Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (124-дарс). Нифос ҳукмлари

13:00 / 18.02.2021 4188 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

وَالنِّفاسُ دَمٌ يَعْقُبُ الوَلَدَ. وَلَا حَدَّ لِأَقَلِّهِ. وَأَكْثَرُهُ أَرْبَعُونَ يَوْمًا. وَهُوَ لِأُمِّ التَّوْأَمَيْنِ مِنَ الْأَوَّلِ خِلَافًا لِمُحَمَّدٍ. وَانْقِضَاءُ الْعِدَّةِ مِنَ الْأَخِيرِ إِجْمَاعًا. وَسِقْطٌ بَدَا بَعْضُ خَلْقِهِ وَلَدٌ، فَتَصِيرُ أُمُّهُ نُفَسَاءَ، وَالْأَمَةُ أُمَّ وَلَدٍ، وَيَقَعُ الْمُعَلَّقُ بِهِ، وَتَنْقَضِي الْعِدَّةُ بِهِ.

Нифос бола(туғилган)дан кейин келадиган қондир. Унинг озининг чегараси йўқ. Кўпи қирқ кун. У эгизакларнинг онаси учун, Муҳаммадга хилоф ўлароқ, биринчи боладан бошланади. Иддасининг тугаши эса охиргисидан эканига иттифоқ қилинган.

Тушиб қолган ҳомиланинг баъзи аъзоси аён бўлса, бола ҳисобланади. Бас, унинг онаси нифосли ҳисобланади.

Она чўри бўлса, умму валад бўлади. Унинг туғилишига боғлаб қўйилган нарса воқеъ бўлади ва у билан иддаси тугайди.

Нифос ҳайзга яқин нарсадир. Уларнинг ҳукмлари ҳам деярли бир хил. Аммо нифоснинг ўзига хос хусусиятлари ҳам бор. Келаси сатрларда ана шу нарсалар ҳақида батафсил баён келади.

«Нифос» сўзи луғатда «туғиш» ва «қон» маъноларини англатади. Шариатда эса:

Нифос бола(туғилган)дан кейин келадиган қондир.

Боладан олдин ва у билан бирга чиққан қон нифос ҳисобланмайди.

Унинг озининг чегараси йўқ. Кўпи қирқ кун.

Чунки шаръий манбаларда нифоснинг ози тўғрисида маълумот келмаган. Бас, бундай ҳолда воқеълик эътиборга олинади. Аёллар ичида нифос кўрмайдиганлари ҳам учраб туради.

Нифоснинг кўпи ҳақида эса шаръий далил бор.

عَنْ أُمِّ سَلَمَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَت: كَانَتِ النُّفَسَاءُ تَجْلِسُ عَلَى عَهْدِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  أَرْبَعِينَ يَوْمًا، فَكُنَّا نَطْلِي وُجُوهَنَا بِالْوَرْسِ مِنَ الْكَلَفِ. رَوَاهُ التِّرْمذِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ.

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«У киши:

«Нифос кўрган аёллар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида қирқ кун ўтирар эдилар. Юзларимизга нарса тошиб кетиб, варас суртиб олар эдик», деди».

Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

У эгизакларнинг онаси учун, Муҳаммадга хилоф ўлароқ, биринчи боладан бошланади.

Эгизак туққан аёлнинг нифоси биринчи боланинг туғилган вақтидан бошланади. Чунки бола туғилганидан кейин келган қон нифос бўлади.

Иддасининг тугаши эса охиргисидан эканига иттифоқ қилинган.

Аллоҳ таоло Талоқ сурасида:

 وَأُوْلَاتُ الْأَحْمَالِ أَجَلُهُنَّ أَن يَضَعْنَ حَمْلَهُنَّ

«Ҳомиладорларнинг иддаси ҳомилаларини қўймоқларидир», деган (4-оят).

Биринчи бола туғилганидан кейин иккинчи ҳомила қолган бўлади ва иккинчи бола туғилганда идда тўлиқ чиқади.

Тушиб қолган ҳомиланинг баъзи аъзоси аён бўлса, бола ҳисобланади. Бас, унинг онаси нифосли ҳисобланади.

Муддатидан олдин тушиб қолган ҳомилада бирорта бармоқми ёки шунга ўхшаш аломатлар бўлса, у ҳомила бола ҳисобланади ва онасига бола туққан аёлга жорий қилинадиган ҳукмлар жорий қилинади. Жумладан, ўша она нифосли ҳисобланади.

Она чўри бўлса, умму валад бўлади.

Қадимда, қул ва чўрилар бор вақтларда она чўри бўлса, бирорта аъзоси аён бўлган ҳомиласи тушиши билан у хўжайинига умму валад бўлган.

Унинг туғилишига боғлаб қўйилган нарса воқеъ бўлади ва у билан иддаси тугайди.

Мисол учун, эри «Туққан кунинг талоқсан», деган бўлса, юқорида зикр қилинган сифатдаги ҳомила тушиши билан талоқ бўлади.

Иддаси тугаши эса Аллоҳ таолонинг Талоқ сурасидаги

 وَأُوْلَاتُ الْأَحْمَالِ أَجَلُهُنَّ أَن يَضَعْنَ حَمْلَهُنَّ

«Ҳомиладорларнинг иддаси ҳомилаларини қўймоқларидир», деган 4-оятига биноан бўлади.

«Кифоя» китобининг биринчи жузидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мусулмон халқларнинг доимий равишда фатвога эҳтиёжлари тушиб туради. Халқ оммасини уламолар билан боғлаб турадиган кучли омиллардан бири ҳам фатводир. давоми...

6141 17:00 / 14.07.2019
Унинг вожиблари Муздалифада туриш, Сафо ва Марва орасида саъй қилиш, тош отиш, четдан келганлар учун видо тавофини қилиш ва соч олдириш. Бундан ҳажнинг вожиб давоми...

259 19:00 / 06 ноябрь
Алқомус алфиқҳий.Бу китобнинг тўлиқ исми .Алқомус алфиқҳий луғатан ва истилоҳан,дир. Унинг муаллифи Саъдий Абу Жийбдир.Муаллиф олдин феълни, кейин исмни баён давоми...

6861 14:00 / 29.07.2019
Ҳaнaфийлар нaздидa витрнинг учaлa рaкъaти бир сaлoм билaн ўқилиши лoзим. Яъни икки рaкъaтдaн сўнг сaлoм бeриб, яна бир ракъат алоҳида ўқиш жoиз эмас. Лeкин қолган уч имoмнинг давоми...

4048 19:00 / 09.02.2023