1447 йил 24 жумадис сони | 2025 йил 15 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Васият учдан биргадир

11:00 / 06.07.2020 3628 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(биринчи мақола)

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Фатҳ йили бемор бўлиб, унинг сабабидан ўлимга яқинлашдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени кўргани келдилар. Шунда:

«Эй Аллоҳнинг Расули, менинг кўп молим бор ва биргина қизимдан бошқа меросхўрим йўқ. Молимнинг ҳаммасини васият қилайми?» дедим.

«Йўқ», дедилар.

«Молимнинг учдан иккисини-чи?» дедим.

«Йўқ», дедилар.

«Ярмини-чи?» дедим.

«Йўқ», дедилар.

«Учдан бирини-чи?» дедим.

«Учдан бир. Учдан бири ҳам кўп. Лекин меросхўрларингни бой ҳолларида ташлаб кетишинг уларни юк бўлиб, одамлардан тиланиб юрадиган қилиб ташлаб кетишингдан яхшироқдир. Сен ҳар қандай нафақа қилсанг ҳам, албатта ажр оласан. Ҳатто аёлингнинг оғзига тутган луқма учун ҳам ажр оласан», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, энди ҳижратимдан ажраб қоламанми?!» дедим.

«Албатта, сен мендан кейин (ҳижратингдан) ҳаргиз ажраб қолмайсан ва Аллоҳнинг розилигини ирода қилиб, солиҳ амал қилсанг, албатта, бу билан мартабанг ва даражанг зиёда бўлур. Шоядки, сенинг ажраб қолишингдан бир қавмлар манфаат топсалар ва бошқалари зарар кўрсалар.

Аллоҳим! Асҳобларимнинг ҳижратларини поёнига етказ ва уларни ортларига қайтармагин!» дедилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида Саъд ибн Абу Ваққоснинг ҳурматлари юқори эканлиги.

Бу ҳодиса фатҳ кунлари Маккада содир бўлган. Ана шундай серташвиш кунда ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вақт топиб, Саъд ибн Абу Ваққосни кўргани келишлари катта ҳурмат-эътиборга далолат қилади. Ҳадиснинг давомидаги муомалаларидан ҳам у зотнинг Саъдни ниҳоятда ҳурмат қилишлари кўриниб турибди.

2. Бемор бўлиб ётган одам молини васият қилиш ҳақида қайғурмоғи, билмаса, биладиган кишидан сўрамоғи лозимлиги. Саъд ибн Абу Ваққос айнан шундай қилдилар.

3. Вафот этаётган киши молининг ҳаммасини, учдан иккисини ёки ярмини хайр ишига васият қилиши жоиз эмаслиги.

4. Вафот этаётган киши молининг учдан бирини хайр-эҳсон ишига васият қилса, жоизлиги.

Агар ундан озроқ бўлса, яна ҳам яхшилиги. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Саъд ибн Абу Ваққосга учдан бирга рухсат бериб туриб, кейин «У ҳам кўп», деб қўйишлари шуни кўрсатади.

Васият қилаётган кишининг васияти мероснинг учдан биридан ортиғига ўтмаслигини аввал ўрганганмиз. Ўша ҳукм­нинг жорий қилинишига ушбу ҳадиси шариф далил эканлигини ҳам айтиб ўтганмиз.

Бундай қилишда меросхўрларнинг ҳаққини ҳимоя қилиш ҳамда мол-мулк эгасига вафотидан олдин хайр-эҳсон қилишга ҳам маълум даражада имкон бериш борлигини ҳам гапирганмиз.

5. Мусулмон киши фарзандларига молиявий таъминот қолдириб кетишга ҳаракат қилмоғи яхши эканлиги.

6. Мўмин-мусулмон киши ҳалол йўлда қилган ҳар бир нафақаси учун ажру савоб олиши аниқ эканлиги.

7. Мусулмон киши аҳли аёлига қилган сарф-харажати учун ҳам ажру савоб олиши. Эр аёлининг оғзига тутган биргина луқма учун ҳам савоб олади. Бу ҳол эса аҳли аёлнинг ризқи рўзини яхшилаш учун ҳаракат қилишни тақозо қилади. Демак, баъзи кишиларнинг аҳли аёлидан қисиб, хўжакўрсинга нафақа қилишлари тўғри эмас.

8. Саъд ибн Абу Ваққоснинг «Эй Аллоҳнинг Расули, энди ҳижратимдан ажраб қоламанми?!» деганлари «Беморлигим туфайли Мадинага қайтиб кета олмай, Маккада қолиб кетсам, қилган ҳижратимдан ажраб қолган бўламанми?» деганларидир.

9. Беморни кўргани келган одам унинг кўнглини кўтарадиган гап айтиши лозимлиги.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Абу Ваққосга айнан шундай муомала қилдилар.

10. Вақтида ҳижрат қилган одам беморлиги ёки бошқа ўз иродасидан ташқари сабаб туфайли ҳижрат жойига қайтиб бора олмай қолса, ҳижратининг савоби камаймаслиги.

11. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Абу Ваққосга башоратлар берганлари:

а) Ҳижратдан ажраб қолиб ҳам қилган ҳар бир солиҳ амаллари туфайли мартабалари ва даражалари зиё­да бўлавериши. Шунинг учун ҳам у киши жаннатнинг башорати берилган ўн кишининг бири бўлган бўлсалар, ажаб эмас.

б) У кишининг қолишларидан баъзи мўминлар манфаат топиши ва кофирлар зарар кўриши.

Ҳақиқатда шундай бўлган. Саъд ибн Абу Ваққос кейин ҳам мўминларга фойда, кофирларга зарар етказадиган ишларни кўп қилганлар. Мазкур бетобликдан тузалиб кетиб, ўн бешинчи ҳижрий санагача жиҳод ва улкан ишларни кўп қилиш шарафига муяссар бўлганлар.

(Давоми бор)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Авл бўлмайдиган масалаларАсли икки бўлганда авл бўлмаслигига мисолларndash Аёл кишининг ортидан эри ва туғишган синглиси қолди.Бунда масаланинг асли икки бўлади. давоми...

2396 12:30 / 05.05.2020
Мўминмусулмон маййитни ювадиган ғассолда қуйидаги шартлар мавжуд бўлиши лозим 1. Ислом. 2. Ният. Ҳанафийлар, ният фарзи кифояни соқит қилиш учун шарт, деганлар. 3. давоми...

3450 19:00 / 25.01.2024
Маййитни кафанлаш ҳам фарзи кифоядир. Лекин маййитнинг дафнига лозим бўлган ҳамма сарфҳаражатлар унинг ўз молидан, ўзининг моли бўлмаса, унинг нафақасини қилиши давоми...

13791 05:00 / 18.01.2017
Унинг вожиблари Муздалифада туриш, Сафо ва Марва орасида саъй қилиш, тош отиш, четдан келганлар учун видо тавофини қилиш ва соч олдириш. Бундан ҳажнинг вожиб давоми...

297 19:00 / 06 ноябрь