Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (208-дарс) Намозни бузувчи нарсалар (иккинчи мақола)

00:00 / 09.12.2022 3381 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

6. Акса урганга соғлик тилаш.

Намозхон акса урган кишига «Ярҳамукаллоҳ», деса, намози бузилади. Чунки бу нарса одамлар орасида урф бўлган каломдир. Акса урганга соғлик тилаш намозни бузиши ҳақида ҳадис ҳам келган. 

7. Каломга зикр билан бўлса ҳам жавоб бериш.

Мисол учун, намозхон ўзига хурсандчилик ҳақида хабар етганда «Алҳамдулиллааҳ», деса, намози бузилади.

8. Имомидан бошқага луқма бериш. 

Намозхон ўз имомидан бошқа кимсага, чунончи, қироатда адашиб қолган одамга луқма берса, намози бузилади.

Чунки имомдан бошқага луқма бериш таълим қаторига киради. Шунингдек, намоздан ташқаридаги киши қироат қилаётган имомга луқма берса ва имом луқмани қабул қилса, барчанинг намози бузилади.

Шунингдек, агар имом бошқа оятга ўтиб кетган бўлса, олдинги адашган оятини луқма берса, луқма берувчининг намози бузилади. Агар имом унинг ноўрин луқмасини олса, унинг ҳам намози бузилади. Саҳиҳ гап бузилмайди.

Имомга луқма бериш жоизлигига далил:

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم صَلَّى صَلَاةً فَقَرَأَ فِيهَا فَلُبِسَ عَلَيْهِ، فَلَمَّا انْصَرَفَ قَالَ لِأُبَيٍّ: «أَصَلَّيْتَ مَعَنَا؟» قَالَ: نَعَمْ، قَالَ: «فَمَا مَنَعَكَ؟». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَابْنُ حِبَّان وَلَفْظُهُ: «فَمَا مَنَعَكَ أنْ تَفْتَحَ عَليَّ؟». 

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир намозда қироат қилаётиб, илтибосга (шубҳага) тушиб қолдилар. Ўқиб бўлганларидан кейин Убайга: 

«Биз билан намоз ўқидингми?» деб сўрадилар. 

«Ҳа», деди.

«Нима сени ман қилди?» дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган. Ибн Ҳиббоннинг лафзида: 

«Сени менга луқма беришдан нима ман қилди?» дедилар», дейилган.

9. Мусҳафга қараб қироат қилиш. 

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг наздида Мусҳафга қараб қироат қилган намозхоннинг намози бузилади. Чунки бу иш кўп амалга қўшилади.
Абу Юсуф ва Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳимонинг наздида Мусҳафга қараб қироат қилган намозхоннинг намози бузилмайди, чунки намоз ҳам, қироат ҳам ибодатдир. Аммо бу иш аҳли китобнинг иши бўлгани учун макруҳ бўлади.

Мактубга назар солиб, ундаги маънони англаса, намози бузилмайди.

10. Нажасга сажда қилиш.

Чунки сажда намознинг бир бўлагидир. Бир бўлаги бузилган намознинг ўзи ҳам бузилади. 

Шунингдек, нажас икки тизза ёки кафт қўйиладиган жойда бўлса ҳам намоз бузилади.

(Давоми бор)


«Кифоя» китобининг биринчи жузи асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Исломда аёл кишига бирор кишини нафақа билан таъминлаш мажбурияти юклатилмайди. Аёлнинг ўзига, фарзандларига, оиласига эри сарф қилади. Шунингдек, оила қуриш давоми...

2764 15:33 / 02.03.2019
учинчи мақола10. Тартибли қилмоқ.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо тартибли равишда, таҳоратнинг амалларини бирини олдинга, бошқасини кейинга сурмай давоми...

5417 13:00 / 02.07.2020
. .Унинг суннатлари эса икки қўлини ва фаржини ювмоғи ҳамда нажосатни кетказмоғи. Сўнг икки оёғини қолдириб таҳорат қилмоғи. Кейин баданига уч марта давоми...

5077 13:02 / 20.08.2020
. ,. . Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким кечанинг охирида тура олмасликдан қўрқса, унинг давоми...

4422 18:00 / 10.06.2021