Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (133-дарс). Халога кираётганда ўқиладиган дуо (биринчи мақола)

16:16 / 22.04.2021 4791 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1. Қазои ҳожат қилмоқчи бўлган шахс Аллоҳ таолонинг исми ёзилган, шунингдек, малоикалар, «Азийз», «Карим», «Муҳаммад», «Аҳмад»га ўхшаш улуғ исмлар ёзилган нарсаларни ўзи билан бирга олмаслиги керак.

عَنْ أَنَسٍرَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَكَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَإِذَا دَخَلَ الْخَلَاءَنَزَعَ خَاتَمَهُرَوَاهُأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.

 

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон халога кирсалар, узукларини ечиб қўяр эдилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Маълумки, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг узукларида «Муҳаммадур-Расулуллоҳ» деган ёзув бор эди. Подшоҳларга мактуб юборсалар, ўша узукни муҳр қилиб босар эдилар. Узукда Аллоҳнинг исми ёзилган бўлгани учун ҳам халога кирганларида уни ечиб қўяр эдилар. 

Шунга биноан, Аллоҳнинг исми ёзилган нарса билан, айниқса Қуръон билан халога кириб бўлмайди.

2. Истинжо қиладиган нарсаси ва сувини тайёрлаб олиб, кейин оёқ ва бош кийими билан халога кириш керак.

3. Халога кирганда аввал ичкарига чап оёқни қўяди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадисларида келган дуони ўқийди:

عَنْ أَنَسٍرَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَكَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَإِذَا دَخَلَ الْخَلَاءَقَالَ: «اللَّهُمَّ إِنِّيأَعُوذُ بِكَ مِنَالْخُبُثِ وَالْخَبَائِثِ». رَوَاهُالْخَمْسَةُ.

 

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон халога кирсалар: 

«Аллоҳумма инний аъуузу бика минал хубуси вал хобааиси» – «Аллоҳим, Сендан эркак ва урғочи ифлослар(шайтонлар)дан паноҳ тилайман», дер эдилар». 

Бешовлари ривоят қилишган.

Ушбу дуони хало очиқ жойда бўлса, қазои ҳожатга тайёрланаётган вақтда, махсус жойда бўлса, унга киришдан олдин ўқиш керак. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу дуони доимо ўқир эдилар. 

Эркак ва урғочи шайтонлардан паноҳ тилашнинг ҳикмати шуки, одатда хало жойида Аллоҳ таолонинг номи зикр этилмагани учун, эркак-урғочи шайтонлар у жойни ўзига қароргоҳ қилиб олган бўлади. Аллоҳ таолодан паноҳ сўрамай кирган одамга зарар етказишлари мумкин. 

Шунинг учун ушбу ҳадисдаги дуони ёдлаб олиб, халога киришдан олдин ўқишни одатга айлантириш ҳар бир киши учун зарурдир.

عَنْ عَلِيٍّرَضِي اللهُ عَنْهُأَنَّ رَسُولَاللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَقَالَ: «سِتْرُ مَابَيْنَ أَعْيُنِ الْجِنِّوَعَوْرَاتِ بَنِيآدَمَ إِذَا دَخَلَأَحَدُهُمُ الْخَلَاءَأَنْ يَقُولَ بِاسْمِاللهِ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ.

 

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Жинларнинг кўзлари билан одам боласининг аврати орасидаги тўсиқ – қачон бирортангиз халога кирса, «Бисмиллаҳ», демоғидир», дедилар». 

Термизий ва Аҳмад ривоят қилишган.

Одам боласи халога киришдан олдин «Бисмиллаҳ»ни айтса, бу унинг авратини жинларга кўрсатмайдиган тўсиқ бўлар экан. 

Уламоларимиз иккала ҳадисни жамлаб: «Халога кираётган одам: «Бисмиллаҳи, Аллоҳумма инний аъуузу бика минал хубуси вал хобааиси», дейиши керак», дейдилар.

Халодан чиқаётганда эса имом Ибн Можа қилган ривоятга биноан, «Алҳамду лиллаҳиллазий азҳаба анний ал-азаа ва аъфаний», дейди.

(Давоми бор)

«Кифоя» китобининг биринчи жузи асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . . . . . . Киши фарз намозни бошлаганидан кейин ўша намозга иқома айтиб қолинса, агар биринчи ракъатга сажда давоми...

3471 19:00 / 12.05.2023
Фиқҳий китобларимизда олдисотди масалаларига кенг ўрин берилади. Чунки бу иш асосан ризқ топишга қаратилган. Ризқнинг ҳалол бўлиши учун эса иш шариатга мувофиқ давоми...

5892 13:36 / 30.01.2020
.Тақлиднинг ҳукми, сарлавҳаси остида айтилган уч хил фикр .тақлид қилиш жоиз эмас,, .тақлид қилиш вожиб, ва .мутлақ мужтаҳид бўлмаганлар тақлид қилиши керак, деган давоми...

3943 17:23 / 20.12.2017
1. Намоз Исломнинг иккинчи рукни, ибодатларнинг онаси, тоатларнинг асоси, гуноҳларни ювувчи, ёмонликларни қайтарувчидир. 2. Намоз калимаи шаҳодатдан кейинги энг давоми...

4349 14:00 / 13.05.2021