Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 24 жумадис сони | 2025 йил 15 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Ушрий ва харожий нарсалар | Фиқҳ дарслари (316-дарс)

19:00 / 31 январь 2135 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Осмон, булоқ ва қудуқнинг суви ушрийдир.

Мазкур сувларга биров эга бўлмагани учун шундай дейилган. Улар ўзлари оқадиган ёки чиқадиган ерлар ушрий бўлгандагина, ушрий бўладилар. Агар ер харожий бўлса, сув ҳам унга тобе ўлароқ, харожий бўлади.

Ажамлар қазиган анҳорларнинг суви харожийдир.

Бунда Исломдан олдин ўтган подшоҳлар қаздирган анҳорлар кўзда тутилган.

Шунингдек, Абу Юсуфнинг наздида тўрт дарёнинг суви ҳам. Муҳаммаднинг наздида эмас.

Тўрт дарё: Сайҳун – Сирдарё, Жайҳун – Амударё, Дажла ва Фурот дарёларидир.

Араб ерлари, аҳли Исломни қабул қилиб, уларнинг қўлида қолган ерлар ёки куч билан фатҳ қилиниб, лашкарларимизга тақсимлаб берилган ерлар ва Басра ушрийдир.

Яъни мазкур ерларнинг маҳсулотларидан ушр ёки ушрнинг ярми олинади.

«Араб ерлари» деганда узунасига Яманнинг энг четидан то Ҳафри Абу Мусо деган жойгача, энига икки қудуқ еридан то Самова деган жойгача бўлган ерлар назарда тутилади. Бу ҳудудда Тиҳома, Ҳижоз, Макка, Яман, Тоиф, Уммон, Баҳрайн ерлари жойлашган.

Аҳолиси Исломни ўз ихтиёри билан қабул қилиб, ерлари ўз қўлларида қолган бўлса ҳам, ушрий ерлар бўлади.

Аҳолиси ўз ихтиёри билан мусулмон бўлмасдан, фотиҳ мусулмонларга қарши уруш қилган бўлса ва ерлари жангдан сўнг фатҳ қилинган ҳамда фотиҳларга тақсимлаб берилган бўлса, ушрий бўлади.

Басра шаҳрининг ерлари ҳам ушрий бўлади.

Ироқ ерлари ва куч билан фатҳ қилиниб, ўз эгаларига қолдирилган ёки сулҳ тузилган ерлар харожийдир.

Бу ерларнинг маҳсулотларидан ушр эмас, харож олинади.

Очилган қўриқ ер ўз яқинидаги ер эътиборида бўлади.

Маълум қаровсиз ерни биров обод қилиб, ундан ҳосил олишни бошласа, унинг ушрий ёки харожий эканини аниқлаш учун унга яқинда жойлашган ерга қаралади. Яқинидаги ер ушрий бўлса, у ҳам ушрий бўлади. Харожий бўлса, у ҳам харожий бўлади.

Демак, ерлар иккига бўлинади:

1. Ушр ерлари.

2. Харож ерлари.

Ушр ерлари қуйидаги ерлар:

Эгалари молик бўлиб туриб, Исломга кирган ерлар – Мадина, Тоиф, Яман, Баҳрайн ва Макка ерлари каби.

Мусулмонлар билан эгалари орасида уруш бўлгандан кейин мусулмонлар қўлига ўтган, Қуръони Каримда айтилгандек бешдан бири олинганидан кейин қолгани мужоҳидлар орасида тақсимланган ерлар.

Эгасиз ерларни давлат бошлиғи маълум кишиларга бўлиб берган бўлса ҳам ушр ери бўлади.

Ўзлаштирилмаган ерни мусулмонлар ўзлаштирган бўлсалар ҳам ушр ери бўлади.

 «Кифоя» китобининг иккинчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7013-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Бақара сурасида .Эй иймон келтирганлар Касб қилган нарсаларингизнинг покизаларидан инфоқ қилинглар,, деган 267оят. . .Мужоҳид .Ушбу оят тижорат давоми...

1760 19:00 / 10.10.2024
Аллоҳ таоло .Зинҳор бир нарсани .Буни эртага, албатта, қилувчиман,, дема, магар .Аллоҳ хоҳласа, дегин. Қачонки унутсанг, Роббингни эсла ва .Шоядки, Роббим мени давоми...

4820 05:00 / 18.01.2017
. ,. . Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон хутба қилсалар, икки кўзлари қизариб, овозлари олий ва давоми...

3134 19:00 / 17.11.2023
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳида илм билан бирга, тақво, ибодат, зоҳидлик ва Аллоҳга ёлвориш каби сифатлар ҳам мужассам эди. У кишининг шахсий фазилатлари ҳақида давоми...

5123 16:07 / 02.04.2020