Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (35-дарс). Ҳанафий мазҳабидаги китобларнинг мартабалари

13:40 / 30.05.2019 4306 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маълумки, ҳанафий мазҳабига оид китоблар бир хил мартабада эмас. Балки бу китоблар уч даражага бўлинади.

Биринчи даража.

Бу даражадаги китоблар «Усул» деб аталади.

Мазкур даражадаги китоблар «Зоҳирур-ривоя» деб ҳам аталади. Улар имом Абу Ҳанифа, Абу Юсуф ва Муҳаммаднинг қавлларини ўз ичига олган бўлиб, имом Муҳаммад томонидан таълиф қилинган. Улар қуйидагилар:

1. «Китобул асл».

Бу китобнинг иккинчи номи – «Мабсут».

Бу китоб имом Муҳаммад ибн Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳига нисбат берилади. У киши аввал ҳар бир бобни алоҳида китоб қилган. Мисол учун, намозга оид масалаларни жамлаб, «Китобус-салот» қилган. Савдо ҳақидаги масалаларни жамлаб, «Китобул-байъ» қилган. Кейин ҳамма китоблар жамланиб, «Мабсут» бўлган.

«Мабсут»нинг имом Муҳаммаддан қилинган ривоятлари кўп. Мазкур ривоятларнинг ичида машҳури Абу Сулаймон Жузжонийнинг ривоятидир.

«Мабсут»ни Хоҳарзода ва Шамсулаимма Ҳалвоний каби бир нечта уламолар шарҳ қилганлар.

Ривоят қилинишича, имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳи ҳам «Мабсут»ни яхши кўрган ва ёд олган.

2. «Китобуз-зиёдот».

Китобнинг бу ном билан аталишининг сабаби ҳақида бир неча фикрлар айтилган. Уларнинг ичида «Имом Муҳаммад «Ал-жомиъ ал-кабийр»ни ёзиб бўлганларидан кейин яна бир қанча масалалар қолиб кетгани аён бўлган ва уларни жамлаб, «Китобуз-зиёдот» деб номлаганлар», деган фикр етакчилик қилади.

«Китобуз-зиёдот»га бир қанча шарҳлар ёзилган ва унинг мадҳида шеърлар ҳам битилган.

3. «Китобул жомеъус-сағийр».

Имом Муҳаммад бир нечта китобларни тасниф қилиб бўлганидан кейин у кишига имом Абу Юсуф: «Мен Абу Ҳанифадан ривоят қилган нарсаларни жамлаб, бир китоб қилсангиз», деган таклифни қилганлар. Шунда имом Муҳаммад «Китобул жомеъус-сағийр»ни ёзиб, имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳига кўрсатган. У кишига маъқул бўлган.

Али Қумийнинг айтишларича, имом Абу Юсуф «Китобул жомеъус-сағийр»ни доимо ўзлари билан олиб юрар эканлар.

«Китобул жомеъус-сағийр» ҳақида Али Розий қуйидагиларни айтади:

«Ким бу китобни фаҳмласа, у бизнинг асҳобларимиз ичида энг яхши фаҳмловчидир. Ким уни ёд олса, у бизнинг асҳобларимиз ичида энг яхши ёд олувчидир. Қадимги машойихларимиз шу китобдан имтиҳон олмай туриб, бировнинг қози бўлишига рози бўлмас эдилар. Агар у бу китобни ёд олган бўлса, қози этиб сайлашар, бўлмаса, ёд олишга амр қилар эдилар».

«Китобул жомеъус-сағийр»нинг бир қанча шарҳлари бўлиб, улардан бири имом Абдулҳай Лакнавийнинг «Ан-нофеъул кабийр»идир.

4. «Китобул жомеъул кабийр».

Бу китоб имом Муҳаммаднинг энг кўп таҳсинга сазовор бўлган китобларидан биридир. Катта уламоларнинг «Китобул жомеъул кабийр» ҳақидаги мақтовлари «худди мўъжизадек китоб» каби иборалар ила тўлиб-тошгандир. Уламолар бу китобга катта аҳамият берганларидан, унинг шарҳлари ҳам жуда кўп. Ҳожи Халифа ўзининг машҳур «Кашфуз-зунун»ида «Китобул жомеъул кабийр» шарҳларининг узундан-узоқ рўйхатини келтирган.

5. «Китобус-сиярис-сағийр».

6. «Китобус-сиярил кабийр».

Бу икки китоб ҳақида юқорида баҳс юритганмиз.

Иккинчи даража.

Бу даражадаги китоблар «наводир» деб аталади.

Улар мазҳабнинг катта имомларидан ривоят қилинган бўлиб, мазкур олти китобга кирмай қолган масалаларни ўз ичига олгандир.

Наводир китобларга имом Муҳаммаднинг ўша машҳур олти китобидан бошқа «Касаниёт», «Ҳоруниёт», «Журжониёт», «Руқайёт» китоблари ва Ҳасан ибн Зиёднинг китобларига ўхшаш китоблар киради.

Машҳур олим Ибн Обидин бу ҳақда қуйидагиларни ёзади:

«Ўшандоқ китоблар жумласига Абу Юсуфнинг «амолий» китоблари киради. «Амолий» имлонинг жамидир. Бунда мужтаҳид ўтирганда унинг атрофига шогирдлари қоғоз-қаламларини олиб ўтиришади. Сўнг олим илмда Аллоҳ унга билдирган нарсани ёддан гапиради. Шогирдлар уни ёзиб боришади. Кейин ёзган нарсаларини жамлаб, китоб қиладилар. Мана шуни «имло» ёки «амолий» деб атайдилар. Ўтган фуқаҳо, муҳаддис ва араб тили олимларининг шундай одатлари бор эди».

Бу даражадаги китоблар аввалги даражадаги китоблардан паст ҳисобланади. Агар бир масала усулда ва наводирда келган бўлса, усулдагиси олинади.

Учинчи даража.

Фатволар ва воқеалар китоблари.

Бунда кейин келган мужтаҳидлар мазҳабнинг аввалги мужтаҳидларидан ривоят келмаган масалаларда ўзларидан савол сўралганда берган жавоблари йиғилган бўлади. «Кейин келган мужтаҳидлар»дан мурод: Абу Юсуф ва Муҳаммад ҳамда улардан сўнг келганларнинг асҳобларидир. Улар кўпчилик бўлиб, хабарлари табақот китобларида келган.

Абу Юсуф ва Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳимонинг асҳобларига Исом ибн Юсуф, Ибн Рустам, Муҳаммад ибн Самоъа, Абу Сулаймон Жавзжоний, Абу Ҳафс Бухорий ва улардан кейин келган Муҳаммад ибн Салама, Муҳаммад ибн Муқотил, Нусайр ибн Яҳё, Абу Наср Қосим ибн Салломга ўхшашлар киради.

Улар ўзларига зоҳир бўлган далил ва сабабларга кўра мазҳаб соҳибларига хилоф қилишлари мумкин. Уларнинг фатволарини дастлаб жамлаган асар Абу Лайс Самарқандийнинг «Навозил» китобидир. Кейин машойихлар бошқа китобларни жамладилар. Мисол учун, Нотифий «Мажмаъул навозил» ва воқеот»ни, ас-Содруш Шаҳид «Воқеот»ни жамлаган.

Кейинги уламолар аралаш китоблар қилдилар. Бунга «Фатовои Қозихон» китоби мисол бўлади. Баъзилар эса Розиюддин Сарахсий ўзининг «Муҳийт» китобида қилганига ўхшаб, ҳар бир соҳани айри-айри келтирдилар. Имом Сарахсий аввал усулга оид масалаларни келтириб, кейин наводирларни баён қилган.

Албатта, «фатволар» ва «воқеот»ларнинг мартабаси «усул» ва «наводир»нинг мартабасидан пастдир. Чунки «усул» ва «наводир»лар мазҳаб соҳибларининг қавлларидир. «Фатво» ва «воқеот»лар эса уларнинг қавллари асосида издошлари ечган масалалардир.

Мазкур уч қисмнинг қўшилишидан ҳанафий мазҳаби ташкил бўлади.

“Фиқҳий йўналишлар ва китоблар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Дия, сўзи луғатда бир нарсанинг эвазига мол беришга айтилади. Ҳанафий мазҳабининг таърифида .Жон бадалига берилган мол дия деб аталади.Аллоҳ таоло .Ким бир давоми...

6347 05:00 / 18.01.2017
МУНДАРИЖАМуқаддимаЎтмишга бир назарҲозирги ихтилофлар қачон ва қандоқ куртакладиИхтилофларнинг авж ола бошлашиИхтилоф ва тафриқанинг турлариМусулмонларнинг давоми...

9683 05:00 / 17.01.2017
Савол. Дин уламолари ва мустаҳкам шариат муфтийлари инглиз тилини ўрганиш борасида нима дейдилар У шаръан жоизми ёки йўқми Инглиз тилини ўрганишни quotМан давоми...

4531 05:00 / 18.01.2017
. . .Ҳузайфа рукуъ ва саждаларини тугал қилмаётган бир кишини кўриб .Намоз ўқимадинг Агар ўлсанг, Аллоҳ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни давоми...

3911 22:57 / 31.03.2022