Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ 185-дарс. Намознинг сифати (бешинчи мақола)

19:00 / 20.05.2022 3145 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَلَّمَهُ إِيَّاهُ قَالَ: فَكَانَ يَقُولُ إِذَا جَلَسَ فِي وَسَطِ الصَّلَاةِ وَفِي آخِرِهَا: التَّحِيَّاتُ لِلَّهِ وَالصَّلَوَاتُ وَالطَّيِّبَاتُ، السَّلَامُ عَلَيْكَ أَيُّهَا النَّبِيُّ وَرَحْمَةُ اللهِ وَبَرَكَاتُهُ، السَّلَامُ عَلَيْنَا وَعَلَى عِبَادِ اللهِ الصَّالِحِينَ، أَشْهَدُ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ، وَأَشْهَدُ أَنَّ مُحَمَّدًا عَبْدُهُ وَرَسُولُهُ. قَالَ: ثُمَّ إِنْ كَانَ فِي وَسَطِ الصَّلَاةِ نَهَضَ حِينَ يَفْرُغُ مِنْ تَشَهُّدِهِ، وَإِنْ كَانَ فِي آخِرِهَا دَعَا بَعْدَ تَشَهُّدِهِ مَا شَاءَ اللهُ أَنْ يَدْعُوَ ثُمَّ يُسَلِّمَ. رَوَاهُ أَحْمَدُ.

Имом Аҳмад Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига ташаҳҳудни ўргатдилар. У зот намознинг ўртасида ўтирганда ҳам, охирида ўтирганда ҳам ўшани – «Ат-таҳиййаату лиллааҳи вас-солаваату ват-тоййибату, ассалааму алайка аййуҳан-набиййу ва роҳматуллоҳи ва барокаатуҳу, ассалааму алайна ва алаа ибодиллааҳис-солиҳийн. Ашҳаду аллаа илааҳа илаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳу»ни айтар эдилар. Сўнгра, агар намознинг ўртасида бўлса, ташаҳҳуддан фориғ бўлганда турар эдилар. Агар охирида бўлса, ташаҳҳуддан кейин Аллоҳ хоҳлаганича дуо қилар, сўнгра салом берар эдилар».

Аҳмад ривоят қилган.

Аввалги икки ракъатдан кейинги ракъатларда Фотиҳани овозини чиқармай қироат қилади.

Пешин, аср, шом ва хуфтон намозларининг учинчи ва тўртинчи ракъатларида фақат Фотиҳа сураси қироат қилинади.

عَنْ أَبِي قَتَادَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، كَانَ يَقْرَأُ فِي الرَّكْعَتَيْنِ الْأُولَيَيْنِ مِنَ الظُّهْرِ وَالْعَصْرِ بِفَاتِحَةِ الْكِتَابِ وَسُورَتَيْنِ، وَفِي الْأُخْرَيَيْنِ بِفَاتِحَةِ الْكِتَابِ، وَيُسْمِعُنَا الْآيَةَ أَحْيَانًا، وَيُطِيلُ فِي الرَّكْعَةِ الْأُولَى مَا لَا يُطِيلُ فِي الثَّانِيَةِ، وَهَكَذَا فِي الصُّبْحِ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ.

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам пешин ва асрнинг аввалги икки ракъатида «Фотиҳатул Китоб» ва икки сурани, кейинги иккисида «Фотиҳатул Китоб»ни қироат қилар эдилар. Гоҳида бизга оятни эшиттириб қўяр эдилар. Биринчи ракъатида (қироатни) узоқ қилар, иккинчисида қисқа қилар эдилар. Бомдодда ҳам шундай қилар эдилар».

Икки шайх ривоят қилишган.

Агар тасбеҳ айтиб, сукут сақласа ҳам жоиз.

Яъни, учинчи, тўртинчи ракъатларда Фотиҳани қироат қилмасдан, тасбеҳ айтса ҳам намози дуруст бўлади.

رَوَى ابْنُ أَبِي شَيْبَةَ عَنْ عَلِيٍّ وَابْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا أَنَّهُمَا قَالَا: اقْرَأْ فِي الْأُولَيَيْنِ، وَسَبِّحْ فِي الْأُخْرَيَيْنِ.

Ибн Абу Шайба Али ва Ибн Масъуд розияллоҳу анҳумодан шундай ривоят қилади:

«Аввалги икки ракъатда қироат қил. Кейинги икки ракъатда тасбеҳ айт».

Сўнгра худди аввалгига ўхшаб ўтиради ва ташаҳҳуддан кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтади.

Яъни, худди биринчи қаъдада ўтирганга ўхшаб ўтиради. Ўша охирги ўтиришда ҳам биринчи ўтиришдаги ташаҳҳуднинг худди ўзини ўқийди. Ташаҳҳудни ўқиб бўлганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтади.

عَنْ كَعْبِ بْنِ عُجْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ فِي الصَّلَاةِ: «اللَّهُمَّ صَلِّ عَلَى مُحَمَّدٍ وَعَلَى آلِ مُحَمَّدٍ، كَمَا صَلَّيْتَ عَلَى إِبْرَاهِيمَ وَآلِ إِبْرَاهِيمَ، وَبَارِكْ عَلَى مُحَمَّدٍ وَآلِ مُحَمَّدٍ، كَمَا بَارَكْتَ عَلَى إِبْرَاهِيمَ وَآلِ إِبْرَاهِيمَ، إِنَّكَ حَمِيدٌ مَجِيدٌ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ وَالشَّافِعِيُّ وَاللَّفْظُ لَهُ.

Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намозда:

«Аллоҳумма солли ъалаа Муҳаммадин ва алаа аали Муҳаммадин, камаа соллайта ъалаа Иброҳийма ва аали Иброҳима. Ва баарик ъалаа Муҳаммадин ва аали Муҳаммадин, камаа баарокта ъалаа Иброҳийма ва аали Иброҳийма. Иннака ҳамиидун мажиид», дер эдилар».

Бешовлари ва Шофеъий ривоят қилишган. Лафз ўша кишиники.

Ташаҳҳуддан кейин салавот айтиш суннатдир.

Салавотнинг сийғаси ҳам турли ҳадисларда турлича келган, ана ўшалардан бирини айтилса бўлади.

«Аллоҳумма солли ъалаа Муҳаммадин» – «Аллоҳим! Муҳаммад алайҳиссаломга Ўзингнинг зиёда раҳматларингни нозил қилгин».

«Ва алаа аали Муҳаммадин» – «Муҳаммаднинг оила аъзоларига ҳам».

«Камаа соллайта ъалаа Иброҳийма ва аали Иброҳима» – «Худди Иброҳимга ва Иброҳимнинг оила аъзоларига Ўз раҳматингни нозил қилганингдек».

«Ва баарик ъалаа Муҳаммадин ва аали Муҳаммадин» – «Муҳаммадга ва Муҳаммаднинг оила аъзоларига ўз баракангни нозил қил».

«Камаа баарокта ъалаа Иброҳийма ва аали Иброҳийма» – «Худди Иброҳимга ва Иброҳимнинг оила аъзоларига Ўз баракангни нозил қилганингдек».

«Иннака ҳамиидун мажиид» «Албатта, Сенинг Ўзинг мақталган, улуғланган Зотсан».

Кейин одамлардан сўрамайдиган нарсалар ила дуо қилади ва ўша ердаги одам ҳамда малакларни ният қилиб, ўнг ва чап тарафларига салом беради.

Намознинг ичидаги дуода одамлардан сўрайдиган нарсаларни тилаб дуо қилиш жоиз эмас, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муслим, Абу Довуд ва Аҳмад келтирган ривоятда: «Албатта, бу намозда одамларнинг каломидан ҳеч нарса мумкин эмас. У фақат тасбеҳ, такбир ва Қуръон қироатидан иборатдир», деганлар.

Бизда Пайғамбар алайҳиссаломга салавотдан кейин «Аллоҳуммағфирлии» деб бошланадиган машҳур дуони ўқиш одатга айланган.

«Аллоҳим! Менга фалон нарсани ризқ қилиб бергин!», «Фистончини хотин қилиб бергин», каби дуолар ҳаромдир.

Намознинг ичидаги дуо албатта араб тилида бўлиши шартлигига барча фуқаҳолар иттифоқ қилганлар.

(Давоми бор)

«Кифоя» китобининг биринчи жузи асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Ҳажб, луғатда .тўсиш,, .ман қилиш, ва .маҳрум қилиш, деган маъноларни англатади.Мерос бобида ўзгани меросдан тўсувчи .ҳожиб,, меросдан маҳрум бўлган эса .маҳжуб, деб давоми...

3950 20:05 / 24.09.2019
Моликий мазҳаби асосчиси имом Абу Абдуллоҳ Молик ибн Анас ибн Молик ибн Аби Омир ал Асбаҳий ҳижрий 93санада таваллуд топдилар. У кишининг оналари фозила, оқила аёл давоми...

4669 14:05 / 20.02.2020
. Аллоҳ таоло.Агар бир эркак ёки аёл калола ҳолида мерос қолдирса, унинг биродари ёки синглиси бўлса, улардан ҳар бирига олтидан бир. Агар бундан кўп давоми...

2729 09:05 / 11.09.2019
биринчи мақолаСаъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Фатҳ йили бемор бўлиб, унинг сабабидан ўлимга яқинлашдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

2945 11:00 / 06.07.2020