Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (19-дарс). Аҳкоми вақф китоблари

12:00 / 06.02.2019 5669 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Вақф» сўзи луғатда «тутиб туриш» деган маънони англатади.

Шариатда эса бир молнинг аслини ушлаб туриб, фойдасини Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш учун сарфлашга айтилади.

Вақф қилиш орқали бир нарсадан келадиган фойдани вақфдан фойдаланувчилар учун абадийлаштирилади. Мазкур нарсанинг ўзи ушлаб турилади, ундан келадиган фойда эса бардавом бўлиб туради.

Вақф икки хил бўлади:

1. Аҳлий вақф.

Унда вақф қилувчи ўзи вақф қилган нарсадан ўзининг аҳли, қариндошлари фойда олишларини шарт қилади.

2. Хайрий вақф.

Унда вақф қилувчи ўша молидан кўпчилик фойдаланишини шарт қилиб қўяди.

Вақфга оид фиқҳий масалалар асосан фуруъул фиқҳ китобларидаги алоҳида бобларда баён қилинади. Аммо бу масалага бағишлаб ёзилган махсус китоблар ҳам бор.

1. Ана шундай китобларга мавлоно Юсуф ибн Ҳусайн Кармастийнинг «Китобул вақф»и мисол бўла олади. Ҳожи Халифа «Кашфуз-зунун»да таъкидлашича, мазкур китоб «Алҳамду лилла-аҳи ҳомиййил адл вал эҳсон» деб бошланади. Унда қирқ иккита боб ва масалалар бор.

2. Шунингдек, шайх имом Ҳилол ибн Яҳё Басрий ва Хассоф Ҳанафийнинг ҳам «Аҳкомул вақф» номли китоблари бор. Ушбу икки китоб машҳурдир. Яна бошқа бир қанча уламоларнинг ҳам бу борада китоблари бор.

Адабул қози ва қозилик китоблари

«Қазо» сўзи луғатда «кесиш», «ажратиш» ва «ҳукм қилиш» деган маъноларни англатади. Ҳанафий уламолар истилоҳида эса: «Ўзига хос йўл билан хусуматларни ажратиш ва низоларни кесиш қазодир».

«Қозилик» деганда маҳкама, яъни бугунги истилоҳимизга ажнабий тилдан кириб қолган «суд» калимаси тушунилади.

Халқлар ва миллатлар ҳаётида қозилик ишлари катта аҳамиятга эга. Зотан, айнан қозилик орқали одамлар орасида адолат, инсоф ва тенглик ўрнатилади. Одамлар орасидаги хусуматлар ва низоларга чек қўйилади. Золимнинг зулми ва тажовузкорнинг тажовузи рад қилинади.

Бу иш ўта муҳим бўлганидан фақиҳларимиз барча фиқҳ китобларида бу мавзуга оид алоҳида боблар келтирганлар. Улар мазкур бобларда қозилик ҳукмлари, унинг одоблари, даъвогарлик асллари, гувоҳлик қоидалари каби мавзуларга оид маълумотларни киритдилар.

Аммо бу мавзунинг шомиллиги ва кенглиги қозилик ва унинг қоидалари ва одоблари бўйича алоҳида илм ва фанга асос солишни тақозо қилар эди. Бу ҳақиқатни қадимги фақиҳлар ўз вақтида тушуниб етдилар. Уларнинг биринчи сафида имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи бор эди. У киши Ислом тарихидаги биринчи қозиларнинг бош қозиси бўлган эди. Имом Абу Юсуфнинг бу ишда шахсий тажрибалари бор эди. Шунинг учун ҳам у киши қозилик тузумлари, қоидалари, қозининг одоблари ҳақида биринчи мустақил китоб муаллифи бўлдилар.

Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи «Адабул қози» номли китобларини имло тариқасида таълиф қилдилар. Шогирдлари уни қоғозга туширдилар. Кейинчалик кўплаб уламолар бу китобга шарҳлар ёздилар.

Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳи ҳам «Адабул қози» номли китоб таълиф қилдилар.

Кейинчалик бу мавзудаги китоблар кўпайиб кетди.

Биз ҳозир барча қозилар ва қозилик ҳақида китоб ёзганлар учун асосий дастур бўлиб келаётган бир тарихий ҳужжат ҳақида сўз юритмоқчимиз. Бу ҳужжат «Умар ибн Ҳаттобнинг Абу Мусо Ашъарийга мактуби» деган ном билан машҳур. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида улуғ саҳобий Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу вилоятлардан бирида қози бўлганлар. Ўшанда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳуга ушбу машҳур мактубни ёзганлар. Мазкур мактуб кейинчалик қозилик ишларининг дастурига айланиб қолган десак, муболаға қилмаган бўламиз. Европа халқлари ҳам уйғониш давридан сўнг, қозилик нима, маҳкама нима, кишиларнинг ҳақ-ҳуқуқлари нима, каби масалаларни Андалус мусулмонларидан ўрганганларидан кейин ҳазрати Умарнинг мактубларини ўз тилларига таржима қилиб, ўргандилар. Кейинчалик уни ўқув юртларида дарс қилиб ўтдилар ҳам.

Ушбу муҳим ҳужжатни имом Дора Қутний ўзларининг «Сунан» китобларининг тўртинчи жузида «Умар ибн Ҳаттобнинг Абу Мусо Ашъарийга мактуби» сарлавҳаси остида аниқ санадлари билан келтирганлар:

«Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Сулаймон ибн Муҳаммад Нуъмо-нийдан, у Абдуллоҳ ибн Абдуссамад ибн Абу Хаддошдан, у Ҳусайн ибн Юнусдан, у Убайдуллоҳ ибн Абу Ҳумайддан, у Абул Малиҳ Ҳузалийдан ривоят қилади: «Умар ибн Ҳаттоб Абу Мусо Ашъарийга шундай ёзган эди:

«Аммо баъду: албатта, қозилик ишлари муҳкам фарздир ва бардавом суннатдир. Қачон сенга ҳужжат келтирилса, уни яхши фаҳмлаб ол. Ҳақ равшан бўлган чоғда уни юзага чиқар. Ўтмайдиган ҳақ учун (орага тушиб) гапириш манфаат бермайди. Икки томон орасида юзингни, мажлисингни ва адолатингни бир хил қил. Токи шарафли сенинг жаврингга тама қилмасин ва заиф сенинг адолатингдан ноумид бўлмасин. Даъвогарлик қилганга ҳужжат келтириш, инкор қилганга қасам ичиш лозим бўлади. Мусулмонлар орасида сулҳ жоиздир. Аммо ҳаромни ҳалол қилган, ҳалолни ҳаром қилган сулҳ жоиз эмас. Кеча чиқарган ҳукминг уни ўзингча қайта кўриб, тўғриликка ҳидоят қилиниб, сўнгра ҳаққа қайтишингдан ман қилмасин. Чунки ҳақ қадимийдир. Ҳаққа қайтиш ботилда бардавом бўлишдан яхшидир. Китоб ва суннатдан сенга етмаган, қалбингни ҳижил қилган нарсани яхшилаб фаҳмлашга урин. Бир-бирига мисл ва ўхшаш бўлган нарсаларни яхшилаб таниб ол. Сўнгра ўшанга биноан бошқа ишларни қиёс қил. Ишларнинг Аллоҳга энг маҳбубига ва сенинг кўз қарашингча ҳақиқатга энг яқинига қасд қил. Ким ҳужжат келтиришни даъво қилса, унга етарлича вақт бер. Агар у ҳужжат келтирса, ҳаққини олур. Магар (ҳужжат келтиролмаса,) унинг зиддига ҳукм чиқарасан. Албатта, ана шундай бўлиши ноаниқликни йўқотувчироқ ва узрни ўтказувчироқдир. Мусулмонлар бир-бирлари учун одилдирлар. Магар, ҳадд урилган ёки ёлғон гувоҳлик ила мужарраб бўлган ёхуд бировнинг уруғига ўзини нисбат беришда муттаҳам бўлган бундан мустасно. Албатта, Аллоҳ ички сирларни билишни Ўзига олган ва сизга ҳужжатларни қайтарган. Зинҳор одамлар орасида беҳаловат, зажрли ва озорланувчи бўлма. Яна Аллоҳ ажр берадиган ва захираси яхши бўладиган ҳақ жойларда хусуматчилардан ўзингни беркитма. Чунки ким ўзи билан Аллоҳ орасида ўз зарарига бўлса ҳам ниятини яхши қилса, Аллоҳ у билан одамлар орасини яхши қилиш кафолатини олади. Ким Аллоҳ билиб турган нарсани беркитиб, одамлар учун зийнатланса, Аллоҳ уни хунук қилиб қўяди. Шундай экан, Аллоҳ азза ва жалла ризқи азалида ва раҳмат хазинасида ўзгартириб қўйган савоб ҳақида нима дея олар эдинг?! Вассалому алайка».

Қозилик одоби ҳақида Исломда мукаммал қоидалар ишлаб чиқилган. Алоҳида китоблар ҳам ёзилган ва булар барча ҳадис, фиқҳ ва адабий китобларимизда қозилик одобига бағишланган ушбу бобга ўхшаш боблардан ташқари гаплардир.

Қозилик одоби ҳақида битилган алоҳида китоблар ичида Имом Мовардийнинг «Одобул қози» китоби машҳурдир. Бу китобни ўқиган одам Исломда қадимдан қозилик ишлари қанчалик мукаммал тарзда, энг нозик томонларини ҳам ҳисобга олиб йўлга қўйилганининг шоҳиди бўлади. Ҳаттоки қози қозихонада кишилар орасида ҳукм чиқариш учун ўтирганда қандай кийим кийиши лозимлигигача кўрсатиб қўйилган.

Адабул қози услуби бўйича китоб ёзган баъзи ҳанафий уламолар:

1. Имом Абу Юсуф Яъқуб ибн Иброҳим (ҳижрий 182 йилда вафот этган). У киши бу соҳада биринчи бўлиб китоб ёзган олим-дир.

2. Муҳаммад ибн Саммоъа Ҳанафий (ҳижрий 233 йилда вафот этган).

3. Абу Бакр Аҳмад ибн Амр Хассоф Ҳанафий (ҳижрий 261 йилда вафот этган).

Бу китоб бир юз йигирма бобдан иборат. У ушбу бобдаги кўп нарсани ўзида жамлаган китобдир. Илм соҳиблари уни доимо қадр-лашган. Мазкур китобнинг шарҳлари ҳам кўп.

Бошқа фиқҳий мазҳаб уламолари, жумладан, шофеъий мазҳаби фақиҳлари ҳам «Одобул қози» номли китоблар ёзганлар. Уларнинг ичидан улуғ ватандошимиз Абу Бакр Муҳаммад ибн Али Қаффол Шошийни алоҳида эсга олмоқчимиз.

(давоми бор)

“Фиқҳий йўналишлар ва китоблар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ийд куни бир йўл билан чиқсалар, бошқаси билан қайтар давоми...

1432 19:00 / 22.12.2023
.Рукуъ, луғатда .эгилиш, деган маънони билдиради. Шариатда эса бош ва бел билан қўли тиззасига етгунча энгашишга .рукуъ, дейилади. Рукуънинг энг ози икки кафтнинг давоми...

3834 19:00 / 02.12.2021
1. Сувни исроф қилиш.Шаръий ҳожатдан ёки етарлисидан ортиқ сув ишлатиш исроф бўлади. Агар сув таҳорат қилувчининг ўзиники бўлса, исроф макруҳдир. Аммо кўпчилик давоми...

4286 13:30 / 23.07.2020
r r . r . . Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Барийра олдимга кириб .Аҳлим мен ила давоми...

3613 17:00 / 21.12.2020