Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 19 жумадул аввал | 2024 йил 21 ноябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Бемор одам қандай намоз ўқийди? | Фиқҳ дарслари (244-дарс)

19:00 / 25.08.2023 2090 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Агар беморлик туфайли тик туриб намоз ўқиш имкони бўлмаса ёки тик турса беморлиги зиёда бўлиш хавфи бўлса, тузалиши орқага сурилса, тик турганда шиддатли алам бўлса ёхуд боши айланса, ўтирган ҳолда рукуъ ва сажда қилиб намоз ўқийди.

Бу ҳукмга далил қуйидагича:

عَنْ عِمْرَانَ بْنِ حُصَيْنٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَتْ بِي بَوَاسِيرُ، فَسَأَلْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنِ الصَّلَاةِ، فَقَالَ: «صَلِّ قَائِمًا، فَإِنْ لَمْ تَسْتَطِعْ فَقَاعِدًا، فَإِنْ لَمْ تَسْتَطِعْ فَعَلَى جَنْبٍ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا مُسْلِمًا.

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Менинг бавосирим бор эди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан намоз ҳақида сўрадим. У зот:

«Тик туриб ўқи. Агар қодир бўлмасанг, ўтириб ўқи. Агар қодир бўлмасанг, ёнбошлаб ўқи», дедилар».

Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.

Агар рукуъ ва сажда ҳамда қиём узрли бўлиб қолса, ўтиришга қодир бўлса, ўтириб, боши билан имо қилади.

Ўрнидан туриб намоз ўқий олмайдиган одам ўтирган ҳолида рукуъ ва сажда қила олмаса, ўтирган ҳолида имо билан намоз ўқийди.

Тик туришга қодир бўлиб, рукуъ ва сажда қилиш узрли бўлиб қолса, ўтириб имо қилиш маҳбубдир.

Рукуъ ва сажда қила олмаса-ю, тик туришга қодир бўлса ҳам, ўтириб, имо билан намоз ўқийди.

Ўтирган ҳолда имо билан намоз ўқиш тик туриб имо билан намоз ўқишдан яхшидир. Чунки ўтирганда ерга яқин бўлади. Имо билан намоз ўқиган одам

Саждасини рукуъсидан пастроқ қилади.

Чунки аслида ҳам сажда рукуъдан паст бўлади.

Сажда қилиш учун бирор нарсани кўтармайди.

رَوَى الْبَزَّارُ وَالْبَيْهَقِيُّ عَنْ جَابِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ وَالطَّبَرَانِيُّ عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَادَ مَرِيضًا، فَرَآهُ يُصَلِّي عَلَى وِسَادَةٍ، فَأَخَذَهَا فَرَمَى بِهَا، فَأَخَذَ - أَيِ الْمَرِيضُ- عُودًا لِيُصَلِّي عَلَيْهِ، فَأَخَذَهَا فَرَمَى بِهِ، وَقَالَ: «صَلِّ عَلَى الْأَرْضِ إِنِ اسْتَطَعْتَ، وَإِلَّا فَأَوْمِ إِيمَاءً، وَاجْعَلْ سُجُودَكَ أَخْفَضُ مِنْ رُكُوعِكَ».

Баззор ва Байҳақий Жобир розияллоҳу анҳудан, Табароний Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир беморни кўргани бордилар. Унинг болиш устига намоз ўқиётганини кўриб, уни олиб, отиб юбордилар. У – яъни бемор – бир чўпни олиб, ўшанга сажда қилмоқчи бўлди. Ул зот уни ҳам олиб, отиб юбордилар ва: «Агар қодир бўлсанг, ерга сажда қил. Бўлмаса имо қил. Саждангни рукуъингдан пастроқ қил», дедилар».

Имо билан намоз ўқувчи бир нарсага бошини эгиб, пешонасини қўйиб сажда қилса дуруст. Аммо бошини эгмасдан, ҳалиги нарсани пешонасига олиб бориб теккизса бўлмайди.

Агар ўтиришга ҳам қодир бўлмаса, қиблага юзланган ҳолда, ёнбошлаб ёки чалқанча тушиб ўқийди.

Чалқанча тушганда оёғини қиблага қаратиб, тиззаларининг остига бирор нарса қўйиб, бир оз кўтариб қўйилади. Шунда қиблага оёғини чўзмаган бўлади. Бошининг остига ёстиқ қўйиб, юзи қиблага қаратилади.

Чалқанча ҳол яхшироқдир.

Шунда имоси Каъба тарафга бўлади.

Имо бош билан бўлади.

Қош ёки кўз билан бўлмайди.

Агар бош билан имо қилиш ҳам узрли бўлса, кечга суради.

Аммо намоз соқит бўлмайди. Қодир бўлганда унинг қазосини ўқиб беради. Агар ўша беморликдан тузалмай вафот қилса, афв қилинади. Фидя бериш ҳам лозим бўлмайди.

Имо қилаётган одам намоз ичида тузалиб қолса, намозни янгитдан ўқийди.

Шунингдек, ёнбошлаб ўқиётган одам ўтиришга қодир бўлиб қолса ҳам, намозни ўтирган ҳолда янгитдан бошлайди.

Ўтирган ҳолда рукуъ ва сажда ила намоз ўқиётган одам намоз ичида тузалиб қолса, тик турган ҳолда давом эттиради.

Юриб бораётган кемада узрсиз ўтириб намоз ўқиса, тўғри бўлади.

Агар кема кичик бўлиб, унда бош айланиши ва турғунсизлик муҳаққақ бўлса, ўтириб намоз ўқиш жоиз. Аммо кемада тик туриб ўқиш имкони бўлса, тик туриб ўқиган афзал.

رَوَى الدَّارَقُطْنِيُّ وَالْحَاكِمُ: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ سُئِلَ: كَيْفَ أُصَلِّي فِي السَّفِينَةِ؟ فَقَالَ: «صَلِّ قَائِمًا إِلَّا أَنْ تَخَافَ الْغَرَقَ».

Имом Дора Қутний ва Ҳоким қилган ривоятда айтилишича:

«Набий алайҳиссаломдан:

«Кемада қандай қилиб намоз ўқийман?» деб сўралди.

«Тик туриб ўқи, ғарқ бўлишдан қўрқсанггина (ўтириб ўқи)», дедилар».

Боғланган кемада тўғри бўлмайди.

Яъни боғланган кемада узрсиз ўтириб намоз ўқиш тўғри эмас. Чунки одатда боғланган кемада бош айланмайди ва тик туриш қийин бўлмайди.

Илло, узр бўлса, тўғри бўлади.

Яъни боғланган ҳолда ҳам кема қаттиқ чайқалиб турган бўлса, унда ўтириб намоз ўқиш тўғри бўлади.

«Кифоя» китобининг биринчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7013-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Васият, сўзи луғатда .етказиш, маъносини англатади. Чунки у билан васият қилувчи бу дунёдаги яхшилигини охиратига ҳам етказади.Васият шариат бўйича, ўлимдан кейин давоми...

2012 17:05 / 30.06.2020
Аллоҳ таолодан ёрдам сўраган ҳолимизда ана ўша муҳим масалаларни ўрганишга киришамиз.Аллоҳ таоло .Эй, иймон келтирганлар Аҳдномаларга вафо қилинг Сизга, кейин давоми...

5393 05:00 / 18.01.2017
.Васий, етим болаларга қараб, уларнинг молмулкларини тасарруф қилиб туриш топширилган кишидир.Васийни отанинг ўзи ўлими олдидан васият йўли билан, давоми...

1366 19:23 / 30.08.2020
Имом жума ва икки ийдда, шунингдек, бомдодда, шом ва хуфтоннинг аввалги икки ракъатида намозни вақтида адо қилса ҳам, қазо қилса ҳам овоз чиқариб қироат қилади. давоми...

3605 19:05 / 02.06.2022