Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 25 жумадис сони | 2024 йил 27 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Қимматбаҳо тошлар закоти | Фиқҳ дарслари (312-дарс)

19:00 / 26 декабрь 75 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тоғдан топилган ферузада ҳеч нарса йўқ.

Чунки бунга ўхшаш нарсалар ернинг тузга ўхшаш бир бўлаги ҳисобланади.

قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «لَا زَكَاةَ فِي الْحَجَرِ». رَوَاهُ ابْنُ عَدِيٍّ.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Тошда закот йўқ», дедилар».

Ибн Адий ривоят қилган.

Шунингдек, маржон, лаъл, зумрад, олмос, ёқут каби нарсалардан закот берилмайди. Чунки бу нарсалар ўсмайдиган мол ҳисобланади. Фақат аёлларнинг зебу зийнати шаклида ишлатилади.

Исломнинг белгиси бор дафина худди тушиб қолган нарсага ўхшайди.

Одамлар томонидан ерга кўмилган нарса топилганда унда калимаи шаҳодат ёки шунга ўхшаш исломий аломатлар бўлса, унинг ҳукми тушиб қолгандан кейин топиб олинган нарсанинг ҳукми каби бўлади. Албатта, бу каби нарсалар мусулмонларнинг мулки ҳисобланади. Бу ҳолда худди топиб олинган нарса каби мазкур дафинани ҳам эгасини топиб, унга қайтариб бериш учун шариатда қабул қилинган чоралар кўрилади. Эгаси топилмаса, топиб олинган нарса нима қилинса, шуни қилинади.

Куфрнинг белгиси бор дафинадан бешдан бир олинади.

Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дафинада бешдан бир», деганлар.

Бешдан бирдан қолгани, агар ернинг эгаси бўлмаса, топиб олганга. Илло, ернинг биринчи эгасига.

Бешдан бирдан қолганини ернинг эгаси, эгаси бўлмаса, унинг меросхўрлари олади.

Агар ер остидан топилган бойликда Исломнинг ҳам, жоҳилиятнинг ҳам аломати бўлмаса, уламолар икки хил ижтиҳод қилганлар. Охирги қавлга биноан, исломий эканига ҳукм қилинади.

Биз «дафина» деб номлаётган нарса араб тилида «канз» ёки «рукоз» дейилади. Олдинги ўтган кишилар томонидан дафн қилиниб (кўмиб) кетилган мол дафина бўлади. У олтин, кумуш, мис, жавоҳирлар, турли қимматбаҳо асбоб-ускуна ёки бошқа нарсалар бўлиши мумкин.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «وَفِي الرِّكَازِ الْخُمْسُ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Дафинадан бешдан бир», дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

Ушбу ҳадис дафинадан закот бериш вожиблигининг далилидир.

عَنْ عَمْرِو بْنِ شُعَيْبٍ، عَنْ أَبِيهِ، عَنْ جَدِّهِ قَالَ: سُئِلَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنِ اللُّقَطَةِ، فَقَالَ: «مَا كَانَ فِي طَرِيقٍ مَأْتِيٍّ أَوْ فِي قَرْيَةٍ عَامِرَةٍ فَعَرِّفْهَا سَنَةً، فَإِنْ جَاءَ صَاحِبُهَا وَإِلَّا فَلَكَ، وَمَا لَمْ يَكُنْ فِي طَرِيقٍ مَأْتِيٍّ وَلَا فِي قَرْيَةٍ عَامِرَةٍ فَفِيهِ وَفِي الرِّكَازِ الْخُمْسُ». رَوَاهُ النَّسَائِيُّ.

Амр ибн Шуъайб отасидан, у бобосидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан топиб олинган нарса ҳақида сўралди. Шунда у зот:

«Обод йўлдан топилса ёки обод қишлоқда топилса, бир йил эълон қил. Эгаси келса, олади. Бўлмаса, у сеники. Обод йўл ва қишлоқ бўлмаса, ундан ва дафинадан бешдан бир», дедилар».

Насоий ривоят қилган.

Ушбу икки ҳадисдан қуйидаги фойдалар олинади:

1. Эгаси йўқ ва оммавий жойлардан топилган нарсалар, шу жумладан, дафиналар ҳам топиб олган одамники бўлади. Эгаси маълум ердан топилган дафина ёки бошқа нарса ер эгасиники бўлади.

2. Дафинанинг закотини унга эгалик қиладиган киши беради.

3. Дафинада нисобнинг эътибори йўқ.

Озми-кўпми, барибир бешдан бири закотга берилади.

4. Дафина топилиши билан бир йил ўтишини кутмай, закоти берилаверади.

Ҳанафий, ҳанбалий ва моликий мазҳаблари: «Дафинанинг закоти давлат мулкига қўшилади», деганлар.

Шофеъий мазҳабида эса: «Дафинанинг закоти бошқа закотлар бериладиган ҳақдорларга берилади», дейилган.

Нима бўлганда ҳам, дафинанинг закотини бериш керак.

Уруш ҳолатида бўлганларнинг саҳросидан улар омонлик берган одам топиб олган ер ости бойликларининг ҳаммаси уникидир.

Мусулмонлар билан уруш ҳолатида бўлган ғайридинларнинг юртига улар берган рухсат ва омонлик асосида бир киши кирди ва ўша юртнинг саҳросидан ер ости бойлигими, маъданми, дафинами, матоми ёки бошқа нарсаними топиб олди. Бу ҳолда мазкур топиб олган киши бойликнинг ҳаммасини олади.

Агар у мазкур нарсани уларнинг ҳовлиларидан бирида топиб олган бўлса, ҳовлининг эгасига қайтариб беради.

Бу ўша ҳовлининг эгасининг мулки, уни билдирмасдан олиш хиёнат бўлади.

Агар уларнинг кўмилган матоларини эгаси йўқ ердан топиб олган бўлса, бешдан бирини беради ва қолганини ўзи олади.

Аҳли ҳарбнинг омонлигини олган одам уларнинг эгаси йўқ еридан кийим ёки шунга ўхшаш нарсаларни топиб олган бўлса, бешдан бирини мусулмон давлатга бериб, қолганини ўзи олади.

«Кифоя» китобининг иккинчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7013-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

 

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
МУНДАРИЖАМуқаддимаЎтмишга бир назарҲозирги ихтилофлар қачон ва қандоқ куртакладиИхтилофларнинг авж ола бошлашиИхтилоф ва тафриқанинг турлариМусулмонларнинг давоми...

9701 05:00 / 17.01.2017
. . . . Одамдан, отдан ва ҳар бир гўштини еб бўладигандан ортиб қолган сув покдир. Йиртқич ҳайвонларники нажасдир. Мушук, қўйиб юборилган товуқ, йиртқич давоми...

4104 13:05 / 05.11.2020
Қодир Аллоҳдан мадад сўраган ҳолимизда сўзни .закот,нинг таърифидан бошлаймиз. .Закот, сўзи луғатда .поклик, ва .ўсиш, деган маъноларни билдиради. Закот берган давоми...

768 19:00 / 30 май
.Китоб, сўзи .ёзиш, ўзагидан олинган бўлиб, .ёзилган, деган маънони англатади. Бир тўп ёзилган варақларнинг муқова орасига олингани .китоб, деб ишлатиб давоми...

4564 14:00 / 04.06.2020