Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 27 шаъбон | 2026 йил 15 февраль, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Тижорат молидан қийматини закотга чиқариш | Фиқҳ дарслари (303-дарс)

15:32 / 17.10.2024 2050 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Инсон сотиб олган ҳар бир нарса ҳам тижорат моли бўлавермайди. Кўпгина нарсалар шахсий ва оилавий фойдаланиш учун ҳам бўлади. Фақат сотиб, фойда олиш ниятида олиб қўйилган нарсасигина тижорат моли ҳисобланади.

Уламоларимиз: «Тижоратда иккита асосий унсур: ният ва амал бор», дейдилар.

Ният – фойда кўриш мақсади бўлса, амал – олди-сотдидир. Ушбу икки унсур бир бўлгандагина, тижорат бўлади. Бири бўлиб, иккинчиси бўлмаса, тижорат йўқ бўлади.

Шунга кўра, биров ўзи учун бирор нарса олиб, уни ишлатиб юрса-ю, яхшироқ фойда чиқса сотиб ҳам юбориш мақсади бўлса, у нарса тижорат моли бўлмайди. Чунки уни аслида ўзи учун олган. Аксинча, сотиб фойда кўриш ниятида олган нарсасидан ўзи вақтинча, яхшироқ харидор чиққунча фойдаланиб турса ҳам, у нарса тижорат моли ҳисобланади.

Ушбу нарсани «Сотмайман, ўзим фойдаланаман», деб ният қилиб, фойдаланиб юрса, тижорат молилигидан чиқади, закот бермайди.

Тижорат молларидан закот фарз бўлишининг шартлари ҳам худди пулдаги шартларга ўхшайди. Яъни нисобга етиши, бир йил тўлиши, қарздан холи бўлиши ва ҳожати аслиядан ортиқ бўлиши зарур.

Закот бериш вақти келганда тожир ўзининг қўлидаги ва ҳисоб рақамидаги пулларини, савдога қўйилган моллари ва одамларга берган қарзларидан қайтиб келишига кўзи етганларини жамлаб ҳисоблайди, сўнгра жами маблағнинг икки ярим фоизини закотга чиқаради.

Ҳисоблаш вақтида тижорат дўкони бинолари, бинонинг асбоб-анжомлари, тижорат моллари қўйиладиган жойлар, пештахта ва шунга ўхшаш сотувга қўйилмаган нарсалар ҳисобга олинмайди. Тижорат молларининг қиймати закот чиқарилаётган кундаги баҳосида ўлчанади.

Закотни тижорат молларининг ўзидан чиқарса ҳам ёки қийматини чиқарса ҳам бўлади. Аммо камбағалларга фойдалироқ бўлгани учун, қийматидан чиқарилса яхши бўлади.

وَيَجُوزُ دَفْعُ الْقِيَمِ فِي: الزَّكَاةِ، وَالْفِطْرِ، وَالْكَفَّارَةِ، وَالْعُشْرِ، وَالنَّذْرِ، وَالْهَلَاكُ بَعْدَ الْحَوْلِ يَسْقُطُ بِحِصَتِهِ. وَالزَّكَاةُ فِي النِّصَابِ لَا الْعَفْوِ، فَيَجِبُ بِنْتُ مَخَاضٍ إِنْ هَلَكَ بَعْدَ الْحَوْلِ خَمْسَةَ عَشَرَ مِنْ أَرْبَعِينَ بَعِيرًا. وَيُضَمُّ الْمُسْتَفَادُ وَسَطَ الْحَوْلِ إِلَى نِصَابٍ مِنْ جِنْسِهِ. وَيُضَمُّ الذَّهَبُ إِلَى الفِضَّةِ وَالْعُرُوضُ إِلَيْهِمَا بِالْقِيمَةِ لِإِتْمَامِ النِّصَابِ، وَنُقْصَانُهُ فِي الْحَوْلِ هَدْرٌ. وَجَازَ تَقْدِيمُهَا لِحَوْلٍ وَأَكْثَرَ، وَلِنُصُبٍ لِذِي نِصَابٍ.

Закот, садақаи фитр, каффорат, ушр ва назрларда қийматини бериш ҳам жоиз. Бир йил тўлгандан кейин ҳалок бўлиши унинг ҳиссасича соқит бўлади. Закот нисобдадир, афв қилинган нарсада эмас.

Агар қирқта туядан бир йил тўлгандан кейин ўн бештаси ҳалок бўлса, бинти мухоз бериш вожиб бўлади.

Йилнинг ўртасида кўрилган фойда ўз жинсидан бўлган нисобга қўшилади.

Нисобни мукаммал қилиш учун тилла кумушга ва тижорат моллари қиймати ила иккисига қўшилади.

Нисобнинг йил ичида нуқсонга учраши ҳисобмас.

Закотни бир ва ундан кўпроқ йил учун олдиндан берса, жоиз.

Шунингдек, бир нисобга соҳиб бўлган киши бир неча нисобнинг закотини олдиндан берса бўлади.

Ушбу матнларда закотга оид бир неча масала муолажа қилинмоқда.

Аввало, закот ва унга ўхшаш молиявий ибодатга бериладиган нарсаларнинг ўзини бермасдан, қийматини берса ҳам бўлиши ҳақида сўз бормоқда.

Закот, садақаи фитр, каффорат, ушр ва назрларда қийматини бериш ҳам жоиз.

Бу ҳақда ҳанафий мазҳаби уламолари: «Қийматини чиқарса яхши бўлади, баъзи вақтларда қийматини бериш мискин ва фақирлар учун манфаатлироқ ҳам бўлади», дейдилар.

Улар ўзларининг бу фикрларига жуда ҳам кучли ҳужжат ва далиллар келтирадилар. Ҳамаср уламоларимиз бу борадаги барча маълумотларни тўлиқ ва атрофлича ўрганиб чиқиб, ҳанафий мазҳабининг тутган йўли ҳозирги замон учун жуда ҳам муносиб, деган фикрга келганлар.

Закотга бериладиган ҳайвон ўрнига унинг қийматини берса бўладими?

Ҳанафий мазҳабида: «Закотга бериладиган ҳайвон ўрнига унинг қиймати берилса бўлади», дейилади. Қиймат ҳар юртнинг ўз нархларида ва закот берилаётган куннинг баҳосига қараб бўлади.

رَأَى رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي إبِلِ الصَّدَقَةِ نَاقَةً كَوْمَاءَ، فَغَضِبَ عَلَى الْمُصَدِّقِ وَقَالَ: «أَلَمْ أَنْهَكُمْ عَنْ أَخْذِ كَرَائِمِ أَمْوَالِ النَّاسِ؟» فَقَالَ السَّاعِي: أَخَذْتُهَا بِبَعِيرَيْنِ مِنْ إبِلِ الصَّدَقَةِ. وَفِي رِوَايَةٍ قَالَ: ارْتَجَعْتُهَا بِبَعِيرَيْنِ. فَسَكَتَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ. رَوَاهُ أَحْمَدُ وَالْبَيْهَقِيُّ.

Имом Аҳмад ва Имом Байҳақий ривоят қилган ҳадисда айтилишича:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам закотга олинган туялар ичида ўркачи баланд, катта туяни кўриб қолиб, закотчига:

«Сизларни одамларнинг яхши молларини олишдан қайтармаганмидим?» дедилар.

«Мен уни садақа туяларидан икки туянинг ўрнига олдим», деди садақачи».

Бошқа бир ривоятда: «Икки туянинг ўрнига қайтариб олдим», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам индамадилар», дейилган.

Икки туянинг ўрнига бир туяни олиш қийматни олишга рухсат борлигини кўрсатади.

أَنَّ مُعَاذًا رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ لِأَهْلِ الْيَمَنِ حَيْثُ بَعَثَهُ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لِأَخْذِ زَكَاتِهِمْ وَغَيْرِهَا: ائْتُونِي بِعَرَضٍ ثِيَابٍ خَمِيصٍ أَوْ لَبِيسٍ فِي الصَّدَقَةِ مَكَانَ الشَّعِيرِ وَالذُّرَةِ أَهْوَنُ عَلَيْكُمْ وَخَيْرٌ لِأَصْحَابِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِالْمَدِينَةِ. ذَكَرَهُ الْبُخَارِيُّ فِي صَحِيحِهِ.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муъозни Яман аҳлига, уларнинг закотлари ва бошқа нарсаларини олгани юборганларида, Муъоз уларга:

«Менга закотда арпа ва жўхори ўрнига хамийс ёки лабийс кийимларидан беринглар. Бу сизлар учун енгил, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинадаги саҳобалари учун хайрлидир», деган».

Имом Бухорий ривоят қилган.

«Кифоя» китобининг иккинчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7013-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . . . . . . . . . .Ҳайз бемор бўлмаган ва ҳайз ёшидан ўтмаган болиғ аёлнинг раҳми чиқарадиган қондир. Ҳайзнинг ози уч кечаю давоми...

6110 13:30 / 28.01.2021
Барча халқларда қадимдан ўтган улуғ кишиларни, машҳур кунларни, воқеаларни ёки бошқа муносабатларни эслаш, қадрлаш учун байрам қилиш одат тусига кирган. Ана шу давоми...

7776 05:00 / 04.03.2017
.Закот бериш учун мол ўсадиган бўлиши ёки унда ўсиш имкони бўлиши керак,, деган қоидага биноан, миниш учун ишлатиладиган уловлар, яшаш учун зарур ҳовлижойлар, давоми...

3093 19:00 / 20.06.2024
Улар қуйидагилардан иборат 1. Таом ейиш. . . . Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни бир давоми...

2751 19:00 / 30.11.2023