҳанафий фиқҳи фуруъидаги машҳур китобнинг номи.Бу давоми...

4554 05:00 / 18.01.2017
. ,. . . ,. Молик ибн алҲувайрис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир оғайним билан бордик. Ул давоми...

3621 17:00 / 05.08.2021
6. Акса урганга соғлик тилаш.Намозхон акса урган кишига .Ярҳамукаллоҳ,, деса, намози бузилади. Чунки бу нарса одамлар орасида урф бўлган каломдир. Акса урганга давоми...

2149 00:00 / 09.12.2022
Халқимизда маййитга жаноза ўқишдан олдин унинг яқинларидан Агар марҳумнинг бандалардан қарзлари бўлса адо этасизмиrdquo, деб сўраш, сўнг тасдиқ жавобини олгач давоми...

3844 05:00 / 18.01.2017