Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 27 рабиъул аввал | 2025 йил 19 сентябрь, жума
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ 199-дарс. Намозни енгил ўқиш лозим

18:20 / 01.09.2022 4404 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنِ أَبِي مَسْعُودٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَجُلًا قَالَ: وَاللهِ يَا رَسُولَ اللهِ إِنِّي لَأَتَأَخَّرُ عَنْ صَلَاةِ الْغَدَاةِ مِنْ أَجْلِ فُلَانٍ مِمَّا يُطِيلُ بِنَا. فَمَا رَأَيْتُ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم فِي مَوْعِظَةٍ أَشَدَّ غَضَبًا مِنْهُ يَوْمَئِذٍ، ثُمَّ قَالَ: «إِنَّ مِنْكُمْ مُنَفِّرِينَ، فَأَيُّكُمْ مَا صَلَّى بِالنَّاسِ فَلْيَتَجَوَّزْ، فَإِنَّ فِيهِمُ الضَّعِيفَ وَالْكَبِيرَ وَذَا الْحَاجَةِ، وإِذَا صَلَّى لِنَفْسِهِ فَلْيُطَوِّلْ مَا شَاءَ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ. 

 

Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Бир киши:

«Аллоҳга қасамки, эй Аллоҳнинг Расули, фалончининг чўзиб юбораётгани сабабли бомдод намозига кеч чиқяпман», деди. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бирор бир мавъизада ўша кундагидек қаттиқ ғазабланганларини кўрмаганман. Кейин у зот:

«Орангизда (намоздан) бездирувчилар бор. Қай бирингиз одамларга намоз ўқиб берса, енгил қилсин. Чунки ораларида заифлар, кексалар ва юмушлилар бор. Қачон ўзи намоз ўқиса, хоҳлаганича чўзсин», дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

Имом намозга ўтар экан, қавм ичидаги энг заиф, ёши катта ва шошилиб турган кишиларнинг ҳолатини эътиборга олиши шарт. Намозни енгил ўқиш лозим. Аммо бу енгиллик намознинг амалларини чала қилиш ҳисобига бўлмаслиги керак.

عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: مَا صَلَّيْتُ وَرَاءَ إِمَامٍ قَطُّ أَخَفَّ صَلَاةً وَلَا أَتَمَّ مِنَ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم، وَإِنْ كَانَ لَيَسْمَعُ بُكَاءَ الصَّبِيِّ فَيُخَفِّفُ مَخَافَةَ أَنْ تُفْتَنَ أُمُّهُ. وَفِي رِوَايَةٍ: «إِنِّي لَأَقُومُ إِلَى الصَّلَاةِ وَأَنَا أُرِيدُ أَنْ أُطَوِّلَ فِيهَا فَأَسْمَعُ بُكَاءَ الصَّبِيِّ فَأَتَجَوَّزُ كَرَاهِيَةَ أَنْ أَشُقَّ عَلَى أُمِّهِ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ. 

 

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра намози енгилроқ ва мукаммалроқ бирор имомнинг орқасида намоз ўқимаганман. У зот гўдак йиғисини эшитиб қолгудек бўлсалар, онаси чалғишидан қўрқиб, намозни енгил ўқир эдилар».

Бошқа бир ривоятда: 

«Мен намозни узун ўқимоқчи бўлиб тураман-да, кейин гўдак йиғисини эшитиб, онасига машаққат туғдириб қўйгим келмай, намозимни енгил қиламан», дейилган.

Бешовлари ривоят қилишган.

 

Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади:

«Муъоз ибн Жабал Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намоз ўқир, сўнгра қавмига келиб, уларга ўша намозни ўқиб берар эди. Уларга Бақара(сураси)ни (зам сура қилиб) ўқиб берди. Шунда бир киши (жамоатдан) ажраб чиқиб, (алоҳида ўзи) енгил намоз ўқиб олди. Муъозга бунинг (хабари) етгач: 

«Албатта, у мунофиқдир», деди. Ўша (гап) ҳалиги одамга етди. Шунда у Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Албатта, биз қўлларимиз билан меҳнат қиладиган ва обкаш туяларимиз билан (экинларимизни) суғорадиган қавммиз. Муъоз кеча (кечқурун) бизларга намоз ўқиб берди. (Унда) Бақарани ўқиди. Шунда (жамоатдан) ажраб чиқдим. У мени мунофиқ деб ўйлабди», деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Муъоз, сен фитначимисан?! – деб уч марта айтдилар ва унга: – «Ваш-шамси ва зуҳаҳа» ва «Саббиҳисма роббикал-аълаа» ва шуларга ўхшашларини қироат қилгин», дедилар».

Икки шайх ривоят қилишган.

Бомдоддан бошқада биринчи ракъат қироатини чўзиб юбормайди.

Чунки бомдод вақтида кўпчилик ғафлатда бўлади. Кўпроқ одам жамоатга етиб олсин, деган мақсадда қироатни узун қилинади. Қолган намозларда бомдоддагига ўхшаб биринчи ракъатни иккинчисидан кўра чўзиб юбормайди. Аммо уч оятгача чўзилса, ҳечқиси йўқ.

Муқтадий бир киши бўлса, унинг ўнг тарафида туради. 

Унинг оёқ бармоқларининг учлари имомнинг товони билан баробар бўлади. Агар оёқлари бир текис турса ҳам жоиз, фақат олдинга ўтиб кетмаса бўлди. Бунинг далили қуйидаги ҳадисдир:

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: بِتُّ عِنْدَ خَالَتِي مَيْمُونَةَ، فَقَامَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم يُصَلِّي مِنَ اللَّيْلِ، فَقُمْتُ أُصَلِّي مَعَهُ عَنْ يَسَارِهِ، فَأَخَذَنِي بِرَأْسِي فَأَقَامَنِي عَنْ يَمِينِهِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ. 

 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: 

«Холам Маймунанинг ҳузурларида тунаб қолдим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси туриб, намоз ўқий бошладилар. Мен ҳам у зотнинг чап томонларида туриб намоз ўқий бошладим. У зот менинг бошимдан ушлаб, ўнг томонларига турғизиб қўйдилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

Биттадан кўп бўлса, орқасида туради. 

Бунинг далили қуйидаги ҳадисдир:

عَنْ سَمُرَةَ بْنِ جُنْدَبٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: أَمَرَنَا رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم إِذَا كُنَّا ثَلاثَةً أَنْ يَتَقَدَّمَنَا أَحَدُنَا. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ. 

 

Самура ибн Жундаб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, биз уч киши бўлсак, биримизнинг олдинга ўтишимизни амр қилардилар».

Термизий ривоят қилган.

Демак, имомга иқтидо қилувчилар икки эркак кишидан иборат бўлсалар, имомнинг орқасида турадилар. Икки нафардан ортиқ эркак киши бўлса ҳам шундай. Агар иккитадан ортиғи орқага ўтмаса, макруҳи тахримий бўлади.

Аввал эркаклар, кейин болалар, сўнгра хунасалар ва улардан кейин аёллар саф тортадилар.

Бунинг далили қуйидаги ҳадислардир:

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: صَلَّى النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم فِي بَيْتِ أُمِّ سُلَيْمٍ، فَقُمْتُ وَيَتِيمٌ خَلْفَهُ، وَأُمُّ سُلَيْمٍ خَلْفَنَا. رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ.

 

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Сулаймнинг уйида намоз ўқидилар. Мен ва бир етим бола у зотнинг орқаларида турдик. Умму Сулайм эса бизнинг орқамизда турди».

Тўртовлари ривоят қилишган.

                                                                                       «Кифоя» китобининг биринчи жузи асосида тайёрланди

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қиём .Қиём, сўзидан .тик туриш, англанади. Намозда тик туриш фарздир. Бу ҳукмнинг далиллари қуйидагича Аллоҳ таоло Бақара сурасида .Ва Аллоҳ учун чин дилдан, давоми...

4216 19:00 / 18.11.2021
Ҳанафий мазҳаби уламолари наздида намознинг қуйидаги одоблари мавжуд 1. Такбири таҳрима вақтида эркак киши қўлларини енгидан чиқариши. 2. Қиёмда саждагоҳга, давоми...

4494 19:00 / 27.01.2022
Баъзи кишилар гумон қилганларидек, ижтиҳод ҳамма одам ҳам қила оладиган умумий иш эмас. Унга ҳар бир инсон журъат қилишга ҳаққи йўқ. Ижтиҳод жуда ҳам нозик давоми...

3856 16:15 / 14.12.2017
Фиқҳ илми уламолари ўз илмий ишларида фиқҳий ижтиҳодларига тўртта нарсани асосий манба қилиб олганлар.Биринчиси Қуръони Карим.Яъни фақиҳ Исломда бирор нарсанинг давоми...

5560 13:55 / 09.01.2020