Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 19 жумадул аввал | 2024 йил 21 ноябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарси (231-дарс) Азон айтилган масжиддаги одам намозни ўқимай чиқиши макруҳдир

19:00 / 19.05.2023 2367 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Азон айтилган масжиддаги одам намозни ўқимай чиқиши макруҳдир.

Чунки бундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари қайтарганлар.

عَنْ أَبِي الشَّعْثَاءِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كُنَّا مَعَ أَبِي هُرَيْرَةَ فِي الْمَسْجِدِ، فَخَرَجَ رَجُلٌ حِينَ أَذَّنَ الْمُؤَذِّنُ لِلْعَصْرِ، فَقَالَ أَبُو هُرَيْرَةَ: أَمَّا هَذَا فَقَدْ عَصَى أَبَا الْقَاسِمِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ.

Абу Шаъсоа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу билан масжидда бирга эдик. Муаззин асрга азон айтганидан кейин бир одам чиқиб кетди. Абу Ҳурайра:

«Аммо мана бу, батаҳқиқ, Абул Қосим соллаллоҳу алайҳи васалламга осий бўлди», деди».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

عَنِ الْمَسْعُودِيِّ قَالَ: أَمَرَنَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا كُنْتُمْ فِي الْمَسْجِدِ فَنُودِيَ بِالصَّلَاةِ فَلَا يَخْرُجْ أَحَدُكُمْ حَتَّى يُصَلِّيَ. رَوَاهُ أَحْمَدُ.

Масъудийдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга:

«Масжидда бўлсаларингиз-у, намозга азон айтилса, бирортангиз ҳам намозни ўқимагунча чиқмасин», дея амр қилганлар».

Имом Аҳмад ривоят қилган.

Келаси жумлаларда азон айтилганидан кейин масжиддан чиқишларига рухсат берилган шахслар зикр қилинади.

Бошқа жамоатни қоим қилувчига макруҳ эмас.

Агар у бошқа масжиднинг имоми ёки муаззини бўлса, усиз жамоати тарқаб кетадиган бўлса, азон айтилганидан кейин ҳам чиқиб, ўз масжидига боришига рухсат.

Шунингдек, пешин ва хуфтонни ўқиб олганларга ҳам.

Азон айтилгани ёки айтилмаганини билмасдан пешин ва хуфтон намозларини ўқиб олган одамлар мана шу намозларга азон айтилганидан кейин чиқиб кетаверсалар бўлади. Чунки улар намозларини ўқиб бўлганлар.

Илло, иқома пайтида макруҳдир.

Агар фарз намозни ўзи ўқиб олган бўлса ҳам, ўтириб-ўтириб, иқома айтилгандан кейин чиқиб кетиш дуруст эмас. Бунда худди Аҳли суннанинг ортидан намоз ўқишни ўзига эп кўрмайдиган хавориж ва равофизларга ўхшаб қолади.

Иккисидан бошқасида агар иқома айтилса ҳам, чиқаверади.

Пешин ва хуфтон намозларидан бошқа бомдод, аср ва шом намозларининг фарзини азондан олдин ўқиб олган шахс иқома айтилганидан кейин ҳам чиқиб кетса бўлади. Чунки у жамоатга қўшилса, намози нафл бўлади. Бомдод ва асрнинг фарзидан кейин нафл ўқиб бўлмайди. Шомга ўхшаш уч ракъатли нафлнинг ўзи йўқ.

Бомдоднинг суннатини ўқиса, фарз жамоатига етиша олмайдиган бўлса, суннатни тарк қилади.

Чунки фарзнинг савоби суннатнинг савобидан афзал.

Ким фарздан бир ракъатга етадиган бўлса ҳам, суннатини ўқийди.

Бомдоднинг фарзидан бир ракъатга етиш имкони бўлса ҳам, суннатни ўқилади. Чунки шу тариқа ҳам фарзнинг, ҳам суннатнинг фазли топилади.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا جِئْتُمْ إِلَى الصَّلَاةِ وَنَحْنُ سُجُودٌ فَاسْجُدُوا، وَلَا تَعُدُّوهَا شَيْئًا، وَمَنْ أَدْرَكَ الرَّكْعَةَ فَقَدْ أَدْرَكَ الصَّلَاةَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالدَّارَقُطْنِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон намозга келсангиз, биз сажда қилиб турган бўлсак, сиз ҳам сажда қилинг ва уни ҳеч нарса санаманг. Ким ракъатни топса, намозни топган бўлади», дедилар».

Абу Довуд ва Дора Қутний ривоят қилишган.

Масжидга кирган одам бомдоднинг суннатини ўқимаган бўлса, бир четда ўқийди. Сафнинг орқасига бориб ўқимайди.

Бомдоднинг суннати қазосини фақат фарзига тобеъ бўлган ҳолдагина ўқийди.

Яъни, бомдоднинг ҳам фарзи, ҳам суннати қазо қилинганда фарзга қўшиб суннатнинг қазоси ҳам ўқилади. Суннатнинг ўзини қазо қилиб ўқиш йўқ. Шунинг учун нима қилиб бўлса ҳам, фарздан қолмаслик шарти ила бомдоднинг суннатини фарздан олдин ўқиб олиш лозим.

Имом Муҳаммад: «Завол вақтигача бомдоднинг икки ракъат суннатини ҳам қазо қилинади», деган.

Икки ҳолатда ҳам пешиннинг суннатини тарк қилиб, иқтидо қилади.

Яъни, бир ракъатга етадими-йўқми, барибир, имом намозни бошлаётган бўлса, пешиннинг суннатини ўқимай, фарзга иқтидо қилинади, чунки фарзни ўқиб бўлгандан кейин қолган суннатни ўқиш имкони бор.

Сўнгра унинг қазосини бир жуфт суннатидан аввал ўқийди.

Фарзни ўқиб бўлгандан кейин, аввал қолган тўрт ракъат суннатни ва ундан кейин икки ракъатни ўқийди.

Ўша иккисидан бошқаларни асло қазо қилинмайди.

Яъни, бомдоднинг ва пешиннинг фарздан олдинги суннатидан бошқа суннатлар қазо қилинмайди.

«Кифоя» китобининг биринчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7013-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ижмоънинг умумий таърифиШариати исломияда бирор ҳукм чиқарилар экан, энг аввало, Аллоҳ таолонинг сўзи ndash Қуръони каримга мурожаат қилиш вожиб бўлади. Қуръон давоми...

3021 05:00 / 19.01.2017
Савол. Дин уламолари ва мустаҳкам шариат муфтийлари инглиз тилини ўрганиш борасида нима дейдилар У шаръан жоизми ёки йўқми Инглиз тилини ўрганишни quotМан давоми...

4431 05:00 / 18.01.2017
Мисрдаги Исломий тадқиқотлар Академияси ушбу академия дунёдаги энг қадимий Ислом Фиқҳи Академиясидир. Фатволарнинг бирлашиши ва янги пайдо бўлган муаммоларни давоми...

3788 17:30 / 28.11.2019
. . . . . . . Киши фарз намозни бошлаганидан кейин ўша намозга иқома айтиб қолинса, агар биринчи ракъатга сажда давоми...

2070 19:00 / 12.05.2023