1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Ижтиҳодга аҳл бўлиш ёки унинг шартлари

16:15 / 14.12.2017 3438 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Баъзи кишилар гумон қилганларидек, ижтиҳод ҳамма одам ҳам қила оладиган умумий иш эмас. Унга ҳар бир инсон журъат қилишга ҳаққи йўқ. Ижтиҳод жуда ҳам нозик мутахассислик бўлиб, бу фақат уламолардан жуда ҳам юқори даражага етган оз тоифаларгагина насиб қилади. Ижтиҳод қиладиган уламолар ўзларида муайян сифатларни баркамол қилган бўладилар. Ўша сифатлар уларга шаръий далилдан шаръий ҳукм истинбот қилиш аҳлиятини беради. 

Ушбу сифатларга соҳиб уламолар юқори даражадаги энг охирги нуқтагача бўлган илмий жидду жаҳдларини сарф қилган ҳолда шаръий далилдан шаръий ҳукмни олишга эришишларини тақозо қилади. Мазкур уламоларнинг ҳузурида маълум даражада малака, қудрат бўлиши керак. Улар ана шу қудрат, малака билан шариатнинг ҳукмини кенг доирада фаҳмлаб етадилар. Шунинг учун, дунёдаги барча илмий мутахассисликларда бўлгани каби, дийний ишлардаги ижиҳодда ҳам муайян шартлар мавжуд бўлиши керак. 

«Қандоқ одам мужтаҳид ҳисобланади?» деган саволга уламоларимиздан баъзилари қуйидаги жавобни берганлар:

«Инсон қуйидаги беш илмни жамлаганда мужтаҳид бўлади:

1. Аллоҳ таолонинг Китоби илми.

2. Набий соллаллоҳу  алайҳи васалламнинг суннатлари илми.

3. Усулул фиқҳ илми.

4.Салафларнинг қавллари, ижмоъ ва ихтилофлари илми.

5. Луғат илми.

6. Қиёс илми.

Қуйида ўша шартларни қисқача айтиб ўтилади: 

1. Биринчи шарт: Аллоҳ таолонинг Китоби илми.

Маълумки, «Аллоҳ таолонинг китоби» деганда, албатта, Қуръони Карим кўзда тутилади. Қуръони Карим Исломнинг дастури, асосий қонуни ҳисобланади. Ушбу асосий қонунни яхши билмаган одам мужтаҳид бўла олмайди. Бинобарин, ундоқ одам Ислом жамиятида олимлик ёки фақиҳлик даъвосини қила олмайди.

Мужтаҳидликни даъво қилган кимса Қуръони Каримда ворид бўлган шаръий аҳкомларни яхши билсин. Оятлардаги маъноларни, ҳар бир сўзнинг маъносини яхши билсин, улардан таркиб топган арабча жумлаларнинг маъносини яхши билсин. Уларнинг маънони ифода этишдаги хусусиятларини яхши билсин. 

Шу билан бирга, фақатгина маънони билиб қолмасдан, ана шу сўзлар ва жумлаларнинг шаръий маъноларини ҳам яхши билсин. Уларнинг иллатини, сабабини ва нима учун улардан шаръий аҳкомлар чиқарилаётганини билсин. 

Шунингдек, лафзнинг далолат қилиш тарафларини яхши билсин. Иборат юзасидан далолат қиляптими ёки ишорат юзасиданми, далолат юзасиданми ёки тақозо юзасиданми. Ҳукмни мантуқдан олинадими ёки мафҳумданми. Лафзнинг омми бор, хоси бор, муштараки бор, мужмали бор, муфассали бор, муташобиҳи ва бошқалари бор. Буларнинг ҳаммасини  жуда яхши билиши керак. 

Аҳком оятлари кўп эмас. Уларни қисмларга тақсимлаш ва мажмуаларини осонлик билан билиб олиш мумкин. Ибодат ҳақида келган оятлар, муомалот ҳақида келган оятлар, уқубат ҳақида келган оятлар, жазолар ҳақида келган оятлар ва оилавий аҳволлар тўғрисида келган оятлар. 

Шу билан бирга, Ислом жамиятининг ўзидан бошқа жамиятлар билан ёки якка кишилар билан ичкарида ва ташқарида қиладиган муомалалари, алоқалари тўғрисидаги оятлар бўлади.

2. Мужтаҳидга қўйиладиган иккинчи шарт: Набий соллаллоҳу  алайҳи васалламнинг суннатлари илми.

Расулуллоҳ соллаллоҳу  алайҳи васалламнинг суннатлари Ислом шариатининг Қуръони Каримдан кейинги иккинчи масдаридир. Бу масалаларни яхши билмаган одам мужтаҳид бўла олмаслиги, бинобарин, мусулмонлар ичида олим ҳам, фақиҳ ҳам бўла олмаслиги турган гап.

Мужтаҳид бўладиган одам аҳком ҳадисларини луғат жиҳатдан ҳам, шариат жиҳатидан ҳам худди Қуръоннинг аҳком оятларини ўзлаштиргани каби яхши ўзлаштирган бўлиши керак. 

Бу ерда Қуръондан зиёда билиш керак бўлган нарса, ҳадиснинг санадини билиш зарурати ҳам бор. «Санад» дейилганда, ҳадиснинг бизгача етиб келиш йўли тушунилади. У мутавотир бўлиши, машҳур бўлиши ёки оҳод бўлиши мумкин. 

Шу билан бирга, яна, ҳадисларнинг ровийлари адолатлими ёки адолатли эмасми эканини билмоғи лозим. Ана шунда ҳадисларнинг саҳиҳини заифидан ажратиб олиш имконига эга бўлади. 

Ҳозирги замонга келиб аҳком ҳадислар танилиб бўлди. Уларни жамлаб алоҳида китоблар ҳам қилинди. Ёзилган китоблар машҳур бўлди, шарҳ қилинди, турли бобларга бўлинди. 

Мисол учун, мана шундай китоблардан имом Санъонийнинг «Субулус-салом» деб номланган, имоми Шавконийнинг «Найлул автор» деб номланган китоблари бор. 

Ҳанафий мазҳаби бўйича Мулла Али Қори раҳматуллоҳи алайҳининг «Мишкотул масобийҳ» номли китоби жуда ҳам машҳур.

Қуръонни ва суннатни яхши билишини даъво қилувчи одам носих ва мансух илмини ҳам яхши билиши керак. Мужтаҳид бўлган одам билмасдан мансухга суяниб ҳукм чиқариб қўйса, ҳукми ботил бўлади. Мана шу борада баъзи бир носих-мансух тўғрисида келган китобларга назар солиш лозим бўлади. Масалан, Абу Жаъфар Наҳҳаснинг китоби ва Тоҳавийнинг «Мушкилул осор» китоби кабилар.

3. Учинчи шарт: мужтаҳид бўладиган одам Усулул фиқҳ илмига олим бўлиши талаб этилади. Чунки, Усулул фиқҳ илми ижтиҳоднинг устуни ва пойдеворидир. Ижтиҳоднинг биноси «Усулул фиқҳ» деб аталмиш илм пойдеворларига қурилади. Қолаверса, шаръий ҳукмга далолат қилувчи тафсилий далил қайси кайфиятда келгани, амр шаклидами, наҳй шаклидами, умум шаклидами, хусус шаклидами, мутлақми, муқайядми ва бошқаларни Усулул фиқҳдан олим бўлган кишигина яхши тушуниши, ажратиши мумкин. 

Шу нарсаларни билиш билан бирга улардан ҳукмларни истинбот қилинади, уларнинг турини ва тарийқатини аниқлашни ифода қиладиган мақсадини тушуниб етилади. Бу эса, фақатгина нодир, оз сонли уламолар яхши биладиган нарсадир ва ҳар кимнинг қўлидан келавермайди.

4. Тўртинчи шарт: мужтаҳид араб тилини етарли даражада яхши билмоғи керак. Унинг хусусиятларини, маънони ифода қилиш йўлларини жуда яхши билиши шарт. Чунки, мужтаҳиднинг қиладиган иши араб тилида ворид бўлган шаръий матнларга, яъни Қуръон оятларига ва набавий суннатдаги матнларга назар солишдир. 

Зеро, Қуръони Карим ҳам, Суннати мутоҳҳара ҳам ва фиқҳ ҳам араб тилидадир. Бу тилни яхши билмаган одам ўзича мазкур илмларда ижтиҳод қила олмайди. Бинобарин, мужтаҳид бўла олмайди.

Араб тили ҳақидаги тўлиқ илм ана шу тилда ёзилган адабиётларни, фанга ва санъатга оид илмларни, уларнинг услубларини яхши билган одамларга, шеърий бўлсин, насрий бўлсин, хутбалари бўлсин – барчасини яхши ўзлаштирган одамгагина нисбат берилади. Бундай одам ўзидаги жамланган илмлар билан бирга араб тилини ҳис қилиш, уни завқ қилиш, ундан ҳузурланиш даражасига етади. Бу худди инсон ўз табиати, сулоласи ила араб тилини тушуниб, ундан завқланиб, нозик жойларини ҳис этиш даражасига етгaни каби бўлади. 

5. Бешинчи шарт: мужтаҳид ижмоъни ҳам яхши билиши керак. Қайси масалада ижмоъ содир бўлган? Кимлар ижмоъ қилган? Унинг мавқеи қаерда, шакли нимадан иборат? Мана шуларни билиб олса, фатвони қилаётган одам ижмоъга қарши фатво қилиб қўймайди. 

6. Олтинчи шарт: мужтаҳид бўладиган одам қиёснинг турларини ва мўътабар шартларини яхши билиши керак. 

«Қиёс илми» деганда, Қуръон ва Суннатдан уларда очиқ-ойдин зикр қилинмаган ҳукмларни қиёслаш орқали чиқариб олиш илмига айтилади. Бу эса, Усулул фиқҳ илми ила амалга ошади. Бу илмни билмаган шахс ҳам мужтаҳид бўла олмайди.

Шу билан бирга, ҳукмларнинг иллатини, маслакларини ҳам, яъни уларни шаръий матнлардан чиқариб олиш йўлларини ҳам яхши билмоғи керак. Бу ерда одамларнинг манфаати, шариатнинг мақсадлари ва шариатнинг умумий усуллари риоя қилинади. 

Шу билан бирга, одамларнинг воқеъликдаги аҳволига кифоя қиладиган даражада назар солиш, уларнинг муомалаларини ўрганиш ва улар наздидаги ҳаёт ташвишлари тўғрисида етарли тажрибага эга бўлиши керак бўлади. Чунки, қиёс ижтиҳоднинг асосидир ва айнан кўпгина тафсилий аҳкомлар қиёс орқали бино қилинади. Қиёсга амал қилиш учун ҳукмнинг иллатини билиш керак ва воқеъликда насс(матн) келмаган жойда татбиққа ўтиш керак. Оят ёки ҳадисдан чиққан ҳукмга ҳақида оят ҳам, ҳадис ҳам келмаган ҳодисани қиёслашни тор даражага олиб бормаслик керак. Балки уни кенг маънода фаҳмлаб етиш ва шариат ҳукмига ва руҳига тўғри келадиган фикрни танлаш керак. Ижтиҳод орқали танланган ҳукм шариатнинг асли билан тўқнашиб кетмасин ва шаръий аҳкомлар бино қилган маслаҳатлар тақозосига амал қиладиган бўлсин.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Усулул фиқҳ китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Академиянинг мақсадлариИслом ҳақида таҳлил ва тадқиқотлар ўтказиш, фатво чиқариш, шаръий баҳсларга жавоб бериш ҳамда имомлар курсларини ташкил қилиш.Академия давоми...

3430 15:50 / 14.11.2019
Саҳобалар даврининг иккинчи ярмига келиб баъзи фиқҳий мадрасалар бўй кўрсата бошлади. Албатта, бу ҳол биринчи бўлиб Ислом оламининг қалби бўлган Мадина ва Макка давоми...

5780 09:13 / 12.11.2018
Аллоҳ таоло.Албатта, шайтон .хамр, ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни давоми...

4596 05:00 / 03.03.2017
...Ҳайвоннинг сўйиш пайтидаги қаршилигини синдириш учун сўйишдан олдин уни баъзи бир кимёвий моддаларни бериб хушидан кетказиш жоиз. Бу ишда ҳайвонга азоб бериш давоми...

6658 05:00 / 18.01.2017