Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 24 жумадис сони | 2025 йил 15 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Ҳожати аслиядан ортиқча бўлган молдан закот олишга ва ундан камидан олмасликка далиллар | Фиқҳ дарслари (290-дарс)

19:00 / 11.07.2024 2114 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида:

ﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷ

«Ва сендан нимани нафақа қилишни сўрарлар. Сен: «Ортиқчасини», деб айт», деган (219-оят).

Яъни «Ўз ҳожатидан ортиқча молларини инфоқ қилсинлар». Ушбу ояти кариманинг тафсирида Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Ўз аҳлингдан ортиб қолганини», деган эканлар.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «إِنَّمَا الصَّدَقَةُ عَنْ ظَهْرِ غِنًى». رَوَاهُ أَحْمَدُ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, садақа (закот) бойлик устидан бўлур», дедилар».

Имом Аҳмад ривоят қилган.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «تَصَدَّقُوا». فَقَالَ رَجُلٌ: يَا رَسُولَ اللهِ، عِنْدِي دِينَارٌ، قَالَ: «تَصَدَّقْ بِهِ عَلَى نَفْسِكَ»، قَالَ: عِنْدِي آخَرُ، قَالَ: «تَصَدَّقْ بِهِ عَلَى زَوْجَتِكَ»، قَالَ: عِنْدِي آخَرُ، قَالَ: «تَصَدَّقْ بِهِ عَلَى وَلَدِكَ»، قَالَ: عِنْدِي آخَرُ، قَالَ: «تَصَدَّقْ بِهِ عَلَى خَادِمِكَ»، قَالَ: عِنْدِي آخَرُ، قَالَ: «أَنْتَ أَبْصَرُ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Садақа қилинглар», дедилар. Бир одам:

«Эй Аллоҳнинг Расули, менда динор бор?» деди.

«Ўзингга садақа қил», дедилар.

«Менда бошқаси ҳам бор», деди.

«Хотинингга садақа қил», дедилар.

«Менда яна бошқаси бор», деди.

«Болангга садақа қил», дедилар.

«Менда яна бошқаси бор», деди

«Уни ходимингга садақа қил», дедилар.

«Менда яна бошқаси бор», деди.

«Ўзинг биласан», дедилар».

Абу Довуд ва Насоий ривоят қилишган.

Бандалар тарафидан талаб қилинадиган қарздан ортиқ бўлиши.

Закот фарз бўлиши учун мол эгасининг нисобни камайтириб юборадиган даражада қарзи бўлмаслиги керак. Бир одамнинг қўлида нисобга етган моли бор. Шу билан бирга, бошқалардан қарзи ҳам бор. Агар қарзини берганидан кейин ҳам қолган моли нисоб миқдорида бўлса, закот беради. Аммо қарзни берганда ўзига мол қолмайдиган ёки моли нисоб миқдоридан камайиб қоладиган бўлса, закот бериш вожиб бўлмайди. Чунки одамлардан қарзи бор одам бой ҳисобланмайди.

Бас, закот мукотабда, умид узилгандан бир неча кун ўтиб қўлига тушган молда, тан олинмаган ва ҳужжати бўлмаган ва мусодара қилиб олинган молда фарз бўлмайди.

Ушбу жумлада келган маънолар юқорида ўтган сатрларда зикр қилиб ўтилгани учун, такрорлаб ўтирмаймиз.

Ният.

Закотни адо қилиш тўғри бўлиши учун ҳам шартлар бор. Улардан бири «Мухтасари Виқоя»да қуйидагича ифода қилинган:

Закотни адо этиш ёки уни ажратиш вақтида ният қилиш шарт қилинди. Илло, молнинг ҳаммасини садақа қилиб юборса, бундан мустасно.

Закот тўғри бўлиб, закот ўрнига ўтиши учун энг муҳим шарт закот беришни ният қилишдир. Чунки Исломда ҳеч бир ибодат ниятсиз бўлмайди.

Мисол учун, рўза тутилса, ният қилиш керак. Токи тутган рўзаси фарз рўзами, назр рўзами ёки нафл рўзами, билиниши лозим.

Шунингдек, намознинг ҳам фарз, вожиб, суннат ёки нафл экани ниятдан ажратилади.

Садақа кўринишидаги молиявий ибодатнинг ҳам тури кўп. Закот деб ният қилмасдан молни шунчаки бировга берса, закот ўрнига ўтмайди.

عَنْ عُمَرِ بْنِ الْخَطَّابِ t قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ r يَقُولُ: «إِنَّمَا الْأَعْمَالُ بِالنِّيَّاتِ.... رَوَاهُ الشَّيْخَانِ.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Амаллар фақат ниятларга кўрадир...» деганларини эшитдим».

Икки шайх ривоят қилишган.

Ҳанафий мазҳаби бўйича, закотни бераётганда ҳукман бўлса ҳам ниятни қўшиб қилиш керак. «Ҳукман бўлса ҳам», деганда, молни фақирга бериб қўйгач, у фақирнинг қўлида туриб, ҳали ишлатмаган бўлса, «Шу закотим», деб ният қилиб қўйса, жоиз. Ёки вакилга бераётиб ният қилса, вакил ният қилмаса ҳам зарари йўқ. Фақирга беришни ният қилиб, закотни ажратса-ю, у фақирнинг қўлига етиб бормасдан туриб йўқолса ёки ўғирланса, қайтадан закот беришга тўғри келади.

Қуйидаги шарт «Мухтасари Виқоя»да айтилмаган:

Мулк қилиб бериш.

Закот тўғри бўлиши учун ажратилган мол закот берувчи томонидан ҳақдорларга мулк қилиб берилиши керак. Фойдаланиб туришга ёки таомлантириш йўли билан берилган нарса закот бўлмайди. Яъни таомлантириб, «Шу закотим», дейиши жоиз эмас. Аммо таом сотиб олиб, закотни ният қилиб бериш жоиз.

Ҳанафий мазҳаби бўйича, мажнун ва ёш болага закот бериб бўлмайди.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Ва закот беринглар», деган. Бу эса мулк қилиб бериш билан собит бўлади.

Яна Аллоҳ таоло: «Албатта, садақалар фақирлар учундир», деган. «Садақа» дегани «бировга бир нарсани мулк қилиб бериш», деганидир. «Фақирлар учундир», дегани ҳам араб тили қоидасида мулк маъносини билдиради. Ўша иборада «тамлик ломи», яъни «мулкни ифодаловчи лом» деб номланган «лом» ҳарфи ишлатилган.

Закотдаги санаб ўтилган шартлар орадаги шарҳлар билан бир-биридан анча узоқлашиб кетгани сабабли, эслаб қолишга осон бўлиши учун бир жойга жамлаб, рақамлар билан ёзиб қўйиш мақсадга мувофиқ бўларди.

«Кифоя» китобининг иккинчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7013-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Таъзия билдириш маййит аҳлига тасалли бериш, уларни сабрга чақириш, қазои қадарга рози бўлишга тарғиб қилиш ва ажр олишга ундаш ила бўлади. Таъзия уч кунгача давоми...

3301 19:00 / 19.04.2024
Орасида туғиш ва эрхотинлик алоқаси борларга, ўзининг қулига, баъзисини озод қилган қулига, бойга, унинг қулига ва кичик ёшдаги боласига, Бану Ҳошимга, уларнинг давоми...

1760 19:00 / 04 апрель
. Ким ҳажга эҳром боғлашни ирода қилса, таҳорат қилади. Fусл қилиш маҳбубдир. Сўнгра покиза ридо ва изор кияди, хушбўй суртади ва икки ракъат намоз давоми...

330 19:00 / 05 декабрь
1. Ният қилиш. Яъни таяммум қилишни қалбига тугиш. Ниятнинг вақти қўлини таяммум қиладиган нарсага уриш пайтидир. Ният тўғри бўлиши учун Исломда бўлиш, оққорани давоми...

4595 13:00 / 10.12.2020