1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Йигирма биринчи аср жаҳолати!

05:00 / 04.03.2017 3095 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ислом дини Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал дини ўлароқ, ўзининг илк кунларидан бошлаб инсон жамиятидаги иллатларга қарши ўт очди. Ислом дини жамиятни ислоҳ қилишга киришар экан, биринчи бўлиб ишни кишиларнинг тушунчалирини тўғрилашдан бошлади, инсонларни ёмонликка ундаётган сабабларни муолажа қилди.

Ўша даврдаги арабларда мавжуд бўлган энг қабиҳ иллатлардан бири ‒ фақирлик ва бошқа сабабларни рўкач қилиб қиз болаларни ўлдириш эди. Айрим араб қабилалари «қизлар қўлига қурол ололмайди, асирга тушса, бизга ор­номус келтиради» каби баҳоналар билан, бошқалари «илоҳларимизнинг амри» деган эътиқодда қиз болаларни тириклайин кўмишар эди. Ҳатто ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудек ақлли инсон ҳам ушбу хатодан холи эмас эди.


Удумга кўра, гўдакка яхши кийимлар кийгизилар эди. Кейин уни отаси саҳрога олиб борар, бола учун ўз қўллари билан чуқур қазиб, болани унга ўтқазар, унинг ҳаёлини чалғитиш учун қўлига бирор ўйинчоқ бериб, у ўйин билан банд бўлиб турганида устидан турпоқ тортиб юборар эди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу кейинчалик ҳам ўша машъум жоҳилият удумини эсга олиб, ўкинчдан йиғлар эдилар. Бу одатнинг касофатидан жамиятда аёллар сони камайиб, эркаклар оила қуришлари учун аёл етишмаслик муаммоси ҳам қулоч ёза бошлаган эди. Одамлар бу каби муаммолардан чиқишга йўл топа олмас, «тарки одат ‒ амри маҳол» бўлиб, кишилар ихтиёри­мажбурий тарзда ўз қўллари билан ўзларини ҳалокат сари судраб боришар эди. Ана шундай бир пайтда Ислом дини жоҳилият зулматларини ўзининг нурафшон таълимотлари билан ёритди, кишиларни ҳалокат ёқасидан нажот сари олиб чиқди.Мусулмонлар ундай қабиҳ одатлардан қутилди.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг илк нозил бўлган сураларидан бири «Таквир» сурасида инсонларга шундай мурожаат қилди: 

«Вавақтики, тириклай кўмилган қиздан сўралса: «У нима гуноҳ учун ўлдирилган?» деб... (Ана ўшанда) Ҳар бир жон нима ҳозирлаганини биладир»(8,9,14­оялар).

Ана шундай қилиб, кишиларни ушбу қилаётган ишларидан масъул эканликлари уқтирилди. 

«Анъом» сурасида эса шундай марҳамат этади:

«Болаларингизни фақирликдан ўлдирманг. Сизларни ҳам, уларни ҳам Биз ризқлантирурмиз» (151­оят).

«Исро» сурасда эса:

«Болаларингизни фақирликдан қўрқиб ўлдирманг. Уларни ҳам, сизларни ҳам Биз ризқлантирурмиз» (31­оят), дея марҳамат этган.

Олдинги оятдаги «Болаларингизни фақирликдан ўлдирманг», деган жумлада фарзандни боқа олмай ўлдириб қўйишдан қайтариқ бўлса, кейинги оятдаги «Болаларингизни фақирликдан қўрқиб ўлдирманг», деган иборада фақирлик етишидан қўрқиб, уни ҳали туғилмасиданоқ, ота­онага ризқ маъносида оғири тушмасданоқ ўлдириб юборишдан қайтариқ бор.

Мусулмонларда қадимдан бу каби удумлар «жоҳилият одати» деб тилга олинар, уларни тарихда бўлиб, кейин йўқ бўлиб кетган ёмон одатлар сифатида эслаб ўтилар эди. Аммо бугунга келиб, мусулмонларнинг Исломдан узоқлашиши, унинг таълимотларидан бехабарлиги сабабли ўшандай жоҳилият одатлари, бошқаларни қўйинг, айнан «мусулмонман», деган кишилар ўртасида кенг қулоч ёзмоқда. 

Араб жоҳилиятидаги мазкур удумни тилга олганда, эшитганда ҳар қандай одам беихтиёр ларзага келади, унинг ички оламида ўша давр кишиларига нисбатан қандайдир нафрат ўйғонади, тириклайин кўмилган қизалоқларга нисбатан қаттиқ ачиниш пайдо бўлади. Араб жоҳилларини нодонликда, қолоқликда, бағритошликда, инсонийликдан бегоналикда айблашга шошади. Айрим қизиққон кишиларда ўша қотил оталардан қасос олиш ҳисси ҳам пайдо бўлади. Аммо, агар инсоф билан айтсак, бугунги 21 аср жоҳилиятида аҳвол ундан­да оғир, янада ачинарлидир. Араб  жоҳиллари­ку фарзандларини бир неча йил бўлса ҳам боқишган, уларнинг дунё юзини кўриб, озми­кўп ундан баҳраланишларига бахиллик қилишмаган эди. Аммо бугунги кун жоҳиллари ўз болаларини она қорнидаёқ, ҳали ёруғ дунёга келмасидан олдин ўлдиришмоқда. Ўлдирганда ҳам, бутун жисмини парчалаб, оёқ­қўлларини майдалаб, бечора болани унсиз ҳалок қилишмоқда. Араб жоҳиллари фақат қиз болаларни ўлдиришган эди, аммо бугунги жоҳиллар ўғилни ҳам, қизни ҳам ўлдришмоқда. Араб жоҳиллари Аллоҳнинг динидан бехабар, Ислом дини ўзи нима эканини билмас эдилар. Аммо бугунги кун жоҳиллари Ислом ҳақида яхшигина хабарлари бор, ота­боболари ҳам мусулмон, ўзлари ҳам мусулмонликни даъво қилишади, шу билан бирга, ўзларини «замонавий онг»га эга, «ривожланган маданият» соҳиблари деб билишади. Бироқ, қилаётган ишлари ўша араб жоҳилларининг қилмишларидан бир неча баробар қабиҳ эканини англаб етмайдилар, аниқроғи, англашни хоҳламайдилар ҳам. Ачинарлиси шундаки, қадимдан болажон бўлиб келган ўзбек халқи ўртасида ҳам бу иллат оддий ҳолга айланиб бормоқда.

Андижон шаҳридаги ёш оилалардан бирида уч қиз фарзанд бор эди, ўғил йўқ эди. Оила бекаси навбатдаги фарзандга ҳомиладор бўлди. Қиз болага «тўйган» ота ва қайнона аёлдан ҳомиласининг жинсини аниқлатишни талаб қилишди. Тўрт ойлик ҳомилани «мутахассис» докторлар ўзларининг «замонавий» асбоб­ускуналари ёрдамида қиз, деб аниқлашди. Бундан ташвишга тушган она ўз эри ва қайнонасига бор гапни айтди. Улар ҳеч ўйланмай ҳомилани олдириб ташлашни маслаҳат беришди, балки бунга мажбур ҳам қилишди. «Ташаббускор» шифокорлар дарҳол ҳомилани олиб ташлашди. Не кўз билан кўришсинки, ҳомила йилардан бери интизорлик билан кутилаётган ўғил фарзанд экан.

Бу каби ҳолатлар жуда ҳам кўп. «Қиз кўрсанг таолқсан» деган шартли талоқлар, «хотининг яна қиз туғса, сени ўғил туғадиган аёлга уйлаб қўяман» деган маънодаги «меҳрибончилик»ларни ҳамма жойда учратиш мумкин. Улар ўғил ҳам, қиз ҳам Аллоҳнинг неъмати эканини, У Зотнинг иродаси ҳосиласи эканини англамайдилар. Аллоҳ таоло «Шуро» сурасида шундай марҳмат этади: 

«Осмонлару ернинг подшоҳлиги Аллоҳникидир. У зот хоҳлаган нарсасини яратур. У зот Ўзи хоҳлаган кишига қизлар ҳадя этур ва Ўзи хоҳлаган кишига ўғиллар ҳадя этур. Ёки уларни жуфтлаб – ўғил-қиз қилиб берур ва хоҳлаган кишисини туғмас қилур. Албатта, У Алийм ва Қодийрдир» (49‒50­оятлар).

Ушбу ояти каримада қиз фарзанд ўғилдан олдин зикр қилинган. Муфассирларимиз бунда бир нечта ҳақиқатларга ишора борлигини таъкидлайдилар. Биринчидан, оят қиз боланинг Исломда қадри юксак экани, қиз фарзанд Аллоҳ таолонинг улуғ неъмати эканига далолат қилади. Шу билан бирга, оятда Аллоҳнинг иродаси инсоннинг хоҳишидан устун эканига ҳам ишора бор. Чунки, инсон табиатан ўғил кўришга кўпроқ рағбат қилади. Аллоҳ эса хоҳлаган кишисига Ўзи хоҳлаганини ато қилади, агар истаса, банданинг хоҳишига қарши ўлароқ, унга қиз фарзанд беради.

Аллоҳ таолонинг неъматига ношукрлик жазосиз қолмайди, албатта. Гоҳида бу жазо шу дунёда ҳам берилиши мумкин экан. Пойтахтимизнинг кўпқаватли биноларидан бирида бўлиб ўтган бир воқеани ўша жойда истиқомат қиладиган танишларимиздан бири ҳикоя қилиб беради:

«Юқори қаватлардан бирида истиқомат қиладиган бир қўшнимиз бор эди. Ўзига тинч оила эди. Уларнинг бир қиз, бир ўғли бор эди. Қизи олти­етти ёшда, ўғли икки­уч ёш атрофида бўлса керак. Оила бекаси ўзида ҳомиладорлик белгиларини кўрди­ю, ташвишга тушди. «Бир қиз, бир ўғлим бўлса, энди туғиб нима қиламан, бекорга ўзимга ғалва ошириб?!» деб ўйлар эди. Аслида у соппа­соғ эди, яна фарзанд кўриши мумкин эди, аммо негадир у буни хоҳламади. Кимлардир тирноққа зор бўлиб, «нима қилсам менда ҳам ҳомила туғилар экан, Аллоҳ менга ҳам фарзанд берармикин», деган ташвишда юрган бир пайтдда, ношукур она ўз ҳомиласини қандай қилиб олдириш режасини тузар эди. Эрталаб туриб, болаларининг овқат­озиғини берди­ю, уларни уйга қўйиб, туғриқхона томон йўл олди. Қорнидаги бегуноҳ болани ўлдириб, бироз машаққат тортса­да, «елкасидан тоғ тушган одамдек» ўзини «енгил» ҳис қилган ҳолда уйига қайтиб келди. Аммо уйда нимадир нотинчлик, одамлар бесаранжом, ғала­ғовур тинмайди. Қараса, қизалоғи баланд қаватдан йиқилиб тушиб, ўлибди, ўғли эса, майдаланиб кетибди. Аёл ҳеч нарсани тушунмас эди. 

Воқеа бундай бўлган экан: уйда автомат кирювиш машинаси бор экан. Табиики, болалар онасининг унда кир юваётганини кўп бора кўришган. Қизалоқ қиз болалагига бориб, кир машинани ишлатгиси келибди ва укасини ювиб, оппоқ қилмоқчи бўлибди. Уни эркалатиб, машина ичига отказиб, эшигини ёпибди­да, тугмачани босибди. Бир лаҳзада гўдак парча­парча бўлиб кетибди. Ўзи нима қилиб қўйганини англамаган қизалоқ қўрққанидан ташқарига отилиб чиқибди­ю, зинапоядан пастга йиқилиб, вафот этибди. 

Шундоқ қилиб, ношукур она бир кунда уч фарзандининг ўлимига сабаб бўлибди. Аллоҳнинг берган неъматини қабул қилмагани учун олдинги берилган неъматлардан ҳам маҳрум бўлибди. Унинг жинояти сабабли болалар умри ҳазон бўлибди. Ношукурликнинг оқибати ана шундай ёмон бўлади.

Бу ҳам бўлса, бизга инсон табиати ўзи шундоқ: Аллоҳнинг динидан, Унинг таълимотларидан узоқлашса, у қайси замонда яшашидан қатъи назар, ўзи билган ё билмаган ҳолда ана шундай қабоҳатларга қўл уриши мумкин эканини кўрсатади.

Аслида камболалик тушунчаси бизга қаёқдан кириб келди ўзи, шуни яхши англашимиз керак. Бизларнинг камчиликни ташкил қилишимиз кимга керак бўлиб қолди? Нима учун биздан бир неча баробар кўп бўлган халқлар ўз миллатларини кўпайтириш учун ҳаракат қилаётган бир пайтда, биз ўз миллатдошларимизнинг ададидан ваҳимага тушамиз? Ери бизнинг ҳудудимиздан анча кичик, аммо аҳолиси биздан қарийиб юз миллион кўп бўлган Япония давлати туғилиш камлигидан ташвиш чекаётган бир вақтда, нега биз одамларимизни озайтириш пайида иш кўришимиз керак? Расулимиз алайҳиссалом «Мен сизларнинг кўплигингиз билан бошқа умматлар олдида фахрланман», деб турсалар, қолаверса, бошқа Пайғамбарлар динига эргашган кишилар мана шу йўсинда иш кўрса­да, биз мусулмонлар фарзанд кўришдан қочадиган бўлсак, буни қандай изоҳлаш мумкин? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Туғмас гўзал аёлдан кўра туғадиган қора чўри афзал», «Туғадиган меҳрибон аёлларга уйланинглар», деб турсалар­у, нима сабабдан биз туғмас аёлга интиламиз, туғадиганларини туғмас қиламиз? Олимлар ҳар бир соғлом инсон жамият учун энг катта бойлик, деб турса, мутахассислар жамият ўсиши учун ҳар бир оила камида тўртта фарзанд кўриши кераклигини таъкидлаб турган бўлса, нега биз «Сонга эмас, сифатга ҳаракат қиламиз», деган сафсата билан кишиларни кам туғишга ўргатамиз? Ахир бу жамият келажаги йўлидаги меҳнатдан қочиш эмасми?!

Тўғри, баъзан ҳомилани олдириш зарур бўлиб ҳам қолиши мумкин, мисол учун, онанинг ҳаёти хавф остида қолганда. Бу каби ҳолатлар истисно қилинадиган вазиятлар бўлиб, Аллоҳнинг комил шариати ‒ Ислом шариатида бу борада ҳам керакли кўрсатмалар бериб қўйилган. Бу ҳақда уламоларимизнинг фатволари қуйидагича:


«Ҳомиласига бир юз ўн кун тўлган аёлнинг ҳомиласини олдириш мумкин эмас. Фақатгина онанинг ҳаёти ҳомила туфайли муҳаққақ хатарга дуч келсагина рухсат берилади.

Ҳомила бир юз йигирма кунга етмаса, фақат қуйидаги икки ҳолатдагина уни олдириш жоиз бўлади:

А) агар ҳомиланинг қолиши онага чидаб бўлмайдиган равишда қаттиқ зарар етказадиган ёки туғишдан кейин ҳам давом этадиган бўлса;

Б) агар бола жисмида, ақлида тўғриланмайдиган камчилик ва нуқсон билан туғилиши аниқ бўлса.

Ҳомилани олдириш зарурлигига камида учта адолатли мусулмон мутахассис табиблар гуруҳи иттифоқ қилиши лозим».

Демак, мана шу шартлар топилгандагина ҳомилани олдириш мумкин. Бунда, айниқса, табибларнинг тақводор, инсофу адолатли бўлишига алоҳида эътибор бериш лозим.

Умуман олганда, Ислом шариатида наслни чеклаш жоиз эмас. Фақат, зарур бўлганда, шаръий узр топилганда маълум муддатга фарзанд кўришни кечиктириш мумкин, холос. Исломнинг бу ҳукмида ҳам кўплаб ҳикматлар, жумладан, ижтимоий, сиёсий ва аёллар учун жисмоний манфаатлар борлиги бугунги кунда ҳаммага маълум.

Ҳар бир инсон боласи жамият учун бир тирик ҳўжайрадир, уни йўқотиш ёки камайтириш жамиятга ҳеч қачон фойда келтирмайди, балки унинг соғлом бўлишини таъминлаш лозим. Шу боис, бугун биз ўз тушунчаларимизни муқаддас динимиз таълимотлари асосида тўғрилаб олишга жуда ҳам муҳтожмиз. Ҳар биримиз бу йўлда қўлимиздан келган ҳаракатни қилишимиз ҳам фарз, ҳам қарз. Миллатимизнинг келажаги учун ҳар биримиз ўз олдимиздаги фарзандлик вазифасини тўла­тўкис адо этиш учун жамиятга баркамол инсонлар тақдим эта билишимиз ва уларнинг ҳам сонини, ҳам сифатини юқори этишга ҳаракат қилишимиз лозиму лобуддир.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. Ният қилиш. Яъни таяммум қилишни қалбига тугиш. Ниятнинг вақти қўлини таяммум қиладиган нарсага уриш пайтидир. Ният тўғри бўлиши учун Исломда бўлиш, оққорани давоми...

3268 13:00 / 10.12.2020
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намозларини .Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм, билан очар эдилар,. Термизий, Ҳоким ва давоми...

3995 17:00 / 10.02.2022
Албатта, диний ҳукмларни сўрамоқчи бўлган одам ҳар қандай кишидан сўрайвермайди. Диний масалаларни кимдан сўрашнинг ҳам тартиб ва қоидалари бор.Аввало, фатво давоми...

3399 09:09 / 14.11.2018
Аллоҳ таолодан ёрдам сўраган ҳолимизда ана ўша муҳим масалаларни ўрганишга киришамиз.Аллоҳ таоло .Эй, иймон келтирганлар Аҳдномаларга вафо қилинг Сизга, кейин давоми...

5501 05:00 / 18.01.2017