Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 18 жумадул аввал | 2025 йил 09 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (154-дарс) Намознинг ташқарисидаги фарзлар (учинчи мақола)

18:00 / 30.09.2021 4310 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маконнинг пок бўлиши шартлигига далил:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади:

«Бир аъробий туриб, масжидда бавл қилди. Одамлар унга ёпишиб кетишди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга: «Уни тек қўйинглар ва пешобининг устига бир челак [ёки бир катта челак] сув қуйинглар. Ахир осонлаштирувчи этиб юборилгансиз, қийинлаштирувчи қилиб юборилган эмассиз», дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

Ерга тўшалган нарсага нажосат теккан бўлса, пок ерида намоз ўқиса бўлади.

Нажосатнинг устидан уни тўсувчи нарсани солиб намоз ўқиса бўлади.

Тўшалган нарса қалин бўлиб, остидаги нажосат устига чиқмайдиган бўлса, устида намоз ўқиса бўлади.

Оёқ кийимининг ости нажас бўлса, ечиб, оёғини унинг устига қўйиб жаноза намозини ўқиш жоиз.

Нажас ерга қамалган одам иложи борича нажасдан четланган ҳолда намозни ўқиши фарз.

Авратининг тўсилиши.

«Аврат» сўзи луғатда «нуқсон», «айб» деган маъноларни билдиради.

Шариатда эса беркитилиши вожиб ва назар солиш ҳаром бўлган нарса авратдир.

Авратни тўсиш шартлигига далиллар:

1. Аллоҳ таоло Аъроф сурасида:

«Ҳар бир ибодатда зийнатингизни олинг», деган (31-оят). Яъни «кийимингизни кийинг, авратингизни тўсинг».

2. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ ҳайз кўрувчининг намозини фақат химор (рўмол) ила қабул қилади», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Демак, аёл киши боши ва кўксини тўсиб турувчи кийим, яъни рўмолсиз намоз ўқиши мумкин эмас.

Қиблага юзланиш.

«Қибла» – луғатда «қаршида, рўпарада турган нарса» дегани.

Намозда Каъбаи Муаззама намозхоннинг юзланадиган томонида бўлгани учун «қибла» дейилади.

Намозни қиблага қараб ўқиш шартлигининг далили:

Аллоҳ таоло Бақара сурасида:

«Ва қаердан чиқсанг ҳам юзингни Масжидул Ҳаром томон бур. Қаерда бўлсангиз ҳам юзингизни у томонга буринг», деган (150-оят).

Намоз фарз бўлганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар Каъбага қараб намоз ўқиганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилиб келганларидан сўнг Байтул Мақдис томонга қараб намоз ўқишни бошлаганлар. Қибла ўша томон бўлган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинаи Мунавварага келишлари робиъул аввал ойида бўлган. Қибланинг Каъба томон бурилиши эса ҳижрий иккинчи йили, ражаб ойининг ярмида бўлган. Шу икки муддат ичида Байтул Мақдис қибла бўлиб турган. Сўнг Каъба қибла бўлган.

Демак, Каъбага, у томонга қараб ўқилмаса, намоз намоз бўлмайди.

رَوَى أَبُو دَاوُدَ: أَنَّ يَهُودِيًّا خَاصَمَ أَبَا الْعَالِيَةَ فِي الْقِبْلَةِ، فَقَالَ أَبُو الْعَالِيَةُ: إِنَّ مُوسَى كَانَ يُصَلِّي عِنْدَ الصَّخْرَةِ، وَيَسْتَقْبِلُ الْبَيْتَ الْحَرَامَ، فَكَانَتِ الْكَعْبَةُ قِبْلَتَهُ، وَكَانَتِ الْصَخْرَةُ بَيْنَ يَدَيْهِ. فَقَالَ الْيَهُودِيُّ: بَيْنِي وَبَيْنَكَ مَسْجِدُ صَالِحٍ. قَالَ أَبُو الْعَالِيَةُ: فَأَنَا صَلَّيْتُ فِي مَسْجِدِ صَالِحٍ وَقِبْلَتُهُ إِلَى الْكَعْبَةِ. وَأَخْبَرَ أَبُو الْعَالِيَةُ أَنَّهُ صَلَّى فِي مَسْجِدِ ذِي الْقَرْنَيْنِ وَقِبْلَتُهُ إِلَى الْكَعْبَةِ.

Имом Абу Довуд ривоят қилади:

«Бир яҳудий Абул Олия билан қибла ҳақида тортишиб қолди. Бас, Абул Олия:

«Мусо харсанг тош олдида намоз ўқирди ва Байтул Ҳаромга юзланар эди. Каъба унинг қибласи бўлган. Тош унинг олдида бўлган», деди.

«Сен билан менинг орамизда (ҳукм қилувчи) Солиҳнинг масжиди», деди яҳудий.

«Мен Солиҳнинг масжидида намоз ўқиганман. Унинг қибласи Каъбага қараган», деди Абул Олия.

Абул Олия Зулқарнайннинг масжидида ҳам намоз ўқигани ва унинг қибласи ҳам Каъбага қараганлигининг хабарини берди».

Камина ходимингизнинг ўн етти йил роҳиб бўлиб, кейин мусулмон бўлган бир дўсти насороларнинг Қуддусдаги бош ибодатхонасининг қибласи ҳам Каъбага қарагани ҳақида хабар берган.

Фуқаҳолар намознинг тўғри бўлиши учун қиблага юзланиш шарт эканига иттифоқ қилганлар.

Хавф пайтида ва шаҳар ташқарисида улов устида нафл намоз ўқиш бундан мустасно. Яъни душман, йиртқич ҳайвон хавфи таҳдид солиб турганда ва улов устида кетаётган шахс нафл намоз ўқимоқчи бўлса, қиблага қарамай намоз ўқиса бўлади.

Шу билан бирга, қиблага юзланиш учун қудрат ҳам бўлиши лозим. Боғлаб қўйилган ёки бемор одам ўзини ечиб юборадиган ёки қиблага юзлантириб қўядиган шахсни топмаса, қиблага юзланмай намоз ўқиса бўлади.

Ким Каъбани кўриб турса, унга Каъбанинг ўзига юзланиши фарз. Каъбани кўра олмайдиган одам у томонга юзланса кифоя қилади. Намозхон бадани ва назари билан Каъбага юзланади. Уламолар: «Баъзи бир масжидларнинг қибласи 45°гача ўнг ва чап томонга бурилган бўлса, у масжидда намоз ўқиш жоиз. Лекин 45° ёки ундан ортиқ бўлса, жоиз эмас. Чунки бунда намозхон қибла тарафдан бошқа тарафга юзланиб қолган бўлади», деганлар.

(Давоми бор)

«Кифоя» китобининг биринчи жузи асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан риовят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ҳомиланинг ҳомиласини сотишни ман қилдилар. Бу жоҳилиятдаги бор савдо эди. давоми...

6072 05:00 / 17.01.2017
Академиянинг таъсис санаси 1989 йил.Ўрни Нюделҳи, Ҳиндистон.Бош муассис Марҳум қози Мужоҳид Ислом Қосимий.Академия бош котиби Шайх Холид Сайфуллоҳ давоми...

5202 14:05 / 07.11.2019
. . ,. . Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Бир киши .Аллоҳга қасамки, эй Аллоҳнинг Расули, фалончининг чўзиб давоми...

4620 18:20 / 01.09.2022
1. Маййитнинг бобоси унинг отаси туфайли ҳажбга учрайди. Шунингshyдек, яқин бобо узоқ бобони тўсади.2. Маййитнинг ота бир, она бир акаукалари унинг отаси, ўғли ва ўғил давоми...

2222 19:23 / 07.10.2019