Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 24 жумадис сони | 2024 йил 26 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (74-дарс). Сиёҳдон кўтарган ҳар бир кишининг зиммасида Шофеъийнинг ҳаққи бор

14:37 / 27.02.2020 4423 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Шофеъий Муҳаммад ибн Идрис ҳижрий 150-санада, имом Абу Ҳанифа вафот этган кунда дунёга келдилар. У киши арабларнинг машҳур Қурайш қабиласига мансубдирлар.

Кичикликларидан бошлаб илм талаби ила машғул бўлдилар. Арабларнинг одати бўйича, саҳродаги қабилалардан Ҳузайл қабиласи билан бир неча йил яшаб, уларнинг шеър ва хабарларини, араб тили фасоҳати, балоғатини ўргандилар.

Маккага қайтиб келганларида баъзи фозиллар у кишига: «Тил, фасоҳат ва заковат эгаси бўла туриб, фиқҳни ўрганмасанг бўлмайди, агар шуни қилсанг, ўз замонангнинг улуғи бўласан», дейишди. Худди ўша фозиллар у кишига имом Молик ибн Анаснинг ҳузурларига бориб таълим олишни маслаҳат беришди. Шундай бўлди ҳам.

Имом Шофеъий ўз замонасида машҳур бўлган илмларнинг кўпида пешқадам бўлиб етишдилар.

Замонасининг йирик алломаларидан бири Юнус ибн Абдул Аъло бундай дейди:

«Шофеъий араб тили ҳақида гапирса, бу ушбу илмда ҳаммадан пешқадам, дер эдим. Агар шеърдан сўз очса, бу ушбу илмда ҳаммадан пешқадам, дер эдим. Агар фиқҳдан сўз очса, бу ушбу илмда ҳаммадан пешқадам, дер эдим».

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал эса: «Сиёҳдон кўтарган ҳар бир кишининг зиммасида Шофеъийнинг ҳаққи бор», дейдилар.

Илмларни мукаммал эгаллаб бўлган имом Шофеъий Замзам қудуғига яқин жойдан макон олиб, дарс айтишни бошлайдилар. У ерда ажойиб бир ҳусн ила ўтириб, тавозеъ ила одамларни илмларидан манфаатлантирар, саволларига жавоб берар эдилар. Аста-секин у кишининг ихлосмандлари, шогирдлари кўпая бошлади.

Кейинроқ бошқа бир мазҳабга асос солган имом Аҳмад ибн Ҳанбал у кишининг бош шогирдларидан ҳисобланади.

Имом Абу Ҳанифа ва имом Моликдан фарқли ўлароқ, имом Шофеъий сафарни ёқтирар ва кўп сафар қилар эдилар.

Гўдакликларида Fаззадан Ҳижозга ота-оналари кўтариб келишган бўлса, Ҳижозда ўзлари шаҳар, қишлоқ ва саҳро кездилар. Маккаи Мукаррама, Мадинаи Мунаввара орасида борди-келдилари кўпайди. Вақти келганда иш билан Яманга бордилар. Бир неча марта Ироққа сафар қилдилар.

Имом Шофеъий қаерда бўлса ҳам илм, одоб, диндорлик, тақво уруғларини сочар эдилар. Ўша вақтнинг уламолари имом Шофеъийни тақдирлаб, илмларига қойил қолиб, пешволикларини тан олдилар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал имом Шофеъийни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Албатта, Аллоҳ бу умматга ҳар юз йил бошида унинг динини янгилайдиган кишини юборади», деган ҳадисларига биноан, «Иккинчи ҳижрий асрнинг мужаддиди ҳисобланади», дейдилар.

«Тобақотуш Шофеъийя» китоби муаллифи Абул Осим ал-Ибодий эса: «Имом Шофеъий Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қурайшни сўкманглар, унинг олими ер атрофини илмга тўлдиради», деган ҳадисларидаги «Қурайш олими»дир», дейди.

Барча роббоний уламолар қатори, имом Шофеъий ҳам сиёсатчиларнинг шубҳаси ва ҳадигидан четда қолмадилар. У кишининг халқ оммаси ичидаги чексиз обрўси ўша вақт ҳукмдорларини ташвишга соларди. Ҳукумат тарафдорлари Имомнинг бир оғиз сўзидан ҳам айб топишга интизор бўлиб турардилар. Ниҳоят, иғвогарлар ўз мақсадига эришдилар.

Имом Шофеъий Нажронда ишлаб турган пайтларида давлатга қарши чиқишда айбланиб, тўққизта алавийлар (ҳазрати Али авлодлари) билан бирга ушланиб, Бағдодга юборилдилар.

Ўша вақтда Ҳорун ар-Рашид халифа эди. Ушланганлар бир-бир сўроқ қилиниб, бошлари таналаридан жудо қилинди. Охири навбат имом Шофеъийга келди.

Шунда Аллоҳнинг инояти билан чуқур илм, ўткир ақл-заковат ва ҳушёрлик сабаб бўлиб, имом Шофеъийнинг қил устида турган ҳаёти омон, қилич остида турган боши соғ қолди.

Халифа Ҳорун ар-Рашид у кишининг гапларидан қаноат ҳосил қилиб, бошқа масалаларни сўрай бошлади ва ниҳоят, Имомдан ўзига ваъз-насиҳат қилишни сўради. Ваъзни эшитиб, йиғлади ва имом Шофеъийга эллик минг танга бериб, от миндирди.

Имом Шофеъий халифанинг олдидан отни миниб чиқиб кетдилар. Дарвоза олдига етганда у ерда турганларга тангаларни бўлиб бериб, йўлларида равона бўлдилар.

Имом Шофеъий ҳижрий 204-санада вафот этдилар.

Имом Шофеъий ўзларининг фиқҳий мазҳабларига бошқа имомларимиз каби, Қуръон, Суннат, ижмоъ ва қиёсни асос қилиб олдилар. У киши имом Абу Ҳанифа ва имом Моликдан кейин вояга етганликлари сабабли икковларининг ҳам мазҳабларини, илмий меросларини яхшилаб ўрганиш имконига эга бўлдилар. Имом Моликнинг ҳузурларида шогирд бўлиб, дарс олдилар.

Ушбу омиллар имом Шофеъийнинг фиқҳий мазҳабларида ҳам ўз изини қолдирди. У киши Абу Ҳанифанинг райъ – фикр мактабидан ҳам фойдаланиб, ўртача бир мактабга асос солдилар.

Райъ мадрасасидагилар фиқҳий масалаларда баҳс-мунозара ва тортишувлар йўлидан юрган кишилар бўлса, ҳадис мадрасаси соҳиблари ҳар бир масалага ҳадис келтиришга иштиёқлари зўр эди.

Имом Шофеъий эса ўрни келганда ҳар иккисини ишлатишни йўлга қўйдилар.

Имом Шофеъий фиқҳий масалаларни ечиш билан бирга, уларни қайси қоида асосида ечганларини ҳам баён қилиб борар эдилар. Бунинг натижаси ўлароқ, у киши янги илм – «Усулул фиқҳ» илмига асос солдилар. У кишидан олдин бу илм умуман йўқ эди.

Имом Шофеъий ижмоънинг шартлари, унинг қай даражадагиси тўғри-ю, қайсиниси нотўғри эканини билдирувчи аломатларни белгилаб бердилар.

Худди шунингдек, қиёснинг ҳам чегаралари ва шартларини баён қилдилар.

Имом Шофеъий бошқа фақиҳлар ўзларига манба деб ҳисоблаган «Истиҳсон»ни қабул этмадилар. Уни хато деб тушундилар.

Бу улуғ Имомнинг «ар-Рисола» ва «ал-Умм» номли китоблари ҳозиргача бутун Ислом оламида машҳурдир.

«Кифоя» китобининг 1-жузидан

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. ,. . Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Намозхоннинг бадани, кийими ва макони бетаҳоратлик ва ҳақиқий нажосатдан пок бўлиши... Бетаҳоратликдан давоми...

3653 17:30 / 09.09.2021
. ,. . Муҳаммад ибн Абдулмалик ибн Абу Маҳзурадан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилинади .Эй Аллоҳнинг Расули Менга азоннинг суннатини ўргатинг,, давоми...

4176 19:00 / 19.08.2021
Эркак кишининг аврати киндиги остидан то икки тиззасининг остигачадир. Бу ҳукмнинг далили қуйидагилар . ,. Имом Дора Қутний Абу Айюб розияллоҳу давоми...

3849 19:23 / 14.10.2021
.Рукуъ, луғатда .эгилиш, деган маънони билдиради. Шариатда эса бош ва бел билан қўли тиззасига етгунча энгашишга .рукуъ, дейилади. Рукуънинг энг ози икки кафтнинг давоми...

3843 19:00 / 02.12.2021