1446 йил 19 жумадис сони | 2024 йил 21 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳий ихтилофлар ҳақида

05:00 / 17.01.2017 4328 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ақийда бўйича аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг йирик намоёндалари бўлган фиқҳий мазҳаблар имомларининг ҳар бири ўзига хос фиқҳий ижтиҳод қилганлари ва қуйида зикр қилинадиган бошқа сабабларга кўра фиқҳий мазҳабларда хилма-хиллик юзага келган. Буни баъзи кишилар динга зарар келтирувчи шахсий ихтилофлар деб ўйлайдилар ва ўзларича танқид қиладилар, қоралайдилар. Гоҳ-гоҳида фиқҳий мазҳабни инкор қилиб мазҳабсизликка чақирувчилар ҳам чиқиб туради. Улар доимо жуда ҳам озчиликни ташкил этиб, маълум бир тоифага мансуб кишилар бўлади. Бундай кишилар, асосан, фиқҳдан бехабар, илм остонасига эндигина қадам қўйган ёки ҳақиқий илмдан бебаҳра қолган одамлар бўлади. Улар ўзларича фиқҳий мазҳабчиликни айб ва нуксон деб биладилар, ўз фикрларини исботлаш мақсадида ҳатто улуг масҳаббоши имомларга тил теккизишгача етиб борадилар

Бу ҳакда Робитатул Оламил Исломия фиқҳ академияси мудири, фазийлатли доктор Аҳмад Муҳаммад Мукрий ўз мақолаларидан бирида шундай ёзадилар: «Вақти-вақти билан Ислом фиқҳини ўз илмлари ила бойитган мужтаҳид имомлар, атоқли уламоларга қарши танқидларни эшитиб турамиз. Одатда, бундай танқидлар, уламоларни танқид қилиш у ёқда турсин, балки уларнинг мазҳаблари, усуллари ва қоидаларига назар солишга қурби етмайдиган, эндигина талаби илмни бошлаётган кишилар тарафидан бўлади».
Бу фикрни уламоларнинг ҳаммалари қўллаб-қуввтлайдилар. Аввал ҳам, ҳозир ҳам ғайратли уламолар фиқҳий масҳабларни инкор қилувчи тоифа ва шахсларга раддиялар бериб келишган. Жумладан, Суриялик машҳур олим Муҳаммад Саид Рамазон Бутий мазҳабсизликка чақирувларни Исломдаги энг хатарли бидъат, деб билдилар. У киши мазҳабсизликни динсизликка олиб борувчи кўприк, деб атйдилар. Бошқа уламолар ҳам шу қабилдаги фикрларни қувватлайдилар. Мазҳабни инкор қилувчилар: «Қуръон ва суннат турганда уларга амал қилмай, яъни Аллоҳнинг ва унинг пайғамбарининг айтганини қилмасдан, Абу Ҳанифанинг айтганини қиламизми?» дейишади. Шунингдек, улар мазҳаблар пайғамбар (с.а.в.) вақтида бўлмаган, демак, бидъат нарса, шунинг учун унга амал қилиш керак эмас, дейдилар. Яна улар, мазҳаблар ихтилофга сабаб бўлади, шунинг учун уларни инкор қиламиз, дейишади ва ҳакозо.
Ўз навбатида мазҳаб тарафдорлари ҳам мухолифларга қаттиқ зарба берадилар. Уларни турли айблар билан айблайдилар. Оқибатда орада келишмовчилик, уруш-жанжал чиқади. Ҳозирги пайтда ҳам шундай ҳолатлар учрайди.
Аслини олганда, илмий қарашлар орқали бундай ихтилофларнинг олдини олса ёки уларга барҳам берса бўлади.
Аввало, фиқҳий мазҳабга амал қилиш, Қуръон ва суннатни тарк қилиб, ўзимизга ўхшаш бир инсоннинг айтганига амал қилиш дегани эмас. Фиқҳий мазҳабларимиз раҳнамолари аҳли сунна вал жамоа ақидавий мазҳабининг кўзга кўринган алломаларидир. Улар ақида бобида ҳеч қандай хилоф иш килганлари йўқ, қилишлари мумкин ҳам эмас. Демак, шундай катта уламолар кишиларни Қуръон ва суннатга амал қилмай, ўзларининг фикрларига чорлашлари, умуман, мантиққа тўгри келмайди. Фиқҳий мазҳаб имомлари Қуръон ва суннатни кишиларга осонлик билан тушунтирган ва уларга амал қилиш йўлларини мусулмонларга ўзига хос услуб билан баён қилиб берган алломалардир. Улар ҳеч қачон ўзларига ортиқча илоҳийлаштириш ёки қандайдир устунликни талаб қилмаганлар. Балки, ўз меҳнатлари, илм, одоб ва тақволари билан мусулмонлар эҳтиромига сазовор бўлган зотлардир.
Уламоларимиз, фиқҳий мазҳаб имомларини ва уларнинг ишларини қуйидаги мисол билан тушунтирадилар: бу дунёдан яхши яшаб, яхши ўтиш ҳудди тоғнинг чўққисига эсон-омон чиқишга ўхшайди. Қуръон ва суннат ўша чўққига чиқишни кўрсатадиган харита ва қўлланма. Мазҳаб имомлари эса ушбулардан фойдаланиб, чўққига чиқишнинг энг осон ва бехатар йўлини топиб, белги қўйиб, осонлаштириб қўйган кишилар. Фиқҳий мазҳабларни инкор қилувчилар эса ўша тоғнинг тагига келиб, харита ва қўлланмани олиб, ўзига янги йўл топиб, чўққига чиқишга ҳаракат қилаётган одамга ўхшайди. Илми, кучи, имконияти бўлса чўққига чиқиш эҳтимоли бор. Бўлмаса қулайди. Чўққига чиқишга ёрдам берадиган илм, куч ва имконият эса, камида мазҳаббоши имконига тенг ёки ундан кўпроқ бўлиши керак. Энди тушунарли бўлган бўлса керак.
Мазҳаблар пайғамбар (с.а.в.) вақтларида бўлмаган, деган эътироз ҳам шунга ўхшаш. Бу гапни ақийда, ибодат бобида айтса бўлади. Аммо услуб, тушуниш, баён қилиш бобида тўғри келмайди. У вақтда Қуръон китоб шаклида бўлмаган, барча Қуръонларни куйдирайлик дейилмайди-ку?! Шунингдек, тавсир, ҳадис каби илмлар, уларга тегишли китоблар ва яна кўп нарсалар бўлмаган.
Мазҳабдаги ихтилофларга келсак, бу алоҳида масала. Аввал қайд қилинганидек, ақийда бобида ихтилоф дуруст эмас, шунинг учун бу нарса Қуръон ва суннатда тўлиқ баён қилинган. Шунингдек, динимизни асл рукнларида ҳам ихтилоф дуруст эмас. Буни ҳам Қуръон ва суннатда баёни келган. Ҳеч ким ижтиҳод ҳам қила олмайди, ихтилоф ҳам. Ҳеч ким беш вакт намозни тўрт ёки олти вақт бўлишини айтмаган ёки ҳажни зулҳижжадан бошқа ойга кўчириш, Арафотдан бошка жойда вуқуф қилишни ўйлаб ҳам кўрмайди. Биз фиқҳий ихтилофлар деб айтаётган масалалар давр, жамият, ҳаёт тарзи ўзгариши билан ўзгариб турадиган баъзи шаклиёт нарсаларда, холос. Ва бу нарсаларда турли туманлик бўлишининг ўзи табиийдир. Бу борадаги ихтилоф зарардан кўра фойда келтиради. Уламоларимиз пайғамбарнинг (с.а.в.): «Умматимнинг ихтилофи раҳматдир», деган ҳадисларини худди шу фиқҳий ихтилофларга тегишли, дейдилар.
Дунё собит ва ўзгарувчан нарсалардан иборат. У собит нарсаларнинг саботи ва ўзгарувчан нарсаларнинг ўзгариши билан обод. Ўзимиз яшаб турган ер куррасини олиб кўрайлик. Унда катта, маълум ва машҳур уммонлар, қурукликлар, денгизлар ва юксак тоғлар бор. Улар собит турадилар. Ўзгарувчан бўлсалар бўлмайди. Шунингдек, мазкур нарсалар билан бирга яна сой ва дарёлар, кичик дарахтзорлар, ер майдонлари ва ҳакозолар бор. Улар ўзгараиб туради. Чунки ҳаёт ўзи шуни тақозо қилади. Дунё уларнинг ўзгариши билан обод.
Ҳудди шунингдек, динда ҳам собит нарсалар бор. Улар ўзгарувчан бўлиши мумкин эмас. Масалан, акийда масалалари. Бугун Аллоҳга ёки бошқа иймон келтириш лозим бўлган нарсаларга ишониб туриб, кейин уни ўзгартириб бўлмайди. Шунингдек, диннинг рукни ҳисобланган, асосни ташкил этган нарсалар ҳам собит бўлади. Бундоқ масалаларни Аллоҳ таоло ўзи батафсил баён қилиб, инсоннинг аралашувига йўл қўймаган.
Ҳаёт ўзгариши билан ўзгариб турадиган масалаларни эса бўш қўйиб, мусулмонларни ақлларини ишлатиб, ижтиҳод килишларига йўл очиб берган. Фиқҳ уламолари асосан ҳудди шу масалаларда ижтиҳод қиладилар. Уларнинг ҳужжат ва далилларни тушуниш даражалари, масалани ҳал этиш услубларига қараб ижтиҳодларининг натижаси турлича чиқади. Биз эса буни ихтилоф демокдамиз.
Улуғ мужтаҳидларимиз Қуръони Карим ва суннати набавия асосида, шариат қоидаларини маҳкам тутиш билан бирга, ҳар замон ва маконга салоҳияти бор Ислом дининг ғоялари, мақсадлари, инсонларнинг имконлари ва эҳтиёжларини ҳам ҳисобга олиб, иш юритганлар. Келинг, бу фикрни тасдиқлаш учун бир мисол келтирайлик.
Фиқҳий китобларимизда олди-сотди масалаларига кенг ўрин берилади. Чунки, бу иш асосан ризқ топишга қаратилган, ризқнинг ҳалол бўлиши учун эса иш шариатга мувофиқ бўлиши керак. Савдода «хиёр» деган нарса бор. Яъни бир киши бирор нарсани сотиб олса, ўзаро келишувга биноан, маълум муддатда савдодан айниб, сотиб олган нарсани эгасига қайтариб бериш ихтиёри «хиёр» дейилади. Бу жуда кенг масала бўлиб, фиқҳ китобларида батафсил муҳокама қилинади. Шу бобда «харидор сотиб олган кийимни хиёр даврида қора рангга бўяб қўйса, сўнг эгасига қайтариб берса, қора рангга бўягани нуқсонми ёки зиёда, фазлми?» деган савол тушган. Шунга биноан қора рангга бўяш нуқсон бўлса, қайтиб бераётиб сотувчига нуқсоннинг ҳақини кўшиб бериши, зиёда бўлса, ўз ҳаққини сотувчидан олиши керак.
Ушбу саволга жавоб излаб эски фиқҳ китобларига мурожаат қилсак, баъзиларида, хиёр вактида қорага бўяш зиёдадир, дейилган, бошқаларида эса бу иш нуқсон, деб баҳоланган. Бир саволга икки хил жавобни кўриб, яна жиғийбийрон бўласиз, одийгина саволга икки хил жавоб, фақиҳлар ихтилоф қилгани дунёга келган эканлар ўзи, дейсиз. Лекин шошманг, азизларим, олдин мазкур китоблар кимники ва қачон ёзилгани ва бошқа маълумотларни ўргансангиз, ҳамма нарса равшан бўлади. Фақиҳларни айблашга шошмаслик керак, улар ҳужжат, далилсиз иш қилмайдилар. Кийимни қорага бўяшни зиёда ва фазл ҳисоблаган уламолар аббосийлар ҳукмронлиги даврида яшаган зотлар. Маълумки, аббосийлар қора рангни ўзларига шиор қилиб олган эдилар. Қора рангли нарса у даврда қадрли ҳисобланар эди. Шунинг учун ҳам ўз даврининг талабларидан келиб чиқиб, кийимни хиёр вактида қорага бўяш зиёда ва фазлдир, деб фатво берганлар. Уларга қарама-қарши фатво чиқариб, кийимни қорага бўяш айб ва нуқсондир, деган уламолар аббосийларга мухолиф ҳукмдорлар даврида яшаганлар. Улар ҳам ўз шароитларидан келиб чиқиб фатво берганлар. Демак, икки тарихнинг фатвоси ҳам ўз замонаси учун тўғри ва уринли. Бунинг нимасини ихтилоф дейишимиз мумкин?
Шунингдек, уламоларимиз фатво чиқаришда ўзлари яшаб турган юрт ва жамиятнинг шарт-шароитларини ҳам эътиборга олганлар.
Мисол учун имоми Шофеъий Ҳижозда яшаб турган пайтларида маълум фатволар чиқарган масалалар бўйича Мисрда яшаб турганларида мутлақо ўзгача фатволар чиқарганлар. Буни ҳам ихтилоф деб бўлмайди.
Сиз билан бизга ихтилоф бўлиб кўринаётган нарсаларнинг ўзига яраша сабаблари бор. Бу нарсалар алоҳида китобларда батафсил баён қилинган. Оммабоп рисоламизда эса бир-икки кичик мисол келтириш билан кифояланамиз.
Ҳаммангизга маълум ва машҳурки, таҳоратда бошга масҳ тортиш фарз. Ҳамма бошига масҳ тортади. Аммо фиқҳ имомлари бу масаланинг энг нозик жиҳатларигача ўрганишган. Одамлар тарафидан тушган ёки тушиши мумкин бўлган: «Бошнинг қанча қисмига масҳ тортиш фарз?» деган саволга жавоб беришган. Ана шунда жавоблари икки ҳил чиққан. Имом Абу Ҳанифа: «Бошнинг тўртдан бир қисмига масҳ тортиш фарз», десалар, Имом Шофеъий: «Ҳаммасига масҳ тортиш фарз», деганлар. Хўш, бунга нима сабаб бўлди? Аллоҳ таоло Қуръонда таҳоратнинг баёнида: «Вам сахуу би руъусикум» - «Ва бошларингизга масҳ тортинг», деган. Имом Абу Ҳанифа «би руъусикум»даги «бо» ҳарфи араб тили қоидалари бўйича «баъзи» маъносини англатади, шунинг учун оятнинг маъноси, бошингизнинг баъзисига масҳ тортинг, дегани бўлади. Баъзи дегани тўртдан бири дейишга сабаб эса пайғамбаримиз бир жойда таҳорат қилганларида саллалари остидан бошларининг олд қисмига масҳ тортганликлари ривоят қилинган, дейдилар.
Имом Шофеъий эса, «би руъусикум»даги «бо» ҳарфи араб қоидаси бўйича илсоқни, яъни ёпишишни билдиради. Оятнинг маъноси бошингизга қўлингизни ёпиштириб масҳ тортинг, дегани бўлади, пайғамбар (с.а.в.) ҳам доимо бошларининг ҳаммасига масҳ тортиб юрганлар», дейдилар.
Амалда эса, шофеъий мазҳабидаги кишилар ҳам, ҳанафий мазҳабидаги кишилар ҳам бошларининг ҳаммасига масҳ тортадилар. Имомларнинг баҳси эса мужаррадий илмий баҳс, баъзан ўрни келганда ишлатиш учун заҳийра бўлиб колади. Шунга ўхшаш, араб тили қоидалари, ҳарфларнинг далолатлари асосида фақиҳларимизда турлича тушунишлар бошқа масалаларда ҳам бўлган.
Талоқ қилинган аёл идда ўтириши лозимлигини ҳамма билади. Аммо идданинг муддати ҳақида бир мазҳаб уламоларидан сўрасангиз, уч марта ҳайз кўргунча деса, иккинчи мазҳаб уламолари, уч марта ҳайздан поклик муддати ўтиши керак, дейишади. Масала битта бўлса, нима учун жавоб ҳар хил? Ёки далиллар ҳар хилми? Далилга келсак, икки томон учун ҳам Аллоҳнинг: «Вал муталлақоту ятараббасна би анфусиҳунна саласата қуруъ» - «Талоқ қилинган аёллар ўзларига уч қуруъ кутадилар», деган ояти каримасидир. Жавобнинг турлича бўлиши «қуруъ» сўзидан келиб чиққан. Бу сўз араб тилида икки маънони, ҳам ҳайз ва ҳам ҳайздан поклик маъноларини англатади. Демак, имомларнинг айримлари ўша сўздан бир ҳайз маъносини олиб, идданинг муддати талоқдан сўнг уч ҳайз кўргунча кутиш деса, бошқалари поклик маъносини олиб, идданинг муддати уч марта ҳайздан поклик муддатининг ўтиши деганлар. Албатта, уламолар бу маъноларни ўзларича ёки гапим бошқаникига ўхшаб қолмасин, деб эмас, балки қўшимча кучлантирувчи далиллар асосида олганлар.
Демак, шу ва шунга ўхшаш сабаблар туфайли фиқҳ уламоларимиз мазҳабларида ўзига хослик ва турли-туманликлар келиб чиққан. Илм ва уфқ доираси етарли кишилар буни оддий бир ҳолат, турли-туман инсонлар яшайдиган жамиятда бўлиши табиий ва қолаверса, аввал айтиб ўтилганидек, мусулмон уммати учун раҳмат деб тушунилган. Чунки, оғир аҳволга тушиб қолганда бир мужтаҳиднинг фатвосида жавоб топилмаса, иккинчисиникидан топилади ва ҳакозо.
Лекин, минг афсуслар бўлсинки, баъзи уфқ доираси тор, мутаассиблар бу ҳолатдан жанжал ва келишмовчиликлар чиқаришган ва мусулмонларга катта зарар етказишган.
Буни кўрган учинчи бир тоифалар эса фиқҳни ва фиқҳий мазҳаб бошлиқларини, уларга эргашганларни танқид қилишган. Фиқҳни ва фиқҳий мазҳаб бошлиқларини уларга эргашганларни қоралаганлар. Фиқҳни умуман тарк этишни даъват қилишган.
Нима бўлса ҳам, фиқҳ ҳаётий зарурат сифатида ривожланиб бораверган. Модомики, ҳаёт ўзгарар экан, модомики, дунё шундай тузилган экан, мусулмонларнинг доимо фақиҳларга иши тушиб туради. Бу эса, ўз навбатида фақиҳларни илмий изланишга, баҳсга чорлайди.
Шундай қилиб, Қуръон ва суннат, шариат қонунлари асосида қоидалар ишлаб чиқилди. Сонсиз-саноқсиз китоблар ёзилди. Турли фиқҳий қомуслар яратилди. Натижада мусулмон уммати фиқҳ уламолари, инсоният тарихидаги энг катта ва энг бой илмий меросга эга бўлди. Улар ҳаётда содир бўлган масалалардан ташқари, содир бўлиши мумкин масалаларни ҳам ҳал қилиб қўйган жойлари бор.
Фақиҳларимиз қолдирган бу мерос ҳамманинг таҳсинига сазовор бўлди. Ғайридин халқлар ҳам ўз қонунчиликларида исломий фиқҳдан фойдаланишди. Ҳаммалари бир овоздан фақиҳларимизга таҳсинлар ўқишди. Ўзини билганлар ҳозир ҳам шундай қилмоқчилар. Янгигина бир мисол: 1993 м. сананинг биринчи ярмида, Доғистон жумҳурияти пойтахти Махачқаъла шаҳрида Русия қонуншуносларининг анжумани бўлиб ўтди. Анжуманда Русиянинг турли минтақаларидан қонуншунос, олим, вазир ва мутахассислар иштирок этдилар. Асосий масала никоҳ, талоқ, мерос, нафақа каби ишлардаги қонунчилик ва унинг ҳаётдаги ҳозирги ҳолати ҳакида бўлди. Анжуман қатнашчилари бир овоздан Русияда мазкур масаладаги қонунлар ночорлиги, талабга жавоб бермаслиги ва бошқа бир чора-тадбирлар зарурлиги ҳақида гапирдилар. Мутахассислар эса, бу масалаларда исломий қонунларни ўрганиб чиққанликларини, мусулмон давлатларга бориб тажриба ўрганганликларини айтиш билан бирга, Русияда ҳам, аввало, мусулмонлар яшайдиган минтақаларда бу қонунларни жорий қилиш, кейинчалик эса ҳаммага тадбиқ қилишни таклиф этдилар. Бу таклифни анжуман иштирокчилари қабул қилдилар.
Бас, шундай экан, исломий фиқҳнинг эгалари бўлмиш биз мусулмонлар, бу улуг меросни эъзозлашимиз, ўрганишимиз ва ундан фойдаланишимиз зарур. Бу илмнинг асосчилари, устозлари бўлмиш улуг фақиҳларимизга доимо ҳурмат назари билан қараш ва ҳақларига яхши дуолар қилиш бизнинг бурчимиз.
Уламоларимиз бугунги кунда фиқҳий масҳабларга амал қилиш янада аҳамиятли бўлганини таъкидламоқдалар. Чунки, фиқҳий мазҳабга амал қилиш ҳозирда турли ихтилофлар ва келишмовчиликларнинг олдини олиб, ҳамма ўз мазҳабига амал қилган ҳолда ўзга масҳабларни ҳам ҳурматлашга сабаб бўлади.
Бу масалада бугунги кунда ихтилоф, асосан, мазҳабни тан олмасликдан келиб чиқмоқда. Мазҳабни инкор қилувчиларнинг гап-сўзлари ва тасарруфлари кўпчиликни норози қилмоқда. Уларга: «Сиз айтгандай мазҳабни қуйиб, бевосита Қуръон ва суннатдан ҳукм чиқаришга илмимиз етмаяпти, нима қилайлик?» дейилса, «Менга келинглар, тушунтириб қўяман» дейдилар «ёки фалончи устозимизга боринглар», дейишади. Фалончилар ўз навбатида ихтилоф килишади. Натижада бир босиб ўтилган йўлни яна бошлашга тўғри келади.
Шунинг учун ҳам уламоларимиз «ижтиҳод даражасига етмаган кишилар муайян бир мазҳабни ушлаши лозим», дейдилар. Шундай қилишганда ихтилофдан сақланади. Шунингдек бошқа мазҳабларга ва уларга эргашганларга ҳурмат билан қараш лозим. Бир ишда бир мазҳабга, иккинчи бир ишда бошқасига эргашиш дуруст эмас. Буни уламолар «талфиқ» дейдилар. Балки, бир мазҳабни иҳтиёр қилиб, унга эргашиш лозим. Уламоларимиз, ҳатто бирор киши илми юқори даражага етиб, мазҳабларнинг далилларини солиштириб, кучлисини аниқлаш даражасига етган одам ҳам бировларга бу ҳақда гап қўзғатмасин, фатво бермасин, шахсий амал қилса рухсат, дейишади. Буларнинг ҳаммаси мусулмонлар орасида ихтилоф чикармаслик учун қурилган чора-тадбирлар. Бундай чоралар айниқса оммавий диний илмсизлик ҳукм сураётган бизнинг юртимизга ўхшаш жойларда жуда ҳам зарур. Кези келганда, мусулмонлар жамиятининг доимо фиқҳга эҳтиёжи борлигини яна бир бор таъкидламоқчиман. Ҳар бир мусулмон ибодатини ва муаммоларини шариат конунлари асосида олиб бориши лозим. Бу конунларни ўргатиш учун эса фиқҳ керак. Эски уламоларимиз қолдириб кетган улкан фиқҳий меросдан самарали фойдаланишимизнинг ўзи етмайди. Чунки, аввал таъкидлаганимиздек, ҳаёт ўзгариб туради. Шу туфайли янгидан-янги масалалар пайдо бўлиб туради. Бу масалаларга тўғри жавоб топишда фиқҳ керак бўлади. Гапни чўзиб ўтирмасдан бир икки мисол келтирайлик.
Авваллари бировнинг қонини иккинчи одамга қуйиш, бир кишининг аъзосини бошқа бир одамга кўчириб ўрнатиш ёки эркак кишининг уруғлигини олиб, уни махсус тарновчада урчитиб, сўнгра аёл кишининг бачадонига ўрнатиш каби ишлар, умуман, бўлмаган. Балки, бировнинг ҳаёлига ҳам келмаган. Шунинг учун эски фиқҳий китобларни ҳаммасини бирма-бир варақлаб чиқсак ҳам бу масалаларга жавоб топа олмаймиз. Ҳаёт эса бу масалаларга жавоб беришни тақозо қилади. Демак, яна фиқҳга ишимиз тушади.
Шунинг учун ҳам Ислом мамлакатлари уюшмаси ҳузурида ва «Робитатул Оламил Исломий» ташкилоти қошида биттадан Ислом фиқҳи академияси ишлаб турибди. Уларда ҳар бир Ислом давлатидан вакиллар бор. Янги пайдо бўлган масалалар, аввало, академия аъзоларига алоҳида ўрганиш учун тақдим қилинади. Сўнгра академиянинг йиллик мажлисида, керакли соҳа мутахассислари иштирокида бу масалалар муҳокама қилинади ва керакли фатволар чиқарилади. Баъзи аъзоларнинг алоҳида фикрлари бўлса унга ҳам ишора қилинади.
Шу йўл билан масалалар ихтилоф ва жанжалсиз ҳал қилиниб келинмоқда. Демак, аҳли сунна вал жамоа ақийдасидаги фиқҳий мазҳаблар, ҳар қандай ихтилофларни четлаб ўтсалар бўлар экан.
Бунинг учун кенг бағрли, тушунган ва етарли илмий савияга эга бўлиш зарур...

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Авл бўладиган масалаларАсли олти улушдан иборат бўлган масалаларга мисолларndash Эркак кишининг ортидан момоси, она бир сингshyлиси, туғишган синглиси ва ота бир давоми...

1742 11:03 / 11.05.2020
Инсониятга икки дунё саодатини кафолатлаш учун уммийлар орасида уларнинг ўзларидан уларга оятларини ўқиб берадиган, уларни поклайдиган ва уларга Китоб ва давоми...

4893 05:00 / 18.01.2017
Савол ўқишга ёки мансабга оид ёхуд шунга ўхшаш ишлардаги имтиҳонларда фирибгарлик қиладиган кишилар ҳақида диннинг ҳукми қандай Бизга жавоб берсангиз. Аллоҳ давоми...

2993 05:00 / 04.03.2017
. . ,. . Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Бир киши .Аллоҳга қасамки, эй Аллоҳнинг Расули, фалончининг чўзиб юбораётгани давоми...

6360 19:00 / 08.09.2022