1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

УМУМИЙ ФИҚҲИЙ ИСТИЛОҲЛАР

05:00 / 18.01.2017 3876 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бошқа илмлардаги каби фиқҳ илимда ўзига хос истилоҳлар бор. Мазкур истилоҳларни яхшилаб тушуниб олиш кишига фиқҳни англаб етишда катта ёрдам беради. Қуйида ўша истилоҳларнинг баъзилари билан танишамиз.

1. Фарз.
Шариат қилишни жазм ила шубҳасиз қатъий далил биланталаб қилган иш фарздир. Бунга қуйидаги мисолларни келтириш мумкин;
Қуръони Карим ила собит бўлган фарз амалга Исломнинг беш рукнига ўхшаш амаллар киради.
Мутавотир ва машҳур суннат ила собит бўлган фарзга намозда қироат қилиш мисол бўлади.
Ижмоъ ила собит бўлган фарзга тўрт хил таом – буғдой, арпа, хурмо ва туз – ларни баъзиларини баъзиларига насияга сотиш ҳаромлиги.
Фарз амални қилиш лозим ва лобуддир. Уни қилган одам савоб олади. Фарзни қилмаган одам осий бўлиб иқобга қолади. Фарзни инкор қилган кофир бўлади.
2. Вожиб.
Шариат қилишни жазм ила аммо қатъий бўлмаган далил билан талаб қилган амалдир. Фитр садақаси, Витр намози ва икки ийд намозлари вожиб амаллардир.
Вожиб амални қилиш лозим ва лобуддир. Уни қилган одам савоб олади. Лекин вожибнинг савоби фарзникидан озроқ бўлади. Вожиб амални қилмаган одам осий бўлиб иқобга қолади. Лекин унинг иқоби фарзни қилмаганнинг иқобидан озроқ бўлади. Вожибни инкор қилган кофир бўлмайди.
Ҳанафий мазҳабидан бошқа мазҳаблар фарз ва вожибни бир нарса деб тушунадилар ва иккисини қўшиб вожиб деб атайдилар. Аммо ҳанафий мазҳаби юқоридаги дақиқ фарқни эътиборга олиб иккисини алоҳида ҳукмлар деб биладилар.
3. Суннат.
Шариат қилишни жазм бўлмаган ҳолда талаб қилган, уни қилган одам савоб олиб, қилмаган мазаммат қилинмайдиган амал суннат дейилади.
Бунинг мисоли қарз олди бердисини васиқа сифатида ёзиб қўйиш ҳақидаги ҳукм.
Суннат амални қилган одам савоб олади. Уни тарк қилган одам иқоб қилинмайди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маломатларига ва итобларига қолиши мумкин.
Ҳанафийлардан бошқалар суннатни мандуб, нафл, мустаҳаб, татоввуъ, эҳсон ва ҳасан каби номлар билан ҳам атайдилар.
Ҳанафийлар эса суннат билан мандуб ва мустаҳабнинг орасида фарқ бор дейдилар.
Суннат таъкидланган амал бўлиб, динда лузимсиз аммо уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимий равишда қилиб юрганлар ва аҳёнан узрсиз тарк қилгандирлар.
Мандуб ёки мустаҳаб бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимий қилмаган амаллардир.

Ҳанафийлар суннатни бир неча турга тақсимлайдилар;

1. Суннати муаккада. Жамоат намозига ўхшаш амаллар.
2. Суннати машруъа. Душанба ва пайшанба кунлари рўзасини тутишга ўхшаш амаллар.
3. Суннати зоида. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг емоқ – ичмоқлари, кийинишлари, юришлари, ухлашларига эргашмоққа ўхшаш ишлар.
4. Ҳаром.
Шариат тарк қилишни шубҳасиз қатъий далилга суяниб жазм ила талаб қилган нарса ҳаромдир.
Одам ўлдириш, ароқ ичиш, зино ва ўғрилик қилиш кабилар.
Ҳаромдан четда бўлиш фарздир.
Уни қилган одам уқубатга сазовор бўлади.
Ҳаромни маъсият, гуноҳ каби исмлар билан ҳам аталади.
Ҳаромни инкор қилган одам кофир бўлади.
5. Макруҳи таҳримий. (Ҳаром ҳисобланадиган макруҳ).
Шариат (Оҳод хабарларга) қатъий бўлмаган далил ила тарк қилишни жазм ила талаб қилган нарса макруҳи таҳримий бўлади. Бунга бировнинг савдоси устига савдо қилиш ёки совчилиги устига совчилик қилиш, эркакларнинг ипак ёки тилло истеъмол қилиш каби ишлар мисол бўлади.
Ҳанафийларда макруҳи таҳримийни қисқа қилиб макруҳ деб қўйилади. Уларнинг наздида макруҳи таҳримий ҳаромга жуда яқин нарса ҳисобланади. Аммо уни инкор қилган киши кофир бўлмайди.
6. Макруҳи танзиҳий. (Озодалик макруҳи).
Шариат тарк қилишни жазм бўлмаган ва уқубат таъйин қилмаган ҳолда талаб қилган нарса макруҳи танзиҳийдир. Бунга мушук ва йиртқич қушлар теккан сувдан таҳорат қилиш, суннати муаккада ишларни тарк қилишлар мисол бўлади.
Макруҳи танзиҳийни тарк қилган одам савоб олади. Уни қилган одам иқобга учрамаса ҳам маломатга қолади.
7. Мубоҳ.
Шариат томонидан мукаллаф кишига қилиш ёки қилмаслик ихтиёри тенг берилган нарса мубоҳдир. Емоқ ёки ичмоққа ўхшаш нарсалар. Модомики ҳаромлиги ёки ман қилингани ҳақида ҳукм келмаган барча нарсалар мубоҳдир.
Мубоҳ нарсани қилганга ҳам қилмаганга ҳам савоб ҳам итоб ҳам йўқ. Аммо мубоҳ нарсани қилмаслик ҳалокатга олиб борадиган бўлса, уни қилиш вожибга айланади. Мисол учун таом емаслик ўлимга сабаб бўладиган бўлса, уни емоқ вожибга айланади.
8. Шарт.
Бир нарсанинг вужудга келиши унга боғлиқ бўлган ва ўзи ўшандан ташқаридан бўлган нарса шартдир. Мисол учун таҳорат намознинг шартларидан биридир. Таҳорат бўлмаса намоз вужудга келмайди. Аммо таҳорат намоздан ташқарида қилинади.
9. Рукн.
Бир нарсанинг вужудга келиши унга боғлиқ бўлган ва ўзи ўшандан бир бўлак бўлган нарсадир. Мисол учун сажда намознинг рукнларидан биридир. Сажда бўлмаса намоз вужудга келмайди. Шу билан бирга сажда намознинг бир бўлаги бўлгани учун унинг ичида қилинади.
10. Адо.
Қилиниши лозим бўлган нарсани шариатда белгиланган вақтда қилишни адо дейилади.
11. Қайта қилиш.
Қилиниши лозим бўлган нарсани белгиланган вақт ичида иккинчи марта қилишга қайта қилиш дейилади.
12. Қазо.
Қилиниши лозим нарсани белгиланган вақтидан кейин қилишни қазо дейилади.
Имом Бухорий ва Муслимлар Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ким намозидан ухлаб қолса ёки уни эсдан чиқариб қўйган бўлса, эслаганда уни ўқиб олсин. Унинг бундан бошқа каффороти йўқдир», деганлар.
Ухлаб қолган ва эсдан чиқарган одамга дангасалик ёки қасд ила намозни тарк қилган одам қиёс қилинади. Чунки намознинг фарзлиги ҳар доим зиммада бордир. Фарз нарсани қилинмагунча зиммадан тушмайди.

Ҳанафий мазҳабининг баъзи истилоҳлари

1. Зоҳирир ривоя.
Имом Абу Ҳанифа, Абу Юсуф ва Муҳаммадларнинг кучли қавллари.
2. Имом.
Имом Абу Ҳанифа..
3. Шайхони – икки шайх.
Имом Абу Ҳанифа. ва Абу Юсуф роҳматуллоҳи алайҳилар.
4. Торафони – икки тараф.
Имом Абу Ҳанифа. ва Муҳаммад роҳматуллоҳи алайҳи
5. Соҳибони – икки соҳиб.
Имом Абу Юсуф ва Муҳаммад роҳматуллоҳи алайҳимолар.
6. Соний – иккинчи.
Имом Абу Юсуф роҳматуллоҳи алайҳи
7. Солис – учинчи.
Имом Муҳаммад роҳматуллоҳи алайҳи
8. Лафз уники.
Яъни, лафз Абу Ҳанифаники.
9. Лафз иккисиники.
Яъни, лафз имом Абу Юсуф ва Муҳаммадларники.
10. Асҳобларимиз.
Имом Абу Ҳанифа, Абу Юсуф ва Муҳаммадлар.
11. Машойихлар.
Имом Абу Ҳанифани кўрмаган уламолар.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Савол ўқишга ёки мансабга оид ёхуд шунга ўхшаш ишлардаги имтиҳонларда фирибгарлик қиладиган кишилар ҳақида диннинг ҳукми қандай Бизга жавоб берсангиз. Аллоҳ давоми...

2994 05:00 / 04.03.2017
Санодан кейин қўлини кўтариб, уч марта такбир айтади. Иккинчи ракъатда қироатдан кейин такбир айтади. Бу икки жумлада одатда одамлар кўп адашадиган ҳукмлар зикр давоми...

1625 19:00 / 14.12.2023
.Ўнгдан бошламоқ ва бўйинга масҳ тортмоқ..Мухтасар,нинг муаллифи ижтиҳоди бўйича, таҳоратнинг юқорида зикр этилган мустаҳаб амали бор. Бошқа ҳанафий уламолар давоми...

4197 13:05 / 09.07.2020
Хамрнинг ҳаром қилинишидан кўзланган ҳикмат нима эди, хамрнинг ҳаром қилиниши тарихи қандай бўлган Хамрнинг ҳаром эканига қандай ҳужжатдалиллар бор Шу ва шунга давоми...

5300 05:00 / 04.03.2017