1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Вало орқали мерос олиш(иккинчи мақола)

11:07 / 30.12.2019 2111 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ وَاثِلَةَ بْنِ الْأَسْقَعِ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: الْمَرْأَةُ تَحُوزُ ثَلَاثَةَ مَوَارِيثَ: عَتِيقَهَا، وَلَقِيطَهَا، وَوَلَدَهَا الَّذِي لَاعَنَتْ عَلَيْهِ.

Восила ибн ал-Асқаъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёл киши учта меросни эгаллаб олади: озод қилган қулининг, топиб олган боласининг ва у ҳақда эри билан лаънат айтишган боласининг», дедилар».

Аввало ровий Восила ибн ал-Асқаъ билан яқиндан танишиб олайлик.

Восила ибн ал-Асқаъ ибн Абдулуззо ал-Лайсий ал-Киноний суффа аҳлидан эдилар. Табук ғазотидан олдин Исломга кирдилар ва бу ғазотда иштирок этдилар.

Уч йил Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларида бўлдилар. Сўнг Басрага кўчиб ўтдилар. Бу ерда ҳовлилари бор эди. Дамашқ фатҳида иштирок этдилар. Ҳаётларининг охирида кўзлари кўр бўлиб қолди. Ҳаммаси бўлиб, 76та ҳадис ривоят қилдилар.

Ҳижратнинг 83-йили 105 ёшда вафот этдилар. Бу зот Дамашқда энг охирги вафот этган саҳобалардан эдилар.

«Меросни эгаллаб олади», дегани «асаба шаклида меросхўр бўлади», деганидир. Яъни мазкур тоифаларнинг бошқа меросхўри бўлмаса, мероснинг ҳаммасини бир ўзи олади.

1. «Озод қилган қулининг».

Бу Исломда аёл кишиларнинг иқтисодий ва мулкий эркинлиги қанчалик зўр эканлигини кўрсатувчи далиллардан биридир. Исломда кўплаб қулларни озод қилган аёллар бўлган. Ҳазрати Оиша онамиз ана шулардан бири эдилар. Аёл кишининг қўлига тушган мол ўз-ўзидан эрига ёки отасига ўтиб қолиши Исломда йўқ. У мол аёлнинг ўзида қолади. Ўзи қандай хоҳласа, шундай тасарруф қилади. Аёл киши хоҳласа, ўз мулки бўлган қулни озод қилган. Хоҳласа, пулига қул сотиб олиб, озод қилган. Шу билан бирга, озод қилган қулининг меросига ўзи эгалик қилган.

2. «Топиб олган боласининг».

Муслима аёл ота-онасининг тайини йўқ, ташландиқ болани кўчадан топиб олиб, боқса, улкан савоб олади. Шу билан бирга, ана шу боланинг меросига эгалик қилиш имтиёзига ҳам эга бўлади. Агар ўша ташландиқ боланинг бошқа меросхўри бўлмаса, ҳамма меросини ўзи олади.

3. «У ҳақда эри билан лаънат айтишган боласининг».

Бу ҳақда болаларнинг мероси ҳақидаги фаслда батафсил сўз кетган. Эри зинода шубҳа қилиб, «Бу бола мендан эмас», деса, аёл зино қилганини тан олмаса, қозининг олдида бир-бири билан лаънат айтишади-да, қози уларни ажратиб, болани онасига нисбат беради ва мерос ҳам она-бола ўртасида собит бўлади.

وَقَالَ ابْنُ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا: مَاتَ رَجُلٌ وَلَمْ يَتْرُكْ وَارِثًا إِلَّا غُلَامًا كَانَ أَعْتَقَهُ، فَقَالَ: رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: هَلْ لَهُ أَحَدٌ؟ قَالُوا: لَا إِلَّا غُلَامًا كَانَ أَعْتَقَهُ، فَجَعَلَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم مِيرَاثَهُ لَهُ. رَوَاهُمَا أَصْحَابُ السُّنَنِ.

«Ибн Аббос розияллоҳу анҳу:

«Бир киши ўлди ва ортидан ворис қолдирмади. Фақат битта озод қилган ғуломи қолди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Унинг бирор кими борми?» дедилар.

«Йўқ. Фақат битта озод қилган ғуломи бор», дейишди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг меросини ўша (ғулом)га бердилар», деди».

Икковини «Сунан» эгалари ривоят қилганлар.

Ушбу ривоятга биноан, собиқ қул билан хожанинг мерос олишлари икки томонлама бўлмоқда. Лекин кўпчилик уламолар «Озод қилинган қул собиқ хожасининг меросини олмайди, бу ривоятдаги ҳукм хусусий», деганлар.

عَنْ عَمْرِو بْنِ شُعَيْبٍ، عَنْ أَبِيهِ، عَنْ جَدِّهِ y أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ: يَرِثُ الْوَلَاءَ مَنْ يَرِثُ الْمَالَ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ. وَاللهُ أَعْلَى وَأَعْلَمُ.

Амр ибн Шуайбдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Валони, молни мерос олган мерос олади», дедилар».

 Термизий ривоят қилган. Аллоҳ олий ва билгувчироқдир.

Яъни бировнинг молига меросхўр бўлганлар унинг озод қилган қулидан келадиган валога – меросга ҳам меросхўрлик қилар эканлар.

Бунга мисол тариқасида Имом Аҳмад ва Дора Қутнийлар қилган ривоят келтирилади:

«Ҳамзанинг мавлоси вафот этди. Ортидан бир қизи қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қулликдан озод бўлган отасининг меросининг ярмини бердилар. Мероснинг қолганини асаба шаклида Ҳамзанинг қизига бердилар».

Бу вақтда Ҳамза розияллоҳу анҳу шаҳид бўлиб кетган эдилар. У кишининг озод қилган қулларининг меросидаги ҳақлари орқаларида қолган ёлғиз қизларига ўтган эди.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. Биринчи бор қанча ўқигани ҳақида шакка тушган одам намозни янгитдан ўқийди. Агар шаки кўпайган бўлса, гумонининг ғолиб тарафини олади. Агар ғолиб давоми...

2138 19:00 / 06.07.2023
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Алҳамдулиллаҳи Роббил аламийн. Вассолату вассаламу ала Саййидина Муҳаммад ва ала олиҳи ва асҳабиҳи тоййибийна тоҳирийн.Жобир давоми...

5238 05:00 / 19.01.2017
Ана шу тарийқа улар қуйидаги оятлар носих насх қилувчи ва мансух насх қилинган эканини аниқлаганлар 1. .Бақара, сурасидаги қуйидаги оят .Сизлардан бирортангизга давоми...

4058 18:02 / 28.12.2017
. , .,. . . Дора Қутний Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилиб турганларида бир киши масжидга давоми...

3639 17:30 / 01.07.2021