1447 йил 27 шаъбон | 2026 йил 15 февраль, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Ҳикмат мўъминнинг излаган нарсасидир

14:00 / 28.02.2023 2624 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Буюк тобеъин Абдуллоҳ ибн Муборак бир маст кишининг шеър ўқиётганини эшитиб қолди:

«Ишқ мени хорлади. Мен хор бўлдим.

Менинг ишқим тушганга етишадиган йўл йўқ!».

Шунда Абдуллоҳ ибн Муборак ёнидан қоғоз чиқариб сархуш кишига жавоб ёзмоқчи бўлди. Шунда ёнидаги кишилардан бири унга деди:

- Бир маст кишига ҳам жавоб ёзаверасизми?!

Абдуллоҳ ибн Муборак деди:

- Гоҳида чиқиндихонада гавҳар ҳам бўлиши мумкин!

Ҳикмат мўъминнинг излаган нарсасидир. Қайси идишдан чиқса уни олаверади. Ҳатто душмани айтса ҳам уни олаверади. Ботил гапни дўстимиз айтса ҳам қабул қилмаймиз-ку!

Биз бу сайёрада ёлғиз эмасмиз. Башарият қанчалар инкор қилишга уринмасин, барча бир оиладир. У ерда, бу ерда ўқиймиз. У билан, бу билан муомала қиламиз. Оқил инсон асаларига ўхшаб гул қаерда унса ҳам унга қўнаверади!

Ғарб адиблари жуда ажойиб ва гўзал гапларни гапиришган. Жоҳилият давридаги шоирларнинг ажойиб ҳикматлари бор.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Зуҳайр ибн Аби Сулмонинг шеърларига қизиқар эди. Уни жоҳилиятдаги киши демас эди. Унинг ҳикматларидан баҳра олар, ширкини тарк қилар эди. Чунки дин ва эътиқодда мухолиф бўлган кишининг яхши фикрларини олиш, унинг дини ва эътиқодини олиш дегани эмас.

Бошқаларнинг қобилиятини тан олиш Набийлар хулқидир. Мусо алайҳиссалом биродарлари Ҳорун алайҳиссаломни эътироф қилиб: «Унинг тили мен(инг тилим)дан фасоҳатлироқ!», деган эдилар.

Ўзгаларнинг хислатини тан олмаслик Иблиснинг хулқидандир. Иблис Аллоҳга Одам алайҳиссаломни кўрсатиб: «Мен ундан яхшироқман!», деган эди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг адолатлари шу даражага етдики, ҳатто ҳақ гапни шайтон гапирганида ҳам уни тасдиқладилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуни садақага қоровул қилиб қўйганларида Абу Ҳурайра овқат ўғирлаётган бир кишини тутиб олди. Уни Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларига олиб бормоқчи бўлганида у фақир ва серфарзанд эканлигини айтиб зорланди. Абу Ҳурайра унга раҳми келиб қўйиб юборди.

Аммо бу иш эртаси куни ҳам такрорланди. Ҳар сафар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кечаги асиринг нима бўлди?», деб сўрар эдилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу эса: «У энди келмаслигини айтиб ваъда берди!», дер эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У сени алдабди, яна келади!», дер эдилар. Учинчи куни Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу уни яна тутиб олди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига олиб бораман, сен келмайман деб яна келаяпсан, деганида у деди:

- Мени қўйиб юборсанг сенга бир калима ўргатаман. Аллоҳ у калима туфайли сенга манфаат беради!

- Нима экан у калима?

У деди:

- Тўшагингга кирганингда оятул Курсийни ўқигин. Ана шунда сенинг олдингга Аллоҳ томонидан бир ҳимоячи келади. Тонггача сенга шайтон яқинлаша олмайди!

Бу гапни Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтганида шундай дедилар:

- Ёлғончи бўлса ҳам аммо рост гапирибди. Уч кечадан бери ким билан гаплашаётганингни биласанми?

- Йўқ!

- У шайтон эди!

Буларнинг баридан олинадиган хулоса шуки, барча ҳақ қабул қилинади. Барча ботил рад қилинади. Ибрат гапгадир, айтувчига эмас. Ибрат амалгадир, амал қилувчига эмас. Қолгани ...

Абдулқодир Полвонов

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир бадавлат савдогар ёши бир жойга борганида ортида қолаётган молдавлатидан ташвишга туша бошлабди. Чунки унинг биргина ўғли бўлиб, у ҳам эрка ва тантиқ экан. давоми...

3879 09:00 / 04.01.2022
Тонг отди. Кечаги кун мушоҳадаси ила ҳаёт деб аталмиш катта карвонга қўшиламиз. Баъзан кўнгилга эрк бериб, унинг бесамар кўчаларида роса адашдик. Баъзида давоми...

2620 14:41 / 03.11.2023
Бир киши донишманддан .Эркаклар ҳам йиғлайдими,, деб сўради. Донишманд .Ҳа, эркаклар ҳам йиғлайди, деди. Бояги одам .Эркаклар қачон йиғлайди, деб сўраган эди, давоми...

3409 11:30 / 24.03.2022
1965 йили вa ундaн олдинги йиллaри кaпитaлистик Aмерикa вa коммунистик Русия одaмлaри фaзогa сaфaрлaр қилганларида ҳaмдa Ер aтрофини aйлaнгaнлaридa, яхши умидлaримни эсдалик давоми...

1825 13:33 / 05.04.2023