1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Илмсиз равишда фатво бериш

05:00 / 19.01.2017 5237 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Алҳамдулиллаҳи Роббил аламийн. Вассолату вассаламу ала Саййидина Муҳаммад ва ала олиҳи ва асҳабиҳи тоййибийна тоҳирийн.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Биз сафарга чиқдик. Орамиздан бир кишига тош тегиб, бошини ёрди. Кейин ўша одам эҳтилом бўлиб қолди ва шерикларидан “Менинг таяммум қилишимга рухсат топа оласизларми?” деб сўради. Улар “Биз сенга рухсат топа олмаймиз. Ваҳоланки, сен сувга қодирсан” дейишди. Ҳалиги одам ғусл қилди ва вафот этди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига қайтганимизда ўша иш ҳақида хабар берилди. Шунда у зот алайҳиссалом: “Улар уни ўлдиришибди. Аллоҳ ҳам уларни ўлдирсин. Билмасалар сўрамайдиларми? Ахир билмасликнинг шифоси сўраш-ку! У одамнинг таяммум қилиши ва жароҳати устига бир латтани қўйиб ёки боғлаб (бу ровий Мусонинг шаккидир), сўнгра уни устига масҳ тортиб, қолган жасадини ювиши кифоя қиларди” дедилар”. Абу Довуд ривоят қилган.

Бу ҳадиси шарифда айтилишича, сафарга чиққан бир одамнинг бошига тош тегиб, бошини жароҳатлабди. Кейин у эҳтилом бўлиб қолиб, шерикларидан таяммум қилишга рухсат сўрабди. Шериклари унинг сувга қодирлигини айтиб, таяммум қилишига рухсат беришмабди. У одам ўша ҳолида ғусл қилибди. Ғусл қилаётган чоғида ҳавонинг совуқлиги ва бошидаги жароҳатга сув кириши натижасида вафот этибди. Бу воқеа Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга етказилганда, у зот алайҳиссалом ўша илмсиз равишда фатво берган кишилар ҳақида “Улар уни ўлдиришибди. Аллоҳ ҳам уларни ўлдирсин” деб, уларнинг қилган ишларини қоралабдилар. Кейин  “Билмасалар сўрамайдиларми? Ахир билмасликнинг шифоси сўраш-ку!” дебдилар.

Бу ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам илмсиз равишда фатво берувчиларни қаттиқ қоралаб, бу ишдан қайтарганларини очиқ-ойдин кўришимиз мумкин.

Бу ҳадисдан келиб чиқиб, агар биз фатво бериш аҳлидан бўлмасак, бизда бирор масъала тўғрисида илм бўлмаса, фатво беришга асло шошилмаслигимиз, ўша масъала ҳақида гапирмаслигимиз лозим бўлади.

Биз бу ҳадисдан яна фатвони фақат илмли, унга аҳл бўлган уламолардангина сўрашимиз лозимлигини ҳам ўрганамиз.

Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳига Мадинанинг етмишта олими у кишининг фатво беришларига рухсат бергандан кейингина ижтиҳод қилиб, фатво берганлар. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ шунчалик олим бўлишларига, мужтаҳид бўлишларига қарамасдан, кўпинча “Билмайман” дер эдилар.

У кишининг Ҳайсам ибн Жамийл деган шогирдлари қуйидаги воқеани ривоят қилган: “Имом Молик раҳимаҳуллоҳдан бир куни қирқ саккизта масъала сўралди. У киши олтита масъалага жавоб бердилар ва қолган қирқ иккита масъала хусусида эса, “Билмайман” дедилар”.

Бир куни бир киши узоқ шаҳардан у кишининг олдиларига келиб, бир масъалани сўради. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ унга “Билмайман” дедилар. У одам “Мен сизнинг олдингизга узоқ шаҳардан келдим. Энди аҳлимга нима дейман?” деди. Шунда Имом Молик раҳимаҳуллоҳ у одамга: “Аҳлингга “Молик масъалани яхши билмас экан” деб айт” дедилар.

Имом Молик раҳимаҳуллоҳ улуғ мужтаҳид бўлишларига қарамасдан одамларга билмаган нарсалари ҳақида савол берилса “Билмайман” дейишни шу тарзда таълим берардилар. Ваҳоланки, у киши ҳақларида шундай дейилган: “Модомики, Молик Мадина экан, ундан бошқа киши тарафидан фатво берилмайди”. Бундай дейилишининг сабаби бор, албатта.

Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг замонларида бир аёл вафот этган аёлни юваётган эди. Бир пайт юваётган аёлнинг қўли Аллоҳнинг қудрати билан вафот этган аёлнинг жасадига ёпишиб қолди. Одамлар нима қилишни билмай, ҳайрон бўлиб қолдилар. Уламолардан сўрашди. Маййитнинг жасадини кесиш мумкин эмас. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Вафот этган мўминнинг суягини синдириш тирик ҳолида суягини синдириш кабидир” деганлар. Ҳа, вафот этган мўминнинг ҳам ҳурмати жойига қўйилади. Уламолар ҳам бунинг жавобини билолмадилар.

Кейин Имом Молик раҳимаҳуллоҳдан сўрашди. Аллоҳ таоло у кишига бу масъаланинг жавобини билдирди. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ ичларида “Эҳтимол, вафот этган аёлнинг қўли ёпишиб қолган аёлда ҳаққи бордир” дедилар ва келганларга: “Ювувчи аёлдан сўрангларчи, вафот этган аёлни юваётган пайтда нима деган экан” дедилар. Улар бориб, аёлдан сўрашди. Аёл “Ҳеч нарса демадим” деди. Улар аёлни қаттиқ сўроққа тутганларидан кейин у вафот этган аёлни зинода айблаб, қазф қилганини тан олди.

Пайғамбар алайҳиссалом қазфни еттита ҳалок қилувчи кабира гуноҳлар қаторида санаганлар. Қазфнинг жазоси эса, саксон дарра урмоқликдир. Аёл ўз айбига иқрор бўлгандан кейин унга ҳад ижро этилди. Яъни унга саксон дарра урилди. Ҳад уриб бўлингач, ювувчи аёлнинг қўли вафот этган аёлнинг жасадидан ажради.

Шунинг учун  “Модомики, Молик Мадинада экан, ундан бошқа киши тарафидан фатво берилмайди” дейилган. Шундоқ инсон “Билмайман”ни кўп айтганларидан кейин биз жуда ҳам ҳушёр бўлишимиз керак. “Билмайман” деган сўзни ўз ўрнида ишлатиш айб эмас.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу “Илм учтадир: гапирувчи Китоб (яъни Қуръон), Суннат (собит ҳадис), “билмайман” деганлар.

У киши “Билмайман”ни илмнинг учдан бири демоқдалар. Лекин баъзи кишилар кибр ёки одамларни юзхотир қилиб, “Мен ҳақимда нима деб ўйларкинлар” деган ҳадик билан илмсиз равишда фатво беришади, бу ишга журъат қилишади.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ким илмсиз равишда фатво берса, уни осмон ва ер фаришталари лаънатлашади”. Ибн Асокир ривояти.

Демак, илмсиз равишда фатво бериш гуноҳи кабиралардан экан.

“Илм шаҳрининг эшиги” дея васф қилинган Али розияллоҳу анҳу “Билмаган нарсам ҳақида сўралганимда “Билмайман” демоқлигим қандай ҳам яхши!” деганлар.

Али розияллоҳу анҳу “Илм шаҳрининг эшиги” деб сифатланганлар. Бунга сабаб у киши кўп масъалаларни билишлари, кўплаб муаммоларни ҳал қилиб беришлари эди. Шунинг учун Умар розияллоҳу анҳу “Аллоҳдан Абулҳасан ҳал қилиб беролмайдиган муаммодан паноҳ сўрайман” деганлар.

Саҳобаларнинг афзали, Пайғамбарлар алаҳимуссаломдан кейин инсониятнинг афзали бўлган Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳам “Билмайман” дер эдилар.

Бир куни у кишининг ҳузурларига бир одам келиб: “Аллоҳ таоло “Ва фаакиҳатав ва аббаа” деган. Шу оятдаги “Аббаа” нима?” деб сўради. Шунда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу “Агар мен Аллоҳнинг Китобидаги оят ҳақида билмасдан гапирсам қайси осмон менга соябон бўлиб, қайси ер мени кўтариб туради?!” дедилар.

Ўша пайтларда Абу Бакр розияллоҳу анҳуга мазкур оятнинг тафсири етиб келмаган эди. У зот уни ҳали билмас эдилар. Шунинг учун у зот мазкур оятнинг тафсири ҳақида “Билмайман” дедилар, ўзларича тафсир қилмадилар.

Пайғамбар алайҳиссалом ҳадислардан бирида “Ким Қуръон (оятлари) ҳақида ўз раъйи билан гапирса (тафсир қилса), тўғри қилган бўлса ҳам хато қилибди” деганлар. Термизий ривоят қилган.

Яъни ким бир устоздан илм олмай туриб, Қуръон тафсирига оид илмларни ўрганмай туриб, ўзича Қуръонни тафсир қиладиган бўлса, мабодо тўғри тафсир қилган бўлса ҳам, барибир хатога йўл қўйган ва оғир гуноҳни содир этган бўлади. Шунинг учун илмсиз равишда Қуръонни тафсир қилиш, илмсиз равишда фатво бериш ўта хатарли ишдир.

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Муснад”ларида бир ривоятни келтирганлар. Бир киши келиб, “Эй Аллоҳнинг Расули, менга ернинг энг афзал жойи ва ернинг энг ёмон жойи ҳақида хабар беринг” деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам “Билмайман. Биродарим Жаброилдан сўрайман” дедилар ва Жаброил алайҳиссаломдан сўрадилар. Жаброил алайҳиссалом ҳам “Билмайман” дедилар. Оламларнинг Роббидан ваҳий орқали бу саволнинг жавоби келди: “Албатта, маконларнинг энг афзали масжидлардир. Энг ёмони эса, бозорлардир”.

Демак, инсониятнинг саййиди бўлган зот алайҳиссалом “Билмайман” деган бўлсалар, биз қандай ҳолатда бўлишимиз керак?!! Бу борада ҳам бизга у зот алайҳиссалом гўзал ўрнак бўлганлар. Ҳаммамиз у зот алайҳиссаломдан ўрнак олишимиз ва билмаган нарсамиз хусусида сўралсак, “Билмайман” дейишимиз керак.

Аллоҳ таолодан тилларимизни илмсиз равишда фатво беришдан сақлашини сўраймиз. Албатта, У Зот ҳамма нарсага қодирдир.


Манба: islom.uz

Шайх Иброҳим Аккоснинг “Калимату хойр” кўрсатувидан

Нозимжон Ҳошимжон таржимаси

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Санодан кейин қўлини кўтариб, уч марта такбир айтади. Иккинчи ракъатда қироатдан кейин такбир айтади. Бу икки жумлада одатда одамлар кўп адашадиган ҳукмлар зикр давоми...

1625 19:00 / 14.12.2023
Намознинг тўғри бўлиши шартларидан ташқари, жуманинг тўғри бўлиши учун ҳам алоҳида қўшимча шартлар бор. Улар қуйидагилардан иборат 1. Миср ёки унинг чети давоми...

1781 19:00 / 02.11.2023
Жумҳур уламолари ҳам калолани худди шу ривоятда тушунтирилгандек англаганлар.Энди ўша машҳур калола ва .ёз ояти,ни ўрганайлик Аллоҳ давоми...

2904 09:10 / 18.09.2019
Шайх Муҳаммад Али Собуний ҳукм оятларини тафсир қилишда ўн нарсага алоҳида эътибор берган.1. Зарур бўлганда керакли лафзларни таҳлил қилган ҳамда тафсирчи ва давоми...

4013 13:50 / 29.08.2019