Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 25 жумадис сони | 2024 йил 27 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ 171-дарс. Намоз ўқиш қоидалари

17:00 / 03.02.2022 4378 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Таҳовий, Дора Қутний ва Исҳоқ ибн Роҳовайҳ Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилишган:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намоз ўқисалар, икки қўлларининг бош бармоқларини қулоқлари баробарига кўтарар эдилар».

Имом Ҳоким ва Дора Қутний Анас розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилган:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг такбир айтиб, икки бош бармоқларини қулоқларига кўтарганларини кўрдим».

Қўллар кўтарилганда бармоқлар оддий ҳолатда тутилиб, ички тарафи қиблага қаратилади. Яъни бармоқларнинг ораси ўта ёзиб ҳам юборилмайди ёки жуфтлаб ҳам олинмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозлари ҳақида Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда шу нарса таъкидланган.

Аёл киши икки қўлини икки елкаси баробарида кўтаради.

Чунки унинг учун шундай қилиш сатрлироқ.

Ҳар бир улуғлашга далолат қилувчи нарса ила – агар форсча бўлса ҳам, – дуони қўшмаган ҳолда намозни бошлаш жоиз.

Аммо уламолар «Аллоҳу акбар»дан бошқа лафз ила намозни бошлаш макруҳ, деганлар. Юқоридаги фикр эса шу маънодаги турли ибораларнинг жоизлигини билдириш учун айтиб қўйилган, холос. Унга ҳеч ким амал қилмаган ва қилмайди ҳам.

Форсча қироат қилиш жоиз эмас. Фақат узр бўлса, мустасно. Шунга фатво берилади.

Араб тилини билмаган одам уни ўрганиб олгунича ёки кифоя қиладиган даражада оятларни ёдлаб олгунича оятларнинг маъносини бош­қа тилда ўқиб туришига рухсат берилган. Лекин бу масала ҳам олдингисига ўхшаб воқеъликда амал қилинмайдиган рухсат, холос.

Сўнг ўнг қўлини чап қўли устига қўйиб, киндиги остига қўяди.

Бунинг далили қуйидагича:

Қабийса ибн Ҳулбдан, у отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга имомлик қилар, чап(қўл)ларини ўнг(қўл)лари билан ушлаб олар эдилар».

Термизий ривоят қилган.

Али розияллоҳу анҳу шундай деди:

«Суннат – намозда кафтни кафт устига қилиб, киндикнинг остига қўйиб туришдир».

Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилишган.

Ҳанафий мазҳабида мана шу ривоят татбиқ қилинган. Буни бошқа кўпчилик уламолар ҳам қўллаганлар.

Аёл киши кўксига қўяди.

Аёл киши учун шундай қилиш мосдир.

Бу ишни суннат зикри бор ҳар бир қиёмда қилинади.

Шунинг учун санода, қунутда ва жаноза намозида ҳам қўл боғланади.

Рукуъдан турганда ва икки ийднинг такбирлари орасида қўлларини қўйиб юборади.

Яъни, рукуъдан турганда, то саждага кетгунча қўллари қўйиб юборилади. Икки ийднинг такбири зоидаларини айтаётганда ҳам ҳар такбирни айтгандан кейин қўлни ёнга тушириб, кейингисини айтаётганда қулоққа кўтарилади. Уламолар мана шу ҳукмга иттифоқ қилганлар.

Кези келганда, матнда бўлмаса ҳам, оёқни қандай қўйиш ҳақида икки оғиз сўз айтиб ўтишга ижозат бергайсиз.

Ҳанафий мазҳабида қиёмда турганда оёқларнинг орасини тўрт энлик очиб туриш суннатдир, дейилган. Ана шу хушуъга яқиндир.

Кейин сано ўқийди.

Бу ҳукмнинг далили қуйидагича:

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон кечаси намозга турсалар, такбир айтар эдилар ва сўнгра:

«Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика ва табаарока исмука ва таъаалаа жаддука ва лаа илааҳа ғойрук», дер эдилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилишган.

Имом Термизий: «Ушбу ҳадис бу бобдаги энг машҳур ҳадисдир», деганлар.

Ҳанафий ва ҳанбалий мазҳаблари санога ушбу дуони ўқишни ихтиёр қилганлар. Дуонинг маъноси:

«Аллоҳим! Сенинг Ўзингни поклаб ёд этаман ва Сенга ҳамду сано айтаман. Исминг муборак бўлди. Шаънинг олий бўлди. Сендан бошқа илоҳу маъбуд йўқ».

Санони имом ҳам, муқтадий ҳам, якка намозхон ҳам айтади.

Имом рукуъда турганида ёки жаҳрий қироат қилаётганида келиб қўшилган одам такбири таҳримани айтади-ю, санони ўқимайди.

Имом саждада турганида ёки қаъдада ўтирганида келиб қўшилган одам такбир ҳам айтади, санони ҳам ўқийди.

«Важжаҳту важҳи»ни ўқимайди.

Чунки буни бошқа мазҳаб олган ва бир сано ўқигандан кейин бошқасини қўшиш дуруст эмас.

Кейин сано учун эмас, қироат учун «аъуузу биллааҳи»ни ўқийди.

Буни фақат бир марта шу мақомда, яъни санодан кейин «Аъуузу биллааҳи минаш шайтонир рожийм»ни ўқиш билан амалга оширилади.

Аллоҳ таоло Наҳл сурасида:

«Қачон Қуръон ўқисанг, Аллоҳдан қувилган шайтондан паноҳ сўрагин», деган (98-оят).

Яъни, аввал «Аъуузу биллааҳи минаш шайтонир рожийм»­ни айтиб туриб, кейин Қуръон қироатини бошлагин. «Аъуузу биллааҳи»ни айтиш Қуръони Карим тиловати учун тилни поклайди. Кишини Аллоҳнинг Китобини – Қуръони Каримни ўқишга тайёрлайди. Шайтоннинг васвасасидан сақлайди. Бутун вужудини ва шуурини Аллоҳ таоло томон буради.

Буни намозга кеч қолган одам ҳам айтади.

Намозга кеч келиб қўшилган одам имом салом берганидан кейин туриб, ўзи етолмай қолган намозини ўқишни бошлаганда «Аъуузу биллааҳи»ни айтади.

Уни имом икки ийднинг такбирларидан кейин айтади.

Яъни ийд намозига имомлик қиладиган шахс «Аъуузу биллааҳи»ни ийднинг биринчи ракъатидаги зоида такбирларни айтиб бўлганидан сўнг айтади, чунки ўшанда қироат бошланади.

Кейин «Бисмиллаҳ»ни ўқийди. Фотиҳа билан зам суранинг орасида эмас.

Яъни, Фотиҳадан олдин «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм»ни айтади. Зам сурани ўқиш учун айтмайди. Бу фақат биринчи ракатда бўлади, холос.

«Кифоя» китобининг биринчи жузи асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий р.аУшбу баҳс исломий бирликни ҳимоя қилишда фиқҳий мазҳабларнинг аҳамияти қанчалик эканини баён қилиб беради ва бу айрим давоми...

3702 05:00 / 19.01.2017
Мусулмон озчиликлар икки қисмга бўлинадиБиринчи қисм мусулмон бўлмаган жамият халқидан бўла туриб Исломни қабул қилган кишилар жамоаси. Бунга Ғарб давоми...

4523 15:37 / 12.09.2019
3. Асрнинг вақти ўшандан қуёш ботгунча. Аср намози вақтининг кириши ҳар бир нарсанинг сояси ўзига икки баробар бўлгандан то қуёш ботгунча. Бу ҳукмнинг далили ҳам давоми...

3103 16:00 / 27.05.2021
Ҳанафий мазҳаби бўйича, маййит таҳорат қилдирилади. Аввал ундан нажас ва нопок нарсалар кетказилади. Сўнгра олд ва орқа авратлари латта билан ювилади. Аммо оғзига давоми...

2128 19:00 / 08 февраль