Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Рамазон ва Қурбон ҳайитини белгилашда ҳилолни кўришнинг шаръий қоидалари | Фиқҳ дарслари (337-дарс)

19:00 / 17 июль 987 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маълумки, Рамазондан олдинги шаъбон ойининг йигирма тўққизинчи куни мусулмонлар янги ойни кўришга ҳаракат қиладилар. Бунинг учун ўша куни қуёш ботиши пайтида унга қараб турилади. Агар ой янгиланган бўлса, бир кўриниб ўтади ва эртасига биринчи Рамазон бўлади. Агар янги ой кўринмаса, Шаъбонни ўттиз кунлик қилиб, индинига рўза тутиш бошланади. Аммо ойни кўришга боғлиқ бир қанча ҳолатлар бор. Ўшаларнинг баъзилари ҳақида «Мухтасари Виқоя»да келган матнларни ўрганамиз.

Ким рўза тутиш ёки очиш ҳилолини ёлғиз ўзи кўрса ва унинг гапи рад қилинса ҳам рўза тутади.

Бир юртда фақат биргина киши Рамазон киргани ёки чиққанининг аломати бўлган ҳилолни кўрди. Келиб, қози ҳузурида гувоҳлик берганда қози гувоҳлигини қабул қилса ҳам, қилмаса ҳам рўза тутади.

Агар тутмаса, қазосини тутади. Унга каффорат вожиб бўлмайди.

Чунки каффорат шубҳа ила собит бўлмайди.

Булутли кунда адолатли бир кишининг, агар у қул ёки аёл бўлса ҳам, рўзани бошлаш ҳақидаги гувоҳлиги қабул қилинади.

Чунки бу диний хабар бўлиб, унинг қабул бўлиши учун фақат адолат шарт қилинган.

Рўзадан чиқиш ҳақидаги гувоҳликка, агар кун булутли бўлса, гувоҳликнинг нисоби, лафзи ва адолат шарт бўлади. Даъво шарт бўлмайди.

Рамазоннинг йигирма тўққизинчи куни рўза тугаганини билиш учун ой кўрилганда кун булутли бўлиб турса, гувоҳларнинг сони камида шариатда талаб қилинган икки эр киши ёки бир эр, икки хотин киши бўлиши шарт. Шунингдек, гувоҳлик берувчи киши шаҳодат лафзини ҳам айтиши шарт. Бунинг устига, гувоҳлик берувчилар адолатли ҳур бўлишлари, туҳматчилиги учун дарра урилмаган шахслар бўлиши шарт. Рўзани очиш ҳақидаги гувоҳликка шартларнинг оғир қўйилишининг сабаби бу иш бандаларга манфаат берувчи, оғизларини очишга омил бўлувчи эканлигидандир.

Кун булутсиз бўлса, икки ҳолатда ҳам кўп кишиларнинг гувоҳлиги шартдир.

Икки ҳолатда ҳам, яъни рўзани бошлаш ёки тугатиш учун ҳилол кўришда кун булутсиз, очиқ бўлса, кўп сонли кишилар гувоҳлик беришлари шарт. «Кўпнинг миқдори қанча?» деган саволга баъзилар «Бир маҳалла одамлари», деса, Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи «Эллик киши», деганлар. Умуман, раҳбар одам тўлиқ ишонч ҳосил қиладиган даражада кўп одам бўлиши лозим.

Икки одил кишининг ойни кўрганлиги ҳақидаги гувоҳлиги билан ўттиз кун рўза тутилгандан кейин оғизни очиш ҳалол бўлади. Бир одил кишининг гувоҳлиги билан эмас.

Бир қавм ҳаво булутли бўлиб турганда икки одил кишининг гувоҳлиги билан рўза тутишни бошлаган бўлса, ўттиз кун тутганларидан кейин рўзани тугатиб, ҳайит қилинади. Агар бир одил кишининг гувоҳлиги билан рўза тутишни бошлаган бўлса, ундай эмас.

Бу маънодаги масалаларда мусулмон оламининг бир тарафида ҳилолни кўриш шаръий асосда собит бўлса, бошқа ўлкаларнинг одамлари ҳам унга амал қилишлари лозимлигини жумҳури уламолар таъкидлаганлар.

Қурбон ҳайитини белгилаш ҳам рўзаникига ўхшаш бўлади.

Яъни Қурбон ҳайити ҳилолининг собит бўлиши ҳақидаги ҳукм ҳам худди рўза ҳайити ҳилолининг собит бўлиши кабидир.

«Кифоя» китобининг иккинчи жузи асосида тайёрланди

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7013-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Фарзнинг икки ракъатининг ҳар бирида ҳамда витр ва нафлнинг ҳар бир ракъатида бир оят қироат қилиш mdash ушбу жумлада келган маъно қироатнинг энг оз миқдорини давоми...

4394 19:00 / 25.11.2021
. . Ифрод ҳаж қилувчи .Aллoҳyммa инний ypийдyл ҳaжжa фa йaccирҳу лий вa тaқoббaлҳy минний,, дейди. Сўнгpa ҳажни ният қилиб тaлбия aйтишни давоми...

141 19:00 / 11 декабрь
.Шарт, сўзи луғатда .аломат, деган маънони англатади. Шариатда бир нарсанинг вужудга келиши унга боғлиқ бўлган ва ўзи ўша нарсадан ташқарида бўлган нарса давоми...

4546 17:31 / 02.09.2021
иккинчи мақола5. Суянган нарсаси олиб ташланса, йиқилиб тушувчининг уйқуси.Яъни бир одам бир нарсага суяниб ўтирган ҳолида ухламоқда. Агар ўша суянган нарсани давоми...

2795 14:04 / 06.08.2020