1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Жаҳрий фарз намозларда хатм қилиш жоизми?

05:00 / 19.01.2017 3401 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсинки, юртимизда инсонларнинг диний савиялари кундан-кунга ошиб бораётгани уларнинг динни тўғри тушунишга ундамоқда. Қолаверса, диний пешволаримиз ҳам муқаддас динимиз кўрсатмаларини халқимизга холисона етказиб бормоқдалар. Айрим масжидларимиздаги имомлар, минг шукрлар бўлсинки, шариат масалаларини ўрганиш билан бирга, Қуръони Каримни ҳам тўлиқ ёд олганлар. Аллоҳ таоло уларнинг ажру мукофотларини зиёда қилиб берсин!

Ҳозирги кунда юртимизнинг баъзи масжидларида Қуръони Каримни жаҳрий фарз намозларда хатм қилиш анъанага кирмоқда. Бу жуда қувонарли ҳолат. Аммо  баъзан «Бу амал шариатимизда кўрсатилганми?», «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг давриларида бу иш қилинганми?», «Фарз намозида бир ракъатда иккита сурани ўқиш жоизми?», «Фарз намозида суранинг бир қисмини ўқиса бўладими?», «Айнан бизнинг ҳанафий мазҳабимизда бу масалага қандай қаралади?», «Ҳанафий фиқҳи матнларида «бир сура» деб айтилган ку», каби эътирозли фикрлар ҳам туғилиб қоляпти. Биз ушбу мақолада мазкур масала бўйича баҳс юритмоқчимиз.


Мавзуни ҳанафий мазҳаби манбаларидан масалага оид матнларни келтирсак:


«Раддул муҳтор»да шундай дейилади:


لَا بَأْسَ أَنْ يَقْرَأَ سُورَةً وَيُعِيدَهَا فِي الثَّانِيَةِ ، وَأَنْ يَقْرَأَ فِي الْأُولَى مِنْ مَحَلٍّ وَفِي الثَّانِيَةِ مِنْ آخَرَ وَلَوْ مِنْ سُورَةٍ إنْ كَانَ بَيْنَهُمَا آيَتَانِ فَأَكْثَرَ . وَيُكْرَهُ الْفَصْلُ بِسُورَةٍ قَصِيرَةٍ


«Бир сурани ўқиб, кейин уни иккинчи ракъатда қайтариш, биринчи ракъатда бир жойдан, икккинчи ракъатда бошқа жойдан ўқиш, гарчи бир сурадан ўқиб, орада икки ёки ундан кўп оят қолган бўлса ҳам, зарари йўқ. Кичик сура билан ажратиш макруҳ».


Бу ерда «зарари йўқ» дегани танзиҳий макруҳни ифода этади. «Қуня»даги макруҳ деб айтилган қатъий гап ҳам шунга йўйилади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай қилганликлари бу ишнинг жоиз эканини билдириш мақсади деб қаралади. Бу эса инсон мажбур бўлмаган ҳолатдадир. Аммо биринчи ракъатда Ан Нас сурасини қироат қилиб, уни қайта ўқишга мажбур бўлса, агар хатм қилмаётган бўлса, иккинчи ракъатга ҳам шу сурани қайта ўқийди (Наҳр). Чунки такрор ўқиш тескари ўқишдан кўра енгилроқдир (Баззозия). Агар Қуръони каримни биринчи ракъатда хатм қилиб тамомласа, иккинчи ракъатда Бақара сурасидан қироат қилади.


«Биринчи ракъатда бир жойдан...»: «Шарҳул-Муня» да шундай дейилади: «Агар биринчи ракъатга бир суранинг ўртасидан ёки бошидан ўқиб, икинчи ракъатга бошқа суранинг ўртаси ёки аввалидан ёки кичик бир тўла сурани қироат қилса макруҳ эмас. Лекин бу ишни заруратсиз қилмаган яхшироқ.


«гарчи бир сурадан ўқиб»: яъни бир суранинг икки жойидан ўқиса, агар улар орасида икки ва ундан кўп оят қолса, макруҳ эмас. Лекин бу ишни заруратсиз қилмаган яхшироқ. (Шарҳул-Муня). Бу масала икки ракъатдаги ҳолат. Аммо бир ракъатнинг ўзида заруратсиз бир жойдан иккинчи жойга ўтса, гарчи улар орасида бир неча оятлар бўлса ҳам, макруҳ ҳисобланади. Агар эсдан чиқариб ўтиб кетса, сўнг эсига келса, оятлардаги тартибни риоя қилиш мақсадида қайтиб ўқийди. (Шарҳул-Муня).


«Кичик сурани қолдириб кетиш макруҳ»: агар уни қироат қилса, иккинчи ракъат жуда чўзилиб кетадиган даражадаги катта сура бўлса, макруҳ эмас. (Шарҳул-Муня). Шунингдек икки кичик сурани қолдирса ҳам, макруҳ ҳисобланмайди. Бу масала икки ракъатдаги қироат масаласи эди. Аммо бир ракъатда орасидан бир сура ёки сураларни ташлаган ҳолатда икки сурани жамлаб ўқиш макруҳдир. «Татархонияда» айтилади: бир жойда кўрдим, агар бир ракъатда икки сурани жамласа бунинг зарари йўқ. Шайхул Ислом[1] шундай дейди: Зоҳири ривояга кўра, бундай қилмагани яхшироқ. «Шарҳул Муня»да: «Икки сурани бир ракъатда жамлашни фарз намозида қилмагани маъқул. Агар қилса ҳам макруҳ бўлмайди. Бироқ орада бир ёки кўп сурани ташлаб кетса макруҳ ҳисобланади» [2].


«Саҳиҳи Бухорий»нинг «Бир ракъатда икки сурани жамлаб ўқиш, сураларнинг охирларини, бир сурани бошқа сурадан олдин қироат қилиш ҳамда суранинг бошини қироат қилиш ҳақида» деган бобида Қатода раҳматуллоҳи алайҳдан қуйидаги ривоят келитирилади:


وَقَالَ قَتَادَةُ فِيمَنْ يَقْرَأُ سُورَةً وَاحِدَةً فِي رَكْعَتَيْنِ أَوْ يُرَدِّدُ سُورَةً وَاحِدَةً فِي رَكْعَتَيْنِ كُلٌّ كِتَابُ اللَّهِ.


«Икки ракъатда битта сурани ўқиган ёки икки ракъатда бир сурани такрорлаган инсон ҳақида «Ҳаммаси ҳам Аллоҳнинг Китоби».


Бадриддин Айний «Умдатул қорий»да ушбу ривоятни шарҳида шундай дейди[3]:


«Бу масалада икки ҳолат зикр қилинмоқда:


1. Бир сурани икки ракъатга бўлиб ўқиш. Бунга далил:


روى النسائي من حديث عائشة رضي الله تعالى عنها أن النبي قرأ في المغرب بسورة الأعراف فرقها في ركعتين


Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шом намозида Аъроф сурасини икки ракъатга бўлиб ўқидилар».


Насоий ривояти.


وروى ابن أبي شيبة أيضا من حديث أبي أيوب رضي الله تعالى عنه أن رسول الله قرأ في المغرب بالأعراف في ركعتين


Абу Айюб розияллоҳу анҳуқидинган ривоятда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шомда Аъроф сурасини икки ракъатда ўқидилар”. Ибн Абу Шайба ривояти.


وعن أبي بكر رضي الله تعالى عنه أنه قرأ بالبقرة في الفجر في الركعتين


Абу Бакр розияллоҳу анҳудан бомдод намозида Бақара сурасини икки ракъатда ўқигани ривоят қилинади.




وقرأ عمر رضي الله تعالى عنه بآل عمران في الركعتين الأوليين من العشاء قطعها فيهما ونحوه عن سعيد بن جبير وابن عمر والشعبي وعطاء


Умар розияллоҳу анҳу Хуфтон намозининг аввалги икки ракъатига Оли Имрон сурасини бўлиб ўқиди. Саъид ибн Жубайр, Ибн Умар, Шаъбий ва Ато розияллоҳу анҳумдан ҳам шунга ўхшаш ривоят қилинган.


2. Бир сурани икки ракъатда такрор ўқиш.


روى أبو داود أخبرنا أحمد بن صالح أخبرنا ابن وهب قال أخبرني عمرو بن أبي هلال عن معاذ ابن عبد الله الجهني أن رجلا من جهينة أخبره أنه سمع رسول الله يقرأ في الصبح إذا زلزلت في الركعتين كلتيهما فلا أدري أنسي رسول الله أم قرأ ذلك عمدا


Абу Довуд Муоз ибн Абдуллоҳ Жуҳанийдан ривоят қилади: «Жуҳайнадан бир киши менга хабар қилдики, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни бомдод икала ракъати ҳам Залзала сурасини ўқиганларини эшитган экан. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни унутиб қўйиб қилдиларми ёки қасддан ўқидиларми билмадим».


Ушбу ривоятни баъзи асҳобларимиз агар бир сурани икки ракъатда такрор ўқиса макруҳ эмаслигига далил қиладилар. Бир ривоятда эса макруҳ бўлади, дейилган.


«Мабсут»да зикр қилинганки, бундай қилиш дуруст эмас. Агар бундай қилиб қўйса ҳам зарари йўқ. Энг афзал иш фарз намозларнинг ҳар икки ракъатида Фотиҳа сураси ва тўлиқ бир сура ўқишдир. (Айнийнинг сўзлари тугади)


Жаҳрий намозларда Қуръони каримни хатм қилиш жоиз дейдиганлар сўзларини қуйидагича далиллайдилар:


Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:


فَاقْرَءُوا مَا تَيَسَّرَ مِنَ الْقُرْآَنِ


«Қуръондан муяссар бўлганича ўқингиз», деган. Бу эса инсонга Қуръоннинг истаган жойидан, истаганча, муяссар бўлганича ўқиши жоиз эканни билдиради.


Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бу иш бўлмагани унинг ножоиз эканини ифода қилмайди. Чунки рамазон ойидаги таровеҳ намозида хатм қилиш ҳам Ҳазрати Умар даврларидан бошлаб урфга кирган.


Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаларнинг фарз намозларда сураларни бўлиб ўқиганлари ривоят қилинган (далиллари юқорида ўтди).


Фиқҳ китобларида намозда Қуръони Каримни хатм қилиш масалалари баён қилинган. Бу эса унинг жоизлигини билдиради. Ундан ташқари, Қуръони Карим ниҳоясини намозда ўқиш мустаҳаб экани ҳам айтилган.


Бунда мусулмонларга Қуръони Каримни йил давомида етказиш имконияти мавжуд.


Инсонларнинг Қуръони каримга бўлган муҳаббатлари зиёда бўлиши ва уни ёд олишга бўлган қизиқишларини уйғотишга туртки бўлади.


Хатм вақтида раҳмат нозил бўлиши ривоятларда келтирилган. Аввалги улуғ инсонларни хатмоналарда астойдил дуо қилганликлари собит бўлган. Жумладан:


Доримий ва Ибн Абу Довудлар саҳиҳ санад билан ривоят қиладилар: Ибн Аббос розияллоҳу анҳу бир кишини тайинлаб қўярдилар. У киши Қуръон ўқиётган кишини кузатиб туриб, хатм вақтида у зотга билдириб қўярди. Сўнг у зот ана шу жойга етиб келардилар. Мужоҳиддан қилинган саҳиҳ ривотларига кўра, аввалгилар хатми Қуръон вақтида тўпланардилар ва «Бу вақт раҳмат нозил бўлади», деб айтардилар...


Жаҳрий намозларда хатми Қуръон қилишни жоиз ҳисобламайдиганлар эса ўз фикрларини қуйидагича далиллайдилар:


Бу иш Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар даврида қилинмаган.


Фарз намозларда замга яхлит битта сура ўқиган афзал. Мазкур ишда ушбу афзаллик тарк қилинади.


Кўп ҳолларда жамоатда Қуръони Каримни тўлиқ ёд билган ҳофизлар бўлмайди. Бу эса баъзи ҳолатларда имомни адашган жойида луқма ташлаб тузатиб қўйиш имконини йўқотади, натижада ҳатто намозга путур етиши мумкин.


Мўътабар фиқҳий китобларда келтирилган маълумотлар ва томонларнинг далилларига суянган холда жаҳрий намозда хатм қилиш борасида қуйидагиларни хулоса қилиш мумкин:


·        Қуръони  Каримни жаҳрий фарз намозларда хатм қилиш Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалардан ривоят қилинмаган бўлсада, шариатнинг умумий қоидларига зид эмас;


·        Сураларни бўлиб ўқиш жоизлиги;


·        Фарз намозларда икки ёки ундан кўп сурани бир ракъатда жамлаб ўқимаган афзал, жамлаб ўқиса ҳам, намозга путур етмайди;


·        Хатмонада биринчи ракъатга Ан-Нас сурасини, кейинги ракъатга Бақара сурасининг бошидан ўқиш афзал;


·        Вақф ва ибтидо қоидаларига амал қилиш зарур. Рукуъларда маънони эътиборга олиш керак. Қори вақф ва ибтидо қоидаларига риоя қилмаса, фарз намозларида хатм қилиши дуруст эмас.


·        Қироатни жамоатга малол келтирадиган даражада чўзмаслик лозим.


Валлоҳу аълам.






[1] Шайхул Ислом деганда, ибн Обидин Абу Бакр Хоҳарзода ирода қилинади. Қураший айтишича, Али ибн Муҳаммад ал-Исбийжобий ирода қилинади. (Ал-Мазҳабу-л-ҳанафий).


[2] Ибн Обидин. Раддул-муҳтор. Байрут: Дарул-кутуби-л-илмийя, 1994. –Б. -268-269.


[3] Бадриддин Айний. Умдату-л-қорий. Байрут, Дору-л-фикр. 2005. -Ж. -4. -б. -489-490.






Абдурраҳмонов Ихтиёржон

Ислом университети магистри

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳида илм билан бирга, тақво, ибодат, зоҳидлик ва Аллоҳга ёлвориш каби сифатлар ҳам мужассам эди. У кишининг шахсий фазилатлари ҳақида давоми...

4048 16:07 / 02.04.2020
Имом Жалолиддин Суютий .ШарҳисСудури би шарҳи ҳолил мавта вал қубури, номли китобларининг .Дафн пайтида айтиладиган нарсалар, бобида, жумладан, қуйидагиларни давоми...

1134 19:00 / 04 апрель
Ўзидан бошқанинг мусулмон эмаслиги ҳақида фатво чиқарган динда ҳаддидан ошиб ғулувга кетган тоифалар ҳукумат ишларида ишлаш ҳам ҳаром деган фикрни олға давоми...

2961 05:00 / 03.03.2017
Ҳанафий мазҳаби уламолари наздида намознинг қуйидаги одоблари мавжуд 1. Такбири таҳрима вақтида эркак киши қўлларини енгидан чиқариши. 2. Қиёмда саждагоҳга, давоми...

3524 19:00 / 27.01.2022