Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ 192-дарс. Жамоат намози ёлғизнинг намозидан йигирма етти даража афзалдир

19:00 / 21.07.2022 4647 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имомликка ҳақлироғи суннатни билувчироғидир. Сўнгра қорироғи, кейин парҳезкорроғи, сўнг ёши каттароғи.

Агар қул, аъробий, фосиқ, аъмо, бидъатчи ёки валади зино имомлик қилса, макруҳдир.

Аёлларнинг ўзлари жамоат бўлишлари ҳам (макруҳдир). Агар шундай қилсалар, имомлари ўрталарида туради.

Ёш аёлнинг барча жамоатга, шунингдек, кампирнинг пешин ва асрга ҳозир бўлиши ҳам (макруҳдир).

Таҳоратли таяммумлига, ювган масҳ қилганга, тик турган ўтирганга, имо қилувчи имо қилувчига ва нафл ўқувчи фарз ўқувчига иқтидо қилаверади.

Эркак киши аёлга ёки ёш болага, таҳоратли узрлига, қори уммийга, кийимли яланғочга, имо қилмайдиган имо қиладиганга, фарз ўқувчи нафл ўқувчига ва бир фарзни ўқувчи бошқа фарзни ўқувчига иқтидо қилмайди.

Имом намозни ва бомдоддан бошқада биринчи ракъат қироатини чўзиб юбормайди.

Муқтадий бир киши бўлса, унинг ўнг тарафида туради. Биттадан кўп бўлса, орқасида туради.

Аввал эркаклар, кейин болалар, сўнгра хунасалар ва улардан кейин аёллар саф тортадилар.

Такбири таҳрима ва адода икковлари шерик бўлган мутлақ намозда аёл киши (сафда) эркакка тенглашиб қолса ва у (эркак) аёлга имомликни ният қилган бўлса, эркакнинг намози фосид бўлади (бузилади). Бўлмаса, аёлнинг намози (бузилади).

Юқорида зикр қилинган матнда намозни жамоат бўлиб ўқишнинг ҳукми, имомликка ҳақли кишилар, имомлиги макруҳ одамлар, аёллар ва жамоат намози, ким кимга иқтидо қилиши жоиз-у, кимники жоиз эмаслиги, сафда туриш каби масалалар ҳақида сўз юритилмоқда. Энди уларни шарҳлашга ўтайлик.

Жамоат – суннати муаккададир

Имом билан муқтадийнинг намози ўртасида ҳосил бўлган боғланиш «жамоат» дейилади.

Намозни жамоат билан ўқиш Қуръон, Суннат ва ижмоъ ила собит бўлган.

Аллоҳ таоло Нисо сурасида:

وَإِذَا كُنتَ فِيهِمْ فَأَقَمْتَ لَهُمُ الصَّلاَةَ فَلْتَقُمْ طَآئِفَةٌ مِّنْهُم مَّعَكَ وَلْيَأْخُذُواْ أَسْلِحَتَهُمْ فَإِذَا سَجَدُواْ فَلْيَكُونُواْ مِن وَرَآئِكُمْ وَلْتَأْتِ طَآئِفَةٌ أُخْرَى لَمْ يُصَلُّواْ فَلْيُصَلُّواْ مَعَكَ وَلْيَأْخُذُواْ حِذْرَهُمْ وَأَسْلِحَتَهُمْ وَدَّ الَّذِينَ كَفَرُواْ لَوْ تَغْفُلُونَ عَنْ أَسْلِحَتِكُمْ وَأَمْتِعَتِكُمْ فَيَمِيلُونَ عَلَيْكُم مَّيْلَةً وَاحِدَةً وَلاَ جُنَاحَ عَلَيْكُمْ إِن كَانَ بِكُمْ أَذًى مِّن مَّطَرٍ أَوْ كُنتُم مَّرْضَى أَن تَضَعُواْ أَسْلِحَتَكُمْ وَخُذُواْ حِذْرَكُمْ إِنَّ اللّهَ أَعَدَّ لِلْكَافِرِينَ عَذَابًا مُّهِينًا

 

 «Улар ичида бўлсанг-у, уларга намозни қоим қилмоқчи бўлсанг, улардан бир тоифаси сен билан турсин ва силоҳларини ўзларида тутсинлар», деган (102-оят).

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «صَلَاةُ الْجَمَاعَةِ تَفْضُلُ صَلَاةَ الْفَذِّ بِسَبْعٍ وَعِشْرِينَ دَرَجَةً». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا أَبَا دَاوُدَ.

 

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Жамоат намози ёлғизнинг намозидан йигирма етти даража афзалдир», дедилар».

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Саҳобаи киромлар жамоат намозининг ҳижратдан кейин шариатга киритилганига ижмоъ қилганлар.

Аввалги кишилар жамоатнинг такбири таҳримасидан қолсалар, уч кун, жамоатдан қолсалар, етти кун ўзларига таъзия эълон қилар эдилар.

Жамоат билан намоз ўқишнинг ҳикматлари кўп:

Жамоат билан намоз ўқиш намозхонлар орасидаги ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлайди. Куч жамоатда эканини англатади. Ижтимоий боғланиш, ҳамкорликни кучайтиради.

Жамоат намози кишилар ўртасида тенгликни намойиш қиладиган муҳим омилдир. Намозда, ким бўлишидан қатъи назар, ҳамма бир жойда, бир сафда туради, бир хил амални бажаради ва яккаю ягона Аллоҳ таолога банда эканликларини изҳор қиладилар.

Жамоат намози мусулмонларнинг сафлари бир, гап-сўзлари бир эканини кўрсатади.

Намозда жамоат шаклида имомга бўйсуниш, бир мақсадга йўналиш кўринишлари намоён бўлади.

Жамоат намози орқали мусулмонлар бир-бирлари билан танишиб, унсу улфат орттирадилар, яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилишга одатланадилар. Улар жамоат намози туфайли бир-бирларининг ҳолларидан хабар оладилар. Ичларида бемор, мазлум, ҳожатмандлар чиқиб қолса, ёрдам берадилар.

Жамоат намозида қатнашувчилар бир-бирларига ёрдам бериш билан бирга, хатоларини ҳам тузатадилар ва ўз жамиятлари учун керакли яна кўплаб бошқа ишларни ҳам амалга оширадилар.

Имом билан яна бир киши, агар ёш бола бўлса ҳам, намоз ўқиса, жамоат бўлади.

«Кифоя» китобининг биринчи жузи асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. .Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг видолашув ҳажидаги давоми...

3329 15:05 / 21.07.2020
. . Салмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .У кишига .Набийингиз сизларга ҳамма нарсани, ҳатто қандай қазои ҳожат қилишни ҳам ўргатди,, давоми...

4942 14:30 / 15.04.2021
. . . . . Намознинг фарзи таҳрима, қиём, фарзнинг икки ракъатининг ҳар бирида ҳамда витр ва нафлнинг ҳар бир ракъатида бир оят қироат қилиш. Ўша бир давоми...

5575 19:00 / 04.11.2021
. . Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам пешиндан олдинги тўрт ракъатни ва бомдоддан олдинги икки ракъатни ҳеч давоми...

3606 19:00 / 24.02.2023