Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 8 рабиъус сони | 2024 йил 11 октябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (88-дарс). «Поклик» араб тилида «таҳорат» дейилади

14:00 / 04.06.2020 4373 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Китоб» сўзи «ёзиш» ўзагидан олинган бўлиб, «ёзилган» деган маънони англатади. Бир тўп ёзилган варақларнинг муқова орасига олингани «китоб» деб ишлатиб келинган.

Аслида эса у кенгроқ маънони ифодалайди. Қуръони Каримнинг номларидан бири ҳам «Китоб»дир. Исломда «Аллоҳнинг Китобида», «Китоб ва Суннатда» каби иборалардаги «Китоб» Қуръон демакдир.

Шунингдек, Ислом адабиётида бир неча фасл ва бобларни ўз ичига олган бир мавзу ҳақидаги маълумотлар тўпламини ҳам «китоб» деб аташ одат бўлиб қолган. «Ҳаж китоби», «Рўза китоби» кабилар шу жумладандир.

Фиқҳ китобларининг барчалари «Поклик китоби»дан бошланади. Фиқҳ илмида баҳс юритиладиган масалаларнинг энг муҳими бўлган намознинг калити бўлгани учун ҳам, поклик ҳақидаги китоб бошқаларидан аввал келтирилади.

«Поклик» араб тилида «таҳорат» дейилади. Араб тилидаги китобларда бу мавзу «Таҳорат китоби» деб аталади. Аммо бизда асосан намоз ўқиш учун бажариладиган, арабча «вузуъ» деб аталадиган покланиш амалини «таҳорат» де­йиш одат бўлиб қолгани учун «Таҳорат китоби»ни «Поклик китоби» деб атадик.

«Поклик» – «таҳорат» сўзи луғатда «тозалик» ва «озодалик» маъносини англатади.

Шариатда эса ғусл, таяммум каби асосан намоз ўқиш учун керак бўлган покланиш ишларига таҳорат дейилади.

Исломда поклик иймондан ҳисобланади. Ислом поклик ва покланиш ишларига ўта жиддий назар билан қарайди. Дунёда Исломдан бошқа ҳеч бир дин, тузум ёки фалсафа покликни, озодаликни иймон иши даражасига кўтармаган.

Исломда эса бу нарса иймон иши бўлиши билан бирга, поклик бўлмаса, банданинг ибодати ҳам қабул бўлмайди. Исломда барча ибодатларнинг қабул бўлиши учун аввало банданинг қалби, нияти пок бўлиши керак.

Қолаверса, ибодатларнинг қабул бўлиши учун инсоннинг бутун танаси, кийим-боши ва ҳатто ибодат жойи ҳам пок бўлиши шарт. Пок бўлганда ҳам, каттаю кичик, кўзга кўринадигану кўринмайдиган барча нопокликлардан холи бўлиши керак. Ана шундай покликка эга бўлмаган банда Аллоҳга ибодат қила олмайди. Яъни намоз ҳам ўқий олмайди, Қуръонни – Мусҳафни ҳам ушлай олмайди.

Исломда ибодатларнинг қабул бўлиши уларнинг поклик асосида адо этилишига боғлиқ. Бизда поклик йўлида қилинган ҳар бир иш юқори баҳоланади ва уни қилган кишига улкан ажр-савоблар, олий мартабалар бор.

«Кифоя» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Моликий мазҳаби асосчиси имом Абу Абдуллоҳ Молик ибн Анас ибн Молик ибн Аби Омир алАсбаҳий ҳижрий 93 санада таваллуд топдилар.У кишининг оналари фозила, оқила аёл давоми...

8231 11:32 / 17.10.2018
Шом қадимдан илммаърифат маркази бўлиб келган. У ерда кўплаб анбиёлар яшаб ўтган. Бу ўлканинг одамлари Исломга кирганларидан кейин уни шавқу завқ билан ўргана давоми...

6230 11:01 / 12.12.2018
Таъзия билдириш маййит аҳлига тасалли бериш, уларни сабрга чақириш, қазои қадарга рози бўлишга тарғиб қилиш ва ажр олишга ундаш ила бўлади. Таъзия уч кунгача давоми...

1080 19:00 / 19 апрель
Маълумки, Ҳанафий мазҳабига оид китоблар бир хил мартабада эмас. Бу китоблар уч даражага бўлинади.Биринчи даража.Бу даражадаги китоблар .Усул, деб аталади.Улар яна давоми...

3160 13:30 / 30.04.2020