Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 6 рабиъус сони | 2024 йил 09 октябрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (126-дарс). Истеҳоза ва узрлиларнинг ҳукмлари

13:56 / 04.03.2021 2706 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(иккинчи мақола)

Бу ҳукмларни фақиҳларимиз қуйидаги далиллардан олганлар:

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: اعْتَكَفَ مَعَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ امْرَأَةٌ مِنْ أَزْوَاجِهِ، فَكَانَتْ تَرَى الصُّفْرَةَ وَالْحُمْرَةَ، وَرُبَّمَا وَضَعْنَا الطَّسْتَ تَحْتَهَا وَهِيَ تُصَلِّي . رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالْبُخَارِيُّ وَالنَّسَائِيُّ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«У киши:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан у зотнинг завжаларидан бир аёл эътикоф ўтирди. У (аёл) сарғиш ва қизғиш (қон) кўрар эди. Гоҳида, у намоз ўқиётганида остига тоғора қўйиб қўяр эдик», дедилар».

Абу Довуд, Бухорий ва Насоий ривоят қилишган.

عَنْ عِكْرِمَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَتْ أُمُّ حَبِيبَةَ تُسْتَحَاضُ، فَكَانَ زَوْجُهَا يَغْشَاهَا.

Икрима розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Умму Ҳабиба истеҳозали бўлар, эри эса унга яқинлик қиларди».

وَعَنْهُ: أَنَّ حَمْنَةَ بِنْتَ جَحْشٍ كَانَتْ مُسْتَحَاضَةً، وَكَانَ زَوْجُهَا يُجَامِعُهَا. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Ҳамна бинти Жаҳш мустаҳоза эди. Унинг эри унга яқинлик қиларди».

Иккала ривоятни Абу Довуд келтирган.

Кимга фарзнинг вақти ўтмасидан истеҳоза, бурун қонаши ёки шуларга ўхшаш бетаҳоратлик етиб туриши одат бўлиб қолган бўлса, бунинг сабабидан ҳар фарзнинг вақтига таҳорат қилади ва у билан ўша вақтда хоҳлаганича фарз ёки нафлни ўқийверади.

Соҳиби узрнинг таърифи:

«Доимий ел келадиган, бурни қонайдиган, жароҳат ва турли хил тошмаларидан доимий сув чиқиб турадиган, простатит касаллигига дучор бўлиб, бавл томчилаб турадиган ёки аёллардаги шамоллаш туфайли ҳидли суюқликлар ёки истеҳоза келиб турадиганлар узр соҳиблари дейилади. Булар икки қисмга бўлинадилар:

1. Уларнинг узри бир намознинг кириш-чиқиш вақтини тўлиқ эгалламайди; 

Яъни бир намоз вақти киргандан то чиқиб кетгунича узрдан холи ҳолатда, таҳорат олиб, намознинг фарзини ўқишга имкон топа оладилар. Бу тоифадагилар шаръий соҳиби узр саналмайдилар.

Буларнинг ҳукмлари: ҳар намоз(фарз, қазо, нафллар)-ни таҳорат билан ўқийдилар, намоз ўқиётган пайтда узри келса, намози фосид бўлади, қайта таҳорат қилиб, давом эттираверади.

Агар суннат ва мустаҳабларни риоя қилиш натижасида таҳорати кетиб қолаверса, уларни енгиллаштириб, фарзини таҳорат билан ўқиши зарурдир.

2. Уларнинг узри бир намознинг кириш-чиқиш вақтини тўлиқ эгаллайди;

Узр бир намознинг кириш-чиқиш вақтини тўлиқ эгаллашидан мурод бундай узр эгалари бир намоз вақти киргандан то чиқиб кетгунича узридан холи ҳолатда, таҳорат олиб, намознинг фарзини ўқишга имкон топа олмайдилар. Бундай кишилар шаръий соҳиби узр саналадилар.

Унинг узри фарз намозининг тўлиқ вақтини эгаллайди, яъни фарз намозининг тўлиқ вақтида бетаҳоратликдан халос бўлиб, таҳорат қилишга ва фарзни ўқишга вақт топа олмайди. У шаръий соҳиби узр саналади.

Бу аввалда соҳиби узр ҳукмида бўлишга қўйилган шартдир. Соҳиби узр ҳукмида қолиш учун эса бир намоз вақтининг бирор жузида бир марта бўлса ҳам узрнинг топилишидир». (Роддул Муҳтор). 

Соҳиби узр бўлган ёки бўлмаганликни билиб олиш йўли:

Улар тажриба учун энг қисқа намознинг вақти, масалан, шомни танлайдилар ва қуёш ботиши билан то қизил шафақ йўқ бўлгунича бир марта таҳорат олиб, фақат шомнинг фарзини адо қила оладиган вақт топишга ҳаракат қиладилар. Масалан, таҳорат олиб, уч ракъат фарзни ўқишга ўн дақиқа вақт кетади (ундан кам ёки кўп бўлиши ҳам мумкин). Агар улар шом вақти кириб, то шом вақти чиққунича ўн дақиқа пок ҳолда туролмай, таҳорати кетиб қолаверса, соҳиби узр саналадилар ва қолган намозларда ўн дақиқа покликни кутиб ўтиришлари шарт эмас. Балки бир намоз вақти кириб, то чиқиб кетгунича бир марта бўлса ҳам узри топилса бўлди. Шаръий соҳиби узрга айлангач, модомики ҳар намоз вақтида бир марта бўлса ҳам таҳорати кетиб турар экан, бундай киши соҳиби узр ҳукмида қолади.

Агар тўлиқ бир намоз вақтида бирор марта ҳам узр содир бўлмаса, яъни ел чиқмаса, бавл томчиламаса, суюқлик келмаса, соҳиби узрлик ҳукми бекор бўлади. Масалан, шом вақти кирганидан то чиқиб кетгунича узр содир бўлмасдан, намоз ўқишга имкон пайдо бўлган бўлса, соҳиби узрликдан чиқади.

Доимий равишда ел чиқиб туриши, пешоб оқиб туриши, яраси қонаб туриши каби ҳолатлар ҳам мазкур ҳолатларга қиёс қилинади. Мазкур ҳолатга мубтало бўлган кишилар ҳар намознинг вақтига бир таҳорат қилиб олиб, ўша намознинг вақти чиққунча таҳоратли одамга жоиз бўлган ишларни қилаверади.

عَنْ عَائِشَةَ قَالَتْ: جَاءَتْ فَاطِمَةُ بِنْتُ أَبِي حُبَيْشٍ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَتْ: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنِّي امْرَأَةٌ أُسْتَحَاضُ فَلَا أَطْهُرُ، أَفَأَدَعُ الصَّلَاةَ؟ فَقَالَ: «لَا، إِنَّمَا ذَلِكِ عِرْقٌ وَلَيْسَ بِالْحَيْضَةِ، فَإِذَا أَقْبَلَتِ الْحَيْضَةُ فَدَعِي الصَّلَاةَ، وَإِذَا أَدْبَرَتْ فَاغْسِلِي عَنْكِ الدَّمَ وَصَلِّي». وَفِي رِوَايَةٍ: قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «إِذَا أَقْبَلَتِ الْحَيْضَةُ فَدَعِي الصَّلَاةَ، وَإِذَا أَدْبَرَتْ فَاغْسِلِي عَنْكِ الدَّمَ وَصَلِّي». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Фотима бинти Абу Ҳубайш Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, мен истеҳоза бўламан, пок бўлмайман. Намозни қўяманми?» деб сўради. Ул зот:

«Йўқ! Албатта, у томир узилганидандир, ҳайз эмас. Қачон ҳайз келса, намозни қўй. Қачон у кетса, ўзингдаги қонни ювиб ташлаб, намозни ўқийвер», дедилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон, ҳайз келса, намозни қўй. Қачон, у (кунлар) ўтиб кетса, ўзингдан қонни ювиб, намозни ўқийвер», дедилар», дейилган.

Бешовлари ривоят қилишган.

Бундай таҳоратни қуёш чиқишига ўхшаш вақтнинг чиқиши синдиради.

Мисол учун, узрли шахс бомдод учун таҳорат қилди. Унинг таҳорати қуёш чиқиши билан синади. Қуёш чиққандан кейин қилган таҳорати билан пешинни ўқиса бўлади.

Заволга ўхшаш вақтнинг кириши эмас.

Заволдан олдин таҳорат қилган узрли шахснинг таҳорати завол бўлиб, пешиннинг вақти кириши билан эмас, пешиннинг вақти чиқиши билан синади. Лекин пешин вақтининг охирида аср учун таҳорат қилса, аср вақти кириши билан таҳорат синади. Бу аср вақти киргани учун эмас, балки пешин вақти чиққани учундир. Шом, хуфтон ва бомдод ҳам шундай.

(Тамом)

«Кифоя» китобининг биринчи жузидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қодир Аллоҳдан мадад сўраган ҳолимизда сўзни .закот,нинг таърифидан бошлаймиз. .Закот, сўзи луғатда .поклик, ва .ўсиш, деган маъноларни билдиради. Закот берган давоми...

606 19:00 / 30 май
Авл бўлмайдиган масалаларАсли икки бўлганда авл бўлмаслигига мисолларndash Аёл кишининг ортидан эри ва туғишган синглиси қолди.Бунда масаланинг асли икки бўлади. давоми...

1649 12:30 / 05.05.2020
бешинчи мақола . Сафвон ибн Ассол розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга мусофир бўлган давоми...

3099 13:00 / 21.01.2021
. Намозхоннинг ихтиёрисиз таҳорати кетса, дарҳол таҳорат қилиб, намозини охирига етказади. Гарчи ташаҳҳуддан кейин бўлса ҳам. Янгидан бошлаш афзалдир. давоми...

2485 00:00 / 04.11.2022