1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Қабрлар зиёрати

16:45 / 20.02.2020 2124 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Савол:

Ассалому алайкум, мен Хоразм вилоятининг Гурлан туманиданман. 60 ёшга қадам қўйган аёлман. Саволим шуки, бизлар ҳар йили ёз ойларида 30-40 нафар хотин-қиз ва 5-6 эркак бир автобус бўлиб зиёратга чиқамиз. Аввал Баҳоуддин Нақшбанд бувани зиёрат қиламиз, кейин Имом ал-Бухорий бувага тушамиз, у жойни зиёрат қилиб, Нур отага ўтамиз, Имом Ҳусайн, Имом Ҳасан буваларни зиёрат қилиб, Нурота булоғига борамиз. Булоқларни, шу ердаги авлиё бува-ларни зиёрат қиламиз. Зиёрат қонун-қоидаларини бажарамиз. Имомлар қабри яқинидаги Деҳи Баланд меҳмонхонасида тунаймиз. Бир неча товуқ ва жонлиқ қўй сўйилиб, овқат тайёрланади. Қуръон тиловат қилинади. Бошқа зиёратгоҳ жойларга ҳам шу тарзда борамиз, масалан, шайх Жалил буваларимизга ҳам ҳар йили борамиз. Демоқчиманки, савоб топаяпмизми, гуноҳми? Шуни билмаймиз. Аёллар зиёратгоҳга бориши мумкинми, бир авлиёга атаб жонлиқ сўйиш, бир авлиёга сиғиниб, пир дейиш гуноҳ деб эшитдик.

Бизнинг Хоразмда айнан шу «пир» сўзи кўп айтилади. Масалан, Хивада Полвон пир, Шовотда Юсуф Ҳамадоний, Fавсул Аъзам, Улли пир деб аташади. Кўпгина қадамжоларда жонлиқ сўйиш учун, овқат пишириш учун ҳамма зарур шароитлар яратилган. 15-20 та қозон-ўчоқ бор, шулар ҳам етишмай қолади. Навбат кутиб турганларнинг кечгача кети узилмайди.

Шу қадамжоларда Қуръон тиловат қилиб ўтирган хатиблар, дин уламолари бор, нега улар халққа, бизлардай мактаб-мадраса кўрмаган, дин тўғрисида яхши тушунча олмаган одамларга тушунтирмайдилар?

Ҳеч бўлмаса, ҳафтада бир марта телевизор орқали шундай мавзуларда одамларга тушунча бермайдилар, деб, ҳайрон бўлиб юрганимда «Зикр аҳлидан сўранг» китобини кўриб қолдим, жуда-жуда қувониб кетдим-у, сизга хат ёздим.

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Муҳтарама опамиз ўз мактубларида жуда муҳим масалаларни кўтарибдилар. Аллоҳ хайрларини берсин! Албатта, бу мактубни батафсил таҳлил қилса ва ундаги саволларга жавоб бериш учун алоҳида китоб ёзса ҳам арзийди. Аммо биз баъзи бир масалаларга қисқача тўхташ билан кифояланамиз.

Аслида, қабр зиёрати ўлимни эслаш ва қабрдагилар ҳаққига дуо қилиш учун жорий бўлган.

Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби бўйича, руҳ баёнга, нутқ қилишга ва хитобни фаҳмлашга қодир бўлган жон бўлиб, у жасаднинг ўлими билан йўқ бўлиб кетмайди. У доимо мавжуд ҳолда бўлади. Ўлганларнинг руҳлари тўпланади. Азоб ва савоб ҳам руҳга, ҳам баданга бўлади. Руҳ бадандан ажраганидан кейин ҳам унинг неъматланиши ёки азобланиши давом этади.

Маййит ўзининг тирик яқинларининг ҳолини билиб туради. Уларнинг яхши ишларидан хурсанд, ёмон ишларидан хафа бўлади.

Маййит ўзини зиёрат қилганларни билади ва улар, хусусан, яқинлари маъруф иш қилсалар, фойда, мункар иш қилсалар, озор олади.

Ҳанафий мазҳаби бўйича, қабрларни зиёрат қилиш эркак ва аёлларга мандубдир. Мандуб динда қатъий шарт бўлмаган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доим қилмаган амалдир. Бошқа мазҳаблар: «Аёлларнинг қабрларни зиёрат қилиши жоиз эмас», деганлар.

Қабр зиёрати жума, шанба, душанба ва пайшанба кунлари бўлгани яхши. Зиёрат ва дуо тик турган ҳолда бўлади.

Зиёратчи Ёсин сурасини қироат қилиши мандубдир. Буни «ал-Баҳру ар-Роиқ» китобининг соҳиби ва аз-Зайлаъий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар. Унда Расулуллоҳ алайҳиссалом:

َنْ دَخَلَ الْمَقَابِرَ، فَقَرَأَ سُورَةَ

خُفِّفَ عَنْهُمْ يَوْمَئِذٍ، وَكَانَ لَهُ بِعَدَدِ مَنْ فِيهَا حَسَنَاتٍ

«Ким мақбараларга кирганда Ёсин сурасини қироат қилса, Аллоҳ ўша куни уларга енгиллик беради ва унга ўша ердаги нарсалар ададича ҳасанотлар бўлади», деганлар.

عَنْ مَعْقِلِ بْنِ يَسَارٍ قَالَ: قَالَ النَّبِيُّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: «اقْرَءُوا ﭬ عَلَى مَوْتَاكُمْ». رَوَاهُ أَحْمَدُ وَأَبُو دَاوُدَ وَابْنُ مَاجَهْ وَالْحَاكِمُ.

Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Ўликларингизга Ёсинни қироат қилинг», дедилар».

Аҳмад, Абу Довуд, Ибн Можа ва Ҳоким ривоят қилишган.

Шунингдек, Фотиҳа сураси, Бақара сурасининг аввалидан «муфлиҳун»гача, Курсий оятини, «Аманаррасулу»ни, Таборак, Такосур сурасини, «Қул аъузу бироббил фалақ» ҳамда «Қул аъузу бироббин наас»ни уч мартадан ва Ихлос сурасини уч, етти ёки ўн бир марта ўқиса бўлади. Қироатнинг савобини ўтганларга бағишлаб дуо қилинади.

Қироатнинг савобини Расулуллоҳ алайҳиссаломга бағишлаш мустаҳабдир.

Аёлларнинг зиёратига уларга хос йиғи-сиғи, ношаръий ишлар бўлмаслиги шарт қилинган.

Қабр зиёратига кўч боғлаб бориш;

Яъни алоҳида ният қилиб, сафар қилиш. Бу ҳақда Кувайт давлати Вақф ва Исломий Ишлар вазирлиги нашр этган «Ислом Фиқҳи Қомуси»да қуйидагилар ёзилган:

«Уламолар жумҳури: «Қабрларни зиёрат қилиш учун «шаддур-раҳл» – кўч боғлаб, махсус сафар қилиб бориш жоиз» деганлар. Бунинг жоизлигига қабр зиёрати ҳақидаги умумий далилларни ҳужжат қилганлар. Баъзи шофеъийлар ва ҳанбалийлардан Ибн Таймия Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Кўч боғлаб бориш фақат уч масжидгагина бўлади: Менинг ушбу масжидимга, Масжидул Ҳаромга ва Масжидул Ақсога», деган ҳадисларини ва шу маънодаги бошқа ривоятларни далил қилиб, махсус сафар билан қабр зиёратига боришни ман қиладилар. Жоиз деганлар эса бу ҳадисда масжидлар ҳақида сўз кетмоқда, қабрлар ҳақида эмас, деб раддия берадилар».

Мактубда зикр қилинган зиёратгоҳлардан Имом Бухорий, Баҳоуддин Нақшбанд ва Юсуф Ҳамадоний раҳматуллоҳи алайҳларнинг илмий асосда билинган ҳақиқий шахслари ва қабрлари мавжуд. Бошқаларини яхшилаб ўрганиш лозим. Чунки буларга ўхшаш кўп қабрлар сохта бўлади.

«Бир авлиёга атаб жонлиқ сўйиш, бир авлиёга сиғиниб пир дейиш» гуноҳ эканлигида шубҳа йўқ. Шариатда фақат Аллоҳ таолонинг Ўзига атабгина жонлиқ сўйилади. Фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигагина сиғинилади.

Мозорларда кўпчилик бўлиб таом пишириб ейиш динимиздаги одоблардан бирортасига ҳам тўғри келмайди. Мозорга зиёрат қилиб, ибрат олиш ва қабрдагиларнинг ҳақларига дуо қилиш учун борилади. Таом ейиш учун эмас.

Шу қадамжоларда Қуръон тиловат қилиб ўтирганлар, агар илмлари бўлса, инсоф қилиб, халққа ҳақиқий шаръий ҳукмларни тушунтиришлари лозим. Ўзларининг у ерда ўтириб олиб қилаётган тиловатларининг диндаги ҳукми қандай эканлигини ҳам билиб олишса яхши бўларди.

Умуман, аёл кишиларнинг мактубда айтилган тарзда, бир неча кунлаб мозорма-мозор юришлари ҳам дуруст эмас. Мандуб ишни қиламан деб фарз, вожиб ва суннат амалларга хилоф иш қилмаслик лозим.

Лекин Аллоҳга шукрлар бўлсинким, аста-секинлик билан бўлса ҳам динимизни ўрганиб бормоқдамиз, билим савиямиз яхшиланганда бу нарсаларни тушуниб оламиз. Ушбу савол-жавоблар ҳам бу борада босилган бир камтарона қадам десак, муболаға қилмаган бўламиз.

Валлоҳу аълам.

«Зикр аҳлидан сўранг» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Робиъ ибн Сулаймон айтади .Муҳаммад ибн Идрис Сулаймон Шофиъий Рамазон ойида Қуръонни олтмиш марта хатм қилар эди. Барча хатмни намозда қилар эди,.Имом Шофеъий давоми...

1517 08:30 / 10.05.2020
I боб Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳ айтадилар .Билгилки, ҳар бир муслим ва муслимага дин ишларида муҳтож бўладиган таҳорат, намоз ва шариатнинг бошқа давоми...

7080 17:35 / 06.03.2019
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Мўминларнинг иймони комилроғи хулқи яхшироғидир. Сизларнинг яхшиларингиз давоми...

2925 08:30 / 27.12.2018
Баъзилар ўйлаганидек, бойқуш бехосият қуш эмас. У ҳам бошқа йиртқич қушлар каби бир оддий жонзот. Фақат у одамлар кам, хароба жойларга ин қургани учун кишиларда давоми...

2912 20:00 / 04.09.2020