Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 19 жумадул аввал | 2024 йил 21 ноябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (66-дарс). Фиқҳ илми тарихи

14:22 / 02.01.2020 4527 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Фиқҳ илмининг тарихига назар соладиган бўлсак, Исломнинг аввалги даврида тафсир, ҳадис, усулул фиқҳ ва бошқа илмлар каби, фиқҳ илми ҳам алоҳида илм шаклида ажралиб чиқмаганлигини кўрамиз.

Дастлаб Маккаи Мукаррамада ўн уч йил давомида асосан ақийдага оид оятлар нозил бўлди. Кейинроқ, айниқса Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилинганидан сўнг шаръий ҳукмларга тегишли оятлар ҳам нозил бўла бошлади. Уларнинг ҳаммасини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳали унча кўпаймаган мусулмонлар жамоасига ўқиб, тушунтириб берар эдилар.

У вақтдаги мусулмонларнинг деярли барчаси араблар бўлиб, араб тилини нозик жойларигача яхши тушунар, Қуръони Карим оятлари ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини мутлақо қийналмай англар ва уларга амал қилар эдилар. Мабодо баъзи тушунмовчиликлар бўлса, дарров Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан сўраб олар эдилар. Ўша вақтда саҳобаларнинг содда ҳаётларидаги асосий ишлари ҳам шундан иборат эди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётларининг охирига келиб, Қуръони Карим оятлари нозил бўлиши ниҳоясига етиб қолди. Кейинги босқичдаги оятларнинг аксари шаръий ҳукмлар хусусида эди.

Маълум вақт ўтгач, турли қабила ва юрт одамлари Исломни қабул қилишди. Янги мусулмонлар қаршисида деярли йигирма уч йил давомида нозил бўлиб тўпланган оятларни ўқиб-ўрганиш, уларга амал қилиш, шариат аҳкомларини ўз ҳаётларига татбиқ қилиш вазифаси турар эди.

Табиийки, ёш саҳобалар ўзларидан катталардан, янги мусулмонлар аввалгиларидан шаръий масалаларни сўрай бошлашди. Бу ишларда баъзи саҳобалар ўз илмлари, топқирликлари билан бошқалардан ажралиб чиқдилар.

Уламоларимиз фиқҳ билан машҳур бўлган саҳобалардан тўрт халифани, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос, Зайд ибн Собит, Оиша онамиз розияллоҳу анҳум ва бошқаларни мисол қилиб келтирадилар.

Шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳолиси мусулмон бўлган узоқроқ юртларга ўша ердагиларга шариат аҳкомларини ўргатиш, уларнинг ҳаётида ориз бўладиган масалаларни ҳал этиш учун ўз вакилларини юбора бошладилар.

Муъоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Яманга юбораётиб:

«У ерда сенга бир масала ориз бўлса, қандай қилиб ҳукм чиқарасан?» дедилар.

«Аллоҳнинг Китоби ила ҳукм чиқараман», дедим.

«Аллоҳнинг Китобида бўлмаса-чи?» дедилар.

«Аллоҳнинг Расули суннати ила», дедим.

«Аллоҳнинг Расули суннатида ҳам бўлмаса-чи?» дедилар.

«Фикрим билан ижтиҳод қиламан, сусткашлик қилмайман», дедим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўксимга урдилар ва:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вакилини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни рози қиладиган нарсага муваффақ қилган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин», дедилар».

Аҳмад ривоят қилган.

Деярли барча ҳадис китобларида келтирилган ушбу машҳур воқеа асрлар давомида фақиҳларимизни янгидан-янги илмий чўққиларга, изланишларга чорлаши билан бирга, Қуръони Карим оятлари, бошқа ҳадислар билан бир қаторда, фиқҳ илмига ҳужжат ва далил ҳам бўлиб келмоқда.

Биринчи ҳижрий асрнинг иккинчи ярми ва иккинчи ҳижрий асрда Ислом дини дунё бўйлаб кенг тар­қалди. Араб бўлмаган турли халқлар ҳам мусулмон бўлдилар. Табиийки, улар ўзларига Қуръони Карим оятлари ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан шариат аҳкомларини чиқариб, тартибга солиш имконига эга эмас эдилар. Бир тарафдан, тил билмайдилар, қолаверса, илмлари йўқ.

Нима қилиш керак? Билганлардан сўраш керак. Шундай қилиб, аста-секин кишиларга диний ҳукмларни ўргатадиган, уларнинг саволларига жавоб берадиган кишилар ажраб чиқа бошлади.

Кейинчалик шароит бутун бошли китоблар таълиф этишни, масалаларни жамлаб баён қилишни ҳам тақозо қилиб қолди.

Бу ҳақиқатни халифа Жаъфар Мансур ва имом Молик ораларида бўлиб ўтган ҳодисадан ҳам билиб олсак бўлади.

Имом Молик ибн Анас ёшликларида Жаъфар Мансур билан бирга ўқиган эканлар. Катта бўлганларида йўллари турлича бўлиб, имом Молик илмда, айниқса фиқҳда улкан алломалик даражасига етиб, ҳамманинг ҳурматига сазовор бўлдилар. Оғайнилари ва ҳамдарслари бўлмиш халифа Жаъфар Мансур имом Молик билан мажлис қурди ва у кишига: «Яқин орада мен билан сендан билимлироқ одам йўқ, ўзинг кўриб турибсан, мен манави иш (яъни халифалик) ила машғул бўлиб қолдим. Сен одамларга диний ишларни енгиллаштириб берсанг», деди.

Имом Молик рози бўлдилар ва «Муватто» номли китобни таълиф қилдилар. Янаги ҳаж мавсумида «Муватто» китоби билан танишган халифа Жаъфар Мансур қойил қолди ва имом Моликка: «Жуда яхши қилибсан, агар хоҳласанг, ҳамма одамларни шу китобга жамлайман», деди.

Имом Молик: «Йўқ, ундай қилма, Расулуллоҳнинг саҳобалари ҳамма ёққа тарқалиб кетишди, уларнинг ҳар бири ўзи билан яхшиликни олиб кетди», дедилар.

Ушбу қиссадан кўриниб турибдики, ўша даврда ҳатто давлат бошлиғи ҳам кишиларга фиқҳий кўрсатмалар мажмуаси лозимлигини англаб етган. Уламолар, жумладан, имом Моликдек забардаст олим ҳам бу заруратни тушуниб етганлар. Шунинг учун ҳам Ислом оламининг турли жойларида фақиҳ уламолар етишиб чиқа бошладилар.

«Кифоя» китобининг 1-жузидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Ҳидоя, Бурҳониддин Али бин Абу Бакр Абдужалол алМаржоний розияллоҳу анҳу 511593 ҳ.с. томонидан тасниф қилинган ҳанафий фиқҳи фуруъидаги машҳур китобнинг номи.Бу давоми...

4490 05:00 / 18.01.2017
Кофирлик ҳақида фатво бериш Динда ғулувга кетиш оқибатида асримизнинг долзарб масаласига айланган муаммолардан бири мусулмонларни .кофир, деб фатво давоми...

3325 05:00 / 06.03.2017
. . . Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Фотима бинти Абу Ҳубайш Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан .Мен истеҳоза бўламан, давоми...

2619 13:00 / 04.02.2021
Маконнинг пок бўлиши шартлигига далил Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади .Бир аъробий туриб, масжидда бавл қилди. Одамлар унга ёпишиб кетишди. Шунда Набий давоми...

3047 18:00 / 30.09.2021