Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 8 жумадул аввал | 2024 йил 10 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Пок кавушда намоз ўқиш жоизми? | Ҳадис дарслари (299-дарс)

19:00 / 19 сентябрь 557 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

سُئِلَ أَنَسٌ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَكَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُصَلِّي فِي نَعْلَيْهِ؟ قَالَ: نَعَمْ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا أَبَا دَاوُدَ.

Анас розияллоҳу анҳудан:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кавушлари билан намоз ўқирмидилар?» деб сўралди.

«Ҳа», дедилар».

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Шарҳ: Бундан пок оёқ кийимини ечмай ҳам намоз ўқиш жоизлиги келиб чиқади.

 

Намозда калом ва ишни тарк қилиш

عَنْ زَيْدِ بْنِ أَرْقَمَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كُنَّا نَتَكَلَّمُ فِي الصَّلَاةِ يُكَلِّمُ الرَّجُلُ صَاحِبَهُ وَهُوَ إِلَى جَنْبِهِ فِي الصَّلَاةِ حَتَّى نَزَلَتْ - ﭖ ﭗ ﭘ - فَأُمِرْنَا بِالسُّكُوتِ وَنُهِينَا عَنِ الْكَلَامِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Намозда гаплашар эдик. Бир одам намозда ёнида турган шеригига гапираверар эди. Ниҳоят, «Аллоҳ учун тоат ила жим туринглар» ояти тушгач, сукут сақлашга амр қилиндик, гапдан наҳ­й қилиндик».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Намоз янги фарз бўлиб, одамлар унга ҳали унча ўрганмаган пайтда баъзи гапларни гапиришга рухсат бор эди. Ўша пайтда бу ривоятда зикр қилинганидек, намозда туриб, гапириш ҳоллари бўлган.

Кейин эса Аллоҳ таоло мазкур оятни нозил қилиб, намозда гапиришни ман этди. Шунинг учун ким намозда гапириб юборса, намози бузилади.

عَنْ عَبْدِ اللهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كُنَّا نُسَلِّمُ عَلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَهُوَ فِي الصَّلَاةِ فَيَرُدُّ عَلَيْنَا، فَلَمَّا رَجَعْنَا مِنْ عِنْدِ النَّجَاشِيِّ سَلَّمْنَا عَلَيْهِ فَلَمْ يَرُدَّ عَلَيْنَا، فَقُلْنَا: يَا رَسُولَ اللهِ، كُنَّا نُسَلِّمُ عَلَيْكَ فَتَرُدُّ عَلَيْنَا فَقَالَ: إِنَّ فِي الصَّلَاةِ شُغْلًا. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ، وَلِمُسْلِمٍ وَأَبِي دَاوُدَ وَأَحْمَدَ: إِنَّ هَذِهِ الصَّلَاةَ لَا يَصْلُحُ فِيهَا شَيْءٌ مِنْ كَلَامِ النَّاسِ، إِنَّمَا هُوَ التَّسْبِيحُ وَالتَّكْبِيرُ وَقِرَاءَةُ الْقُرْآنِ، أَوْ كَمَا قَالَ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга намоз ўқиб турганларида салом берар эдик, у зот бизларга жавоб қайтарар эдилар. Нажошийнинг ҳузуридан қайтганимиздан сўнг салом берсак, жавоб қайтармадилар. Шунда биз:

«Эй Аллоҳнинг Расули, сизга салом берсак, жавоб қайтарар эдингиз?» дедик.

У зот:

«Албатта, намозда машғуллик бор», дедилар».

Икки Шайх ривоят қилганлар.

Муслим, Абу Довуд ва Аҳмадлар келтирган ривоятда:

«Албатта, бу намозда одамларнинг каломидан ҳеч нарса мумкин эмас. У фақат тасбеҳ, такбир ва Қуръон қироатидан иборатдир», дедилар», дейилган.

Шарҳ: Ушбу ривоятдан намозда баъзи гапларни гапириш Исломнинг дастлабки пайтларида бўлганлигини очиқ-ойдин билиб оламиз. Чунки ҳадиснинг ровийcи Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг: «Нажошийнинг ҳузуридан қайтганимиздан сўнг» дейишларидан улар Ҳабашистонга ҳижрат қилгунларига қадар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиётганларида у зотга салом бериб юрганлар. Ҳабашис­тонга ҳижрат эса Мадинага ҳижратдан анча олдин бўлган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилганларидан кейин Жаъфар ибн Абу Толиб бошлиқ муҳожирлар Ҳабашистондан тўғри Мадинаи Мунавварага қайтиб келганлар.

Мана шу ривоятдан намозда тасбеҳ, такбир ва Қуръон қироатидан бўлак сўз қўшиш, гап гапириш, ҳатто саломга алик олиш ҳам мумкин эмаслиги маълум бўлмоқда.

عَنْ مُعَيْقِيبٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: ذَكَرَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الْمَسْحَ فِي الْمَسْجِدِ يَعْنِي الْحَصَى قَالَ: إِنْ كُنْتَ لَا بُدَّ فَاعِلًا فَوَاحِدَةً. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ وَلِأَصْحَابِ السُّنَنِ: إِذَا قَامَ أَحَدُكُمْ إِلَى الصَّلَاةِ فَإِنَّ الرَّحْمَةَ تُوَاجِهُهُ فَلَا يَمْسَحِ الْحَصَى.

Муъайқийб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам масжиддаги майда тошларни суришни зикр қилиб:

«Агар қилмасанг, бўлмайдиган бўлса, бир марта қил», дедилар».

«Сунан» эгалари келтирган ривоятда:

«Қачон бирортангиз намозга турса, албатта, раҳмат унга юзма-юз туради, майда тошларни сурмасин», деганлар».

Шарҳ: Аввало ҳадиснинг ровийcи Муъайқийб розияллоҳу анҳу билан танишиб олайлик:

Муъайқийб ибн Абу Фотима ад-Давсий ал-Аздий. Абдушшамс қабиласи бошлиғи бўлганлар. Биринчилардан бўлиб Маккада Исломга кирганлар. Ҳабашистон ва Мадина муҳожирларидан бўлганлар. Бадр ғазоти, Ризвон байъати ва бундан кейинги жангларда иштирок этганлар.

У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг узукларига мушарраф бўлганлар. Мазкур узук Усмон ибн Аффоннинг халифалик давр­ларида «Арийс» қудуғига тушиб кетган ва қайтиб топилмаган.

Муъайқийб розияллоҳу анҳу Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳуларнинг халифалик даврларларида хазиначи бўлганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳаммаси бўлиб, 7та ҳадис ривоят қилдилар. Бу зотдан Абу Салама, Абдурраҳмон ибн Авф, ўғиллари Муҳаммад ва Ҳорис, неваралари Иёс ибн Ҳорислар ривоят қилдилар. Бу киши ривоят қилган ҳадисларни уч «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритганлар.

Муъайқийб розияллоҳу анҳу ҳижратнинг 40-санасида, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида вафот этдилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вақтларида масжидлар ҳам ердан иборат эди. Шунинг учун сажда қилган одамнинг пешонаси майда тошларга тегиши оддий ҳол эди. Бу ҳақда саҳобаларнинг фатво сўрашлари ҳам ғариб нарса эмас. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда:

«Агар қилмасанг, бўлмайдиган бўлса, бир марта қил», дедилар.

Яъни, майда тошни суриб ташлашдан бўлак илож бўлмаса, бир марта суриб ташлаш мумкин. Аммо уни сурмай, намозни давом эттириш мумкин бўлса, сурмаган маъқул.

Уламоларимиз бу ҳадисни ҳужжат қилиб, «Иложсиз қолганда тош суришдан бошқа ишларни ҳам қилиш мумкин», дейдилар. Фақат ўша ишни бажариш учун қилинадиган ҳаракат майда тошларни суришдаги ҳаракатдан кўп бўлмаслиги керак. Қачонки ўша ишни қилмаса, намозига футур етишига кўзи етса, шундагина қилса бўлади.

Аслида эса намозда бошқа ҳеч нарсага чалғиб бўлмайди. Чунки намоз ўқиётган одам Аллоҳ тао­лонинг ҳузурида, Унинг раҳмати ила юзма-юз турган бўлади. Мўмин одам учун Аллоҳ таолонинг ҳузурида туриб, бошқа нарсаларга эътибор бериши, Аллоҳнинг раҳматидан бошқа томонга юзланиши яхши эмас.

Уламоларимиз барча далилларни ўрганиб чиқиб, намознинг тўғри бўлиши учун қуйидаги шартлар мавжуд бўлиши керак, деган хулосага келганлар:

1. Ислом;

Мусулмон бўлмаган одамнинг ўқиган намози қабул бўлмайди.

2. «Оқу қора»ни ажрата билиш;

Яъни, ёш бола балоғатга етмаган бўлса ҳам, нарсаларнинг фарқига етадиган ёшда бўлиб, намоз ўқиса, намози қабул бўлади.

3. Ақл;

Ақлсиз одамнинг намози дуруст бўлмайди.

4. Вақтнинг кириши;

Ўз вақтидан аввал ўқилган намоз қабул бўлмайди.

5. Катта ва кичик бетаҳоратликдан пок бўлиш;

Яъни, ғусл ва таҳоратни вожиб қиладиган нарсалардан холи ҳамда таҳоратли бўлиш.

6. Кийим, бадан ва маконнинг нажосатдан пок бўлиши;

7. Авратни беркитиш;

8. Қиблага юзланиш;

9. Ният;

10. Намозни адо қилиш тартибига риоя қилиш;

11. Намоз амалларини кетма-кет адо қилиш;

12. Намознинг жинсидан бўлмаган каломни тарк қилиш;

13. Намознинг жинсидан бўлмаган кўп амални тарк қилиш;

14. Емоқ-ичмоқни тарк қилиш.

 

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . . Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига таҳорат ҳақида сўраб келди. Бас, унга уч мартауч мартадан кўрсатдилар. давоми...

2140 19:00 / 12.04.2023
Намозни қиблага, Каъбаи муаззамага юзланиб ўқиш фарздир. Бўлмаса, намоз намоз бўлмайди. . . Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий давоми...

564 19:00 / 24 июль
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Банда тўрт нарсага иймон келтирмагунича Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва албатта, менинг давоми...

4957 13:30 / 21.10.2020
. . Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким Аллоҳдан сидқидилдан шаҳидликни сўраса, гарчи давоми...

3676 17:00 / 28.07.2021