1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Бир-биримизга меҳрибон бўлайлик

11:00 / 13.11.2023 3029 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Машҳур хусусий кўз клиникаларидан бирида «Пул бермасанг сенга қиё ҳам боқмаймиз» шиори остида халққа «буюк хизмат» қилинган экан. Даставвал, мижоз регистрациядаги ўтирган хонимчаларга учрабди. Улар мижознинг исм ва фамилиясини сўраб, компьютерга киритибдилар, клиникадаги саргузаштлар ана шундан кейин бошланибди. Мижоз кассага тўлов қилиб, квитанцияни олгач, соатлаб навбати келишини кутибди. Ора-орада шифокорни олдига кириб, кўзига бирор-бир нарса қилишини эслатибди. Шифокор: «Ҳа, кўзингизга дори томизиш керак», деб беморни муолажа хонасига олиб кириб, дорини томизибди-да, яна навбатга чиқариб юборибди. Мижоз яна тиббий текширувдан ўтиш учун соатлаб навбатни давом эттирибди. Навбати келган бемор шифокор текширувидан ўтгандан сўнг, шифокор ҳеч нарсани аниқлай олмаганини, шунинг учун эртага ҳам келиб фалон пулга анализ топшириб, текширувдан ўтиш кераклигини айтибди. Ўзи шундоқ ҳам қиммат тиббий текширувлар, соатлаб навбат кутишлар, шифокорнинг беэътиборлиги мижознинг қонини қайнатган, эртага ҳам анализ топширишни эшитганида баттар асаби бузилган экан. Эртаси куни ҳам мижоз ўша клиникага бориб, регистрация, касса, икки баравар пул тўлови, шифокор текширувини давом эттирибди. Бироқ мижозни шу пайтда моддий имконияти чегараланиб, шифокордан «Доктор, ҳозир ёнимда пулим камроқ, узоқдан келганман. Агар мумкин бўлса, текширувни ўтказсангизу, қолган тўловни эртага берсам», деб илтимос қилибди. Шунда ўша доктор мутлақо мижоз кутмаган жавобни берибди: «Мен сизни текширмайман».

Афсуски, бугунги кунда оқ халатли фидокор инсонлар орасида бу шарафли касбга номуносиб бўлганлари ҳам учраб туради. Бу каби номуносибларга пул берсангиз, сиз ва сизга ўхшаган беморларга хушомад билан муомала қилишади. Борди-ю, ўзи шундоқ ҳам давлатдан маош оладику, деб пора бермасангиз, бечора бемор, эътибордан четда қолиб кетади. Шу ўринда юқоридагига ўхшаш яна бир воқеа ёдга тушади.

Ўспирин ёш йигит мотоциклни ҳайдаб, телефонда гаплашиб борар эди. Аллоҳнинг қазои қадари билан тез келаётган машинага урилади-да узоқ масофага отилиб, ерга қаттиқ зарба билан йиқилади. Ён атрофдагилар қий-чув қилиб: «Тез тиббий ёрдамни чақиринглар, мусибатга учраган йигитга ёрдам беринглар», дейдилар. Шунда Ислом дини ахлоқи билан безанган бир йигит келди-да, автофалокатга учраган ўспиринни машинасига ортиб, яқин орадаги хусусий шифохонага олиб борди. Шифохонага кирар экан: «Шифокор қаерда, биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатувчилар қаерда, йигитга тезроқ ёрдам беринглар», деб чақирарди. Бу гапларни эшитган шифокор совуққонлик билан: «Фалокатга учраган йигит ким ўзи, исми нима?», деб сўради.

Олиб келган йигит: «Кимлигини билмайман, оғриқдан инграётган эди, юзи қонга беланган, таниб бўлмайди», деди.

Шунда шифокор олиб келган йигитга: «Аввал бориб, кассага учранг, йигитни бу ерга олиб киришдан олдин 25 минг риёлни тўланг», деди.

Йигит: «Бу бечоранинг чўнтагида пули йўқ экан», деди.

Шифокор: «Биз бу беморни қабул қила олмаймиз, унга тиббий ёрдам кўрсатолмаймиз, шифохонанинг тартиб-қоидалари шунақа», деди.

«Тиббий хизмат кўрик харажатларини мен тўлайман, фақат ёнимга пул олмаган эдим, сизлар бунга биринчи тиббий ёрдам бераверинглар, мен уйга бориб пулни олиб келаман, тезроқ бўлинглар, шошилинглар, йигит кўп қон йўқотяпти, ҳалок бўлиши мумкин», деди беморни олиб келган инсон.

Шунда шифокор эрмак қилиб, мазах қилган оҳангда: «Пул бўлмаса, беморни қабул қила олмаймиз», деди.

Ана шунда беморни олиб келган йигитнинг ғазаби чиқиб: «Виждон борми ўзи сизларда, инсонийликчи?! Сизларда виждон ҳам, қалб ҳам, масъулият ҳам, қадр-қиммат тушунчаси йўқ экан», деб бақирди. Йигит ўзини тутиб тура олмай, шифокорга таҳқир назари билан қараб, уни ҳақоратлаб, юзига туфлаб юборди.

Кейин йигит беморни кўтарганча давлат шифохонасига олиб кетди. У ерда шифокорлар автофалокатга учраган йигитга биринчи тиббий ёрдамни кўрсата бошлашди. Аммо бу уринишларнинг бари самарасиз якунланди. Ўсмир, ёш бемор йигит омонатни топширган эди. Шифохона йўлаклари бир муддат вақт сукунатга чўмди. Шу пайт автоҳалокатга учраган йигитнинг телефони жиринглаб қолди. Беморни олиб келган йигит телефонни олиб, гаплаша бошлади. У ёқдаги овоз: «Гапириётган ким? Кимсиз? Телефоннинг эгаси қаерда? Нега унинг телефонига сиз жавоб беряпсиз?», деди.

Йигит: «Сиз ким бўласиз, синглим?», деди.

У ёқдаги овоз: «Унинг бўлажак турмуш ўртоғиман», деб жавоб берди.

Йигит: «Бу телефон эгасининг исми ким эди?», деб сўради.

Қиз: «Нега сўраяпсиз, ўзи қаерда?», деди.

Йигит: «Афсуски, у шифохонада, автофалокат юз берди. Мен йигитнинг отаси билан гаплашмоқчиман. Отаси қаерда? Ким ўзи у одам?», деб сўради.

Қиз: «У хусусий клиниканинг эгаси ва шифокори», деб йигитнинг отасини таништирди.

Йигит: «Ундай бўлса, отасига хабар берсангиз, биз давлат шифохонасидамиз», деб илтимос қилди.

Вафот этган ўсмирнинг отасига ўғли шифохонада эканлигининг хабари берилди. У дарҳол ўша шифохонага қўнғироқ қилиб: «Ўзимнинг хусусий клиникамга олиб кетгунимча биринчи тез тиббий ёрдамни кўрсатинглар», деди. Кўп ўтмай, отанинг ўзи ҳам шифохонага етиб келди ва: «Ўғлим қаерда?», деб сўради. Шифокорлар: «Аллоҳ ажрингизни зиёда қилиб берсин, аллақачон вафот этди», дейишди.

Ота улардан: «Ўғлимни ким олиб келди, қани у?», деб сўради. Атрофда турганларга бирма-бир назар солиб, ўзининг юзига туфлаган йигитни ҳам кўриб қолди. Билдики, ўғлини у олиб келган. «Стресс ҳолатга тушиб қолган ота ўғлини олиб келган йигитга қараб: «Демак, сен...???».

Йигит: «Ҳа, доктор...»

Ота ўзини тутиб тура олмай, ҳўнграб йиғлаб юборди ва «Болажоним, сени ўлдирган менман», дер эди.

Ҳа, бечора ўғлини у раҳбарлик қилаётган клиникага олиб борилган эди. У эса бемор ўғли эканини билмай, уни қувиб солган эди. Натижада, қалбига энг яқин ва азиз инсони бўлган ўғлидан айрилди. Бунга сабаб эса пулни яхши кўргани эди. Баъзан пул инсонга мана шундай душманлик қилиб ҳам қўяди. Аллоҳ асрасин!

Аллоҳ таоло барчамизни ўз касбимизга нисбатан масъулиятли бўлишимизни насиб этсин, дунёга муҳаббат қўйиш балосидан асрасин ва барча беморларга комил шифо берсин!

Аллоҳ таоло ўз касбига садоқат билан ёндашиб, беморларга фидоийлик билан хизмат қилаётган шифокорларнинг ажр-мукофотларини кўпайтириб берсин!

Нозимжон Ҳошимжон таржимаси

Хуршид Маъруф тайёрлади

Муаллиф
Хуршид Маъруф
Таржимон
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сафарларимдан бирида ёнимга бир йигит келиб ўтирди ва ўзини таништирди. Ёзган китобларим учун ташаккурлар айтди. Сўнгра ўзининг қиссасини бошлади.Авваллари, ndash давоми...

3423 16:53 / 18.12.2023
Раҳимберди ndash ўрта бўй, қора соч, қоши бироз ёйсимон, кўзлари катта, қиррабурун, қизғиш ёноқлари лўппи, думалоқ юзли, кулгичли, хушчақчақ, оқишдан келган олти ёшли давоми...

2810 09:03 / 04 март
Людовик XIV даврида ўлимга ҳукм қилинган маҳбуслардан бири қалъанинг чекка бир бурчагидаги махсус изоляторда ҳибсда эди. Маҳбуснинг қатл этилишига бор йўғи бир давоми...

8761 10:20 / 19.05.2022
Мурид шайхидан сўради .Нафс ўтини қандай ўчирамиз,.Шайх деди .Беҳожатлик билан, беҳожат бўл болам. Ким бировлардан нарса сўрашни тарк қилса эга бўлади,..Инсонлар давоми...

2448 11:00 / 28.07.2021