1446 йил 9 рабиъус сони | 2024 йил 12 октябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фарзандларнинг мероси (учинчи мақола)

15:33 / 02.03.2019 2211 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Исломда аёл кишига бирор кишини нафақа билан таъминлаш мажбурияти юклатилмайди. Аёлнинг ўзига, фарзандларига, оиласига эри сарф қилади. Шунингдек, оила қуриш вақтида ҳам куёв маҳр беради, келин маҳр олади. Аёл кишининг, фарзандларнинг яшаш жойи, таоми, кийими, таълим-тарбияси ва даволанишлари учун кетадиган сарф-ҳаражатлар ҳам эрнинг зиммасига тушади. Аёлга шунча шароитларни яратиб бериб туриб, яна унга меросдан улуш берса, Ислом адолатсизлик қилган бўладими?!

Энди ўғил билан қизнинг меросни бўлиб олишлари ва ундан кейин ҳосил бўладиган ҳолатни уламоларимиз келтирган қуйидаги мисолда кўриб чиқайлик:

«Бир киши вафот этди. Орқасидан бир ўғил, бир қиз ва уч минг динор пул қолди. Ислом шариати ҳукми бўйича, ўғил икки минг динор, қиз минг динор олади. Бу иш адолатсизликми ёки аксинчами?

Бу саволга жавоб беришдан олдин уларнинг кейинги қиладиган тасарруфларини бир кўриб чиқайлик.

Агар ўғил ва қиз оилали бўлмасалар, оила қуришга киришдилар, дейлик. Ўғил отасидан қолган икки минг динорни келинга маҳр учун берди. Энди турар жой, тўй харажатлари, оиланинг сарф-ҳаражатлари учун пул топиши керак.

Қиз эса унга уйланмоқчи бўлган куёвдан икки минг динор маҳр олди. Уни отасидан олган минг динорга қўшиб, жамғармасига қўйиб қўйди ва куёв тайёрлаган турар жойга бориб, унинг нафақасига яшай бошлади. Хўш, кимга осон-у, кимга қийин? Ким адолатли-ю, ким адолатсиз?!

Айтайлик, отасидан мерос олган ўғил ҳам, қиз ҳам оилали эдилар. Ўғил олган икки минг динорини ўз оиласига сарфлаши керак. Чунки шариат ҳукми бўйича, оиланинг барча нафақалари унинг зиммасида. Қиз эса олган минг динорни жамғармасига қўшиб қўяди. Хоҳласа, хайр-эҳсон қилиши, хоҳласа, кўнгилхушлигига сарфлаши мумкин. Чунки Ислом шариати унинг зарурий нарсаларини эри таъминлашини белгилаб қўйган.

Шунга ўхшаш ҳолатни ўғил ва қиз қайси ҳолатда бўлсалар ҳам учратаверамиз. Ўғил қайси ҳолатда бўлса ҳам зиммасида нафақа, сарф-харажат қилиш бурчи бор. Қиз қайси ҳолатда бўлса ҳам унинг зиммасида ҳеч қандай молиявий сарф-харажат бурчи йўқ.

Аллоҳнинг мерос тақсимлаши қанчалик адолатли эканлиги энди равшан кўринган бўлса керак.

2. «Агар улар иккитадан кўп аёл бўлсалар, уларга у (маййит) қолдирган нарсанинг учдан иккиси».

Яъни бир киши вафот этиб, ортидан фақат қиз фарзандлар қолса-ю, улар иккитадан кўп бўлсалар, улар мероснинг учдан икки қисмини баробар бўлиб оладилар. Қолгани бошқа меросхўрларга тегади.

«Агар фарзандлар иккита қиздан иборат бўлсалар-чи?» дерсиз. Улар ҳам мероснинг учдан икки қисмини тенг бўлиб оладилар. Оятда бу масала очиқ айтилмаган. Лекин «Иккитадан кўп бўлсалар, учдан иккисини бўлиб олади» деган жумлада иккита ва иккитадан кўп, деган маъно бор.

Бунинг устига, оятнинг давомида иккита сингил меросхўр бўлсалар, учдан икки меросни олишлари очиқ айтилган. Сингилдан кўра қиз яқин бўлади, шунинг учун икки сингил мероснинг учдан иккисини олганидан кейин иккита қиз ҳам учдан иккисини олиши турган гап.

Демак, юқорида ўрганган ҳадисимизда кўрганимиздек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу оятни ҳаётга татбиқ қилар эканлар, Саъд ибн Робийънинг икки қизларига у кишидан қолган мероснинг учдан икки қисмини берганлар.

3. «Агар битта аёл бўлса, унга ярми».

Яъни вафот этган кишининг ортидан ёлғиз битта қиз фарзанд қолса, у қизга отасидан қолган мероснинг ярми берилади. Қолгани эса бошқа меросхўрларга бўлиб берилади.

4. «Агар у(маййит)нинг боласи бўлса, у қолдирган нарсадан ота-онасининг ҳар бирига олтидан бир».

Бир киши вафот этди. Ортидан отаси, онаси ва фарзандлари қолди.

Унинг отасига олтидан бир, онасига олтидан бир мерос берилади.

Қолган меросни фарзандлар «бир ўғилга икки қиз ҳиссаси» бўйича бўлиб оладилар.

Агар фарзанд бир ўғил бўлса, қолган мероснинг ҳаммасини олади.

Агар фарзанд битта қиз бўлса, мероснинг ярмини олади ва ҳоказо.

5. «Агар унинг боласи бўлмай, унга ота-онаси меросхўр бўлса, онасига учдан бир».

Бир киши вафот этди. Орқасидан отаси ва онаси қолди. Унинг бошқа меросхўри йўқ. Онаси мероснинг учдан бирини олади, отаси қолган учдан иккисини олади.

6. «Агар унинг ака-укалари бўлса, онасига олтидан бир».

Бир киши вафот этди. Ортидан ота-онаси ва ака-укалари қолди. Унинг бошқа меросхўрлари йўқ. Бу ҳолда онаси мероснинг олтидан бир қисмини олади. Мероснинг қолганини отаси олади. Ака-укаларга мерос тегмайди. Уларни ота тўсиб қолади. Аммо ака-укалар онанинг ҳиссасини учдан бирдан олтидан бирга қисқартирадилар. Агар битта ака ёки ука бўлса, онанинг улушини қисқартира олмайди.

Мерос қолдирувчи кишининг ака-укалари оналарининг меросдан оладиган улушини қисқартиришларининг ҳикмати ҳақида уламоларимиз:

«Оталари уларга нафақа беради, уларни уйлантиради, шунинг учун оналарининг улушидан қисқартирилиб, оталарининг улушига қўшилган», дейдилар.

«Ҳадис ва Ҳаёт»нинг мерос, васият ва қул озод қилишга оид бу китобининг аввалида айтиб ўтилганидек, мерос тақсимлашдан олдин мерос қолдирувчининг қарзи ва васияти адо этилади. Бу ҳақда ушбу биз ўрганаётган оятнинг давомида баёнот келади.

«У қилган васият ёки қарз (адо этилган)дан сўнг».

Оятда васият олдин, қарз кейин зикр этилган бўлса ҳам, амалда олдин қарз, кейин васият адо этилади. Чунки қарз банданинг ҳаққидир. Банданинг ҳаққини фақат ўша ҳақдор банданинг ўзигина кечади.

Ислом динида қарз қаттиқ олинади. Чунки қарз бунчалик қаттиқ олинмаса, ҳаётдаги муомалаларда ўзаро ишонч қолмайди. Одамлар орасида хотиржамлик йўқолади. Шунинг учун қарздор ўлганидан кейин ҳам қарзнинг масъулиятидан қутула олмайди. У ўлганидан сўнг қолган мол-мулкидан унинг қарзини узишга ҳаракат қилинади. Қарзи бор одамнинг васиятига амал қилиш кечга суриб турилади. Агар ўзидан қолган моли қарзини қопламаса, қариндошларидан бири унинг қарзини зиммасига олмагунича, қарздорнинг жанозаси ҳам ўқилмайди. Агар қарздор шаҳид бўлса ҳам, унинг қарзи узилмагунча шаҳидларга бериладиган имтиёзлардан фойдалана олмай туради.

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Бир одам:

«Эй Аллоҳнинг Расули, мен Аллоҳнинг йўлида қатл бўлсам, гуноҳларим ювиладими?» деди.

«Агар сен сабр ила, савоб умидида, қочмасдан, олға интилиб туриб қатл этилсанг, ювилади», дедилар у зот. Сўнгра:

«Нима дединг?» деб қайта сўрадилар. Ҳалиги одам айтганларини такрорлади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳа, ювилади. Фақат қарзинг бўлмаса. Бунинг хабарини менга Жаброил айтди», дедилар».

Қарз ўлган кишининг молида васиятдан устун туриши ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳукм қилганлар.

Уламоларимиз келтирган ривоятда Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу:

«Албатта, сизлар «У қилган васиятни ёки қарзни адо этгандан сўнг» оятини қироат қилурсизлар. Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам васиятдан олдин қарз адо этилиши ҳақида ҳукм қилганлар», деганлар.

Чунки маййитнинг зиммасидаги қарз унинг ўлимидан олдин ҳам, кейин ҳам бўйнидан соқит бўлмайдиган ҳақдир. Қарз берувчи уни доимо талаб қилиб туради. Қарздор ўлса, унинг меросхўрларидан талаб қилади. Васият эса ихтиёрий садақадек гап. Уни ҳеч ким талаб қилмайди.

Нима учун оятда васият қарздан олдин зикр қилинди? Бу саволга уламоларимиз қуйидаги жавобни берадилар:

«Васиятни олдин келтириш меросхўрларни унга аҳамият беришга қизиқтириш учундир. Васиятнинг орқасидан унинг ижросини талаб қилувчиси бўлмаганлиги учун меросхўрлар молга қизиқиб, уни адо этмай қўйишлари мумкин».

(давоми бор)


«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
.Тақлиднинг ҳукми, сарлавҳаси остида айтилган уч хил фикр .тақлид қилиш жоиз эмас,, .тақлид қилиш вожиб, ва .мутлақ мужтаҳид бўлмаганлар тақлид қилиши керак, деган давоми...

3189 17:23 / 20.12.2017
. . . . . . . . Намозда қуйидагилар макруҳдирХушуънинг таркига сабаб бўладиган ҳар бир давоми...

1960 19:00 / 22.12.2022
1. Маййитнинг бобоси унинг отаси туфайли ҳажбга учрайди. Шунингshyдек, яқин бобо узоқ бобони тўсади.2. Маййитнинг ота бир, она бир акаукалари унинг отаси, ўғли ва ўғил давоми...

1585 19:23 / 07.10.2019
Фиқҳ илмининг асоси .Усулул фиқҳ, муҳим илмлардан биридир. Зероки у фиқҳ масъалаларнинг манбаъидир. Фуқаҳолар мужтаҳидларнинг шариат аҳкомларини қай тариқа давоми...

8324 05:00 / 17.01.2017