1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Мерос илмида «авл» тушунчаси (учинчи мақола)

11:03 / 11.05.2020 1722 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Авл бўладиган масалалар

Асли олти улушдан иборат бўлган масалаларга мисоллар:

– Эркак кишининг ортидан момоси, она бир синг­лиси, туғишган синглиси ва ота бир синглиси қолди.

Момога олтидан бир, она бир сингилга олтидан бир, туғишган сингилга ярим, ота бир сингилга олтидан бир қисми тегади.

Масаланинг асли олти улушдан иборат бўлади. Момога бир улуш, она бир сингилга бир улуш, туғишган сингилга уч улуш, ота бир сингилга бир улуш. Авл йўқ.

— Эр кишининг ортидан момоси, икки она бир синглиси, туғишган синглиси ва ота бир синг­лиси қолди.

Момога олтидан бир, икки она бир сингилга учдан бир, туғишган сингилга ярим, ота бир сингилга олтидан бир улуш тегади.

Масаланинг асли олти улушдан иборат бўлади. Момога бир улуш, икки она бир сингилга икки улуш, туғишган сингилга уч улуш, ота бир сингилга бир улуш – ҳаммаси бўлиб, етти улуш. Авл бўлиб қолди.

Шунинг учун момога еттидан бир, иккита она бир сингилларга еттидан икки, туғишган сингилга еттидан уч ва ота бир сингилга еттидан бир улуш тегади.

Бу мисол асли олти бўлган масаланинг еттига авл бўлиши қандай эканлигини кўрсатди.

Асли олти бўлган масала саккизга ҳам авл бўлади.

Аёл кишининг ортидан эри, икки туғишган синглиси ва онаси қолди. Бунда:

Эрига мероснинг ярми, икки туғишган синглисига учдан икки қисми, онасига олтидан бир қисми тегади.

Масаланинг асли олти. Эрга уч улуш, икки туғишган сингилга тўрт улуш, онага бир улуш – ҳаммаси саккиз улуш. Бу ерда олтидан саккизга авл бўлди. Энди эрга саккиздан уч, икки туғишган сингилга саккиздан тўрт ва онага саккиздан бир улуш тегади.

Асли олти бўлган масала тўққизга ҳам авл бўлади.

Аёл ортидан эри, икки туғишган синглиси ва иккита она бир синглиси қолди. Бунда:

Эрига ярим, икки туғишган синглисига учдан икки, икки она бир синглисига учдан бири тегади.

Масаланинг асли олти улуш. Эрга уч, икки туғишган сингилга тўрт ва иккита она бир сингилларга икки улуш тегиши лозим. Бунда ҳаммаси тўққиз улуш бўлади. Демак, масала олтидан тўққизга авл бўлди.

Эрга тўққиздан уч, икки туғишган сингилга тўққиздан тўрт ва она бир сингилга тўққиздан икки улуш тегади.

Гоҳида асли олтидан бўлган масала ўнга ҳам авл бўлади.

Аёл кишининг ортидан эри, икки туғишган синглиси, икки она бир синглиси ва онаси қолди. Бунда:

Эрига ярим, икки туғишган синглисига учдан икки, икки она бир синглисига учдан бир, онасига олтидан бири тегади.

Эрга уч, икки туғишган сингилга тўрт, иккита она бир сингилларга икки ва онага бир улуш тегиши лозим.

Бунда улушлар сони ўнтага етади. Масала олтидан ўнга авл бўлди. Эрга ўндан уч, икки туғишган сингилга ўндан тўрт, икки она бир сингилга ўндан икки ва онага ўндан бир улуш те­гади.

Бу масала мерос илмида «Шурайҳия масаласи» номи билан машҳурдир. Чунки бу масалани маш­ҳур қози Шурайҳ ечганида қизиқ ҳодиса бўлган. Ўшанда ўндан уч улушни олган эр турли диёрларга бориб, «Боласи йўқ хотин ўлиб, ортидан эри қолса, меросдан қанча олади?» деб сўрай бошлаган. Ҳамма унга «Ярим» деб жавоб берган. Эр эса «Шурайҳ менга яримни ҳам, учдан бирни ҳам бермади», деган. Шунда қози Шурайҳ уни ушлатиб келиб, таъзирини берган ва: «Нотўғри гап айтибсан. Авлни беркитибсан. Бу масалани мендан олдин одил имом Умар ибн Хаттоб ҳам ечган эди», деган.

Асли ўн икки бўлган масала ўн учга авл бўлади.

Эркак кишининг ортидан хотини, икки туғишган синглиси ва она бир синглиси қолди. Бунда:

Хотинига мероснинг тўртдан бир, икки туғишган синглисига учдан икки, она бир синглисига олтидан бир қисми тегади.

Масаланинг асли ўн икки. Онага уч, икки туғишган сингилга саккиз ва она бир сингилга икки улуш тегиши лозим. Ҳаммаси ўн уч бўлади. Масала ўн иккидан ўн учга авл бўлди.

Онага ўн учдан уч, икки туғишган сингилга ўн учдан саккиз ва она бир сингилга ўн учдан икки улуш тегади.

Гоҳида масала асли ўн иккидан ўн бешга авл бўлади.

Аёл кишининг ортидан эри, икки қизи, онаси ва отаси қолди. Бунда:

Эрига тўртдан бир (3), икки қизига учдан икки (8), онасига олтидан бир (2), отасига олтидан бир (2).

Масаланинг асли ўн икки эди. Аммо бу ҳолатда ўн бешга авл бўлди.

Демак, эрига ўн бешдан уч, икки қизига ўн бешдан саккиз, онасига ўн бешдан икки, отасига ўн бешдан икки улуш тегади.

Гоҳида масаланинг асли ўн иккидан ўн еттига авл бўлади.

Эр кишининг ортидан хотини, икки туғишган синглиси, икки она бир синглиси ва онаси қолди. Бунда:

Хотинига тўртдан бир (3), икки туғишган синглисига учдан икки (8), икки она бир синглисига учдан бир (4), онасига олтидан бир (2).

Масаланинг асли ўн икки эди. Аммо бу ҳолатда ўн еттига авл бўлди.

Бунда хотинига ўн еттидан уч, икки туғишган синглисига ўн еттидан саккиз, икки она бир синглисига ўн еттидан тўрт, онасига ўн еттидан икки улушдан тегади.

Асли йигирма тўрт бўлган масала йигирма еттига авл бўлади.

Бу ҳолда фақатгина бир дона авл бўлади. У ҳам бўлса, «Минбария масаласи»дир.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Fусл, сўзи луғатда бирор нарсанинг устидан сув оқизишни англатади.Шариатда эса Аллоҳ таолога қурбат ниятида баданнинг ҳаммасига сув оқизишга .ғусл, давоми...

4168 13:01 / 13.08.2020
Аллоҳ таоло Бақара сурасида .Ва сендан нимани нафақа қилишни сўрарлар. Сен .Ортиқчасини,, деб айт,, деган 219оят. Яъни .Ўз ҳожатидан ортиқча молларини инфоқ давоми...

607 19:00 / 11 июль
4. Она томонидан бўлган момо ва ҳоказо.5. Ота томонидан бўлган момо ва ҳоказо.Ушбу икки томондан бўладиган момолардан мерос олиш ҳаққи борлари .саҳиҳ момо, деб давоми...

1914 11:04 / 02.03.2020
. . . . . Қуёш тутилганда жуманинг имоми одамлар билан икки ракъат нафл намоз ўқийди. Иккисида қироатни махфий ва узоқ қилади. Сўнгра то қуёш давоми...

1696 19:00 / 20.04.2023