Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 19 жумадул аввал | 2024 йил 21 ноябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (3-дарс). Имом Молик ва у кишининг мазҳаби

11:32 / 17.10.2018 8353 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Моликий мазҳаби асосчиси имом Абу Абдуллоҳ Молик ибн Анас ибн Молик ибн Аби Омир ал-Асбаҳий ҳижрий 93 санада таваллуд топдилар.

У кишининг оналари фозила, оқила аёл эдилар. Имом Молик оналарининг таъсири остида ёшликларидан илмга қаттиқ берилдилар. У кишининг зеҳнлари жуда ҳам ўткир эди. Тезда Қуръони каримни тўлиқ ёд олдилар.

Имом Молик бир эшитишда ўттизта ҳадисни ёд олар эдилар. У киши ўз замонасининг кўзга кўринган уламоларидан дарс олдилар. Ихлос ва эътиқод билан қилинган ҳаракатлар самараси ўлароқ, имом Молик ўз даврининг етук алломаси бўлиб, имом Авзоъий, имом Шофеъий, Яҳё ибн Саъид каби кишиларга устозлик қилдилар.

Имом Молик Мадинаи Мунавварадан бошқа ёққа чиқишни ёқтирмас эдилар. Ҳатто халифалар илтимос қилиб, Ироққа келишларини сўраганда ҳам, рози бўлмаганлар.

У киши Мадинаи Мунаввара ичида доимо пиёда юрар эдилар. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жасадлари кўмилган шаҳарда улов минмайман», дер эдилар.

Агар ҳадис айтмоқчи бўлсалар, аввал таҳорат қилар, махсус ўриндиққа яхшилаб жойлашиб олиб, соқолларини тартибга келтирар ва виқору ҳайбат билан ўтириб, ҳадис айтишни бошлар эдилар. У кишидан: «Нима учун бундай қиласиз?» деб сўрашса, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини улуғлашни яхши кўраман», дер эканлар. Илмнинг қадрига етган ва уни улуғлаган Имомни Аллоҳ таоло ҳам улуғликка етказди: шаръий илм ила унинг мартабасини улуғ қилди, кишилар ўртасида обрўсини оширди, виқорли ва ҳайбатли қилди.

Бу ҳақда Саъид ибн Ҳинд Андалусий айтадилар: «Мен халифа Абдурраҳмон ибн Муовиядек ҳайбатли одамни кўрмаган эдим. Имом Моликнинг олдиларига кирганимда, у кишининг ҳайбати олдида Ибн Муовиянинг ҳайбати ҳеч нарса бўлмай қолди». Имом Моликдаги ҳайбат ва виқор илмнинг ҳайбати ва виқори эди.

Имом Шофеъий ёшликларида имом Моликдан дарс олмоқчи бўлиб, Макканинг волийсидан бу ишда ёрдам сўраб, Мадинанинг волийсига хат олиб борганларида бўлган ҳолни ўзлари ҳикоя қилиб берадилар:

«Макка волийсининг олдига кириб, ундан Мадина волийсига ва имом Моликка мактуб ёздириб олдим. Мадинага келиб, мактубни волийга бердим. Волий мактубни ўқиб бўлиб: «Эй йигит, Мадинадан Маккагача ялангоёқ юриб борганим мен учун Молик ибн Анаснинг эшигига борганимдан афзалроқ», деди. Мен: «Аллоҳ амирни ислоҳ қилсин, агар одам юбориб, чақиртирсангиз, қандай бўлар экан?» дедим. У: «Нима деяпсан, мен одамларим билан Ақиқ тупроғини кечиб бориб, бирор ҳожатимизни раво қилсак, хурсанд бўлар эдим», деди. Асрга боришга келишдик ва уловларимизни миниб жўнадик. Амир айтганидек, тупроқ кечдик. Бир одам олдинга чиқиб, эшикни қоқди. Бир қора жория чиқди. Амир унга: «Хожангга менинг эшик олдида турганимни айт», деди.

Қиз кириб, кечикиб чиқди ва: «Хожам сизга салом айтдилар. Саволингиз бўлса, қоғозга ёзиб берсангиз, жавоби чиқар экан. Гаплашмоқчи бўлсангиз, мажлис кунини ўзингиз биласиз, ўша куни келар экансиз», деди. Амир қизга: «Сен у кишига менда Макка волийсининг муҳим мактуби борлигини айтгин», деди.

Қиз кириб, қўлида курси билан қайтиб чиқди ва уни ерга қўйди. Сўнгра имом Молик виқор ва ҳайбат билан чиқиб келди. У киши узун бўйли, хушқомат эканлар. Яхшилаб жойлашиб ўтирдилар. Волий мактубни узатди.

Имом уни ўқиб, «Бу одам ундоқ киши, унга у қил, бу қил», деган жойига келганда мактубни ирғитиб юбордилар ва: «Субҳаналлоҳ! Расулуллоҳнинг илми ҳам восита билан олинадиган бўлдими?!» дедилар. Волий тутилиб, гапира олмай қолди.

Шунда мен олдинга чиқиб, ўз ҳолим ва ҳожатим ҳақида гапира бошладим. У киши менга бир оз қараб турдилар-да: «Исминг нима?» дедилар. Мен: «Муҳаммад!» дедим. У киши: «Эй Муҳаммад! Аллоҳга тақво қил, гуноҳлардан четда бўл, сенинг шаънинг улуғ бўлади», дедилар».

Албатта, имом Моликнинг бундай ҳолати, у кишининг Ислом оламидаги шон-шуҳрати ўша давр ҳукмдорларининг тинчини бузар, ҳадикларини оширар эди. Буни яхши билган чақимчи ва иғвогарлар турли бўҳтонлар тўқишарди.

Улар: имом Молик сизларнинг мулкингизга норози, шунинг учун фалон масалада ундоқ деди, пистонида бундоқ деди, деб у кишининг диний фатволарини сиёсатга йўйишар эди.

Шундай иғволар оқибатида ўша пайтдаги халифа Мансурнинг амакиси Жаъфар ибн Сулаймон имом Моликни жазолашга фармон берди. У кишининг кийимларини ечиб, кейин қамчилаб уришди. Қўлларидан тортиб, куракларини чиқаришди.

Бу ҳодиса зудлик билан Ислом оламига тарқалди. Ҳамма норози бўлди. Африкадаги диёрлар халифаликка очиқ қарши чиқдилар ва имом Моликнинг мазҳабларини расман қабул қилганликларини эълон қилдилар.

Вазият шу даражада ўзгардики, ўша пайтда аббосийлар ҳукмига қарши қуролли кураш олиб бораётган Муҳаммад ан-Нафсуззакийя бошлиқ ҳаракат ҳукмдорлар учун имом Молик хатари олдида ҳеч нарса бўлмай қолди.

Буни яхши англаган халифа Мансур волий Жаъфар ибн Сулаймонни ишдан бўшатди ва пойтахтга олиб бориб, жазолади. Уламоларга беҳурматлик қилганлар ҳар доим тезда жазога гирифтор бўлганлар.

Сўнгра халифа имом Моликни пойтахтга чақирди. Ҳаж вақтида келиб, халифа Мансур шунчалик ёлвориб, иззат-икром кўрсатдики, имом Молик ноилож қолиб, хатони кечирганларини, Мансур илмли, фазлли одам эканини кишиларга айтишга мажбур бўлдилар.

Ана шундай қаҳрамонликларга тўла улуғ ҳаёт ҳижрий 179 санада ниҳоясига етди. Имом Молик розияллоҳу анҳунинг ҳам ҳадисда, ҳам фиқҳда пешқадамликларини Ислом уммати, хусусан, улуғ уламолар тан олганлар.

Имом Молик ўз фиқҳий мазҳабларига биринчи манба қилиб Қуръони каримни, иккинчи манба қилиб суннати набавияни олганлар. Баъзи олимлар: «Имом Молик фиқҳининг учинчи масдари саҳобаларнинг гапи бўлган», дейишади. Чунки улар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга яшаганлар, у зотнинг тарбиясини топганлар. Шунинг учун шаръий масалаларда ўзларича эътиборсиз нарсаларни айтмайдилар. Аммо кўпчилик уламолар: «Қуръон ва суннатдан сўнг имом Молик мазҳаби манбаларида тартибни эътиборга олмаса ҳам бўлади», дейишади.

Лекин шу нарса аниқки, имом Молик Мадинаи Мунаввара аҳолисининг амалларини қиёсдан устун қўядилар. Эҳтимол, у кишининг доимо Мадинада яшаганлари бунга сабаб бўлгандир. Мадина – Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобалари яшаган шаҳар. Албатта, шаҳар аҳолиси улардан кўп нарсани ўрганган бўлишлари табиий. Шунинг учун ҳам уларнинг ишини манба қилиб олиш мумкин.

Имом Молик ўз фиқҳларида бошқа имомлар ишлатган барча услуб ва манбалардан фойдаланганлар. Баъзи ўзига хосликларини юқорида зикр қилдик.

Аллоҳ таоло имом Моликни раҳмат айласин, Ислом ва мусулмонлар учун қилган меҳнатларининг савобини кўпайтириб берсин.

“Фиқҳий йўналишлар ва китоблар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Маълумки, ҳанафий мазҳабига оид китоблар бир хил мартабада эмас. Балки бу китоблар уч даражага бўлинади.Биринчи даража.Бу даражадаги китоблар .Усул, деб давоми...

4243 13:40 / 30.05.2019
Аллоҳ таоло.Агар умаййитнинг боласи бўлса, у қолдирган нарсадан отаонасининг ҳар бирига олтидан бир. Агар унинг боласи бўлмай, унга отаонаси меросхўр бўлса, давоми...

3176 15:00 / 11.04.2019
биринчи мақолаАёл томонидан бўлган яқинлар араб тилида .завурраҳм, завуларҳам ndash .раҳм эгалари,, қўполроқ қилиб айтганда, .бачадон эгалари, дейилади.Бизнинг давоми...

2105 11:05 / 06.01.2020
Устоз Доктор Ҳусайн Ҳомид Ҳассон ndash академия раисиУстоз Доктор Али Солус ndash академиянинг аввалги раисиУстоз Доктор Ваҳба Зуҳайлий ndash академия раисининг давоми...

3324 18:05 / 21.11.2019