Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (93-дарс). Таҳоратнинг мустаҳаби

13:05 / 09.07.2020 5516 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

وَمُسْتَحَبُّهُ: التَّيَامُنُ، وَمَسْحُ الرَّقَبَةِ.

Ўнгдан бошламоқ ва бўйинга масҳ тортмоқ.

«Мухтасар»нинг муаллифи ижтиҳоди бўйича, таҳоратнинг юқорида зикр этилган мустаҳаб амали бор. Бошқа ҳанафий уламолар аъзоларни ювганда ўнг тарафдан бошлашни суннат амал деганлар. Нима бўлганда ҳам, таҳорат қилувчи шахсни бу ишга алоҳида тарғиб қилинади. Бунинг аҳамиятини далил сифатида келтирилган қуйидаги ҳадисдан билиб оламиз.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: إِنْ كَانَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم لَيُحِبُّ التَّيَمُّنَ فِي طُهُورِهِ إِذَا تَطَهَّرَ، وَفِي تَرَجُّلِهِ إِذَا تَرَجَّلَ، وَفِي انْتِعَالِهِ إِذَا انْتَعَلَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам поклансалар, покланишларида ҳам, тарансалар, таранишларида ҳам ва оёқ кийим кийсалар, оёқ кийим кийишларида ҳам доимо ўнгдан бошлашни жуда яхши кўрар эдилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

Ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг покланишда ҳам ўнг томондан бошлашни жуда яхши кўрганликлари ҳақида гап боргани учун у мана шу бобда келтирилмоқда. Демак, таҳоратда ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилганлар.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: كَانَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم يُحِبُّ التَّيَمُّنَ مَا اسْتَطَاعَ فِي شَأْنِهِ كُلِّهِ: فِي طُهُورِهِ، وَتَرَجُّلِهِ، وَتَنَعُّلِهِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам барча ишларида иложи борича ўнгдан бошлашни яхши кўрар эдилар. Таҳоратларида ҳам, таранишларида ҳам, оёқ кийим кийишларида ҳам».

Бухорий ривоят қилган.

Ҳа, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам барча яхшилик, эҳтиром, хайр маъносидаги бирор нарсани олиш ёки бериш, ичиш, ейиш, кийиш, ювиш каби ишларни ўнг қўл билан қилар ва ўнгдан бошлар эдилар.

Таҳоратда бўйинга масҳ тортиш мустаҳаб эканига далил қуйидагича:

رَوَى أَبُو الْحَسَنِ ابْنُ الْفَارِسِ بِإِسْنَادِهِ عَنِ ابْنِ عُمَرَ: أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «مَنْ تَوَضَّأَ وَمَسَحَ بِيَدَيْهِ عَلَى عُنُقِهِ وُقِيَ الْغُلُّ يَوْمَ الْقِيَامَةِ».

Абулҳасан ибн Форис Ибн Умардан ривоят қилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким таҳорат қилиб, бўйнига икки қўли ила масҳ тортса, қиёмат куни ғулдан, (яъни бўйин ва қўл қўшиб боғланадиган кишандан) сақланади», дедилар».

Уламоларимиз таҳорат борасида келтирган ҳамма ҳадис ва асарларни ўрганиб, тартибга солсак ва таҳорат одобларига, бу борадаги қоидаларга назар ташласак, ушбу ибодат ҳақидаги улкан ҳақиқатни яна ҳам тўлиқроқ тушуниб етамиз.

«Кифоя» китобидан

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
...Қурбонлик Аллоҳ таолога атаб қилингани учун уни соғсаломат, ҳеч бир нуқсонсиз бўлишига уриниш Аллоҳ таолога нисбатан юксак одобни кўрсатади. Қурбонликнинг давоми...

20435 05:00 / 17.01.2017
Маййитнинг ўз яқинлари, қариндошлари ва ёру биродарларида тўртта ҳаққи бордир 1. Ювиш. 2. Кафанлаш. 3. Жаноза намози ўқиш. 4. Жанозасини кўтариб бориб, дафн қилиш. Бу давоми...

3447 19:00 / 18.01.2024
Мероснинг арконлари учта1. Мерос қолдирувчи.2. Меросхўр.3. Мерос.Мероснинг шартлариМероснинг шартлари учта1. Мерос қолдирувчининг ҳақиқатда ўлиши ёки ўлими ҳақида давоми...

3397 14:22 / 17.01.2019
Ҳадиси шарифда Жаннатнинг калити намоз, намознинг калити таҳоратдирrdquo, дейилган. Таҳорат деганда эса шариат тайин қилган аъзоларни сув билан поклаш тушунилади. давоми...

41090 05:00 / 19.01.2017