Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 24 жумадис сони | 2024 йил 26 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (17-дарс). Фатво китоблари

13:15 / 23.01.2019 6553 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Араб тилида «фатво» сўзи «қийин саволга жавоб бериш» маъносини англатади.

Шаръий истилоҳда эса сўраган кишига далил асосида шаръий ҳукмни баён қилиб беришга «фатво» дейилади.

Биринчи фатво берувчи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлганлар. У зотдан кейин олим саҳобалар, тобеъинлар, табаъа тобеъинлар ва мужтаҳид уламолар фатво берувчи бўлдилар. Бу иш ҳозиргача давом этиб келмоқда.

Мусулмонлар ҳаётида пайдо бўладиган саволлар бўйича фатво бериб туришнинг таъминланиши фарзи кифоядир. Яъни фатво бериб туришга етарли уламолар бўлиши лозим ва лобуддир.

Бошқа диний илмлар каби, фатвога оид маълумотлар ҳам аввал оғзаки тарзда нақл қилиб юрилган. Кейин баъзи илм толиблари ўзлари учун дафтарларига ёзиб юрганлар. Аста-секин бу иш ривожланиб борган. Ислом оламида илмларни ёзиш тарқалиб бориб, турли китоблар ёзилиши йўлга қўйилганидан кейин, фатвога оид алоҳида китобларга ҳожат тушган.

«Фатволар ва воқеалар» деб аталган фиқҳий китобларда кейин келган мужтаҳидлар мазҳабнинг аввалги мужтаҳидларидан ривоят келмаган масалаларда ўзларидан савол сўралганда берган жавоблари йиғилган бўлади. «Кейин келган мужтаҳидлар»дан мурод: Ҳанафий мазҳабида Абу Юсуф ва Муҳаммад ҳамда улардан сўнг келганларнинг асҳобларидир. Улар кўпчилик бўлиб, хабарлари табақот китобларида келган.

Абу Юсуф ва Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳимонинг асҳобларига Исом ибн Юсуф, Ибн Рустам, Муҳаммад ибн Самоъа, Абу Сулаймон Жавзжоний, Абу Ҳафс Бухорий ва улардан кейин келган Муҳаммад ибн Салама, Муҳаммад ибн Муқотил, Нусайр ибн Яҳё, Абу Наср Қосим ибн Саллом каби уламолар киради.

Улар ўзларига зоҳир бўлган далил ва сабабларга кўра мазҳаб соҳибларига хилоф қилишлари мумкин.

Уларнинг фатволарини дастлаб жамлаган асар Абу Лайс Самарқандийнинг «Навозил» китобидир. Кейин машойихлар бошқа китобларни жамладилар. Мисол учун, Нотифий «Мажмаъул навозил ва воқеот»ни, Содруш Шаҳид «Воқеот»ни жамлаган.

Кейинги уламолар аралаш китоблар тасниф қилдилар. Бунга «Фатовои Қозихон» китоби мисол бўлади. Баъзилар эса Розиюддийн Сарахсий ўзининг «Муҳийт» китобида қилганига ўхшаб, ҳар бир соҳани айри-айри келтирдилар. У аввал усулга оид масалаларни келтириб, кейин наводирларни келтирган.

Албатта, фатволар ва воқеотларнинг мартабаси усул ва наводирнинг мартабасидан пастдир. Чунки усул ва наводирлар мазҳаб соҳибларининг қавлларидир. Фатво ва воқеотлар эса уларнинг қавллари асосида издошлари ечган масалалардир.

1. Фатавои Татархония.

Бу китобнинг муаллифи Фаридуддин Олим ибн Алаа Андиритий Деҳлавий Ҳиндий Ҳанафийдир. У киши ҳижрий 786 йилда вафот этган. Муаллиф ўз китобини ўша замонда катта амирлардан бўлган оғайниси Татархонга бағишлаган ва «Татархония» деб номлаган. Бу китобни муаллиф ҳанафий фиқҳи бўйича ўттиздан ортиқ китобдан жамлаган.

«Фатавои Татархония»нинг аввалида Фаридуддин Олим ибн Алаа Андиритий Деҳлавий Ҳиндий ҳанафий илм ҳақида боб келтирган ва ундан кейин «Ҳидоя»нинг тартиби бўйича фатволарни тақдим қилган. Бу китобнинг иккинчи номи «Зодул Мусофир» бўлган. Муаллиф ўзининг бу китобини ҳижрий 777 йилда ёзган.

2. «Ал-фатаво ал-кубро».

Муаллифи – Содрул Кабийр Ҳисомуддин Умар ибн Абдулазиз Ҳанафий (ҳижрий 536 санада вафот қилган).

Муаллиф китобнинг муқаддимасида фақиҳ Абу Лайснинг «Навозил»и, Абул Аббос Нотифийнинг «Воқеот»и, имом Муҳаммад ибн Фазлнинг ва аҳли Самарқанднинг фатволарини жамлашга ҳамда ўзига тушган саволларга жавоб беришга ҳаракат қилажагини таъкидлаган. Муаллиф раҳматуллоҳи алайҳи мазкур китоблардан олинган фатволарни маълум ҳарфлар билан белгилаб борган. Бу китобни тартибга солган, мухтасар қилган уламолар ҳам кўп бўлган.

3. Ал-фатаво ал-Баззозия.

Муаллифи – имом Ҳофизуддин Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Шиҳоб Баззоз Кардарий Ҳанафий (ҳижрий 828 санада вафот этган). Бу китобнинг иккинчи номи «Ал-жомеъ ал-важиз».

Имом Баззоз раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг бу китобида турли китобларда келган муҳим фатволарни жамлаган, далили кучли бўлган фатволарни кўрсатиб ўтган. Уламолар бу китобга суянса бўлишини таъкидлаганлар. Ҳижрий 812 йилда ёзиб битирилган.

Абу Саъуд Муфтийга: «Нима учун муҳим масалаларни жамлаб, битта китоб таълиф қилмайсиз?» дейилганда, «Мен «Баззозия»нинг соҳибидан уяламан. Унинг китоби мавжуд. У шарафли бир мажмуа бўлиб, унда барча муҳим масалалар бор», деган.

4. «Уюнул масоилил муҳимма».

Муаллифи – имом Муҳйиддин Яҳё ибн Шараф Нававий (ҳижрий 676 йилда вафот этган). Шунинг учун бу китоб «Фатовий Нававийя» деб ҳам аталади.

Имом Муҳйиддин Яҳё ибн Шараф Нававий ўзининг бу китобини берилган саволлар тартибида ёзаверган. Уни алоҳида бобларга ажратмаган. Кўпчиликка тушунарли бўлиши учун ҳаракат қилган. Кейин келган уламолар уни тартибга солганлар. Бу китоб шофеъий мазҳабидаги фатво китобларининг намунасидир.

5. «Ал-фатовий ал-кубро».

Муаллифи – Абул Аббос Тақиюддин Аҳмад ибн Абдул Ҳалийм ибн Таймия Ҳанбалий. Бу китоб катта ҳажмда бўлиб, унинг баъзи нашрлари бир неча мужаллад бўлган. Унда муаллиф ўзига берилган саволларга иложи борича бошқа фақиҳларнинг гапидан олмай, оят ва ҳадисдан далил келтириб жавоб беришга ҳаракат қилган. Натижада ҳатто ўзининг эргашган мазҳаби – ҳанбалий мазҳабига хилоф гапларни ҳам айтган. Бу китоб ҳақида кишилар ихтилофдалар. Ибн Таймиянинг тарафдорлари мақтовда муболаға қилишса, унинг мухолифлари танқидда муболаға қилишади.

6. «Фатавий ал-Али».

Ушбу асар Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Муҳаммад Улайшнинг китоби бўлиб, моликий мазҳаби бўйича фатволар китобининг намунасидир.

Бизнинг диёримизда ҳам фатво китоблари кўп битилган. Уламоларимиз фиқҳий китобларнинг бу турига ҳам алоҳида эътибор билан қарашган. Мазкур китоблардан баъзиларини ёдга олишимиз мумкин.

(давоми бор)

“Фиқҳий йўналишлар ва китоблар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аёл киши кўксига қўяди.Аёл киши учун шундай қилиш мосдир.Бу ишни суннат зикри бор ҳар бир қиёмда қилинади.Шунинг учун санода, қунутда ва жаноза намозида ҳам қўл давоми...

3288 20:00 / 28.04.2022
Қуръони Каримдаги биздан олдин бўлган нарсаларнинг ахборида иймонИслом йўли осон эмаслиги, у йўлга поёндоз тўшалиб, гуллар сочилиб қўйилмаганлиги, балки бу йўл давоми...

3826 05:00 / 17.01.2017
Замонавий фиқҳга оид китобларнинг якка муаллифлар томонидан ёзилганлари бир қанча. Уларнинг баъзилари ила танишиб чиқамиз1. .Фиқҳус Сунна,.Бу китобнинг муаллифи давоми...

3889 05:00 / 18.01.2017
Мерос олиш кераклиги ҳақидаги тортишувлар унчалик кўп эмас. Аммо кимга қанча мерос бериш кераклиги ҳақида турли тортишувлар тезтез учраб туради. Бундай давоми...

2339 16:00 / 26.02.2019