1446 йил 23 жумадул аввал | 2024 йил 25 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фарзандларнинг мероси ҳақида

05:00 / 18.01.2017 9442 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Бани Саламага Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр мен ўзимни билмай ётганимда пиёда юриб кўргани келдилар. Бас, у Зот сув чақириб таҳорат қилдилар, сўнгра ундан менга сепдилар ва мен ҳушимга келиб:

«Молимни қандоқ қилай, эй Аллоҳнинг Расули?» дедим. Шунда: «Аллоҳ сизга фарзандларингиз ҳақида васият этиб, бир ўғилга икки қиз насибасича беришни амр этадир. Агар улар иккитадан кўп аёл бўлсалар, уларга у (ота) қолдирганнинг учдан иккиси. Агар қиз битта бўлса, унга ярми...» ояти нозил бўлди». 

Икки Шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Бемор кишини кўришга бориш зарурлиги.

2. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг камтар ва меҳрибон Зот эканлари.

Жобир розияллоҳу анҳуни кўргани Ҳазрати Абу Бакр билан пиёда юриб боришлари шуни кўрсатади.

3. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таҳоратларидан қолган сувда ҳам хайр-барака борлиги. Уни сепганларида Жобир розияллоҳу анҳунинг ўзларига келишлари шуни кўрсатади.

4. Жобир розияллоҳу анҳуда охират қайғуси кучли экани. Ҳушга келишлари биланоқ молимни қандоқ қилай, деб сўрашлари шундан дарак беради.

Мусулмон киши ўзидан кейин молу мулки шариатга биноан тақсим қилинишини аввалдан ўйласа, бу охират қайғусини билдиради.

5. Қуръони карим оятлари бўлиниб-бўлиниб, турли сабабларга биноан нозил бўлиши туфайли улар ҳаётга осон сингигани.

6. Кишидан қолган мол унинг фарзандларига Аллоҳнинг ҳукми бўйича бўлинмоғи лозимлиги.

Жобир розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрасалар ҳам Аллоҳ таоло жавоб бериши мерос масаласи ўта аҳамиятли масала эканини билдиради.

Нозил бўлган оятнинг маъноси ва ундан келиб чиқадиган ҳукмлар ҳақида, Аллоҳ хоҳласа, ке¬йинроқ гаплашамиз.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади: 

«Саъд ибн Робеънинг хотини Саъддан бўлган икки қизини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келтириб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, манави иккови Саъд ибн Робеънинг қизлари, оталари сиз билан «Уҳуд»да (иштирок этиб) шаҳид бўлди. Энди бўлса амакилари уларнинг молларини олиб қўйди. Уларга ҳеч қандоқ мол қолдирмади. Икковларининг моли бўлмаса, биров никоҳига ҳам олмайди», деди.
«Бу ҳақида Аллоҳ Ўзи ҳукм чиқаради», дедилар у Зот.
Бас, шунда: «Аллоҳ сизларга фарзандлари¬нгиз ҳақида васият этиб...» ояти — мерос ояти нозил бўлди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икковларининг амакисига одам юбориб:
«Саъднинг икки қизига учдан иккисини, уларнинг онасига саккиздан бирини бер, қолгани эса, сенга бўлади», дедилар
». 

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу ривоятдан бир ояти кариманинг нозил этилишига бир неча сабаблар бўлиши мумкинлиги кўриниб турибди.

Ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Исломдан олдинги қоидаларга кўра хотин-қизларга мерос бермай, уларга зулм ўтказилиши. 

Саъд ибн Робеъ розияллоҳу анҳу Уҳуд жанги¬да шаҳид бўлганларидан кейин у кишидан қолган мероснинг ҳаммасини укалари олиб қўяди. 

Унинг аҳли аёли ва икки қизчаси боқувчисидан ва бор мол-мулкидан айрилиб қоладилар.

2. Кишиларда, ҳатто аёлларда ҳам Ислом дини ҳамма ҳақсизликларни тугатишига умид туғилгани. 

Шунинг учун ҳам Саъд ибн Робеънинг аёллари икки қизларини етаклаб, адолат истаб Пай¬ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бордилар.

Дарҳақиқат, Исломдан бошқа тузумларда барча масалаларга ўхшаб мерос масаласида ҳам адолатсизлик ҳукм сурар эди. Буни тарихчилар ўрганиб чиқиб, ҳужжат ва далиллар билан исботлаганлар. 

Бошқа юрт ва халқлар тўғрисида гапириб ўтирмай, Қуръон оятлари нозил бўлган жой ва у ернинг халқлари — арабларнинг мерос бўйича амал қилинадиган қонун-қоидаларига назар солсак, бу ҳолат очиқ намоён бўлади. 

Араб жамияти ҳукми бўйича, фақат қурол кўтариб душман билан уруш қиладиган эркакларгагина мерос олиш ҳақи берилган эди. Аёллар ва ёш болаларга эса меросдан ҳеч нарса берилмас эди.

Ислом дини аёлларнинг ҳам, ёш болаларнинг ҳам меросдан ҳақи борлигини эълон қилди. Бу жоҳилият аҳлини ғазабга келтирди. 

Бу ҳақда Авфий Ибн Аббос розияллоҳу ан¬ҳудан қуйидагиларни ривоят қилади: 

«Аллоҳ таоло ўғил-қизларга ва ота-оналарга мерос бобида фарз қилган ҳукмлар ҳақида оятлар туширганида баъзи одамларга ёқмади. Улар хотинга тўртдан бир ёки саккиздан бир, қизга ярим, кичкина болага ҳам мерос бериладими? Ахир, улардан бирортаси ҳам урушда қатнашмайди-ку! Ўлжа ҳам олмайди-ку! Бу гап тўғрисида индамай туринглар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёдларидан чиқиб қолса, ажаб эмас ёки у кишига айтамиз, буни ўзгартирадилар», дейишди. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: 

«Эй Аллоҳнинг Расули! Қиз болага отасининг меросидан ярми бериладими? Ахир у от миниб душманга қарши урушмайди-ку! Қўлидан ҳеч нарса келмайдиган гўдакка ҳам мерос бериладими?» дейишди. 

Улар жоҳилият вақтида душманга қарши уруш қилганларгагина, катта ёшлардан бошлаб мерос беришар эди. Уларнинг бу тутимларига жавобан Аллоҳ таоло: «Аллоҳ сизга фарзандларингиз ҳақида васият этиб, бир ўғилга икки қиз насибасича беришни амр этади», деб бошланувчи оятларни нозил қилди».

Ушбу ривоятдан кўриниб турибдики, молу мулк борасида ўрганиб қолинган одатни тарк этиш қи¬йин кечган. Бўлмаса, шариат ҳукмини эслатмай туринглар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёдларидан чиқиб қолса ажаб эмас, дейдиларми? У Зотга бориб, нима учун хотинларга ва ёш болаларга мерос берилар экан, деб норозилик билдирилар эдими? 

Мол аччиғи-жон аччиғи, дейилгани шу бўлса керак. 

Бундоқ фикрга берилган кишиларнинг назарида бунақада баъзилар тайёрга айёр тариқасида мўмайгина мол эгаси бўлиб қолишади. Худди шундай фикр қилаётганлар ҳозирги кунда ҳам бор. Улар умуман мерос деган нарса бўлмаслигига тарафдорлар. Бундоқ кишилар асосан ғайридинлардан иборат бўлиб, баъзилар уларга тақлид қилиб юрибдилар ҳам.

Исломда эса мерос молнинг бир шахсдан иккинчи шахсга кўчишини қонунлаштирган энг нозик ва муҳим ҳукм шаклида қабул қилинган. Бу нарсани, аввал айтганимиздек, асосан, Аллоҳ таолонинг Ўзи баён қилган. 

Энди нима учун меҳнатсиз, тайёрга айёр бўлиб, биров бировнинг ўлимидан кейин унинг молига эга бўлиб қолади, деган саволга жавоб берайлик.

Ўйлаб қарасак, асосан, мерос қолдирувчи мерос олувчини дунёга келтиради ва ўша болалар ота-оналардан мерос олади.

Қолаверса, мерос қолдирувчи ота-оналар ўз меросхўрларига ўз табиатлари, истеъдодлари, биологик хусусиятларини ва ҳатто ўз шакл-шамо¬йилларию чиройларини ҳам мерос қолдирадилар. Бас, шундоқ экан мол-дунёсини мерос қолдирса нима бўлибди? 

Бошқа яқин қариндошлар ҳам шунга ўхшаб, доимий равишда бир-бирларига яхшилик қилиб келадилар.

Эр-хотин эса, умид билан бир ёстиққа бош қўйиб бирга яшайдилар. Ҳаётнинг барча аччиқ-чучукларини бирга тотадилар, мерос қолаётган молни топишда ҳам бирга иштирок этадилар.

Шу билан бирга, меросхўр қариндошлар бошга оғир кун тушганида жавобгар шахслар ҳисобланадилар. Шаръий ҳукм ила оғир молиявий тўлов ўташ керак бўлиб қолганда айнан мерос олишга ҳақли қариндошлар ўша тўловни ўташлари керак. Оғир ҳолга тушиб қолганда нафақаси ўшаларга вожиб бўлади. Шунинг учун ҳам улар меросга ҳақдор қилинганлар.

Мерос олиш кераклиги ҳақидаги тортишув унча кўп эмас. Аммо кимга қанча мерос бериш ҳақида турли тортишувлар бор. Бу тортишувлар Аллоҳни тан олмай ўзича иш кўриш оқибатида келиб чиққан. 

Яхшиси, бу ҳақда мероснинг Қуръондаги тақсимини ўрганиш жараёнида танишиб чиқсак-да, ҳозир мерос оятлари нозил қилинишига сабаб бўлган ҳодисага диққатни жалб этайлик.


Аллоҳ таоло: «Аллоҳ сизга фарзандларингиз ҳақида васият этиб, бир ўғилга икки қиз насибасича беришни амр этадир. Агар улар иккитадан кўп аёл бўлсалар, уларга у(ота) қолдирганнинг учдан иккиси. Агар қиз битта бўлса, унга ярми. Агар унинг боласи бўлса, у тарк қилган нарсадан ота-онасининг ҳар бирига олтидан бир. Агар унинг боласи бўлмаса ва ота-онаси меросхўр бўлса, онасига учдан бир. Агар унинг ака-укалари бўлса, онасига олтидан бир. (Булар) у қилган васият ёки фарзни адо этгандан сўнг (бўлур). Оталарингиз ва болаларингиздан қайси бирлари сизга манфаатлироқ эканини билмайсизлар. Бу (фарз) Аллоҳ жорий қилган фарздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва ҳикматли Зотдир», (Нисо, 11) деган.

Ушбу ояти каримада қисқа иборалар билан ажойиб услубда ва ўта аниқликда мерос тақсим қилинмоқда. Қадимги уламоларимиз мерос оятини дин арконларидан бир аркон, ҳукм устунларидан бир устун ва оятларнинг оналаридан бир она, деб атаганлар.

Қадимда ҳам, ҳозирда ҳам уламолар мерос ҳақида нима ёзган бўлсалар ушбу оятга ва кейин келадиган икки оятга шарҳ ёки тушунтиришдан иборатдир.

Энди ояти каримани қўлимиздан келганича тафсир қилишга ўтайлик:

1. «Аллоҳ сизга фарзандларингиз ҳақида васият этиб, бир ўғилга икки қиз насибасича беришни амр этадир». 

«Васият» сўзи фақат ўлаётган одам таъкидлаб айтган гапдан иборат эмас. Балки бу сўз кенг маъноли бўлиб, насиҳат, қарор, ҳукм ва таъкидланган тавсия маъноларини ҳам англатади. Ушбу оятда ҳам Аллоҳнинг васияти – амри маъносида келмоқда.

Ушбу оятда жоҳилият ҳукмига қарши ўлароқ, биринчи бор аёл кишининг ҳам меросда ҳақи борлиги очиқ-ойдин айтилмоқда. Шу билан бирга, болаларга отасидан қолган меросни тақсимлашда икки қизга теккан улуш бир ўғилга тегиши айтилмоқда. Ислом душманлари бу маънони қўполроқ қилиб, Исломда хотин кишига эркак кишига бериладиган мероснинг ярми берилади, дейдилар.

Тушуниш учун мисол келтирадиган бўлсак, бир одам вафот этиб, ортидан бир ўғил, икки қиз қоладиган бўлса, ўғлига мероснинг ярми тегади, икки қиз эса, қолган ярмини тенг бўлиб олишади. Агар икки ўғил, икки қиз қолса, мерос олти ҳиссага бўлинади, Қизлар бир ҳиссадан икки ҳиссани, ўғиллар икки ҳиссадан тўрт ҳиссани оладилар. Агар бир ўғил, бир қиз қолса, ўғил икки ҳисса, қиз бир ҳисса олади,

Бугунги кунда мерос бобида Исломга унинг душманлари томонидан таъна тошлари асосан, ана шу тақсимга қараб отилмоқда. Улар Исломда аёл киши яримта одам ўрнида кўрилиши ҳақида оғиз тўлдириб гапиришади. Бу ҳол ўтакетган адолатсизлик экани ҳақида сафсата сотишади. Бу билан улар Аллоҳнинг ҳукмига шак келтирадилар, илоҳий адолатни адолатсизлик деб атайдилар.

Аслида уларнинг бундоқ шаккокликларига эътибор бериш керак эмас. Улар ўз шаккокликларига яраша қиёматда жавоб беришади. Мўмин-мусулмон одам эса, шариатнинг ҳукмини ҳеч қандай иккиланишсиз, очиқ қалб билан кутиб олиб, амал қилиши лозим. 

Аммо баъзи бир тузуккина мусулмон бўлиб кўринган, қўлидан келганича шариат ҳукмига амал қилишга уриниб юрган кишиларнинг, айниқса, аёлларнинг бу масалада Ислом душманларининг фикрларини таъкидлаб айтиб юришлари ачинарли ҳолдир. Бу аввало, душманлар ўз ботил фикрини қайта-қайта безаб кўрсатиши ва мусулмонларга керакли савиядаги исломий тушунча берилмаганидан бўлса керак. 

Шунинг учун бу масалани бир оз кенгроқ баён қилиш лозим, деб ўйлаймиз.

Биринчидан, Исломда мерос адолатсиз тақсим қилинади, аёл кишига эркак кишига аталган мероснинг ярмича берилади, деган таъна бу масалада янгилик эмас. 

Қадимгилар нима учун аёл кишига мерос берилар экан, дейишар эди. Ҳозиргилар эса, нима учун аёл кишига эркак кишидан оз мерос берилади, демоқдалар, холос. Бу икки ҳолат ҳам жоҳилликдан ўзга ҳеч нарса эмас.

Иккинчидан, Исломга мерос масаласида таъна тошини отаётганларнинг ўзлари ким? Эски жоҳилиятдагилар ким экани маълум ва уларни эслаб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Янгилар эса, аёлни эркак билан тенг ҳуқуқли ҳисоблаб, ўзинг ишлаб топиб е, эринг сени таъминлашга масъул эмас, чунки тенг ҳуқуқлисизлар, демоқдалар. 

Уларнинг фикрича, ҳар бир аёл ўз меҳнати ила ризқу рўз топиши керак, уни боқишга ҳеч ким масъул эмас. Шу билан бирга, улар ҳозиргача аёлга эркакдан оз иш ҳақи бериб келмоқдалар. 

Худди шуларнинг оталари кечагина аёл ҳақиқий одам эмас, шайтоннинг малайи, эркак кишини йўлдан уриш учун яратилган махлуқ, дер эдилар. Яқин-яқинларгача уларда аёл киши умуман мерос олиш ҳуқуқига эга бўлмаган.

Учинчидан, Ислом аёл зотини туғилганидан то вафот этгунича эркак қариндошлари тўла таъминлайдиган қилиб қўйган. Бунинг устига меросдан ҳақ оладиган қилиб белгилаган. Аёл зоти қиз ўрнида бўлса, Ислом шариати бўйича унинг барча нафақаси отасининг зиммасига ўтади. Отаси вафот этса, ака-укалари зиммасида бўлади. Бу ҳақ вожиб ҳақ бўлиб, нафақа бериши лозим киши бундан бош тортадиган бўлса, Ислом ҳукумати куч ишлатиб бўлса ҳам уни олиб беради. Шунинг¬дек, аёл зоти эрлик бўлганида унинг барча нафақаси эрининг бўйнидаги вожибга айланади. 

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ислом тузумида аёл киши моддий жиҳатдан бир лаҳза ҳам қаровсиз қолмайди. Бундай ҳолда у олган меросни хайр-эҳсонга ёки кўнгилхушига сарф қилиши қолади, холос. Бунинг нимаси адолатсизлик?

Исломда аёл кишига ҳеч кимни нафақа билан таъминлаш таклиф қилинмайди. Аёлнинг ўзига, болаларига, оиласига эри сарф қилади. Шунингдек, оила қуриш вақтида ҳам келин маҳр олади,  куёв  маҳр  беради.  Яшаш  жойи,  таом, кийим, таълим-тарбия, даволаниш учун кетадиган сарф-ҳаражатлар ҳам эрнинг зиммасига тушади. Шунча шароитларни яратиб бериб туриб, яна меросдан улуш берса, Ислом адолатсизлик қилган бўладими?!

Энди ўғил билан қизнинг меросни бўлиб олишлари ва ундан кейин ҳосил бўладиган ҳолатни уламоларимиз келтирган мисолда кўриб чиқайлик:

«Бир киши вафот этди. Орқасидан бир ўғил, бир қиз ва уч минг динор пул қолди. Ислом шариати ҳукми бўйича ўғил икки минг динор, қиз минг динор олади. Бу иш адолатсизликми ёки ундай эмасми? 

Бу саволга жавоб беришдан олдин уларнинг кейинги қиладиган тасарруфларини бир кўриб чиқайлик. 

Агар ўғил ва қиз оилали бўлмасалар, оила қуришга киришдилар, дейлик. Ўғил отасидан қолган икки минг динорни келинга маҳр учун берди. Энди турар жой, тўй харажатлари, оиланинг сарф-ҳаражатлари учун пул топиши керак.

Қиз эса, унга уйланмоқчи бўлган куёвдан икки минг динор маҳр олди. Уни отасидан олган минг¬га қўшиб, жамғармасига қўйиб қўйди ва куёв тайёрлаган турар жойга бориб, унинг нафақасига яшай бошлади. Хўш, кимга осону кимга қийин? Ким адолатлию ким адолатсиз?!

Айтайлик, отасидан мерос олган ўғил ҳам, қиз ҳам оилали эдилар. Ўғил олган икки минг динорини ўз оиласига сарфлаши керак. Чунки оиланинг барча нафақалари шариат ҳукми бўйича унинг зиммасида. Қиз эса, олган минг динорни жамғармасига қўшиб қўяди. Хоҳласа, хайр-эҳсон, кўнгилхуши қилиши мумкин, холос. Чунки унинг зарурий нарсаларини эри таъминлашини Ислом шариати белгилаб қўйган.

Шунга ўхшаш ҳолатни ўғил ва қиз қайси ҳолатда бўлсалар ҳам учратаверамиз. Ўғил қайси ҳолатда бўлса ҳам зиммасида нафақа, сарф-харажат қилиш бурчи бор. Қиз қайси ҳолатда бўлса ҳам зиммасида ҳеч қандай молиявий сарф-харажат бурчи йўқ.

Аллоҳнинг мерос тақсимлаши қанчалик адолатли эканлиги энди равшан кўринган бўлса керак.

2. «Агар улар иккитадан кўп аёл бўлсалар, уларга у (ота) қолдирганнинг учдан иккиси».

Яъни, бир киши вафот этиб ортидан фақат қиз фарзандлар қолса-ю улар иккитадан кўп бўлсалар, улар мероснинг учдан икки қисмини баробар бўлиб оладилар. Қолгани бошқа мерос¬хўрларга тегади.

Агар фарзандлар иккита қиздан иборат бўлсалар-чи, дерсиз. Улар ҳам мероснинг учдан иккисини тенг бўлиб оладилар. Оятда бу масала очиқ айтилмаган. Лекин иккитадан кўп бўлсалар, учдан иккисини бўлиб олади, дейишликда иккита ва иккитадан кўп маъноси бор.

Бунинг устига кейин келадиган учинчи оятда иккита сингил меросхўр бўлсалар, учдан икки меросни олишлари очиқ айтилган. Сингилдан кўра, қиз яқин бўлиши эътиборидан иккита сингил мероснинг учдан иккисини олгандан кейин, иккита қиз учдан иккисини олиши турган гап.

Демак, юқорида ўрганган ҳадисимизда кўрганимиздек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу оятни ҳаётга татбиқ қилароқ, Саъд ибн Робеънинг икки қизларига у кишидан қолган мероснинг учдан иккисини берганлар.

3. «Агар қиз битта бўлса, унга ярми».

Яъни, вафот этган кишининг ортидан ёлғиз битта қиз фарзанд қолса, у қизга отаси меросининг ярми берилади. Қолгани эса бош¬қа мерос¬хўрларга бўлиб берилади.

4. «Агар унинг боласи бўлса, у тарк қилган нарсадан ота-онасининг ҳар бирига олтидан бир».

Бир киши вафот этди. Ортидан отаси, онаси ва фарзандлари қолди. Унинг отасига олтидан бир, онасига олтидан бир мерос берилади.

Қолган меросни фарзандлар бир ўғилга икки қиз ҳиссаси бўйича бўлиб оладилар.

Агар фарзанд бир ўғил бўлса, қолганнинг ҳаммасини олади.

Агар фарзанд битта қиз бўлса мероснинг ярмини олади ва ҳоказо.

5. «Агар унинг боласи бўлмаса ва ота-онаси меросхўр бўлса, онасига учдан бир».

Бир киши вафот этди. Орқасидан отаси ва онаси қолди. Бошқа меросхўри йўқ. Онаси мероснинг учдан бирини олади, отаси қолган учдан иккисини олади.

6. «Агар унинг ака-укалари бўлса, онасига олтидан бир».

Бир киши вафот этди. Ортидан ота-онаси ва ака-укалари қолди. Бошқа меросхўрлар йўқ. Бу ҳолда онаси мероснинг олтидан бирини олади. Мероснинг қолганини отаси олади. Ака-укаларга мерос тегмайди. Уларни ота тўсиб қолади. Аммо ака-укалар онанинг ҳиссасини учдан бирдан олтидан бирга қисқартадилар. Агар битта ака ёки ука бўлса, онанинг улушини қисқартира олмайди.

Мерос қолдирувчи кишининг ака-укалари оналарининг меросдан оладиган улушини қисқартишлари ҳикмати ҳақида уламоларимиз:

«Оталари уларга нафақа беради, уларни уйлантиради, шунинг учун оналари улушидан қис¬қартирилиб, оталари улушига қўшилган», дейдилар.

«Ҳадис ва Ҳаёт»нинг мерос, васият ва қул озод қилишга оид бу китоби аввалида айтиб ўтилганидек, мерос бўлишдан олдин мерос қолдирувчининг қарзи ва васияти адо этилади. Бу ҳақда ушбу биз ўрганаётган оятнинг давомида баёнот келади.

«У қилган васият ёки қарзни адо этгандан сўнг».

Оятда васият олдин, қарз кейин зикр этилган бўлса ҳам амалда олдин қарз, кейин васият адо этилади. Чунки қарз банданинг ҳақидир. Банданинг ҳақини фақат ўша ҳақдор банданинг ўзигина кечади.

Ислом динида қарз қаттиқ олинади. Чунки қарз бунчалик қаттиқ олинмаса, ҳаётдаги муомалаларда ишонч қолмайди. Одамлар орасида хотиржамлик йўқолади. Шунинг учун қарздор ўлганидан кейин ҳам қарзнинг масъулиятидан қутула олмайди. У ўлганидан кейин қолган мол-мулкидан қарзини узишга ҳаракат қилинади. Қарзнинг олдида унинг васиятига амал қилиш тура туради. Агар ўзидан қолган моли қарзини қопламаса, қариндошларидан бири унинг қарзини зиммасига олмагунича қарздорнинг жанозаси ҳам ўқилмайди. Агар қарздор шаҳид бўлса ҳам унинг қарзи узулмагунича шаҳидларга бериладиган имтиёзлардан фойдалана олмай туради.

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Бир одам:

«Эй Аллоҳнинг Расули, мен Аллоҳнинг йўлида қатл бўлсам, гуноҳларим ювиладими?» деди.

«Агар сен сабр ила, савоб умидида, қочмасдан, олға интилиб туриб қатл этилсанг, ювилади», дедилар у Зот. Сўнгра: 

«Нима дединг?» деб қайта сўрадилар. Ҳалиги одам айтганларини такрорлади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ҳа, ювилади. Фақат қарзинг бўлмаса. Менга бунинг хабарини Жаброил айтди», дедилар».

Ўлган кишининг молида қарз васиятдан устун туриши ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳукм қилганлар.

Уламоларимиз келтирган ривоятда Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу: 

«Албатта, сизлар, «У қилган васиятни ёки қарз¬ни адо этгандан сўнг» оятини қироат қилурсизлар. Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам васиятдан олдин қарз адо этилиши ҳақида ҳукм қилганлар», деганлар.

Чунки қарз маййитнинг зиммасида ўлимидан олдин ҳам, кейин ҳам собит ҳақдир. Қарз берувчи уни доимо талаб қилиб туради. Қарздор ўлса, унинг меросхўрларидан талаб қилади. Васият эса, ихтиёрий садақадек гап. Уни биров талаб қилмайди.

Нима учун оятда васият қарздан олдин зикр қилинди, деган саволга уламоларимиз қуйидаги жавобни берадилар: 

«Васиятни олдин келтириш меросхўрларни унга аҳамият беришга қизиқтириш учундир. Васиятни орқасидан талаб қилувчиси бўлмагани учун меросхўрлар молга қизиқиб, уни адо этмай қўйишлари мумкин».

Агар вафот этган кишининг моли қарзидан ошиб қолса, васияти учдан бирига ўтиши ҳақида олдин гапириб ўтганмиз.

Ояти кариманинг давомида яна қуйидагилар айтилади:.

«Оталарингиз ва болаларингиздан қайси бирлари сизга манфаатлироқ эканини билмайсизлар».

Инсон кўпинча инсонлигига бориб, ҳолатга қараб, турли нарсалардан таъсирланиб, турлича ҳукм чиқариши мумкин. Айниқса, унинг беморлик чоғида ёки ўлаётган вақтида яқин кишиларга кўпроқ яхшилик қилгиси келади. 

Баъзан оталик меҳри устун келиб, болаларини кўпроқ ўйлаб, уларни бошқалардан устун қўяди. Жумладан, мерос ҳам фақат уларга бўлса эди, деб болаларини бу масалада ота-онасидан устун қўйиб юбориши мумкин. 

Баъзи бирлари эса, одоб-ахлоқ, урф-одат ҳиссидан келиб чиқиб, ота-онасини устун қўйиб юбориши мумкин. 

Шунинг учун ҳам мерос тақсимлашни Аллоҳ таоло Ўзи йўлга қўйди. Бу ишни ҳеч кимга, ҳатто Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам тўлалигича қўйиб бермади. 

«Бу (фарз) Аллоҳ жорий қилган фарздир».

Унга инсоннинг ҳеч алоқаси йўқдир. Ҳеч ким меросни ўзича бўла олмайди. Меросдан кимга қанча улуш тегишини белгилаш Аллоҳнинг иши. Шунинг учун ҳам мерос қолдирувчиларнинг турли андишаларга боришларига ҳожат йўқ. 

«Албатта, Аллоҳ билувчи ва ҳикматли Зотдир».

Жумладан, меросни қандай тақсимлашни ҳам Аллоҳ таоло Ўзи яхши билади. Унинг тақсими эса, албатта, ҳикматлидир. 

Энди ушбу ояти каримада муолажа қилинган мавзу давомида болалар мероси ҳақидаги масалага оид келган баъзи ҳадиси шарифларни ўрганиб чиқсак.


Ҳузайл ибн Шураҳбил розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Абу Мусодан қиз, ўғилнинг қизи ва сингил ҳақида сўралди. Бас, у:
«Қизга ярим ва сингилга ярим, Ибн Масъудга борсанг ҳам мен айтганни айтади», деди.
Сўнг Ибн Масъуддан сўралди ва Абу Мусонинг гапи ҳақида хабар ҳам берилди.
«Ундоқ бўлса, мен адашибман, мен ҳидоят топганлардан эмас эканман. Лекин мен бу масалада Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қилган ҳукмни қиламан, қизга ярим, ўғилнинг қизига учдан иккини тўлдириш учун олтидан бир ва қолгани сингилга», деди у.
Абу Мусога бориб, Ибн Масъуднинг гапини айтган эдик, модомики бу (илмий) денгиз ичингизда экан мендан бир нарса сўраманг», деди
». 

Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.

Шарҳ: Аввало, ровий Ҳузайл ибн Шураҳбил розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик.

Ҳузайл ибн Шураҳбил ал-Авадий ал-Куфий. Арқам ибн Шураҳбилнинг инисидир. Ҳадисларни акаси, Усмон, Али, Талҳа, Саъд, Ибн Масъуд, Абу Зарр, Саъд ибн Убода, Қайс ибн Саъд, Ибн Умар Ҳамадоний, Масруқ розияллоҳу анҳумдан ривоят қилдилар.

Бу зот Жаможим воқеасидан кейин вафот этдилар.

Бир киши вафот этди. Ортидан битта қизи, битта ўғлидан бўлган қиз набираси ва битта синг¬лиси қолди, холос. Кишилар меросни ушбу уч меросхўр орасида қандоқ бўлишни билишмади. Улуғ саҳобийлардан бири Абу Мусо ал-Ашъарий¬нинг олдиларига бориб, масалани ҳал қилиб беришларини сўрадилар. У киши бошқа далилларда қизга ярим, сингилга ярим берилиши зикр қилингани туфайли уларга меросни бўлиб бериш керак, ўғилнинг қизига ҳеч нарса тегмайди, деб ҳукм қилдилар. Орқасидан мерос масаласини яхши билиши билан машҳур бўлган Абдуллоҳ ибн Масъуд ҳузурига борсангиз, у ҳам мен айтган гапни айтади, дедилар. 

Афтидан, сўровчилар жавобдан қониқмаган кўринадилар. Улар Абдуллоҳ ибн Масъуд розиял¬лоҳу анҳунинг олдиларига бориб, масалани айтиб, ортидан Абу Мусо ал-Ашъарийнинг гапларини ҳам қўшиб қўядилар. 

Шунда у киши агар мен бу масалада Абу Мусо ал-Ашъарийнинг гапини тасдиқласам адашган, ҳидоят топмаганлардан бўламан, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу масалада бош¬қача ҳукм чиқарганлар, мен сизларга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чиқарган ҳукмларини айтиб бераман, дедилар ва:

«Қизга ярим, ўғилнинг қизига учдан иккини тўлдириш учун олтидан бир ва қолгани сингилга» мазмунидаги ҳадиси шарифни баён қилдилар.

Агар қизлар иккита бўлганларида учдан икки қисмни олар эдилар. Ўғилнинг қизи ҳам қиз ўрнида. Ўз қизи билан қўшилса, икки қиз ўрнини босиб, икковлари учдан иккига ҳақдор бўлишади. Ўз қизи ярмини олган, ўғилнинг қизи узоқроқ бўлгани туфайли учдан иккидан қиз олган ярмини чиқариб ташлаб, қолган олтидан бирини олади. Шунда икковининг олгани учдан икки бўлади. Қолган учдан бирни сингил олади. 

Бундай ҳолатда мерос олтига бўлинади. Унинг ярми, яъни, уч ҳиссаси қизга берилади. Бир ҳиссаси ўғилнинг қизига берилади. Икковиники қўшилганида тўрт ҳисса – учдан икки бўлади. Сингилга эса, икки ҳисса – учдан бир қолади.

Ибн Масъуддан бу тақсимни ўрганиб келган сўровчилар Абу Мусо ал-Ашъарийнинг олдиларига қайтиб бориб, бўлган гапни айтиб берадилар. 

Шунда у киши ўзлари хато қилганларини очиқ ва мардлик ила тан олиб: «Модомики, бу денгиз ичингизда экан мендан бир нарса сўраманг», дедилар.

Бу ҳақиқий инсоф ила айтилган гапдир. Ўзидан кўра илмли кишини тан олиш, кишилар олдида буни очиқ айтиш ва уларни ўша олимга йўллаш олимларнинг ҳақиқий одобидир. 

Мен фалончидан кўра яхши биламан, нимага мен туриб, пистончидан сўрадинг, қабилидаги гап-сўзлар одобсизлик ҳисобланади.


Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Бир киши хотини билан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида лаънат айтишди ва унинг туғадиган боласидан ўзини манфий ҳисоблади. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икковларининг орасини ажратиб қўйдилар ва болани аёлга нисбат бердилар».

Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Абу Довуднинг лафзида: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам лаънатлашган аёл ўғлининг меросини онасига ва онасининг меросхўрларига қилдилар», де¬йилган.

Шарҳ: Эр ўз хотинини зинода айбласа-ю, етарли гувоҳ топа олмаса, хотин зино қилганини тан олмаса, шариат бўйича улар орасида ўзаро лаънат айтишлари йўлга қўйилади. 

Бу ўзига хос нозикликларга эга ҳукмни, Аллоҳ хоҳласа, келажакда ўрганамиз. 

Қози ва гувоҳлар олдида эр ўзининг гапи тўғри эканини айтиб, агар ёлғон гапирган бўлса, ўзига Аллоҳнинг лаънати бўлишини тилайди. Хотин ҳам эрининг гапи ёлғон эканини, агар рост бўлса, ўзига Аллоҳнинг лаънати бўлишини айтиб қасам ичади. Шунинг учун бу иш «мулоъана» – «лаънатлашиш» номини олиб қолган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида шундоқ воқеа бўлган. Эри билан лаънатлашган хотин ҳомиладор бўлган. Эр ҳомиласи мендан эмас, деб болани тан олмаган. Икковлари лаънатлашиб бўлганларидан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ораларини ажратганлар ва бола туғилса, онасининг номи билан юритилади, мерос олиши ёки қолдириши ҳам фақат онаси томонидан бўлади, деб ҳукм чиқарганлар.

Демак, мазкур ҳолатга тушиб қолган болалар онаси ва онасидан мерос оладиганлар билангина мерос ҳақига эга бўлади, холос. Чунки отанинг тайини йўқ.


Имом Термизийнинг ривоятида: 

«Қай бир киши ҳур ёки чўри аёл билан зино қилса, бола зинодан бўлган бўлади. Мерос олмайди, мерос қолдирмайди», дейилган.

Шарҳ: Зинодан бўлган бола билан унинг дунёга келишига сабаб бўлган эркакнинг орасида шаръий насаб собит бўлмагани учун мерос ҳақи ҳам собит бўлмайди. Бундай бола онаси билангина мерос алоқасида бўлади, холос.


Абул Асвад ибн Язийд розияллоҳу анҳу: 

«Муоз ибн Жабал Яманга биз учун муаллим ва амир бўлиб келди. Биз ундан бир одам вафот этиб, ортидан қизини ва синглисини қолдиргани ҳақида сўрадик. Бас, у қизга яримни, сингилга яримни берди», деди». 

Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Абу Довуд: 

«Аллоҳнинг Пайғамбари ўша вақтда тирик эдилар»ни зиёда қилган.

Шарҳ: Машҳур саҳобий Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг Яманда ишлаб турган вақтларида ҳал қилган масалаларидан бири ушбу ривоятда зикр этилмоқда. 

Бир киши вафот этиб, орқасидан бир қизи ва бир синглиси қолган экан. Унинг меросини бўлиб беришни сўраганларида Муоз ибн Жабал меросни иккига бўлиб, ярмини қизига, ярмини сингилга берган эканлар. 

У киши бу тақсимни Қуръони карим ҳукмига биноан қилганлар. Қуръони каримда: «Агар у (қиз) битта бўлса, унга ярми» дейилган, бошқа бир оятда эса: «Ва унинг синглиси бўлса, бас, унга у тарк қилган нарсанинг ярми», дейилган.

Абу Довуднинг ривоятидаги: «Аллоҳнинг Пайғамбари ўша вақтда тирик эдилар», дейилиши ҳукм¬нинг тўғрилигини тасдиқлаш учун келтирилган. Чунки у зотнинг тирикликларида бошқалардан нотўғри ҳукм содир бўлса, Аллоҳ ваҳий юбориб тузатиши турган гап эди.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон янги туғилган бола овоз чиқарса, унга мерос берилади», дедилар
». 

Сунан эгалари ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Ислом дини инсон ҳақларини қанчалик тақдирлаши очиқ-равшан баён этилмоқда. Онасидан туғилганда тириклик аломати бўлган ҳар қандай боланинг ҳам меросда ҳақи борлиги айтилмоқда.

Ислом шариати ҳукми бўйича бир одам вафот этганда ундан мерос олиши имкони бор одам онасининг қорнида ҳомила ҳолида бўлса ҳам, ўша ҳомила туғилгунича мерос бўлинмай кутиб турилади. Бу Моликий мазҳаби танлаган ҳукм.

Аммо бошқа мазҳабларда ҳомиланинг туғилишини кутиб турмай мерос бўлинади ва унга ҳам меросхўрлардан кафолат олиниб, тахминий равишда меросдан қолдирилади. 

Мободо ҳомила ўлик ҳолда туғилса, мерос берилмайди. Тирик туғилса, меросдан ўз улушига ҳақдор бўлади. Бунинг учун бола туғилган вақтда овоз чиқариши, нафас олиши, акса уриши каби тириклик аломати бўлиши кифоя. Кейин ўлиб қолса ҳам унга меросдан ҳақ ажратилади ва ундан мерос олиш ҳақига эга кишиларга берилади. Туғилган болада тириклик аломати борлиги ҳақида бир одила аёлнинг гувоҳлиги қабул қилинаверади.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ушбу дарсда ҳамма билиши лозим бўлган ниятга боғлиқ аҳкомлар зикр қилинади. Келинг, уларнинг шарҳини ўрганиб чиқамиз. Такбири таҳримага улаб иқтидо қиладиган давоми...

2913 17:30 / 28.10.2021
Ушбу ўн тўрт оятдан бирини тиловат қилган ёки эшитган кишига сажда қилиш вожиб бўлади. 1. Аъроф сурасининг охиридаги 206оят. 2. Раъд сурасидаги 15оят. 3. Наҳл давоми...

2122 19:00 / 27.07.2023
Шайх Муҳаммад Али Собуний ҳукм оятларини тафсир қилишда ўн нарсага алоҳида эътибор берган.1. Зарур бўлганда керакли лафзларни таҳлил қилган ҳамда тафсирчи ва давоми...

3954 13:50 / 29.08.2019
Ўша даврда фиқҳ уламоларидан кўплаб фақиҳлар етишиб чиққан. Уларнинг кўпчилиги ўзлари дунёдан ўтишлари билан фиқҳий илмий ишлари ҳам мерос бўлиб қолиб кетган. давоми...

5402 15:44 / 16.01.2020